Ўзбекистондаги масжидлар сони яна биттага кўпайди. Сурхондарё вилоятининг олис Музработ туманида “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди давлат рўйхатидан ўтказилиб, ўз фаолиятини бошлади.
Шу кунларда халқимизнинг дилини бироз хира қилган вирус сабаб кўпчилик қаторида музработликлар ҳам таскинга, хушхабарга муштоқ эдилар. Аллоҳ таолонинг инояти ила 8 июндан диний ташкилотлар фаолиятига қайта рухсат берилиши арафасида, жорий йилнинг 5 июнь куни, Музработ туманида янги масжидга давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақида адлия бошқармасидан гувоҳнома тақдим этилди.
180 мингга яқин аҳолига эга Музработ туманида шу кунга қадар 1 та масжид фаолият юритар эди. У ҳам бўлса туман марказидан салкам 20 километр узоқликда жойлашган бўлиб, аҳолининг кўп қисми жамоат намозларини адо этиш учун узоқ масофада жойлашган масжидга қатнар эди. Бу, албатта кўпчиликка қийинчилик туғдирар, айниқса кексалар учун мушкул ҳолат бўлиб, “туманимиз марказида ҳам бир масжид бўлса эди”, дея эзгу ният билан яшарди.
Ниҳоят бу борада қилинган саъй-ҳаракатлар, уринишлар натижа берди. Аҳолининг мурожаатлари инобатга олиниб, маҳаллий ҳокимлик томонидан масжид қурилиши учун “Янги ҳаёт” маҳалласи ҳудудидан ер ажратилди.
Ўтган икки ярим йилдан зиёд вақт давомида, халқ ҳашари йўли билан бу жойда замон талабларига жавоб берадиган, намозхонлар учун қулай шароитларга эга, 1500 кишилик сиғимли жоме масжид бунёд этилди. Масжидга мамлакатимиздаги кўплаб қориларнинг, хусусан, Сурхондарё ва Қашқадарё воҳасидаги минглаб толиби илмларнинг табаррук устози бўлган воҳалик олим, марҳум Дўстмуҳаммад оҳун домланинг номи қўйилди.
Мазкур масжид, том маънода маърифат масканидек қад ростлаган. Хонақоҳ шарқ услубидаги замонавий кўринишда бунёд этилган бўлиб, сержило, иссиқ воҳа тафтини намоён этади. Масжид гумбазининг ички томонида Қуръони каримнинг ибодатга даъват этувчи оятлари битилган.
Меҳроб эса оловранг сиёҳлар билан куфий ва сулс ҳатларида Аллоҳ таолога ҳамд ва Пайғамбар алайҳиссаломга саловат, шунингдек, ояти карималар билан безатилган.
Хонақоҳ ёнида замонавий шаклда таҳоратхона бунёд этилган.
Масжид ҳовлисига туташ қилиб, боғ ва гулзор ҳамда автотураргоҳ бунёд этилган.
Хуллас, мазкур масжид мамлакатмизнинг энг олис туманларидан бири саналмиш Музработ аҳли учун чексиз қувонч ва бахтга сабаб бўлувчи маскан бўлди.
Марказ аҳолисининг севинчи чексиз. Тиллари-ю диллари шукронада, дуода. Кўп йиллик армонлар бугун барҳам топди. Энди уларнинг ҳам ўз масжидлари бор. Туман марказида ҳам азон баралла янграйди. Бу азон ҳудуд аҳолиси учун нажот чақириғи, маърифат, тарбия, илоҳий раҳматнинг даъвати бўлади, инша Аллоҳ. Зеро масжидлардан Аллоҳ таолонинг раҳмат нурлари таралиб туради. Ибодат, маърифат, биродарлик маскани бўлиб, мусулмонлар эътиқодини мустаҳкамлашга, ахлоқининг гўзаллашишига, ёмонликлардан узоқда бўлишига сабаб бўлади.
Шу билан Ўзбекистондаги масжидлар сони 2068 тага, Сурхондарё вилоятида эса 113 тага етди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 июнь, душанба кунидан бошлаб, “яшил” ҳудудларда масжидлар ўз фаолиятини карантин талабларига амал қилган ҳолда бошлайди. Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги тақдим этган рўйхатга кўра, Музработ тумани ҳам “ЯШИЛ” ҳудуд тоифасига киради.
Демак, 8 июндан бошлаб “Дўстмуҳаммад бобо” масжидида ҳам санитар талаблар асосида илк намозлар адо этилади.
Аллоҳ таолодан янги бунёд этилган Ўзининг байтини мусулмонлар учун хайрли, то қиёматгача азон овозлари янграб турувчи маскан бўлмоғини тилаб қоламиз!
Музработликларни эса байтуллоҳ билан муборакбот этамиз!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
ЎМИ матбуот хизмати
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.