Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Август, 2026   |   13 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:18
Қуёш
05:43
Пешин
12:25
Аср
17:09
Шом
19:10
Хуфтон
20:30
Bismillah
26 Август, 2026, 13 Рабиъул аввал, 1448

Бразилия мусулмон сайёҳларни жалб қилишга интилмоқда

31.01.2024   3395   1 min.
Бразилия мусулмон сайёҳларни жалб қилишга интилмоқда

 

Энг йирик ҳалол гўшт импорт қилувчи давлат Бразилия мусулмон сайёҳларни жалб қилишга интилмоқда. Ҳозирча Жанубий Aмерика давлатига мусулмонлар кўп бўлган мамлакатлардан келганлар сони анча паст. Масалан, Бразилиянинг йирик иқтисодий маркази Сан-Паулу 2023 йилда араб давлатларидан бор-йўғи 21 минг сайёҳни қабул қилган.

Халқаро Ҳалол Академияси бош котиби Aли Зағбий “Arab Nеws” нашрига берган интерьвюсида Сан-Паулу штати, пойтахт жойлашган Федерал округни мусулмонлар учун сайёҳлик масканига айлантириш учун ҳаракат қилинмоқда.

Сан-Паулу аҳолиси жуда хилма-хил бўлиб, кўп асрлик мусулмон жамоаси ва бир нечта масжидларни ўз ичига олади. У Бразилиянинг асосий дарвозаси ва Ислом оламидан келган ишбилармонлар учун энг муҳим манзилдир.

“Биз мусулмонлар учун саёҳат бўйича қўлланмани ишлаб чиқдик. Унда минтақадаги масжидлар, мусулмонлар кўп бўлган мамлакатлар консуллиги ва туристларни жалб қилувчи диққатга сазовор жойлар ҳақида маълумотлар бор”, – деди туризм бўйича давлат координатори Aна Клементе.

Дастур бошланганидан буён Сан-Паулу шаҳридаги етакчи меҳмонхона мусулмонларни қабул қилиш сертификатига эга бўлди. Бу борада яна икки меҳмонхона фаолият олиб бормоқда.

“Меҳмонхоналарда қибла йўналиши бўйича белгиларни жойлаштириш, мусулмон меҳмонлар учун хоналардан спиртли ичимликларни олиб ташлаш, шунингдек, таомлар менюсидан чўчқа гўштини олиб ташлаш каби баъзи ўзгаришлар талаб этилади”, деди Зағбий.

Ҳайекнинг қўшимча қилишича, ҳалол тамаддихоналар етишмаслиги Бразилиянинг катта қисмида балиқ ва денгиз маҳсулотларининг кенг тарқалиши билан қопланиши мумкин.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

19.08.2026   35304   2 min.
18 август — Усмон Мусҳафи Тошкентга қайтган кун

18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.

Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.

Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.

1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.

1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.

Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.

2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари