Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси кўп йиллар диний соҳада хизмат қилган ("Мовароуннаҳр" нашриёти собиқ директори) Юсуфхон ҳожи Маҳмудовга ўттиз ёшли фарзандининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган йигитнинг барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳумнинг яқинлари ва ота-онасига чиройли сабр бериб, бу мусибатларга ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Юсуфхон ҳожи Маҳмудовга ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ризқ инсонлар дунё ишларидан излаган, қидирган ва сўраган нарсаларининг барчаси эмас, балки бир бўлагидир. Кимдир дунёда аёл излайди ва бу эса инсонни дунёдан излайдиган нарсаларининг энг муҳимидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дунё бир матоъ (ҳузурланиш)дир. Дунё матосининг энг яхшиси солиҳа аёлдир”[1], деганлар.
Шунингдек, дунёда кимдир кўзининг қорачиғи ва ундан кейин унинг меросхўри бўладиган зурриётни сўрайди. Зеро, бу пайғамбарлар ва солиҳ кишилар даъват қилган ишдир.
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога: “Роббим, менга солиҳлардан ато эт"[2], дедилар.
Закариё алайҳиссалом Аллоҳ таолога: "Роббим, менга Ўз ҳузурингдан яхши зурриёт бергин. Албатта, сен дуони эшитувчисан"[3], дедилар.
Шунингдек, дунёда кимдир тинчликни сўрайди. Бу эса, инсонлар ўзлари учун сўрайдиган муҳим нарсаларнинг биридир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳдан кечиришини ва тинчликни сўранглар. Бас албатта бирор-бир кишига иймондан кейин тинчликданда яхшироқ нарса берилмади”[4], деганлар.
Қунут дуосида: “Офиятда қилган кишиларинг қаторида мени ҳам офиятда қил”, дейилган.[5]
Буларнинг барчаси дунёвий истаклар, сўровлар ҳамда Аллоҳ таолога таваккул қилишнинг боғловчиларидир.
Мўмин банда солиҳа аёл ва солиҳ фарзанд билан ризқлантиришига Роббига таваккул қилади. Аллоҳнинг солиҳ бандалари дуо қилганларидек: Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт»[6].
Мусулмон киши Роббиси унга офият ва нусрат бергунича У Зотга таваккул қилаверади.
Юсуф Қаразовий раҳимаҳуллоҳнинг
"Таваккул" китобидан Яҳё домла АБДУРАҲМОНОВ таржимаси
[1] Имом Аҳмад, Имом Муслим ва Имом Насоий Ибн Умардан ривоят. қилганлар. Шунингдек, Саҳиҳ ал- Жомиъу ас- Сағийр китобида ҳам ривоят. қилинган (3413).
[2] Соффат сураси, 100-оят.
[3] Оли Имрон сураси, 38-оят.
[4] Имом Термизий ривоят қилган (464). Шунингдек, Имом Аҳмад, Абу Довуд, Насоий ва ибн Можа Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.
[5] Имом Аҳмад ва Имом Термизий Абу Бакрадан ривоят. қилинган (Саҳийҳ ал- Жомиъу ас- Сағийр: 3632).
[6] Фурқон сураси, 74-оят.