ВАБО-инсонлар учун бир синов. Ўзбекистон мусулмонлари идораси "Мовароуннаҳр" нашриёти шу сарлавҳа билан китоб нашр қилди. Китоб бутун инсониятга ва юртимизга юборилган юқумли касаллик, унга қандай муносабатда бўлиш, оммавий эпидемия - пандемия шароитида ўзни қандай тутиш тўғрисида, ҳар қандай шароитда меҳнат қилиб, Аллоҳ берган насибани ҳалол йўл билан топиш, шохдор вирус шароитида республикамизни иложи борича камроқ талофот билан олиб чиқиш йўлида Давлат Раҳбари ва ҳукумат томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида муфтий ҳазратлари У.Алимов ва бошқа таниқли уламоларимизнинг мақолалари чоп этилган.
Синовлар орқали Аллоҳ ўз бандаларини синайди, Ўзига яқинлаштиради ва гуноҳларини кечиради. Муваффақиятларга эришиш учун машаққат талаб қилинганидек, Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун ҳам синовларга сабр қилиш лозим, дейилади муфтий ҳазратлари ёзган сўзбошида. Асарнинг таркибига кирган, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси қаламларига мансуб "Деҳқончилик-тирикчиликнинг мустаҳкам таянчи" мақоласи ҳам жуда долзарб мавзуда ёзилган.
Мақолада, жумладан, Расули Акрам (с.а.в.) томонларидан марҳамат қилинган қуйидаги ҳадис келтирилган:"Ким Аллоҳга ишониб, савоб умидида қаровсиз қолган ерни обод қилса, Аллоҳ унга ёрдам ва барака беради" (Табароний ва Байҳақий ривояти). Демак, дея хулоса қиладилар муфтий ҳазратлари, ҳар бир қарич ердан унумли фойдалансак, астойдил меҳнат қилсак, ҳукуматимизга камарбаста бўлсак, оғир кунлардан Қодир Эгамизнинг марҳамати ила эсон-омон ўтиб оламиз.
Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази раҳбари
Шоазим Миноваров
Файзли тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ўз нутқларида Тошкент ислом институти магистратура таълим босқичини илк битирувчилар муваффақиятли тамомлагани улкан тарихий воқеа бўлгани, Юртбошимизнинг ташаббуси билан уламоларимиз ва мўмин-мусулмон халқимизнинг ана шундай орзу умидлари, ихлос билан қилган дуолари ижобат бўлганини алоҳида таъкидладилар.
Маросим давомида Муфтий ҳазратлари ҳар бир битирувчини самимий табриклаш баробарида магистрлик дипломларини тантанали равишда топширдилар.
Шундан сўнг Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат фаолиятини бошлаётган магистрларнинг ойлик иш ҳақига 20 фоиз миқдорида устама ҳақ тўлаб берилишини эълон қилдилар.
Бундай рағбат ва имтиёзлар диний-маърифий соҳада юқори малакали, замонавий билимларга эга илмий-педагог кадрлар авлодини шакллантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати