Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Август, 2026   |   15 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:21
Қуёш
05:45
Пешин
12:24
Аср
17:06
Шом
19:07
Хуфтон
20:26
Bismillah
28 Август, 2026, 15 Рабиъул аввал, 1448

Эътиқод дурдоналари: АЛЛОҲ ТАОЛОНИ “ШАЙ” ДЕЙИШ МУМКИНЛИГИ БАЁНИ

13.06.2020   8806   34 min.
Эътиқод  дурдоналари: АЛЛОҲ ТАОЛОНИ “ШАЙ” ДЕЙИШ  МУМКИНЛИГИ БАЁНИ

 

7 - نُسَمِّي اللَّهَ شَيْئًا لاَ كَالأَشْيَاءِ        وَذَاتًا عَنْ جِهَاتِ السِّتِّ خَالِي

Маънолар таржимаси:

Аллоҳни бошқа “шай”лар каби бўлмаган “шай” деб атаймиз ва олти тарафдан холи бўлган Зот деймиз.

Назмий баёни:

Аллоҳни бетимсол “шай” деб аташ бор,

Ҳам зот деймиз, аммо эмас тарафдор.

Луғатлар изоҳи:

نُسَمِّي– мутакаллим маълум сийғасидаги икки мафъулли феъл.

اللَّهَ– Ушбу лафз نُسَمِّي феълининг биринчи мафъули.

شَيْئًا – Иккинчи мафъул. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодига кўра “шай” исми барча бор нарсаларга нисбатан ишлатилади. Сибавайҳ бу исмни шундай таърифлаган: “Шай” – уни билиш ва у ҳақида хабар бериш мумкин бўлган барча нарсадир”. 

لاَ– нафий ҳарфи.

كَالاَشْيَاءِ – жор мажрур شَيْئًا га сифат бўлгани учун насб ўрнида турибди.

وَذَاتًا – شَيْئًا га атф қилинган. Зотнинг маъноси юқорида ўтди. 

عَنْ – жор ҳарфи.

السِّتِّ جِهَاتِ – олти тараф: тепа, паст, ўнг, чап, олд, орқа.

خَالِ – (олти тарафдан) холи маъносида ишлатилган. Маҳзуф мубтадонинг хабари.

Матн шарҳи:

Биз – Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таолони зот эътиборидан  ҳам, сифат эътиборидан ҳам бошқа "шай"ларга мутлақо ўхшамайди, деб эътиқод қиламиз. Аллоҳ таолога нисбатан “шай” сўзини қўллаш тўғрисида эса бу сўзни бошқаларга қараганда У зотга қўллаш аълороқдир, деймиз. Чунки бор нарсаларнигина “шай” деб номлаш мумкинлиги эътиборга олинганда, Аллоҳ таолонинг бор экани бошқа нарсалар каби  ўзидан ўзгага муҳтож эмас, балки борлиги бошқанинг таъсир қилишига боғлиқ бўлмаган зотдир. Шунинг учун бошқа мавжуд нарсаларга қараганда У зотга “шай” сўзини қўллаш аълороқдир. Ушбу сўзнинг таъкидлаб келтирилиши эътиқод масалаларида қаттиқ адашган  жаҳмия[1]  фирқасининг нотўғри ақидасидан огоҳлантириш учун бўлган. 

Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг шеърий услубда қисқа ва лўнда қилиб турли эътиқод масалаларини бирма-бир баён қилишлари ҳам ўша пайтдаги энг долзарб бўлиб турган масалалар ҳақида Аҳли сунна вал-жамоа қарашларини оммага тақдим этиш бўлган. Бу зотдан икки юз йилча вақт олдин Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам машҳур “Тавҳид” асарида Аллоҳ таолони “шай” деб аташ мумкинлиги ҳақида шундай ёзган:     

“Аллоҳ таолони “шай” деб аташ мумкинлигига икки асос бор. Биринчиси, нақлий асос бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай хабар берган:

﴿ لَيۡسَ كَمِثۡلِهِۦ شَيۡءٞۖ وَهُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡبَصِيرُ١١

“Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир ва У ўта эшитувчи, ўта кўргувчи зотдир”[2].  

Агар У зотни “шай” деб аташ мумкин бўлмаганида, Ўзидан ўхшашни “Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир”, дея “шай” исми билан рад этмаган бўлар эди.  Зеро, мавжуд бўлмаган, балки борлиқда йўқ бўлганга “шай” сўзи ишлатилмайди. Аллоҳ таолонинг сўзида эса “шай” ишлатилган:

﴿قُلۡ أَيُّ شَيۡءٍ أَكۡبَرُ شَهَٰدَةٗۖ

 “Айтинг: “Гувоҳлик бўйича қайси нарса (шай) каттароқ?” (Яна ўзингиз) айтинг: Аллоҳ”[3].

Иккинчиси ақлий асос бўлиб, аслида “шай” дейиш урфда бир нарсанинг бор эканини тасдиқлаш учунгина ишлатиладиган исмдир. Агар بِلَا شَيْئٍ (ҳеч нарса) деган сўздан “арзимас нарса” маъноси ирода қилинмаган бўлса, бир нарсанинг борлигини инкор қилиш бўлади. Шунга кўра Аллоҳ таолони “шай” дейиш, Унинг борлигини тасдиқлаш ва сифатларини эътироф этиш бўлади”[4].        

Аллоҳ таолога нисбатан бирор исм қўлланганда ўша исм бошқа мавжудотларга нисбатан ҳам ишлатилса, масалан, “шай”, “зот” каби, бу исмни Аллоҳ таолога қўллашда бошқаларга ўхшаш эмаслигини таъкидлаб қўйиш вожиб бўлади. Ўший раҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларида ушбу тушунча ўз ифодасини топган. Яъни Аллоҳ таолони бошқа  бор нарсалар каби бўлмаган “шай” деймиз, олти тарафдан: тепа, паст, ўнг, чап, олд ва орқалардан холи бўлган зот деймиз, деган. Чунки бошқа бор нарсалар мазкур тарафларнинг бирида бўлади.

Мана шу ўринда Аллоҳ таолонинг макон ва тарафдан холи экани ҳақидаги эътиқодимизни далиллари билан ўрганиб чиқиш  кўплаб тушунмовчиликларга барҳам беради.   

 

Аллоҳ таоло макон ва тарафдан холидир

Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, саҳобаи киромлар даврида Аллоҳ таолонинг сифатлари Қуръон ва суннатда келганидан ортиқча баҳс қилинмаганига гувоҳ бўламиз.

 Аммо кейинчалик пайдо бўлган карромия, мушаббиҳа ва нажжория каби фирқалар Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақида турли нотўғри даъволарни кўтариб чиқишган. Уларнинг шундай даъволаридан бири Аллоҳ таолога макон нисбатини бериш бўлган. Ана шундан кейин Аллоҳ таолонинг маконлардан холи экани ҳақида чуқур баҳс қилишга эҳтиёж туғилган. Мазкур фирқаларнинг даъвою фитналарига Аҳли сунна вал-жамоа уламолари Қуръон ва суннат асосида кескин раддиялар берганлар. Ушбу масала бўйича Аҳли сунна вал-жамоа ва адашган фирқалар орасидаги  фарқлар қуйидагича бўлган:

Карромия ва Мушаббиҳа фирқалари: “Аллоҳ таоло махсус маконда, яъни Аршда”, – дейишган.

Нажжория фирқаси: “Аллоҳ таоло барча маконда”, – дейишган.

Аҳли сунна вал-жамоа: “Аллоҳ таоло бирор маконда ўрин олишдан холидир”, – дейишган.

Машҳур ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақоидун Насафий” да бу ҳақида қуйидагича ёзган:

وَلَا يَتَمَكَّنُ فِي مَكَانٍ

“У зот бирор бир маконда ўрин олмайди”.

Яъни бирор макондан ўрин олиш бошқа маконга нисбатан узоқда бўлиш ҳисобланади. Бир-биридан узоқ ёки яқин масофада бўлиш эса жисмларнинг хусусиятларидир. Ўнг, чап, тепа, паст, олди, орқа томонларнинг бирортаси Аллоҳ таолони ўз ичига қамраб ололмайди. Чунки борлиқдаги барча нарсаларни, олти тарафларни ҳам, Аллоҳ таоло йўқдан бор қилган. Йўқдан бор қилинган нарсалар эса уларни яратган Зотни ўз ичларига ололмайди. Аллоҳ таоло бундай нуқсонли хусусиятлардан холидир.

Демак, Аҳли сунна вал-жамоа ва мазкур адашган фирқалар орасидаги асосий фарқ “Аллоҳ таоло макондан холи”, деб эътиқод қилиш лозимлигида бўлган.

 Шунга кўра, агар мазкур фирқаларнинг гаплари таъвил қилиш имкони бўлмайдиган даражада очиқ-ойдин айтилса, масалан, “Аллоҳ осмонда жойлашган”, ё “Арш устига ўрнашган” дейилса, Аллоҳ таолога нуқсонни нисбат бериш деб қаралган. Нуқсонни нисбат беришни эса барча уламолар куфр санашган.

Аммо кейинчалик Аҳли сунна вал-жамоага нисбат берилганлар ичидан ҳам “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда”, дейдиганлар пайдо бўлган.

Энди ушбу тоифа билан олдиндан “Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлишдан холи”, деб эътиқод қилиб келган Аҳли сунна жумҳури орасидаги фарқ янада нозиклашган. Яъни олдинги фирқалар  макондан жой олиш нисбатини берган бўлсалар, бу тоифа макон олмасдан осмонда деган.  Аҳли сунна жумҳури ва мазкур тоифа ўртасида "Аллоҳ таолони макон олмасдан осмонда" деб эътиқод қилиш мумкин ё мумкин эмаслиги тўғрисидаги баҳс-мунозараларнинг натижалари қуйидагичадир:

Аҳли сунна жумҳури: “Зоҳиран юқорига далолат қиладиган оят ва ҳадислар муташобиҳдир, муташобиҳ хабарларни Аллоҳ таолонинг осмонда эканига далил қилинмайди, балки улардан нима ирода қилинганини Аллоҳ ва Расулига ҳавола қилинади”, – дейишган.

“Аллоҳ макон олмасдан осмонда” дейдиганлар: “Қуръон, суннат ва саҳобаларнинг сўзлари Аллоҳ таолонинг буюклигига мос равишда осмонда эканига ҳужжатдир”, – дейишган.

Аҳли сунна жумҳури: “Аллоҳ таолони бирор тарафда дейиш У зотга нуқсонли сифатни нисбат бериш бўлади”, – дейишган.

“Аллоҳ макон олмасдан осмонда” дейдиганлар: “Аллоҳ таолони макон олмасдан осмонда дейиш, нуқсонли сифатни нисбат бериш ҳисобланмайди”, – дейишган.

Бу тоифанинг келтирган далил ва ҳужжатларига Аҳли сунна жумҳури бирма-бир батафсил  жавобларини берганлар. Уларнинг айримлари қуйидагилардир:

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

﴿ إِلَيۡهِ يَصۡعَدُ ٱلۡكَلِمُ ٱلطَّيِّبُ

“Унга хуш каломлар юксалур”[5].

Яъни хуш каломларнинг Унга кўтарилиши, У зотнинг юқорида эканига далолат қилади.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг самода, ё юқорида эканига далил йўқ, балки хуш каломларнинг қабул қилинишига далил бор. Чунки юксалиш каломлар тўғрисида ҳақиқий маънода ишлатилмайди, балки жисмларда ҳақиқий маънода ишлатилади. 

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

﴿ إِنِّي مُتَوَفِّيكَ وَرَافِعُكَ إِلَيَّ

“Мен сени вафот эттирувчи ва Ўзимга кўтарувчиман”[6].

Яъни Аллоҳ таоло Исо алайҳиссаломни Ўзига кўтарувчи эканини айтган. Бу ҳам У зотнинг юқорида эканига далилдир.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Бу оят ҳам асло Аллоҳ таолонинг юқорида эканига далил бўла олмайди. Чунки бирор нарсанинг юқорисида бўлиш жисми ва чегараси бор нарсаларда бўлади. Аллоҳ таоло жисм ҳам эмас, бирор нарса Уни чегаралай ҳам олмайди. Аллоҳ таолонинг Исо алайҳиссаломни Ўзига кўтарганига келадиган бўлсак, бу оят муташобиҳ бўлиб, қандай қилиб Ўзига кўтарганини У зотнинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди ва билишга буюрилган ҳам эмас. Шунинг учун бундай оятларнинг таъвилига киришмаслигимиз балки, унга иймон келтирдик, барчаси Роббимиз ҳузуридандир, дейишимиз лозим бўлади.   

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

﴿ءَأَمِنتُم مَّن فِي ٱلسَّمَآءِ أَن يَخۡسِفَ بِكُمُ ٱلۡأَرۡضَ فَإِذَا هِيَ تَمُورُ١٦

“Осмондаги Зот сизларни изтиробда ҳаракатланиб турган ерга юттириб юборишдан омонда бўлдингизми?”[7].

Ушбу оятда келган  “Осмондаги зот”дан Аллоҳ таоло ирода қилинган. Бу эса Аллоҳ таолонинг осмонда эканига очиқ-ойдин далилдир.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Ушбу оят қуйидаги маъноларда тафсир қилинган: 

а) салтанати, буйруғи, қайтариғи, ва тадбири самода бўлган зотнинг сизларни ерга юттириб юборишидан омонда бўлдингизми? Самода дейилиши эса, само фаришталарнинг маскани, Арш, Курси, ва Лавҳул маҳфуз каби улуғ нарсаларнинг ўрни бўлгани учундир;

б) ушбу оятда кофирларнинг эътиқодларига кўра хитоб қилинган. Яъни Аллоҳ таолони бошқа махлуқларга ўхшаш деб эътиқод қилган кофирларга, эътиқодларига мувофиқ хитоб қилинган.

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

﴿يَخَافُونَ رَبَّهُم مِّن فَوۡقِهِمۡ

“Улар устиларидаги Роббиларидан қўрқурлар”[8].

Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг юқорида экани айтилган. Бу ҳам У зотнинг осмонда эканига далолат қилади.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Ушбу оятда ҳам Аллоҳ таолонинг самода ё аршда эканига бирор далолат йўқ. Оятда келган уст маъносига далолат қиладиган فَوْقَ   калимаси икки хил маънода ишлатилади:

а) бирор жисм бошқа жисмнинг боши тарафида туриши маъносида, яъни бири иккинчисининг боши тарафида турса, унинг устида дейилади. Аслида бирор нарсанинг усти деганда бош тарафи, пасти деганда оёқ тарафи тушунилади. Шунга кўра баъзи жисмларнинг уст тарафи бошқа жисмларнинг паст тарафи бўлиши ҳам мумкин. Масалан, уйнинг ичидаги инсонга шифт уст тараф бўлса, шифтда ўрмалаётган чумоли учун паст тараф ҳисобланади.

б) мартаба маъносида, яъни ходим устидаги раҳбарига итоат қилади, дейилгани каби. Бу маъно оятларда ҳам келган.  Масалан,

﴿ وَإِنَّا فَوۡقَهُمۡ قَٰهِرُونَ١٢٧

“Биз улар устидан қаҳр ўтказувчимиз”[9]

Яъни ушбу “улар устидан” маъносидаги оятдан ҳеч ким Фиръавн тепаликками ё минорагами нима бўлганда ҳам бирор баланд жойга чиқиб олиб Бани Исроил қавмининг бош тарафларида туриб қаҳр ўтказган, деган маънони тушунмайди. Балки “эгалик ва ғолиблик тарафидан қаҳр ўтказувчимиз” деган маънони тушунади. Қолаверса, юқори тарафда туриш мақтовга ҳам далолат қилмайди. Чунки қўриқчи ҳам подшоҳдан юқори тарафда туриши мумкин, бундан унинг матрабаси подшоҳдан ҳам юқори, деган тушунча келиб чиқмайди.  

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

﴿ٱلرَّحۡمَٰنُ عَلَى ٱلۡعَرۡشِ ٱسۡتَوَىٰ٥

“Ар-Роҳман Аршга “истиво” қилди”[10].

Ушбу оятда Аллоҳ таолонинг Аршга “истиво”[11] қилгани айтилган, Арш эса барча махлуқотлардан юқорида ҳисобланади. Шунинг учун бу оят ҳам У зотнинг барча махлуқотларидан юқорида эканига далил бўлади.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Қуръони каримда кўплаб ўринларда келган “Ар-Роҳман Аршга “истиво” қилди” маъносидаги оятни ҳам Аллоҳ таолонинг юқори томонда эканига далил қилиб бўлмайди. Бирор тарафда бўлиш Аллоҳ таолонинг комил сифатларига лойиқ эмас. Чунки У зотни қайсидир тарафда дейилса, У зотнинг ўша тараф билан ниҳояланиши лозим бўлиб қолади. Қайси нарсанинг бирор жиҳатдан ниҳояланиши жоиз бўлса, унинг бошқа жиҳатдан ҳам ниҳояланиши жоиз бўлиб қолади. Ниҳояланиш эса махлуқотларнинг сифатлари бўлиб, Аллоҳ таоло бундай сифатдан олий ва буюкдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлмасдан Ўзининг буюклигига лойиқ равишда “истиво” қилган, деб эътиқод қилиш лозим. Қуръон араб тилида нозиб бўлган. Араб тилида “истиво” калимаси мулкни эгаллашга киноя қилиб ҳам ишлатилади. Масалан,  الْمَمْلَكَةِ كُرْسِىِّ عَلَى اِسْتَوَى فُلاَنٌ (Фалончи мамлакат курсисисига "истиво қилди" яъни уни эгаллади) дейилади. Бу гапдан араблар ўша подшоҳнинг мамлакат курсисининг усти тарафидан жой олганини эмас, балки унга эга бўлганини тушунадилар.

Арш барча мавжудотларни ўз ичига қамраб олганига кўра уни эгаллаш бошқа барча мавжудотларни ҳам эгаллаш ҳисобланади. Бошқалари ҳақида эса бундай деб бўлмайди. Шунинг учун ҳам баъзи уламолар اِسْتَوَى калимасини اِسْتَوْلَى маъносига ҳамл қилиш (ўтказиш) жоиз бўлади, – дейишган.

 Аслида олдин ўтган уламоларимиз бу оятни Аллоҳ таоло осмонда эканига далил қилиш у ёқда турсин, у ҳақида сўрашни ҳам бидъат деганлар. Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг машҳур сўзларига эътибор беринг. У зотдан истиво ҳақида сўрашганида: “Истиво маълум (яъни луғавий маъноси), қандайлиги номаълум, у ҳақида сўраш бидъатдир”, деб жавоб берган.  

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ أَنَّ رَجُلاً أَتَى النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِجَارِيَةٍ سَوْدَاءَ فَقَالَ يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّ عَلَيَّ رَقَبَةٌ مُؤْمِنَةٌ فَقَالَ لَهَا  أَيْنَ اللهُ فَأَشَارَتْ إِلَى السَّمَاءِ بِإِصْبَعِهَا فَقَالَ لَهاَ فَمَنْ أَنَا فَأَشَارَتْ إِلَى النَّبِي صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَإِلَى السَّمَاءِ يَعْنِي أَنْتَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ  أَعْتِقْهَا فَإِنَّهَا مُؤْمِنَةٌ.    رَوَاهُ اَبُو دَاوُدَ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига қора танли чўрини олиб келиб: “Эй Аллоҳнинг Расули, менинг зиммамда мўмина чўрини озод қилиш мажбурияти бор”, – деди. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам чўрига: “Аллоҳ қаерда”, – дедилар. У бармоғи билан самога ишора қилди. “Мен кимман”, – дедилар. У Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ва самога ишора қилди, яъни сиз Аллоҳнинг элчисисиз маъносига ишора қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уни озод қил, у мўминадир”, – дедилар”. Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари “Аллоҳ қаерда” деб сўраганлар. Бу сўровга жавобан осмонга ишора қилган чўрини мўмина эканига ҳукм қилганлар. Аллоҳ таолони осмонда дейиш мумкинлигига бундан ортиқ қандай далил керак? 

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Осмонга ишора қилган чўри ҳақидаги ҳадисдан ҳам Аллоҳ таолонинг осмонда экани маъноси чиқмайди. Чунки ушбу ҳадиснинг баъзи ривоятларида мазкур чўрининг соқов бўлгани айтилган. Соқов ўзининг эътиқодини ишора билан тушунтирган. Яъни у ўзининг маъбуди санамлар уйида эмас, балки самонинг илоҳи эканини тушунтирган. Чунки уларнинг урфида санамлар ернинг илоҳлари, Аллоҳ самонинг илоҳи деган тушунча бўлган. 

  1. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ الآخِرُ فَيَقُولُ مَنْ يَدْعُونِى فَأَسْتَجِيبَ لَهُ وَمَنْ يَسْأَلُنِى فَأُعْطِيَهُ وَمَنْ يَسْتَغْفِرُنِى فَأَغْفِرَ لَهُ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Бандаларнинг сифатларидан холи[12] ва олий Роббимиз ҳар тун кечанинг охирги учдан бири қолган пайтда дунё осмонига тушади ва: Ким менга дуо қилади уни ижобат қиламан, ким мендан сўрайди унга ато қиламан, ким мендан мағфират сўрайди уни мағфират қиламан, дейди,  – дедилар”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда ҳам ҳар тун кечанинг охирги учдан бири қолган вақтда Аллоҳ таолонинг дунё осмонига тушиши хабар берилган. Бу ҳам У зотнинг юқорида эканига далилдир.                                            

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Имом Нававий ушбу ҳадисни шарҳлаб қуйидагиларни айтган: бу ҳадис сифатларни баён қилувчи ҳадис бўлиб, мазкур хабар тўғрисида уламоларнинг икки хил қарашлари машҳурдир:

а) Олдинги жумҳур уламоларнинг ва баъзи мутакаллимларнинг қарашлари: “Бу ҳадисда баён қилинган нарсанинг Аллоҳ таолога лойиқ равишда содир бўлишига иймон келтирилади, бу ерда бизнинг тасаввуримиздаги зоҳирий маъноси ирода қилинмаган.  Аллоҳ таолонинг бир жойдан бошқа жойга кўчиш, ҳаракат  ва бундан бошқа халойиққа хос сифатлардан холи эканига эътиқод қилиш билан бирга бунинг таъвили тўғрисида гапирилмайди”;

б)  аксар мутакаллимлар ва баъзи олдинги уламоларнинг қарашлари: “Бу ҳадис баён қилиш эътиборига кўра шунга лойиқ қилиб таъвил қилинади.

Ушбу қараш соҳиблари бу ҳадисни икки хил таъвил қиладилар:

  1. “Молик ибн Анас розияллоҳу анҳунинг таъвили: бу Унинг раҳмати, амри ёки фаришталари тушади маъносини англатади. Худди султоннинг хизматчилари унинг буйруғини бажарганда султон фалон ишни қилди, дейилганидек.
  2. Бу истиорадир. Яъни “дунё осмонига тушади” сўзи кўчма маънода ишлатилган бўлиб, “кечанинг учдан бири қолган вақтда, дуо қилувчиларнинг дуолари қабул қилинади”, маъноси ирода қилинган[13].
  3. “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далили:

فَكَانَتْ زَيْنَبُ تَفْخَرُ عَلَى أَزْوَاجِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ تَقُولُ زَوَّجَكُنَّ أَهَالِيكُنَّ وَزَوَّجَنِي اللَّهُ تَعَالَى مِنْ فَوْقِ سَبْعِ سَمَوَاتٍ.  رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

“Зайнаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларига фахрланиб: “Сизларни қариндошларинг никоҳлаб беришган, мени эса Аллоҳ таоло етти осмон устидан никоҳлаб берган”,  – дерди”. Бухорий ривоят қилган.

Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ушбу сўзларида ҳам Аллоҳ таолонинг осмонда эканига далил бор.

Аҳли сунна жумҳурининг жавоби: Зайнаб розияллоҳу анҳо асло Аллоҳ таоло етти осмон устида, демаган, балки Аллоҳ таолонинг у зотни никоҳлаб бериши етти осмон устидан бўлганини айтган.

“Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг булардан бошқа далилларига ҳам шу тарзда жавоблар берилган. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, у зотнинг саҳобаларидан бирортаси ҳам: “Эй инсонлар, мен Аллоҳ таолони осмонда деб эътиқод қиламан”, – демаганлар. Балки Аллоҳга қандай бандалик қилишни таълим берганлар.

Эътибор бериладиган бўлса, юқоридаги баҳсларда фақат “Аллоҳ таоло макон олмасдан осмонда” дейдиганларнинг далиллари ва уларга раддиялар баён қилинди. Шу ўринда нега фақат улар далил келтиришади-ю биз “ҳимоя”да турамиз, бизнинг уларга қарши келтирадиган далилларимиз йўқми, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Қуйидагилар ушбу тақдирий саволга жавоб ўлароқ кўплаб далилларимизнинг айримлари ҳисобланади:   

 

Аҳли сунна жумҳурининг далиллари

  1. Аллоҳ таоло Шўро сурасида шундай хабар берган:

﴿ لَيۡسَ كَمِثۡلِهِۦ شَيۡءٞۖ وَهُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡبَصِيرُ١١

“Унинг мислидек бирор “шай” йўқдир ва У ўта эшитувчи, ўта кўргувчи зотдир”[14].

Ушбу оят Аллоҳ таолонинг аъзо ва қисмлардан таркиб топган жисм эмаслигига ҳамда бирор макон ё тарафдан жой олишдан холи эканига ёрқин далилдир. Зеро, Аллоҳ таоло бирор тарафда бўлса, бошқа “шай”ларга ўхшаш бўлиб қолади. Бу эса У зотнинг берган хабарига зиддир.

  1. Бақара сурасида шундай хабар берган:

﴿ٱللَّهُ لَآ إِلَٰهَ إِلَّا هُوَ ٱلۡحَيُّ ٱلۡقَيُّومُۚ

“Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирикдир ва қаййумдир”[15].

Ушбу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг қаййум эканини айтган. Қаййум сифати У зотнинг борлиги осмон ёки бошқа бирор махлуқотнинг бор бўлишига боғлиқ эмаслигини, барча махлуқотларнинг бор бўлиши эса Унга боғлиқ эканини ифодалайди. Мана шунга кўра агар Аллоҳ таолони бирор тарафда дейилса, Унинг борлигини ўша тарафга боғлиқ қилиш бўлиб қолади. Бу эса У зотнинг қаййум сифатига зид нарсани исбот қилишдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло бирор томонда бўлишдан холи, томонларни ҳам, маконларни ҳам бор қилган ва уларни тутиб турувчидир, деб эътиқод қилиш лозим.   

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича дуо ўқишни таълим берганлар:

وَأَنْتَ الظَّاهِرُ فَلَيْسَ فَوْقَكَ شَىْءٌ وَأَنْتَ الْبَاطِنُ فَلَيْسَ دُونَكَ شَىْءٌ. رَوَاهُ مُسْلِمُ

“Сен Зоҳирсан, сендан юқорида ҳеч нарса йўқ, сен Ботинсан, сендан пастда ҳеч нарса йўқ”. Муслим ривоят қилган. 

Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий[16] раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадис ҳақида шундай деган: “Баъзи дўстларимиз Аллоҳ таолодан маконни рад этишга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сен Зоҳирсан, сендан юқорида ҳеч нарса йўқ, сен Ботинсан, сендан пастда ҳеч нарса йўқ” сўзларини далил қилишган. Чунки юқорисида бирор нарса бўлмаса, пастида бирор нарса бўлмаса, бирор маконда бўлмаган бўлади”.

Ана энди Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан  то ҳозирги асримизгача яшаб ўтган мўътабар уламоларнинг ушбу масала ҳақидаги сўзларига эътибор берайлик:

  1. Хулафои рошидинларнинг бири, улуғ саҳоба Али розияллоҳу анҳу шундай деган:

كَانَ اللهُ وَلَا مَكَانَ وَهُوَ الْآنَ عَلَى مَا كَانَ.

“Аллоҳ таоло бўлган бирор макон бўлмаган, У ҳозир олдин қандай бўлса ўшандайдир”. Абу Мансур Бағдодий “Ал-фарқу байнал фирақ” китобида келтирган.

  1. Улуғ тобеинлардан бири Зайнулобидин Али ибн Ҳусайн[17] раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган:

اَنْتَ اللهُ الَّذِي لَا يَحْوِيكَ مَكَانٌ.

“Сен – бирор макон ўз ичига ололмайдиган Аллоҳсан”. (Соҳийфатус сажжадия) китобида келтирилган.

  1. Имом Жаъфар Содиқ[18] раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган:

مَنْ زَعَمَ أَنَّ اللهَ فِي شَيْءٍ أَوْ مِنْ شَيْءٍ أَوْ عَلَى شَيْءٍ فَقَدْ أَشْرَكَ إِذْ لَوْ كَانَ عَلَى شَيْءٍ لَكَانَ مَحْمُولًا وَلَوْ كَانَ فِي شَيْءٍ لَكَانَ مَحْصُورًا وَلَوْ كَانَ مِنْ شَيْءٍ لَكَانَ مُحْدَثًا.

“Кимки Аллоҳ таолони бирор нарса ичида, ё бирор нарсадан таркиб топган, ё бирор нарса устида деб ҳисоблаган бўлса, ширк келтирибди. Чунки У зот агар бирор нарсанинг ичида бўлса чегараланган бўлиб қолади, агар устида бўлса, кўтариб турилган бўлиб қолади, агар бирор нарсадан таркиб топган бўлса янгидан пайдо бўлган бўлиб қолади”. Қушайрий “Рисалатул Қушайрия”да келтирган.

  1. Имом Шофиъий[19] раҳматуллоҳи алайҳ шундай деган:

إِنَّهُ تَعَالَى كَانَ وَلَا مَكَانَ فَخَلَقَ الْمَكَانَ وَهُوَ عَلَى صِفَةِ الْاَزَلِيَّةِ كَمَا كَانَ قَبْلَ خَلْقِهِ الْمَكَانَ لَا يَجُوزُ عَلَيْهِ التَّغْيِيرَ فِى ذَاتِهِ وِلَا التَّبْدِيلَ فِى صِفَاتِهِ.

“У зот бўлган, бирор макон бўлмаган, бас маконларни яратган, маконларни яратишидан олдингидек азалий сифатларида бўлган. Унинг зотида ўзгариш бўлиши, сифатларида янгиланиш бўлиши жоиз эмас”. Зубайдий “Итҳафу садатил муттақин” китобида келтирган. 

  1. Имом Таҳовий[20] раҳматуллоҳи алайҳ “Ақида” рисоласида шундай ёзган:

لَا تَحْوِيهِ الْجِهَاتُ السِّتُّ كَسَائِرِ الْمُبْتَدَعَاتِ.

“У зотни олти тараф бошқа махлуқотларни (ўз ичига олгани) сингари ўз ичига ололмайди”.

  1. Аҳли сунна вал-жамоа имоми Абу Мансур Мотуридий[21] раҳматуллоҳи алайҳ “Тавҳид” китобининг “Аллоҳ таолони макон билан васф қилиш жоиз эмаслиги” бобида шундай ёзган:

إِذْ قَدْ ثَبَتَ اَنَّ قَدْ كَانَ وَلَا مَكَانَ... أَنَّ الْقَوْلَ بِالْمَكَانِ لَيْسَ مِنْ نَوْعِ التَّعْظِيمِ وَالتَّبْجِيلِ.

 “Зеро, У зот бўлгани, ва бирор маконнинг бўлмагани собитдир... Албатта (У зотга нисбатан) маконни айтиш улуғлаш ва мақташ навидан эмас”.

  1. Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон[22] раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳу Ибн Ҳиббон” китобида шундай деган:

كَانَ اللهُ وَلَا زَمَانَ وَلَا مَكَانَ.

“Аллоҳ бўлган, бирор замон ҳам, бирор макон ҳам бўлмаган”.

  1. Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий[23] раҳматуллоҳи алайҳ “Қоваидул ақоид” асарида шундай ёзган:

وَاَنَّهُ لَا يَحُدُّهُ الْمِقْدَارُ وَلَا تَحْوِيهِ الْاَقْطَارُ وَلَا تُحِيطُ بِهِ الْجِهَاتُ وَلَا تَكْتَنِفُهُ الْاَرْضُونَ وَلَا السَّمَوَاتُ.

“Миқдорлар Уни чегаралай олмайди, чегаралар Уни ўз ичига ололмайди, тарафлар Уни иҳота қила олмайди, ерлар ҳам, осмонлар ҳам Уни қамраб ололмайди”.

  1. Имом Фахриддин Розий[24] раҳматуллоҳи алайҳ “Тафсирул кабир” китобида қуйидаги оятни шундай тафсир қилган:

﴿ وَهُوَ ٱلۡعَلِيُّ ٱلۡعَظِيمُ٢٥٥

“Ва У Алий ва Азийм зотдир”[25].

У зотнинг Алий эканидан, тараф ва макон жиҳатидан баландда экани тушунилмайди. Чунки бунинг (Аллоҳ таолони макон жиҳатидан баландда дейишнинг) нотўғри эканига далолат қилувчи хабарлар бор. Шунга кўра оятдаги Алийдан У зотнинг йўқдан бор бўлган нарсаларга ўхшаш бўлишдан олий экани ирода қилинган. 

  1. Шайх Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Қасталоний[26] раҳматуллоҳи алайҳ “Иршадус сорий шарҳу саҳиҳил Бухорий” асарида шундай ёзган:

ذَاتُ اللهِ مُنَزَّهٌ عَنِ الْمَكَانِ وَالْجِهَاةِ.

“Аллоҳ таолонинг зоти барча макондан ва барча тарафдан холидир”.

  1. Мулла Али Қори[27] раҳматуллоҳи алайҳ “Фиқҳул акбар”нинг шарҳида қуйидагиларни ёзган:

اَمَّا عُلُوُّهُ تَعَالَى عَلَى خَلْقِهِ الْمُسْتَفَادُ مِنْ نَحْوِ قَوْلِهِ تَعَالَى: ﴿وَهُوَ ٱلۡقَاهِرُ فَوۡقَ عِبَادِهِۦۖ ﴾ فَعُلُوٌ مَكَانَةً وَمَرْتَبَةً لَا عُلُوُّ مَكَانٍ كَمَا هُوَ مُقَرَّرٌ عِنْدَ اَهْلِ السُّنَّةِ وَالْجَمَاعَةِ

“Аммо У зот таолонинг махлуқотларидан олий экани Аллоҳ таолонинг “У бандалари устидан ғолибдир”[28] сўзидан истифода қилинган. Демак, У Зот мавқе ва мартаба жиҳатидан олийдир, макон жиҳатидан эмас. Зеро, бу Аҳли сунна вал-жамоа ҳузурида аниқ бўлган ҳақиқатдир”.

  1. Шайх Абдулғаний Набулусий[29] Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳ “Кифаятул ғулам” манзумасида шундай ёзган:

وَلَيْسَ يَحْوِيْهِ مَكَانٌ لَا وَلَا         تُدْرِكِهُ الْعُقُولُ جَلَّ وَعَلَا

“Уни ҳеч бир макон иҳота қилолмас асло,

Ақллар идрок этолмас, жалла ва ъало”.

  1. Муҳаммад ибн Аҳмад Шинқитий[30] раҳматуллоҳи алайҳ “Аятул муҳкамат” китобида қуйидагиларни ёзган:

    اِتَّفَقَ عُلَمَاءُ السُّنَّةِ عَلَى اَنَّ اللهَ غَنِىٌّ عَنْ كُلِّ شَيْءٍ وَكُلُّ شَيْءٍ مُفْتَقِرٌ اِلَيْهِ قَائِمٌ بِنَفْسِهِ لاَ يَحْتَاجُ اِلَى مَحَلٍّ وَلَا اِلَى مُخَصِّصٍ فَهُوَ الَّذِى خَلَقَ الزَّمَانَ وَالْمَكَانَ وَهُوَ عَلَى مَا عَلَيْهِ كَانَ

“Суннат уламолари Аллоҳ таолонинг барча нарсадан беҳожат эканига, барча нарсанинг Унга муҳтож эканига, Ўз-Ўзидан қоим эканига, бирор ўринга ҳам, бирор хословчига ҳам муҳтож эмаслигига иттифоқ қилганлар. Бас У зот замонлару маконларни яратгандир, ўзи олдин қандай бўлса ўшандайдир”.   

Яҳё ибн Муоз Розий раҳматуллоҳи алайҳдан: “Бизга Аллоҳ азза ва жалла ҳақида хабар беринг?” – дейишди.  У зот: “Бир илоҳдир”, – деди. “У қандай”, – деб сўрашди. У зот: “Молик, Қодир”, – деди. “У қаерда”, – дейишди. У зот: “Кузатувда”, – деди. Сўровчи: “Мен буни сўрамадим”, – деди. У зот: “Бундан бошқача бўлса, махлуқнинг сифати бўлиб қолади, У  зотнинг сифати эса сенга хабар берганимдек”, – деб жавоб берди.    

Абу Усмон Мағрибийнинг ходими Муҳаммад ибн Маҳбуб шундай деган:  “Бир куни менга Абу Усмон Мағрибий: “Эй Муҳаммад, агар биров: “Маъбудинг қаерда, деса нима дейсан?” – деди. Мен: “Азалдаги ўрнида, дейман”, – дедим. У: “Азалда қаерда бўлган”, – деса нима дейсан, деди. Мен: “Ҳозирги ўрнида, дейман”, – дедим. Яъни У бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган, ҳозир ҳам У олдин қандай бўлса, ўшандайдир”, – дедим. У жавобимдан рози бўлди”.   

Демак, ушбу далиллардан кейин хулоса қилиб айтадиган бўлсак, биз – Аҳли сунна вал-жамоа Аллоҳ таоло ҳақида шундай эътиқод қиламиз: “Аллоҳ таоло бирор тарафда ҳам, бирор маконда ҳам эмас. Агар кўнглимизга “Аллоҳ қаерда” деган савол келадиган бўлса, иймон ва ихлос билан: “Бирор макон бўлмаган пайтда ҳам У зот бўлган. Кейин маконларни пайдо қилган, замонларни жорий қилган. Замонлару маконлар йўқ пайтда У зот қандай бўлса, ҳозир ҳам ўшандайдир”, – деймиз.

Маконлару тарафларни йўқдан бор қилган Зотга ҳамду санолар, Унинг элчиси бўлган саййидул башарга салавот ва саломлар бўлсин.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУ:

ИСМ ЭГАСИГА ДАЛОЛАТ ҚИЛИШИ БАЁНИ;

У ЗОТ ЎЗИ ВА РАСУЛИ БАЁН ҚИЛГАНИДЕКДИР;

БЎЛИНМАЙДИГАН ЖУЗНИНГ АҚЛАН МУМКИНЛИГИ БАЁНИ;

 

[1] Жаҳмия фирқасининг номи Жаҳм ибн Сафвонга нисбат берилган бўлиб, улар инсонга ихтиёр берилганини ва Аллоҳ таолонинг сифатларини инкор қилиб чиқишган. Мазкур бузуқ қарашларини ҳижрий 118 йилда муртад сифатида қатл этилган Жаъд ибн Дирҳамдан ўзлаштирганлар. Жаҳм ибн Сафвон Умавийларга қарши Ҳорис ибн Сурайж  билан бирга бош кўтариб чиққани учун 128 ҳижрий санада қатл этилган. Қаранг: Мунжид фил-луғати аълом. – Байрут: “Дорул машриқ”, ўттиз саккизинчи нашр. – Б. 205.

[2] Шуро сураси, 11-оят.

[3] Анъом сураси, 19-оят.

[4] Имом Абу Мансур Мотуридий. Тавҳид. – Байрут Лубнан: “Дорул кутубил илмия”, 2006. – Б. 35.

[5] Фотир сураси, 10-оят.

[6] Оли Имрон сураси, 55-оят.

[7] Мулк сураси, 16-оят.

[8] Наҳл сураси, 50-оят.

[9] Аъроф сураси, 127-оят.

[10] Тоҳа сураси, 5-оят.

[11] “Истиво”нинг луғавий ва истилоҳий маънолари ҳақида 12 байтнинг шарҳига қаранг.

[12] Матнда келган “табарока” калимаси “махлуқларнинг сифатларидан холи” маъносини ифодалайди. 

[13] Имом Нававий. Шарҳу Саҳиҳи Муслим. – Дамашқ: “Дорул Файҳо”, 2010. – Б. 521.

[14] Шуро сураси, 11-оят.

[15] Бақара сураси, 255-оят.

[16] Ҳофиз Аҳмад ибн Ҳусайн Байҳақий ҳижрий 458 йилда вафот этган.

[17] Зайнулобидин Али ибн Ҳусайн ҳижрий 94 йилда вафот этган.

[18] Имом Жаъфар Содиқ ҳижрий 148 йилда вафот этган.

[19] Имом Шофиъий ҳижрий 204 йилда вафот этган.

[20] Имом Таҳовий ҳижрий 321 йилда вафот этган.

[21] Имом Абу Мансур Мотуридий ҳижрий 333 йилда вафот этган.

[22] Ҳофиз Муҳаммад ибн Ҳиббон ҳижрий 354 йилда вафот этган.

[23] Имом Ғаззолий ҳижрий 505 йилда вафот этган.

[24] Имом Фахриддин Розий ҳижрий 606 йилда вафот этган.

[25] Бақара сураси, 255-оят.

[26] Шайх Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Қасталоний ҳижрий 923 йилда вафот этган.

[27] Мулла Али Қори ҳижрий 1014 йилда вафот этган.

[28] Анъом сураси, 61-оят.

[29] Шайх Абдулғаний Набулусий ҳижрий 1143 йилда вафот этган.

[30] Муҳаммад ибн Аҳмад Шинқитий ҳижрий 1404 йилда вафот этган.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳадислар ваҳий эканига Қуръоний далиллар

24.08.2026   19778   36 min.
Ҳадислар ваҳий эканига Қуръоний далиллар

Пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан эмас, балки Аллоҳ таоло танлаб олган бандаларига ваҳий нозил қилиши билан амалга ошиши етти қатъий далил орқали исботлаб берилди. Шунингдек, пайғамбарларга келадиган ваҳий икки тур – тиловат қилинадиган (матлув) ва тиловат қилинмайдиган (ғайри матлув) бўлиши ҳам кўрсатиб ўтилди
 

Энди эса Қуръони каримнинг бир қатор оятларини келтирамиз. Улар ўз матни, мазмуни ё бошқа далил кўмаги билан шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан шариат ўлароқ баён этилган, аммо Қуръонда бўлмаган ҳукмлар ҳам ваҳийдир. Бу оятлар ваҳийнинг бир тури – тиловат қилинмайдигани (илоҳий китобга кирмагани) ҳам борлигига далолат бўлади.


Бундай оятлар жуда кўп бўлиб, барчасини бирданига жамлашга ҳожат йўқ. Зеро, бир оятнинг ўзиёқ ҳақиқатни англаш учун кифоя қилади. Шундай бўлса-да, муқаддас Китобимизнинг услубига эргашган ҳолда, суннатнинг ваҳий эканини қатъий исботловчи оятлардан кўпроқ келтириш лозим топилди. Чунки бу масаланинг ғоятда муҳимлиги боис шу маънодаги сўзлар Қуръони каримда турли услублар билан қайта-қайта таъкидлаган. Мусҳафи шарифни шарҳлашда, ислом аҳкомларини баён қилишда ҳам бу масала энг муҳим пойдевор ҳисобланади.


1. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Ботаётган юлдуз билан қасамки, биродарингиз (Муҳаммад алайҳиссалом) адашгани ҳам йўқ, йўлдан озгани ҳам йўқ. Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир. Унга (бу ваҳийни) кучга тўлган бир зот (яъни, Жаброил алайҳиссалом) таълим бермишдир» [Нажм сураси, 1–5-оятлар].


Аллоҳ таоло тонг отаётганда ботадиган юлдузлар билан қасам ичиб, Пайғамбарнинг ҳақ йўлда эканини, адашмагани ва йўлдан озмаганини маълум қилди. Бу ерда «адашган» – ҳақ ва аниқ йўлни билмай, илмсизлик билан қоронғуликда қадам босган жоҳил. «Йўлдан озган» эса ҳақни била туриб, қасддан ва онгли равишда ундан юз ўгириб, бошқа йўлга кетган кимсадир.


Бу оят Аллоҳ таолонинг Ўз қасами билан мустаҳкамланган буюк гувоҳлиги бўлиб, бундай шаҳодат Расулининг барча ҳолат ва ишларда тўғри йўлда эканини тасдиқлайди. Шунингдек, келтирган барча нарсалари – Китоб бўлсин ё ҳадис – тўғри ва ҳақ эканига далил бўлади.


Сўнг Аллоҳ таоло бу ҳақиқатни янада мустаҳкамлаб, «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деяпти. Кейин «У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деб, таъкидни энг олий чўққига чиқаряпти. Оятдаги чеклов (ҳаср) услуби ваҳийдан ташқари ҳар қандай эҳтимолни рад этади. Яъни, у зот алайҳиссаломнинг гаплари фақат ва фақат нозил қилинаётган ваҳийдир. Бу Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳар бир сўзи Қодир Парвардигордан келган ваҳий эканига энг олий тасдиқдир. Бу эса, «ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас» деган гап шунчаки мажоз эмас, балки айнан ҳақиқат эканини кўрсатади.


Бу ибора умумий маъно ташийди, яъни у зотнинг оғизларидан чиққан барча сўзларни ўз ичига олади. Зеро, араб тили қоидаларига кўра, инкор гап таркибидаги феъл инкор қилинган накра (номаълумлик) сўз ҳукмида бўлиб, умумий маънони англатади. Демак, у зотнинг шариат ва динни етказиш билан боғлиқ ҳар бир гапи шу умумий маънога киради. Буни фақат Қуръонга хослаб қўйиш учун ҳеч қандай далил йўқ. Шундай экан, оятнинг маъноси: «У зот айтган ҳар бир гап – Китоб бўлсин ё ҳадис – фақатгина нозил қилинаётган ваҳийдир», деганидир.


Бу оятнинг умумий маънога эга экани ва нафақат Қуръонни, балки ҳадисни ҳам ўз ичига олишини Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадис қўллаб-қувватлайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ҳар бир нарсани ёдлаб қолиш ниятида ёзиб борар эдим. Қурайшликлар мени бундан қайтариб: «Расулуллоҳдан эшитган ҳамма нарсангни ёзяпсанми? Ахир, Расулуллоҳ ҳам оддий инсон бўлсалар, баъзан ғазаб устида ҳам гапирадилар-ку!» деди. Шундан кейин ёзишдан тўхтадим ва буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтдим. У зот бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: «Ёзавер, жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бу ердан фақат ҳақиқат чиқади», деб буюрдилар» [Абу Довуд ва Доримий ривоят қилган].


Уламоларнинг фикрига кўра, бевосита ваҳий келмаган пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз ижтиҳодлари билан ҳукм чиқаришлари жоиз бўлган. Бу ҳолат юқоридаги «у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) ваҳий (нозил) қилинаётган бир ваҳийдир» деган умумий қоидага зид келмайди. Чунки Аллоҳ таоло ўша вазиятларда у зотга ижтиҳод қилишга изн берган. Бу рухсатнинг ўзи ҳам Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига ваҳийсидир. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ижтиҳодларида ҳам барибир Аллоҳнинг ваҳийсига эргашган бўладилар. Бунга Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тили билан айтган ушбу сўзлари далилдир: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган нарсаларгагина эргашурман» [Анъом сураси, 50-оят].


Шундай экан, у зотнинг ижтиҳодлари ва ўша ижтиҳод таянадиган асосларнинг барчаси ваҳийдир, асло ҳавойи хоҳиш эмас. Зеро, бу рухсат гўё Аллоҳ таолонинг Ўз Пайғамбарига «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангиз, у Менинг ҳукмимдир», яъни «Қалбингизга солинган ҳар бир нарса Менинг иродамдир» деганидек гап. Шунинг учун ҳам бу ҳақиқий ваҳий ҳисобланади ва юқоридаги умумий қоидага тўлиқ мувофиқ бўлади.


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ижтиҳодларида хато бўлиши эҳтимоли бор, деб ҳисоблайдиган уламолар мазҳабига кўра эса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор ижтиҳодда янглишган бўлсалар, Аллоҳ таоло уни ўша ҳолатда қолдирмаган, балки ваҳий йўлларидан бири билан дарҳол ҳақиқатни баён қилиб берган. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дин сифатида мустаҳкамланиб, қарор топган ҳукмларда қандай ҳавойи хоҳиш билан гапирмаганлари сингари ҳали якуний тўхтамга келинмаган ва ижтиҳод қилган масалаларида ҳам асло нафсларига таяниб сўз юритмаганлар. Балки у зотнинг айтганлари бевосита ваҳий келмаганда ижтиҳод қилишга берилган илоҳий рухсатга – яъни, барибир ваҳийга асосланган бўлган.


Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таолонинг Ўз Расулига ижтиҳод қилишга рухсат бериши гўё унга: «Бирор ҳукмни тўғри деб билсангинг ва Мен уни шундайлигича қолдирсам, демак, у Менинг ҳукмимдир», деб айтиши кабидир.


2. Қуръони каримнинг қатор оятларида «ҳикмат» сўзи «Китоб» сўзи билан кетма-кет келган. Уларнинг бир қисмида икки калима ҳам Аллоҳ таоло томонидан ўргатилгани баён қилинган бўлса, бошқа қисмида иккисининг ҳам Ҳақ таоло томонидан нозил қилингани очиқ-ойдин айтилган.


Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай марҳамат қилади: «Эй Раббимиз! Уларга (келажак умматларга) ўзларидан (чиққан), уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, Китоб ва ҳикмат (Қуръон ва ҳадис)ни ўргатадиган ва уларни (куфр ва гуноҳлардан) поклайдиган бир пайғамбар юборгин! Албатта, Сен Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикмат соҳиби)дирсан » [Бақара сураси, 129-оят].


Яна Аллоҳ таоло бундай дейди: «Шунингдек, сизларга ўзингиздан бўлмиш бир пайғамбар юбордикки, у сизларга оятларимизни ўқиб беради, сизларни (ширк ва гуноҳлардан) поклайди, сизларга Китоб (Қуръон) ва ҳикматдан (Ҳадисдан) таълим беради ва билмаганларингизни билдиради » [Бақара сураси, 151-оят].


Ҳақ таоло айтади: «Албатта, Аллоҳ мўминларга ўзларидан бўлган (яъни, одам жинсидан бўлган), уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, (гуноҳларидан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбарни юбориш билан яшилик қилди. Ҳолбуки, улар илгари очиқ хато-залолатда эдилар» [Оли Имрон сураси, 164-оят].


Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «У (Аллоҳ) омийларга (яъни, аҳли китоб бўлмаган илмсиз кишиларга) ўзларидан бўлган, уларга (Қуръон) оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб – Қуръон ва ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни, Муҳаммад алайҳиссалоту вассаломни) юборган Зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (пайғамбар келишидан аввал) илгари очиқ залолатда эдилар» [Жумъа сураси, 2-оят].


Эътибор беринг, ушбу оятларда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъминларга Китоб ва ҳикматни ўргатишлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беришларига боғлаб келтирилмоқда. Яъни, Китоб ва ҳикматни ўргатиш оятларни тиловат қилишдан бутунлай бошқа нарсадир. Буни илоҳий баёндаги сўзларнинг турлича келгани ҳам кўрсатиб турибди. Зеро, Аллоҳ таоло дастлабки ҳаракатни «тиловат» деб, кейингисини эса «ўргатиш» деб атаяпти. Таълим бериш эса шунчаки тиловат қилишдан фарқ қилади. Қолаверса, араб тили қоидаларига кўра, сўзларни бир-бирига боғлаб сўзлаш (атф) улар ўртасида маъно жиҳатидан фарқ борлигини билдиради. Айниқса, кейинги уч оятда Китоб ва ҳикмат таълими билан тиловат «уларни поклайдиган» мазмунидаги жумла билан ажратилгани бу икки тушунча бир-бирини шунчаки шарҳлаб келувчи синонимлар эмаслигини яна бир бор қатъий тасдиқлайди.


Оятларни тиловат қилишнинг маъноси ҳаммага тушунарли. Китобни ўргатиш эса Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни баён қилиб бериш демакдир. Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу сўзлари далил бўлади: «Сизга эса одамларга нозил қилинган (маълумотлар)ни баён (тафсир) қилиб беришингиз учун ва тафаккур қилсинлар, деб бу зикрни (Қуръонни) нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят] Аллоҳ таоло Ўз Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръонни шарҳлаш, ундаги қисқа ҳукмларни батафсил тушунтириш ва мавҳум жойларига ойдинлик киритиш вазифасини юклаган. Бу улуғ вазифа эса фақатгина ҳикматни ўргатиш орқали амалга ошади. Ҳикмат эса – Аллоҳ таоло у зотга ваҳий қилган суннатдир.


Бу таҳлил “ҳикмат” сўзи Китобга боғланиб келган бошқа оятларда ҳам Қуръондан фарқли ўлароқ алоҳида бир асос – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эканига ёрқин далилдир.


Қуръонда “ҳикмат” деб аталган ушбу шарафли набавий суннат Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинган ваҳий эканини очиқ-ойдин кўрсатувчи оятлар ҳам бор. Жумладан, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бундай амр этади: «Аллоҳнинг сизларга берган неъматини ва сизларга насиҳат сифатида нозил қилган Китоб ва ҳикматни (ҳадисларни) ёдингизда тутингиз!» [Бақара сураси, 231-оят].


Яна бундай марҳамат қилади: «Аллоҳ сизга Китоб ва ҳикматни нозил қилди ва билмаган нарсаларингизни билдирди. Аллоҳнинг сизга фазлу марҳамати улуғ бўлди» [Нисо сураси, 113-оят].


Ушбу оятлардаги «Китоб ва ҳикмат» деган илоҳий сўзлар ҳикмат худди Қуръони карим каби Аллоҳ таоло томонидан нозил қилинганини очиқ кўрсатади. Чунки у “Китоб” сўзи билан ёнма-ён ва унга боғланиб келмоқда.


Шундай қилиб, дастлабки мисоллардаги оятлар орқали ҳикматнинг Китобдан бошқа нарса экани исботланди. Кейинги мисоллар билан бу ҳикмат ҳам худди Китоб каби Аллоҳдан нозил бўлган илоҳий ваҳий экани ўз тасдиғини топди. Ана шу ваҳий набавий суннатдир, валлоҳу аълам.


Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳ Китоб билан ҳикмат ўртасидаги бу фарқни қатъий таъкидлаб, мазкур оятлар шарҳида бундай деган: «Аллоҳ Китобни зикр қилди – у Қуръондир. Шунингдек, ҳикматни зикр қилди. Мен Қуръон илмини яхши биладиган, ўзим рози бўлган олимлардан эшитдимки, улар: «Ҳикмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир», деди. Бу гап айни ҳақиқатдир».


Имом Шофеъий маъқуллаган ва Қуръон олимларидан нақл қилган бу қараш барча салаф солиҳлар ва етук муфассирларнинг якдил иттифоқидир.


Ибн Касир ўз тафсирида бундай ёзади: Ҳикмат – суннат деганидир. Буни Ҳасан Басрий, Қатода, Муқотил ибн Ҳайён, Абу Молик ва бошқалар айтган. Шунингдек, у «диндаги чуқур тушунча» деб талқин қилинган. Бу икки фикр ўртасида қарама-қаршилик йўқ, бири иккинчисининг мазмунига уйғундир».


Бу ўринда бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозимки, бу оятлардаги “ҳикмат” сўзини «суннат» деб тафсир қилган олимлар, тилшунослик жиҳатидан ҳикмат ва суннат сўзлари мутлақ маънодош (синоним) демоқчи эмас. Чунки луғат дарсликларида, жумладан, Халил ибн Аҳмад Фарафидийнинг «Китобул айн» асарида келтирилишича, «ҳикмат» сўзи тилда “илм” ва “адолат” маъноларини англатади. Муфассирлар оятнинг келиш ўрни ва матн сиёқини ҳисобга олиб, уни илм ва адолатнинг энг олий даражада намоён бўлиши, яъни ҳадис деб изоҳлаган. Зеро, Аллоҳ таоло ҳикматни ҳам нозил қилинган нарсалар қаторига қўйиши ва уни Китоб билан бирга қайд этиши унинг айнан ҳадис эканига яққол далилдир. Чунки Аллоҳ таоло томонидан Китобдан ташқари нозил қилинган ягона манба – бу ҳадисдир.


3-4-5. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингиз билан қовушиш ҳалол қилинди. Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз. Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз. Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз. Сўнг рўзани кечгача (қуёш ботгунча) мукаммал тутингиз! Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангиз! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (ман этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади» [Бақара сураси, 187-оят].


Ушбу улуғ оятнинг аввалида рўза кечаларида аёл билан қовушиш ҳалол қилингани таъкидланмоқда. Бирор нарса ҳалол қилиндими, демак, ундан олдин ҳаром бўлган. Шунингдек, оятнинг давомидаги «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида бемалол) қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган (тақдир этган) нарсани (фарзандни) умид этаверингиз» деган сўзлар ҳам қовушишга изн берилишидан олдин бу амал тақиқланган бўлганини билдиради. Ваҳоланки, бу тақиқ ҳақида Қуръонда бирор оғиз сўз йўқ. Демак, ўша дастлабки тақиқ Аллоҳ таолонинг тиловат қилинмайдиган ваҳийси бўлмиш набавий суннат билан собит бўлган.


Имом Бухорий Абу Исҳоқдан, у Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Рамазон рўзаси нозил бўлган илк даврларда мусулмонлар Рамазон ойи бўйи (кечаси ҳам) аёлларига яқинлик қилмасди. Бироқ баъзилар ўзини тия олмай, нафсига хиёнат қилиб қўйди. Шунда Аллоҳ таоло «Сизларнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни Аллоҳ билди ва тавбангизни қабул қилиб, сизларни афв этди. Энди улар билан қовушиб, сизлар учун Аллоҳ ёзган нарсани умид этаверингиз» деган оятни нозил қилди».


Оятдаги «тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз» деган кўрсатма Аллоҳ таоло томонидан мусулмонларга берилган енгиллик бўлиб, исломнинг илк давридаги ҳукмни бекор қилди. Илк даврдаги тартиб эса, юқоридаги ҳолатдек, набавий суннат орқали маълум эди. У пайтларда рўзадор ифтор қилгач, фақат хуфтон намозигача ёки ундан олдин ухлаб қолгунига қадар еб-ичиши мумкин эди. Ухлаб қолса ёки хуфтон намозини ўқиб қўйса, кейинги куннинг оқшомигача еб-ича олмасди. Бу мусулмонларга жуда катта машаққат туғдирганди. Шунда Аллоҳ таоло тонг отгунча еб-ичишга изн берди. Ана ўша эски қийин ҳукм ҳам Қуръонда мутлақо зикр қилинмаган, балки фақат ҳадис билан собит бўлганди.


«Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амр висол рўзасини, яъни оғиз очмасдан бир неча кунни бир-бирига улаб рўза тутишни тақиқлайди. Саҳиҳ ҳадисларда мусулмонлар висол рўзасидан қайтарилган, фақат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларигагина хос равишда жоиз қилинган эди.


Имом Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Висол рўзаси тутманг», дедилар. Саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз висол рўзаси тутасиз-ку?» дейишди. У зот: «Мен сизлардек эмасман. Мен тунаётганимда Раббим мени таомлантиради ва сув беради», деб жавоб бердилар.


Висол рўзаси тутиш у зотнинг ўзларигагина тегишли хусусиятлардан эди. Саҳиҳ ҳадисда айтилганидек, у зотга бу ишда алоҳида қувват ва кўмак бериларди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга висол рўзасининг жоиз бўлиши алоҳида бир шариат ҳукми бўлиб, у ҳам Қуръонда зикр қилинмаган, балки тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали қарор топган. Буни у зотнинг ўзлари ваҳийдан ташқари иш қилмаганлари ҳақидаги мана бу оятлар тасдиқлайди: «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман», шунингдек, «Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир» [Юнус сураси, 15-оят] ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб айтганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» [Ҳаққо сураси, 44–46-оятлар].


Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг висол рўзаси тутишлари ваҳийдан ташқари ва унга таянмаган ҳолда бўлганида эди, у зот Аллоҳнинг «Сўнг рўзани кечгача мукаммал тутингиз!» деган амрини ўзгартирган ва Унинг номидан шариат жорий қилган бўлиб қолардилар, бу эса умуман мантиққа зиддир.


Хуллас, Бақара сурасининг 187-ояти набавий суннатнинг Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий эканига бир йўла уч кучли далилни ўз ичига олган.


6. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Пайғамбар жуфтларидан бирига (яъни, Ҳафсага) бир сўзни пинҳона айтганини эсланг! Энди қачонки (Ҳафса) у (сир) ҳақида (Оишага) хабар бергач ва Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбар алайҳиссаломни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач, у (Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг) баъзисини билдирди ва баъзисидан юз ўгирди (билдирмади). Бас, қачонки (Пайғамбар алайҳиссалом Ҳафсага ўзи воқиф бўлган нарсанинг баъзиси ҳақида) хабар бергач, у: «Сизга бу хабарни ким берди?», деган эди, «Менга Билгувчи ва Хабардор Зот хабар берди», деди» [Таҳрим сураси, 3-оят].


«Аллоҳ (Жаброил фаришта воситасида Пайғамбарни Ҳафсанинг қилмишидан) воқиф қилгач» сўзлари шуни кўрсатадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирига яширинча айтган ва ҳеч кимга айтмасликни буюрган сирнинг очилиб қолганини Аллоҳ таоло Пайғамбарига билдирган. Лекин Қуръон орқали амалга ошмаган. Чунки Қуръондаги мазкур оят ўша воқеа содир бўлиб ўтганидан кейин, ўтган замон феъли шаклида у ҳақда шунчаки хабар беряпти, холос. Демак, бу билдириш ва огоҳлантириш, шубҳасиз, тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали содир бўлган. Бинобарин, ушбу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръондан ташқари ҳам ваҳий нозил бўлганига ёрқин далилдир. Ана шундай ваҳий у зотнинг суннатлари бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ваҳийдан бошқа нарсага таяниши сира ҳам мумкин эмас. Бунга Аллоҳ таолонинг у зот тили билан айтган ушбу сўзи далилдир: «Мен фақат Парвардигоримдан келган ваҳийгагана эргашурман». Далилларнинг бу жамланмасидан равшан бўладики, Суннат – Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳийдир.


7. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло марҳамат қилади: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Магар илгари ўтган бўлса, (уйланган бўлсангиз, Аллоҳ афв этар). Албатта, бу хунук ва жирканч бўлган ёмон қилиқдир. Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз, аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари, эмизган оналарингиз, эмишган опа-сингилларингиз, қайноналарингиз, жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг тарбиянгизда бўлган қизлари(га уйланиш ҳаром қилинди) – агар хотинларингиз билан жинсий алоқада бўлмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз), сизлар учун гуноҳ йўқдир. Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинларига (уйланишингиз) ва опа-сингилни жамлашларингиз (яъни, бирини талоқ қилмай туриб бошқасига уйланишингиз ҳаром қилинди). Магар илгари ўтган бўлса (Аллоҳ афв этар). Албатта, Аллоҳ мағфиратли ва меҳрибон бўлган Зотдир. Яна эрлик аёллар (ҳам ҳаром қилинди). Магар (уруш-жангларда) эга бўлган чўриларингиз ҳалолдир. (Бу ҳукмларни) Аллоҳ зиммангизга фарз қилиб қўйди. Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди. Улар билан никоҳ орқали яқинлик қилишингиз билан белгиланган маҳрларини берингиз! Маҳр белгиланганидан кейин ўзларингиз келишиб олишингизда (яъни, улар ўз ихтиёри билан ҳаққи-маҳридан кечиб юборишида) сизлар учун гуноҳ йўқдир. Албатта, Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган Зотдир» [Нисо сураси, 22–24-оятлар].


Ушбу оятларда эркак киши учун уйланиш ҳаром бўлган аёллар баён қилинган. Ваҳоланки, жоҳилият даврида уларнинг баъзилари, масалан, отанинг хотинига уйланиш ва икки опани-сингилни баробар никоҳга олиш кабилар мумкин эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло бу икки ҳолат зикрида «Магар илгари ўтган бўлса» деб марҳамат қилди ва ислом шариати билан буларнинг барчасини қатъий ҳаром қилди.


Охирида «Мана шулардан бошқа аёлларга зино қилувчи бўлмаган ҳолингизда молларингизни маҳр қилиб бериш билан уйланишга ҳаракат қилиш сизлар учун ҳалол қилинди», яъни юқорида саналганлардан ташқари бошқа ҳар қандай аёлга уйланиш сизлар учун жоиздир, дейилди.


Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан мутавотир (шубҳасиз) йўллар билан ривоят қилинган ва бутун уммат уламолари бир овоздан ижмо қилган ҳақиқат шуки, ушбу оятларда саналмаган бўлса-да, никоҳи ҳаром бўлган бошқа тоифа аёллар ҳам бор. Масалан, бир аёлни ўз аммаси билан ёки бир аёлни ўз холаси билан бир вақтда никоҳга олиш тақиқланган. Бошқача айтганда, насаб-қариндошлик жиҳатидан бир-бирига яқин бўлган икки аёлнинг бирини эркак деб фарз қилинганда, у иккинчисига уйланиши ҳаром бўладиган даражада яқин бўлса, у ҳолда бу икки аёлни бир никоҳда жамлаш мутлақ ҳаром ҳисобланади.


Хўш, ушбу тақиқ мана шу оятларда ёки Қуръони каримнинг бошқа бирор жойида борми?! Йўқ, фақат набавий суннатда бор. Суннат эса, боя таъкидланганидек, Аллоҳнинг ваҳийсидир. Қолаверса, бу ҳукмлар Аллоҳ таолонинг: «Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» [Ҳашр сураси, 7-оят] деган амри доирасига ҳам тўлиқ киради.


8. Ҳақ таоло бундай амр қилади: "(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг! Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» [Қиёмат сураси, 16–19-оятлар].


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил алайҳиссалом ваҳий олиб келган пайтда, Қуръон оятларидан бирор нарса унутилиб ёки тушиб қолмасин деган хавотирда, у зот билан баробар тилларини қимирлатиб, оятларни тезда қайтаришга ҳаракат қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло ушбу оятлар орқали у зотга Жаброил Қуръон келтирганда шошмасдан, диққат билан тинглашни ва тилларини қимирлатмасликни буюрди. Бунинг эвазига Аллоҳ таоло Қуръонни у зотнинг қалбларига муҳрлаб қўйишни, уни Жаброил ўқиганидек мукаммал адо этишини осон қилиб беришни ҳамда ундаги мухтасар (қисқа) ҳукмларни батафсил шарҳлаб, унинг маъноларини у зотнинг ўзларига ёки у зотнинг тиллари орқали бутун инсониятга ойдинлаштириб, баён қилиб беришни Ўз зиммасига олди.


Имом Бухорий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ваҳий тушаётган пайтда жуда катта машаққат ва қийинчилик сезар, (оятларни ёдлаб қолиш учун) тез-тез икки лабларини қимирлатар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: «(Эй Муҳаммад! Қуръонни) тезроқ (ёдлаб) олиш учун тилингизни у билан қимирлатмай-пичирламай қўя қолинг. Зеро, уни (сизнинг дилингизда) жамлаш ҳам, (тилингизда) қироат қилдириш ҳам Бизнинг зиммамиздадир. Бас, қачон Биз (Жаброил тилидан) уни ўқисак, сиз ҳам эргашинг!» – яъни, уни жим туриб, диққат билан тингланг, – «Сўнгра уни (Қуръонни) баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган оятларни нозил қилди. Шундан кейин Жаброил алайҳиссалом қайтиб кетгач, у зот ваҳий қилинган оятларни худди Жаброил ўқиб бергандек ўқир эдилар».


Ибн Касир ўз тафсирида ёзади: «Шаъбий, Ҳасан Басрий, Қатода, Мужоҳид, Заҳҳок ва бошқа муфассирлар: «Ушбу оятлар айнан мана шу воқеа сабабли нозил бўлган», деб айтган».


«Сўнгра уни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» сўзлари Қуръон нозил бўлганидан кейин уни тушунтириб, шарҳлашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олганига кафолатдир. Бу баён ё бевосита Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга билдирилган ёки у зотга қилинган илоҳий ваҳий орқали у зотнинг тиллари билан инсониятга етказилган. Шуни унутмаслик керакки, баён (шарҳ сўзлари) мубайяндан (шарҳланаётган нарсадан) мутлақо фарқ қилади. Демак, бу ўриндаги баён Қуръоннинг ўзидан бошқа нарсадир. Аллоҳ таоло «Бизнинг зиммамиздадир» деб, бу баённинг ҳам Ўз ҳузуридан бўлишини таъкидлади ва «Сўнгра» боғловчисини қўллаш орқали бу шарҳ Қуръон нозил бўлганидан кейин амалга ошишини билдирди. Шундай экан, Аллоҳ таоло зиммасига олган ушбу баён Қуръондан ташқари алоҳида бир манба – У Зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тиловат қилинмайдиган ваҳий ўлароқ юборган Суннат эканидан бошқа эҳтимол қолмайди. Бу эса Аллоҳ таолонинг мана сўзларига қўшимча далилдир: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].


9. Аллоҳ таоло бундай буюради: «Эй мўминлар, жума кунидаги намозга чорланса (яъни, азон айтилса), дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар! Агар биладиган бўлсангиз, мана шу (яъни, Аллоҳнинг зикрига – жума намозини ўқишга шошилиш) ўзларингиз учун яхшироқдир. Энди қачон намоз адо қилингач, Ерга тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу марҳаматидан (ризқу рўз) истайверингиз. Аллоҳни кўп зикр қилингизки, шояд нажот топурсизлар. (Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар. Айтинг: «Аллоҳ ҳузуридаги нарса (имон ва яхши амаллар учун бериладиган ажр-мукофот) ўйин-кулгидан ҳам, тижоратдан ҳам яхшироқдир! Аллоҳ ризқ бергувчиларнинг яхшироғидир!» [Жумъа сураси, 9–11-оятлар].


Аллоҳ таоло мўминларга жума намозига азон айтилганда, савдо-сотиқни бас қилиб, намозга шошилишни буюряпти. Шундан келиб чиқиб, барча уламолар имомнинг қаршисида айтиладиган иккинчи азондан кейин савдо қилиш мумкин эмаслигига ижмо қилган. Шунингдек, намоз тугагач, тарқалиб, Аллоҳнинг фазлу карамидан ризқ излашга рухсат берилди ҳамда бу жараёнда ҳам Парвардигорнинг зикридан ғофил бўлмаслик, нажотга эришиш учун Уни кўп эслаш амр этилди.


Сўнгра Аллоҳ таоло саҳобаларга ушбу оят нозил бўлишидан олдин содир бўлган бир воқеа сабабли гина қилди. Ўшанда жума куни азон айтилганда, намозга шошилиш ҳақидаги ушбу буйруқ ҳали нозил бўлмаган эди ва улар жума хутбаси пайтида келган карвон туфайли тижорат ортидан кетиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни минбарда тик турган ҳолларида ёлғиз қолдирганди. Зеро, у пайтларда жума намози хутбадан олдин ўқилар эди. Кейинчалик бу ҳукм ўзгартирилиб (насх қилиниб), хутба намоздан олдинга сурилган.


Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтади: «Бир сафар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жума хутбасини ўқиётганларида, Мадинага тижорат карвони келиб қолди. Одамлар чиқиб кетди ва у зот билан бор-йўғи ўн икки киши қолди. Шунда Аллоҳ таоло «(Эй Муҳаммад!) Улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар ва сизни (минбарда) тик турган ҳолингизда тарк қилурлар» деган оятни нозил қилди» [Имом Бухорий ривояти].


Демак, оятдаги «улар бирон тижоратни ёки ўйин-кулгини кўриб қолсалар, ўшанга қараб сочилиб-тарқалиб кетурлар» деган жумла мазкур уч оят нозил бўлишидан олдин, жума намозидан кейинги хутба пайтида саҳобалар томонидан содир бўлган воқеанинг хабаридир. Бундан шундай хулоса чиқадики, жума намози «жума кунидаги намозга чорланса, дарҳол Аллоҳнинг зикрига боринглар ва олди-сотдини тарк қилинглар!» деб бошланувчи ушбу оятлар нозил бўлишидан олдин ҳам шариатда бўлган ва унга амал қилинган. Ваҳоланки, Қуръони каримда бу оятдан олдин жума намозининг фарз қилинганини кўрсатувчи бошқа бирор оят мавжуд эмас. Шундай экан, жума намозининг ибодат ўлароқ жорий қилиниши фақатгина Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан собит бўлган.


10. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани – Қуръонни нозил қилдик» [Наҳл сураси, 44-оят].


Аллоҳ таоло Ўз Расулига Қуръондаги умумий ва мухтасар ҳукмларни батафсил тушунтириш ваколатини топширяпти. Ана шу илоҳий ваколатга таяниб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонда умумий тарзда келган барча аҳкомларни батафсил баён қилиб берганлар. Бу ҳукмлар ибодат, муомала, никоҳ-оила муносабатлари, жиноятлар, шунингдек, оилавий, ижтимоий ва халқаро алоқаларни қамраб олган.


Масалан, намозни оладиган бўлсак, унинг вақтларини аниқ белгилаган, ракатлар сонини, ўқилиш тартибини, шарт бўлган амаллар ва бузадиган нарсаларни ажратиб берган, муқимлик, сафар ва хавф намозлари ўртасидаги фарқларни кўрсатган ким эди? Ёки закотга эътибор беринг, закот берилиши фарз бўлган барча мол-мулкларнинг миқдорини, ундан қанча ажратилишини ким белгилаб берган? Туянинг нисоби бештадан бошланиши ва ундан битта қўй берилиши, қорамолники ўттизтадан бошланиб, ундан бир яшар бузоқ берилиши, қўй-эчкиники қирқтадан бошланиб, битта қўй ажратилиши, кумуш борасида ҳар икки юз дирҳамдан чорак ушр (икки ярим фоиз), олтин бўйича эса ҳар йигирма мисқолдан ярим мисқол берилиши каби қоидаларни ким жорий қилган?


Шунингдек, ҳаж ибодатини биз биладиган бугунги мукаммал шаклга ким келтирган? Ҳажнинг рукнлари нималардан иборат, уни нималар бузади, Арафотда туриш қачон бошланиб, қачон тугайди, қайси ҳолатда қурбонлик вожиб бўлади ва ҳажнинг уч тури (ифрод, қирон, таматтуъ) қандай бажарилади – буларни ким тизимлаштириб берган?


Бундай саволларни рўза ибодатига ҳамда савдо, ҳавола, ижара, шериклик, кафиллик каби барча кундалик муомалаларга ҳам худди шундай татбиқ қилиш мумкин.


Хўш, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг барчасини ўз-ўзларидан, Аллоҳнинг ваҳийсисиз айтдиларми ё ваҳий биланми?!


Кимда-ким «бу ҳукмларни ўзларидан чиқарганлар» деб ҳисобласа, у ҳолда Аллоҳ таолонинг «Айтинг: «Мен фақат Раббимдан ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман» деган амрига ҳамда у зот ҳақидаги «Мен фақат ўзимга ваҳий қилинаётган нарсагагина эргашаман», «У ўз ҳавойи хоҳиши билан сўзламас. У фақат (Аллоҳ томонидан Пайғамбарга) нозил қилинаётган бир ваҳийдир» деган қатъий сўзларига қарши чиққан бўлади. Қолаверса, бундай қараш «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун» деган оят билан бирга келган «Сўнгра уни – Қуръонни баён қилиб бериш ҳам албатта Бизнинг зиммамиздадир» деган илоҳий ваъдага ҳамда «Агар (Пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик» деган қатъий огоҳлантиришга мутлақо зид келади.


Шундай экан, бу борада ягона тўғри ҳақиқат қолади – ушбу батафсил баён ва шарҳларнинг барчаси фақат ва фақат Аллоҳ таоло томонидан юборилган илоҳий ваҳий орқали амалга оширилгандир.

11. Пайғамбарларнинг кўплиги ва Аллоҳ таоло нозил қилган китобларнинг озлиги – Аллоҳ таоло ўзи пайғамбарлиги ва элчилигига танлаб олган зотларга тиловат қилинмайдиган ваҳий ҳам туширганига қатъий далилдир.


Шундай қилиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари Аллоҳ таолодан ваҳий экани қуръоний далиллар билан ўз исботини топди.


Кейинги мақолаларда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари эргашиш вожиб бўлган ҳужжат эканини баён этишга азму қарор қилдик, иншоаллоҳ.

 

Нурмуҳаммад МАТКАРИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 Ҳадис илми мактаби ўқитувчи,

Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот

маркази илмий ходими

 

Мазкур мақолага Дин ишлари бўйича қўмита томонидан 2026 йил 28 июлда 02/336-сонли хулоса берилган.  

 

Ҳадиси шариф