Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон халқаро ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида академияда халқаро стандартлар ҳамда замонавий талабларга мос барча шароитлар яратилмоқда.
Ўтган қисқа давр мобайнида академия томонидан юртимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, буюк алломаларимиз илмий меросини ўрганиш соҳасида етук мутахассис кадрларни тайёрлаш юзасидан кенг кўлами вазифалар амалга оширилаётир. Хусусан, таълим сифати ва илмий тадқиқотлар самарадорлиги янада оширилиб, бу борада дунёдаги нуфузли олий таълим ва илмий тадқиқот марказлари билан кенг доирада амалий илмий тадқиқотлар олиб борилаётгани алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот хизмати билдиришича, шу маънода, жорий йилнинг 5 июнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам муҳим янгилик бўлди.
Унга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон халқаро ислом академияси бакалавриатига ўқишга кириш мақсадида ҳужжат топширган абитуриентлар учун дастлабки имтиҳондан ўтиш тартиби жорий этиладиган бўлди.
Мазкур имтиҳон натижаларига кўра абитуриентларга Давлат тест маркази томонидан ташкил этиладиган кириш имтиҳонларининг кейинги босқичлари (касбий (ижодий) имтиҳон ва тест синовлари)га рухсат бериш ёки рад этиш тўғрисида тегишли қарор қабул қилиниши белгиланди ва юқоридаги қарор асосида тасдиқланди. Бу эса «Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриатига қабул қилиш тартиби тўғрисида низом»да ҳам алоҳида тасдиқланди.
Демак, юқоридаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида Ўзбекистон халқаро ислом академиясига 2020-2021 ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш жараёнлари 15 июндан — 5 июль кунига қадар давом этиши маълум қилинди.
Ушбу тартиб асосида абитуриентлар учун янгилик бўлган дастлабки имтиҳонни ўз вақтида топшириш ва белгиланган зарур балларни йиға олмаган тақдирда ўзи истаган бошқа олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имконияти бой берилмаслиги таъминланади.
Шу ўринда Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ташкил этиладиган Дастлабки имтиҳон тартиб-қоидалари ва ўтказиш шаклларига ҳам тўхталиб ўтиш жоиз.
Дастлабки имтиҳон ёзма шаклда, уч блокдан иборат бўлиб абитуриентлар қуйидаги синовлардан ўтади:
1. Интеллектуал даража. Унда абитуриентнинг мантиқий ва кенг фикрлаш, турли тушунчалар, фактларни таққослаш ҳамда уларнинг ўртасидаги ўзаро боғлиқликни топиш салоҳияти баҳоланади. Бунда абитуриент максимал 40 балл олиш имкониятига эга.
2. Маънавият ва маърифат асослари бўйича билим даражаси. Максимал 30 балл. Бунда абитуриентнинг маънавият асослари, миллий ғоя ва мафкура, ҳуқуқ ва сиёсат, адабиёт, тарих, исломшунослик ва диншуносликка тааллуқли ва бошқа масалалар юзасидан мантиқий ва асосли тушунтириш қобилияти ўрганилади.
3. Хорижий тилларни (инглиз, француз ва немис тиллари) билиш даражаси. Максимал 30 балл. Ушбу босқичда абитуриент Ўзбекистон маданияти, санъати, тарихи, географиясига тааллуқли ва бошқа соҳаларга оид масалалар юзасидан мантиқий ва асосли тушунтириш қобилиятини намоён этиши зарур бўлади.
Таъкидлаш жоизки, агарда абитуриент хорижий тиллар бўйича етакчи халқаро ва баҳолаш тизимларининг амалдаги сертификатларига, шу жумладан, IELTS бўйича камида 5,5 балл, TOEFL IBT бўйича камида 72 балл билим даражаси кўрсаткичи билан халқаро сертификатларга, шунингдек, тест DaF, GOETНE сертификати, DELF сертификати имтиҳонларидан CEFR услуби бўйича В2 минимал даражасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2019 йил 13 майдаги 395-сон қарори талабларига мувофиқ сертификатларга эга бўлган абитуриентларга ушбу саволлар блоки бўйича максимал балл берилади.
Ҳозирги бутун дунёда кечаётган пандемия шароитидан келиб чиққан ҳолда қабул жараёни билан боғлиқ бўлган саволларга Академия расмий веб-сайти (www.iiau.uz) ҳамда ижтимоий тармоқлардаги телеграм саҳифалари орқали жавоб олиш мумкин. Барча янгилик ва маълумотлар доимий эълон қилиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати
Одамлардан бири Зуннундан “Кимни дўст тутай?” – деб сўради. У: “Касал бўлсанг шифо берадиган, гуноҳга қўл урсанг уни кечириб юборадиган, сўрасанг берадиган ва унинг ёрдамига муҳтож бўлсанг сенга ёрдам берадиган Зотни дўст тут!” – деди.
Аллоҳ таолодан ўзга дўст борми?! Саждага борган пайтингиз ишларингизни махфий тарзда Роббингизга айтинг. Зеро, У Зот махфий нарсалардан ҳам хабардордир. Атрофдагилардан уни махфий тутинг, чунки муҳаббат ошкор айтилмайди. Муҳаббатингизни кечалари таҳажжудларда, саҳар вақтлари намозларингизда изҳор этинг.
Айрим одамлар динни “Буни қил!”, “Буни қилма!” каби буйруқлар ва тақиқлардан ёки ҳалол ва ҳаром тушунчаларининг жамланмаси деб билишади ва барисининг устида Аллоҳ ва Расулига бўлган муҳаббат туришини унутиб қўйишади. Ишнинг боши – муҳаббатдир. Муҳаббат йўқолса, тоату ибодатларнинг бари кишини диндор мусулмонга айлантира олмайди.
Агар сиз Аллоҳга муҳаббат даъвосида бўлсангиз, бу муҳаббатингизни ҳаётингиз давомида кўрсатинг. Гап-сўзингиз, юриш-туришингиз ва амалларингизда ҳам Аллоҳга бўлган муҳаббатингиз акс этиб турсин.
Ривоят қилинишича, бир киши сафарда соҳибжамол аёлга йўлиқиб қолибди. Ва унга қарата: “Сен мени бутунлай ўзингга ром этдинг. Менинг бутун хаёлим сен билан банд”, дебди. Аёл ҳам: “Агар айтганингиз рост бўлса, борим сизга фидо бўлсин. Аммо менинг бир офатижон синглим бор. Мендан анчайин чиройли. У ортингизда турибди. Агар истасангиз иккимиздан биримизни танлашингиз мумкин”, дебди. Киши дарҳол ортига ўгирилибди. Шунда аёл унинг юзига бир тарсаки туширибди ва: “Қорангни кўрмай! Фирибгар, алдоқчи! Мени севаман деб, бошқасига кўз олайтирасанми?! Менинг олдимга ялиниб келиб, ошиқлигингни айтдинг. Сени синовдан ўтказгандим. Учига чиққан ёлғончи экансан!” – дебди. Шунда у кўзларига ёш олиб, ўзига-ўзи шундай дебди: “Бир яратиқнинг муҳаббатини даъво қилиб, ундан юз ўгирганим учун юзимга тарсаки тушди... Неча марталаб Яратган Зотга ошиқлик даъвосини қилиб, ундан юз бурдим. Ундан бошқаси билан овораю сарсон бўлдим. Қалбимга урилган шапалоқни пайқамай қолибман... Наҳотки, мен қалби қопланиб қоладиган даражага етган бўлсам-а?!” деган экан. Зеро, Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ (ундай эмас)! Балки, уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир»[1].
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Мутоффифун сураси, 14-оят.