2020 йил 2 июнь ҳолатига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги туман ва шаҳарлар эпидемиологик тоифаларининг янгиланган рўйхати эълон қилинди.
Демак, 8 июнь, душанба кунидан бошлаб масжидлар фақат «яшил» ҳудудларда ўз фаолиятини бошлайди, ушбу масканларда 5–8 июнь кунлари санитар чоралар амалга оширилади.
Ҳақиқатан, барча мўмин-мусулмонларимиз масжидларда намоз ўқишни жуда соғинишди. Аллоҳга шукрки, масжидлар эшиклари яна очилди, карантин мезонларига амал қилган ҳолда “яшил” ҳудудларда файзли ибодатларни бошлаймиз. Қолган «сариқ» ва «қизил» ҳудудлар “яшил” ҳудудга ўтгунга қадар масжидлар фаолияти вақтинча тўхтатилган бўлиб, бир оз сабр қилсак, ушбу касаллик хавфи камайса, у ерларда ҳам масжидлар фаолиятига рухсат этилади, инша Аллоҳ.
Қуйида республика бўйича туман-шаҳарлар кесимида “яшил”, “сариқ” ва “қизил” ҳудудга тоифаланишнинг рўйхатини PDF форматида ёки қуйидаги сурат шаклида кўришингиз мумкин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси узоқ йиллар диний соҳада фаолият юритган Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовнинг падари бузрукворлари Рихситилла ҳожи отанинг вафоти муносабати билан у кишининг яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
Охират сафарига кузатилган отахон эл корига ярайдиган, дину диёнат йўлида хизмат қиладиган фарзанд ва невараларни ўстирдилар, чиройли тарбия қилдилар.
Аллоҳ таоло марҳум отахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин. Ҳақ таоло марҳум отахоннинг яқинлари, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан Нуруллоҳ домла Мирзаҳмедовга, у кишининг оила аъзолари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Жаноза бугун пешин намозидан сўнг пойтахтимиздаги Имоми Бухорий жоме масжидида ўқилади.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
«Мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деган сабрлиларга хушхабар беринг».
Ўзбекистон мусулмонлари идораси