Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Август, 2026   |   12 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:17
Қуёш
05:42
Пешин
12:25
Аср
17:10
Шом
19:12
Хуфтон
20:32
Bismillah
25 Август, 2026, 12 Рабиъул аввал, 1448

Муборак васиятлари: ИБРОҲИМ (АЛАЙҲИССАЛОМ)

04.06.2020   17479   31 min.
Муборак васиятлари: ИБРОҲИМ (АЛАЙҲИССАЛОМ)
ИБРОҲИМ (АЛАЙҲИССАЛОМ) Қуръони карим сураларининг йигирма бештасида олтмиш тўққиз марта Иброҳим (алайҳиссалом) ҳақида зикр қилинган. Тарихий манбаларнинг хабар беришича, Нуҳ (алайҳиссалом) тўфонидан бир минг саксон йил кейин Бобил (ҳозирги Ироқ) мамлакатининг Фаддомором шаҳрида асли касби ҳайкалтарош бўлган Озар хонадонида янги чақалоқ дунёга келади, исмини яхши тилаклар билан Иброҳим деб қўйишади (М.Жодул Мавло. “Қуръони карим қиссалари”. Байрут, Лубнон, 2000 й. 37-б.). Иброҳим (алайҳиссалом) насаблари Нуҳ (алайҳиссалом)га бориб тақалади. Ибн Касир у зотнинг насабларини қуйидагича келтиради: Иброҳим ибн Таруҳ ибн Ноҳур ибн Саруҳ ибн Роъав ибн Шолих ибн Обир ... ибн Сом ибн Нуҳ (алайҳиссалом) (“Ал-бидоя ван ниҳоя”, 1-жилд, 159-бет). Иброҳим (алайҳиссалом) билан Нуҳ (алайҳиссалом) орасида минг йилдан зиёдроқ вақт ўтган. Эътибор бериб қаралса, Аллоҳ таоло пайғамбарлари насл-насаби жиҳатидан покиза ва улуғ зотлар силсиласидан келиб чиқиши аён бўлади. Бу ҳам пайғамбарлар келтирган йўлнинг илоҳий эканига далолатдир. Ибн Касирнинг айтишича, Иброҳим (алайҳиссалом) куняси “Абу зойфан”, яъни “Икки меҳмон отаси” бўлгани ривоят қилинади. Иброҳим (алайҳиссалом) туғилган вақти Намруд ибн Канъон ибн Кўш подшоҳлик даврига тўғри келади. Намруд ўша пайтда бутун ер юзига подшоҳ бўлган эди. Иброҳим (алайҳиссалом) отаси Озарнинг иккинчи исми Таруҳ бўлган. Баъзи тарихчилар унинг лақаби, дейди. Озар Куфанинг Кусо деган қишлоғидан бўлиб, буттарошлик билан шуғулланган. Халилуллоҳ ўз отасини бутпарастликдан қайтаришга кўп ҳаракат қилган, лекин у қайтмаган. Алусий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Иброҳимнинг отаси Озар Куфа атрофидаги қишлоқларнинг бирида туғилган. Айтишларича, Озар Иброҳим (алайҳиссалом) отасининг лақаби бўлиб, ҳақиқий исми Таруҳ бўлган” (“Алусий тафсири”, 7-жилд. 149-бет). Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу), Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ва бошқа саҳобалардан ривоят қилинишича, ер юзида биринчи бўлиб бутун инсониятга подшоҳ бўлган шахс Намруд ибн Канъон ибн Кўш ибн Сом ибн Нуҳдир. Уларнинг айтишларича, дунёда бутун оламга подшоҳлик қилган кишилар тўртта бўлган: Улар Намруд ибн Канъон, Сулаймон ибн Довуд, Зулқарнайн ва Бухтуннасрдир (“Тарихи Табарий”, 1-ж, 163-б.). Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ва Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Нуҳ (алайҳиссалом) пайғамбар билан Иброҳим (алайҳиссалом) ораларидаги муддатда Ҳуд ва Солиҳ (алайҳимассалом)дан бошқа пайғамбар юборилмаган эди. Иброҳим (алайҳиссалом) замонлари яқинлашганида Намруд ҳузурига мунажжимлар келиб: “Сизни хабардор қилиб қўйишни бурчимиз, деб биламиз. Бизга маълум бўлишича, фалон муддатда қишлоғингизда Иброҳим исмли бир бола туғилади. У динингизни йўқ қилади, бутларингизни синдиради”, деб хабар беришди. Мунажжимлар огоҳ қилган йил келганида, Намруд қишлоқма-қишлоқ юриб, ҳар бир ҳомиладор аёлни қишлоғида қўриқлаш, агар қиз туғса, озод қилиш, ўғил туғса, чақалоқни дарҳол ўлдиришга фармон беради. Бир куни подшоҳнинг шаҳарда зарур иши чиқиб қолади. Аммо қаттиқ бандлигидан, ўз ўрнига маслаҳатчиси Озарни юборади ва унга хотини билан учрашмай, қайтиб келишни буюради. Озар шаҳарга бориб подшоҳ буюрган ишни бажаради, уйига кириб, ўзини тутолмай хотинига яқинлик қилади. Озарнинг уйи Ор шаҳрида эди, вақти-соати келиб, Иброҳим туғилади. Озар уни бир гўшага яширади. Иброҳим бу гўшада Аллоҳнинг инояти билан бир кунда бир ҳафталик, бир ҳафтада бир ойлик, бир ойда бир йиллик чақалоқдек улғаяди. Озар бир куни яқинларига: “Менинг бир ўғлим бор, уни подшоҳ ҳузурига олиб келсам, подшоҳ ғазабланмасмикин?” деди. Яқинлари унга: “Подшоҳ сенга ишонади, олиб келавер!” дейди. Озар Иброҳимни етаклаб олиб кетаётганида, йўлда боланинг кўзи турли ҳайвонларга тушади, ҳар бирини кўрганида қизиқиш билан: “Бу нима?” деб сўрайверади. Озар Иброҳимга барча махлуқотлар номини айтиб бера бошлади. Иброҳим отасига: “Бу махлуқларнинг албатта Рабби бўлиши керак”, дейди. Кечки пайт Иброҳим бошини кўтариб, осмонга қараган эди, кўзига Муштарий юлдузи жуда чиройли кўринди. Ҳаяжон билан: “Мана шу бўлса керак!” деди. Аммо озгина фурсатдан кейин юлдуз ғойиб бўлди. Буни кўрган Иброҳим: “Мен ғойиб бўлувчиларни яхши кўрмайман”, деди ва ундан юз ўгирди. Кечанинг охирида кўзи ойга тушди ва: “Мана шу Раббим бўлса керак!” деб унга тикилди. Ой ҳам кўздан ғойиб бўлиб, кўринмай қолгач: “Агар Раббимнинг Ўзи ҳидоят килиб, Ўзини танитмаса, мен адашувчилардан бўлиб қоламан”, деди. Тонг отганда, ҳамма ёқни мунаввар қилиб, Қуёш чиқди. Иброҳим уни кўриб: “Ҳаммасидан энг каттаси ва нури ўткири экан, шу менинг Раббим бўлса керак”, деди. Аммо Қуёшнинг хам ботганини кўриб, ҳафсаласи пир бўлди ва: “Мен оламлар Парвардигорига итоат этаман”, деди (“Тарихи Табарий”, 1-ж. 166-б.). Бу қисса Қуръони каримда чиройли баён этилган: «Иброҳим отаси Озарга: “Санамларни илоҳ қилиб оласизми? Мен Сизни ва қавмингизни залолатда кўряпман”, деганини эсланг! Шу тарзда Иброҳимга осмонлар ва Ернинг мулкини (ажойиботларини) кўрсатурмиз. Чинакам ишонувчилардан бўлиши учун (шундай қилдик). Тун зулмати уни қоплаганда юлдузни кўриб: “Мана шу – Раббим”, деди. (У) ботиб кетганда эса: “Ботиб кетувчиларни ёқтирмайман”, деди. Чиқаётган Ойни кўриб: “Мана шу – Раббим”, деди. Ботиб кетганда эса: “Агарда Раббим мени ҳидоятга солмаса, албатта, адашганлар қавмидан бўлиб қолурман”, деди. Чиқаётган Қуёшни кўриб: “Мана шу – Раббим. Шу каттароқ-ку!” деди. Ботиб кетганда эса: “Эй қавмим, албатта, мен сизлар келтираётган ширкдан безорман. Мен тўғри йўлни танлаган ҳолимда юзимни осмонлар ва Ерни яратган Зотга қаратдим. Мен мушриклардан эмасман”, деди. Қавми у билан баҳслашди. (Шунда) у деди: “Мен билан Аллоҳ ҳақида баҳслашасизми? Ахир, (У) мени ҳидоятга йўллаган бўлса?! Мен сизлар келтирган ширкдан қўрқмайман. Илло, Раббим бирор нарсани хоҳласа (ўша бўлур). Раббим илм жиҳатидан ҳар нарсани қамраб олган. (Буни) эслаб кўрмайсизларми? Сизлар келтирган ширкдан қандай ҳам қўрқайин, сизларга бирор ҳужжат қилиб туширмаган нарсани Аллоҳга шерик қилишдан қўрқмаётган бўлсангиз?!” (Бу) икки гуруҳнинг қайсиниси (қўрқмай) хотиржам бўлишга ҳақлироқдир? Биладиган бўлсангиз (айтинг!) Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк)ни аралаштирмаганлар – айнан ўшаларга хавфсизлик (бордир) ва улар ҳидоят (тўғри йўл) топган зотлардир. Иброҳимга қавми устидан берган ҳужжатимиз ана шудир. Хоҳлаган кишимизни даражаларга кўтарурмиз. Албатта, Раббингиз ҳикмат ва илм соҳибидир. Унга (Иброҳимга) Исҳоқ ва Яъқубни ато этдик. Ҳаммасини ҳидоятга йўлладик. Олдин Нуҳни ҳам ҳидоятга йўллаган эдик. Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам йўлладик). Чиройли иш қилувчиларни мана шундай тақдирлаймиз. Закариё, Яҳё, Исо ва Илёсни (ҳам ҳидоятга йўлладик). Ҳаммаси солиҳлардандир. Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус ва Лутни ҳам (ҳидоятга йўлладик). Ҳаммаларини оламлар узра афзал қилдик. Шунингдек, уларнинг ота-боболаридан, зурриётларидан ва ака-укаларидан (баъзиларини ҳам афзал қилдик). Уларни танлаб олиб, тўғри йўлга (ҳақ динга) бошладик» (Анъом, 74–87). Ояти каримада баён этилгани каби Иброҳим (алайҳиссалом) улуғ пайғамбарлардан бўла туриб нечун Қуёш, Ой, юлдузларни Раббим деди, деган савол туғилиши табиий. Бунга муфассирлар бундай жавоб беради: «Халилуллоҳ бу сўзларни чин дили билан эътиқоддан айтгани йўқ, балки уларга сиғинадиган мушрикларни масхара қилиб: “Шу ҳам илоҳ бўлдими, ботиб кетишини қаранг”, демоқчи бўлганлар». Юқорида ўн саккиз нафар пайғамбарнинг исмлари келтирилди. Лекин яшаган даврларига хос тартиб билан эмас, балки уларга ато этилган фазилат ва неъматларга қараб зикр этилди. Масалан, Нуҳ, Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқуб (алайҳимуссалом) қолган пайғамбарларнинг бобокалонлари ҳисобланади. Сўнгра подшоҳлик, қудрат ва салтанат эътибори билан Довуд ва Сулаймон (алайҳимассалом) зикр этилди. Сабр-бардош бўйича Айюб ва Юсуф (алайҳимассалом), сўнгра кўп мўъжиза соҳиблари Мусо ва Ҳорун (алайҳимассалом), сўнгра зоҳидлик эътибори билан Закариё, Яҳё, Исо, Илёс (алайҳимуссалом), улардан сўнг издош ва тобелари ҳам, алоҳида шариатлари ҳам бўлмаган Исмоил, ал-Ясаъ, Юнус, Лут (алайҳимуссалом) зикр этилди. Иброҳим (алайҳиссалом) Еру осмонлардаги ажойиботлар кўрсатилган пайтда ер юзида бир кишини фаҳш устида кўриб, уни дуойибад қилганларида у ўлиб қолади. Яна икки киши ҳам худди шундай дуойибадлари билан ҳалок бўлади. Шунда Аллоҳ: “Эй Иброҳим, сенинг дуойинг мустажоб. Бандаларимни дуойибад қилма! Улар уч хил: бири тавба қилади, қабул қиламан. Бошқасидан менга ибодат қилувчи насл чиқараман. Учинчисини охиратда хоҳласам, кечираман, хоҳласам, азоблайман”, деган. Иброҳим (алайҳиссалом) ТАВҲИДга, яъни якка Худога сиғинишга даъват этган улуғ пайғамбардир. У киши отасини ҳидоятга чақира олмаганидан кейин қавмларини очиқ даъват қилишга ўтди. Ҳар бир гуруҳ ўз бутларини мақтар экан, Иброҳим (алайҳиссалом) уларга: “Бу бутлар инсоннинг бирор оғирини енгил қила олмайди, мусибатини даф қила ол­майди, ҳатто “ҳа” ёки “йўқ” деб жавоб беришга қодир эмас-у, нечун унга сиғинасизлар” деса, улар: “Оталаримизни шу бутга сиғинишганини кўрганмиз, шунинг учун уларга тақлид қиламиз”, деб жавоб берарди. Қуръони каримда бундай дейилади: «Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: “Сизлар доимо сиғинадиган бу ҳайкаллар нима?!” деди. (Улар) айтдилар: “Биз­лар ота-боболаримизни уларга сиғинган ҳолда топганмиз”. (У) деди: “Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансиз”. (Улар) айтдилар: “Бизга ҳақ нарсани келтирдингми ёки сен ўйин қилувчиларданмисан?” (У) деди: “Йўқ! Сизларнинг Раббингиз (бутлар эмас, балки) осмонлар ва Ернинг Парвардигори, уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик берувчилардандирман. Аллоҳ номига қасам, сизлар ўгирилиб (байрамга) кетганларингиздан кейин бутларингизга макр (ҳужум) қилурман”. Бас, у (бутларни) парчалаб ташлади. Фақат, “(мушриклар бутларнинг) каттасига мурожаат қилсинлар” (деб) ўшанигина (қолдирди). Улар (қайтиб келиб): “Бизнинг илоҳларимизни ким бундай қилди? (Ким бўлса ҳам) у золимлардан экан”, деди. Улар (айримлари) айтди: “Уларни гапириб (айблаб) юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик”. (Шунда уларнинг катталари): “Уни одамлар олдига келтирингиз, шояд, улар гувоҳ бўлишса”, дейишди. (Уни келтиришгач): “Илоҳларимизни сен шундай қилдингми, эй Иброҳим?” дейишди. (Иброҳим) айтди: “Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси – мана бу (ҳайкал) қилди. Бас, улардан сўрангиз, башарти гапира олсалар”» (Анбиё, 52–63). Ниҳоят, Иброҳим (алайҳиссалом) бошқача йўл тутмоқчи бўлди. Бобилликлар одатига кўра, ҳар йили катта зиёфатлар уюштирилар ва бу иш бутхоналарда нишонланар эди. Бобил шаҳрининг ҳар бир қишлоғида биттадан бут бўлиб, инсонлар уларга ибодат қилишар эди. Уларнинг энг каттаси “Мардак” эди, байрам кунлари бутпараст қавм унинг олдига ҳам дастурхон безашар ва шаҳар ташқарисига чиқиб, ўйин-кулги қилиб қайтганидан кейин бут олдида зиёфат тановул қилишарди. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг отаси Озар ўғли билан ўзи орасидаги совуқчиликка барҳам бериш мақсадида: “Эй Иброҳим! Бугун байрамимиз, биз билан борсанг, байрамда иштирок этсанг, хурсанд бўласан ва ҳар хил хаёлларни унутасан”, деди. Иброҳим (алайҳиссалом) ташқарига чиқиб, чароғон осмонга қаради ва хаёлига бир фикр келди ва уни амалга ошириш учун қулай фурсат келганини англаб етди ва отасига: “Мен беморман, байрамга боролмайман”, деди. Қавм шоду хуррамлик билан байрамга кетгач, Иброҳим (алайҳиссалом) бутларни кўздан кечириб, уларга нафрат ва ғазаби қўзиди. Қўлга болта олиб барча бутни синдириб ташлади ва болтани энг катта бут “Мардак”нинг бўйнига осиб қўйди. Қавм байрамдан қайтиб келиб, бутхонага кирди. У ерда ҳамма бутларнинг пачоқланиб ётганини кўриб, ҳушлари бошидан учди. Бир-бирларидан гумонсираб, буни ким қилди, деб сўрай бошлашди. Баъзилари: “Иброҳим деган йигит бизни айблаб, бутларимизни ҳақоратлаб юрар эди, байрамга ҳам чиқмаган эди”, деди. Ҳамма Иброҳимни қидиришга тушди, қавми ундан қасос олишга шошилди. Иброҳим (алайҳиссалом) эса кўпдан бери қавм бир жойга тўпланишини, уларга эътиқодларининг ботил эканини айтиб, ҳидоятга чақиришни орзу қилиб юрар эди. Ҳамма жам бўлган жойга Иброҳим (алайҳиссалом)ни келтиришди ва бу ишни ким қилганини сўрашди: “Илоҳларимизни сен шундай қилдингми, эй Иброҳим!” Иброҳим (алайҳиссалом): “Балки бу ишни қилган энг каттасидир, агар у гапира олса, ўзидан сўраб кўринглар”, деб жавоб берди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Иброҳим (алайҳиссалом) ҳеч қачон бўлмаган нарсани бўлган, демаган эди, фақат уч бор шундай дейишга мажбур бўлган: ўзи касал бўлмаса-да, “мен беморман”, деган; бутларни ўзи синдирган бўлса-да, “балки бу ишни қилган энг каттасидир, агар у гапира олса, ўзидан сўраб кўринглар!” деган; Фиръавн Соранинг кимлигини сўраганида, хотини бўлса-да, уни “синглим”, деб айтган”, дедилар» (Имом Бу­хорий ва Имом Муслим). Қавмнинг баъзилари бир-бирини айблаб, нега олиҳаларни қаровсиз қолдирдингиз, деса, баъзилар ҳақиқатни тушуниб ботил йўлда юрганларини эътироф қилди. Кўпчиликка ғулғула тушганини кўрган қабила катталари Иброҳим (алайҳиссалом)ни ўтда куйдириб, йўқ қилишга буюрди. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: ﴿قَالُواْ حَرِّقُوهُ وَٱنصُرُوٓاْ ءَالِهَتَكُمۡ إِن كُنتُمۡ فَٰعِلِينَ٦٨﴾ «(Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: “Уни ёқиб юборинглар! Агар (бирор нарса) қилувчи бўлсангиз (шу иш билан) илоҳларингизга ёрдам қилинглар!» (Анбиё, 68) Иброҳим (алайҳиссалом) “Аллоҳ ягона” дегани учун уни ўтда куйдирмоқчи бўлдилар. Катта миқдорда ўтин тўплатиб, ёқиб қиздирилгандан кейин Иброҳимни палахмон (манжаниқ)га солиб оловга отишди. Шуъайб ибн Жуббоийнинг ривоят қилишича, Иброҳим (алайҳиссалом) оловга отилганида ўн олти ёшда бўлган. Иброҳим (алайҳиссалом) оловга отилган лаҳзада Жаброил (алайҳиссалом) келиб: “Мендан бирор тилагинг борми?” деб сўради. Иброҳим: “Менинг Аллоҳдан ўзга бирор кимсага эҳтиёжим йўқ. У менинг ҳолимни билувчи, кўрувчидир”, деб жавоб берди. Шунда Аллоҳ таоло оловга буюрди: ﴿قُلۡنَا يَٰنَارُ كُونِي بَرۡدٗا وَسَلَٰمًا عَلَىٰٓ إِبۡرَٰهِيمَ٦٩﴾ «Биз айтдик: “Эй олов! Иброҳимга салқин ва омонлик бўл!”» (Анбиё, 69) Аллоҳнинг марҳамати билан улкан оловга тушган Иброҳим (алайҳиссалом) ҳеч қандай зарар кўрмасдан, ўт ўчгандан кейин қайтиб чиқди. Баъзи тарихчиларнинг айтишича, Иброҳим (алайҳиссалом) оловга отилган жой ҳозирги Туркия давлатининг Урфа шаҳрида бўлган. У жой ҳозир ҳам машҳур. Иброҳим (алайҳиссалом)дан бизга хатна қилиш, соқол ва мўйлабни қисқартиб юриш, қурбонлик қилиш каби кўплаб суннат ва вожиб амаллар етиб келган. Иброҳим – Халилуллоҳ Муоз ибн Анас оталаридан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Мен сизларга Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни нима учун “халил” (“дўст”) дегани сабабини айтиб берайми? Чунки Иброҳим (алайҳиссалом) ҳар тонг отганда ва ҳар кун ботганда: «Бас, тунга кириш пайтингизда ҳам, тонгга кириш пайтингизда ҳам Аллоҳга тасбеҳ айтингиз! Осмонлар ва Ердаги (айтилаётган барча) ҳамд Унга хосдир. Кечки пайтда ҳам, Қуёш заволи пайтига киришингизда ҳам (Унга тасбеҳ айтингиз)! (Аллоҳ) ўликдан тирикни чиқарур, тирикдан ўликни чиқарур ва ерни “ўлганидан” кейин (баҳорда қайта) “тирилтирур”. Сизлар ҳам (қиёмат кунида қабрларингиздан) шу тарзда (худди гиёҳлар унганидек) чиқарилурсиз» (Рум, 17–19) мазмунидаги дуони ўқир эди. Иброҳим (алайҳиссалом) барча буйруқларни сўзсиз бажариб, уларга итоат этгани, ибодатларда сабр қилганини кўриб, Аллоҳ таоло уни “халил” деди ва Иброҳим (алайҳиссалом) зурриётларидан пайғамбарлар чиқарди. Ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)ни ўзига халил-дўст қилиб олганида фаришталар: “Эй Парвардигор! Иброҳимнинг моли, хотини, фарзанди бўлса, бу машғул қиладиган нарсалар билан қандай қилиб Сенга дўст бўла олади”, деди. Шунда Аллоҳ: “Бандамнинг суратига, молига қараманглар, балки қалбига, амалига қаранглар. Халилимнинг қалбида Мендан ўзганинг муҳаббати йўқ. Хоҳласангиз, текшириб кўринглар”, деди. Жаброил (алайҳиссалом) инсон суратида келди. Ўша пайтда Иброҳим (алайҳиссалом)нинг қўйларини боқадиган ўн икки мингта ити бўлиб, ҳар бир ит бўйнида тилла занжир бор эди. Яъни, дунё арзимасдир, арзимас нарса фақат ҳақир нарсага яроқлидир, деб шунақа қилган эди. Иброҳим (алайҳиссалом) баланд тепаликда қўйларга қараб турган эди. Жаброил (алайҳиссалом) унга салом берди ва: “Бу кимники?” деди. Иброҳим (алайҳиссалом): “Аллоҳники, лекин ҳозир менинг қўлимда”, деди. Жаброил (алайҳиссалом): “Менга биттасини ҳадя қил”, деди. Иброҳим (алайҳиссалом): “Аллоҳни зикр эт ва учдан бирини ол”, деди. Жаброил (алайҳиссалом): “Суббуҳун қуддусур роббуна ва роббул малаикати вар Руҳ”, деди. Иброҳим (алайҳиссалом): “Иккинчи бор зикр қил ва ярмини ол”, деди. Жаброил (алайҳиссалом): “Суббуҳун қуддусур роббуна ва роббул малаикати вар Руҳ”, деди. Иброҳим (алайҳиссалом): “Учинчи бор зикр қил ва ҳаммасини ол”, деди. Жаброил (алайҳиссалом) яна бир марта айтди. Шунда Аллоҳ: “Эй Жаброил, дўстимни қандай баҳолайсан?” деди. Жаброил (алайҳиссалом): “Нақадар яхши дўст”, деди. Иброҳим (алайҳиссалом) туриб: “Эй чўпонлар, қўйларни эгаси қаерга хоҳласа, ўша ерга ҳайданглар, сизлар ҳам уники бўлдингиз”, деди. Шунда Жаброил (алайҳиссалом) ўзини танитиб: “Менинг буларга эҳтиёжим йўқ. Фақат сени синаш учун келдим”, деди. Ибро­ҳим (алайҳиссалом): “Мен Аллоҳнинг халилиман. Сенга ҳадямни қайтариб олмайман”, деди. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим (алайҳиссалом)га уларни сотиб, пулига ерлар олиш ва қиёматгача ундан бою камбағаллар фойдаланадиган яйлов-ўтлоқлар таш­кил қилишни ваҳий этди. Иброҳим (алайҳиссалом)нинг дини Қуръонда Иброҳим дини ҳақида сўз юритилади, Иброҳимнинг яҳудий ёки насроний бўлмагани таъкидланади: «Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам бўлмаган, балки тўғри йўлдан тоймаган (ҳаниф) мусулмон бўлган ва мушриклардан бўлмаган. Одамлар ичида Иброҳимга дўстроғи – унга эргашганлар, ушбу пайғамбар (Муҳаммад) ва имон келтирганлардир. Аллоҳ (эса) мўминларнинг дўстидир» (Оли Имрон, 67–68). Иброҳим (алайҳиссалом) ўзидан кейинги барча пайғамбарлар отаси ҳисобланади. Уни барча самовий динлар вакиллари ҳурмат билан тилга олади ва унинг меросхўри эканларини эътироф этади. Аввалги муқаддас китобларда Иброҳим (алайҳиссалом)га қарата: “...Сени табаррук қилиб номингни улуғлайман. Сен баракали бўлгайсан. Сени дуо қилганларни Мен дуо қиламан, сени лаънатлаганларни Мен лаънатлайман. Ер юзидаги барча қабилалар сендан барака топади”, дейилган. Балки бу мусулмонлар ҳақидаги башоратдир, чунки мусулмонлар намозларида бир кун­нинг ўзида ўнлаб марта Иброҳим (алайҳиссалом)ни ёд этиб Аллоҳга дуо қилади: “اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ وَعَلَى آلِ مُحَمَّدٍ كَمَا صَلَّيْتَ عَلَى إِبْرَاهِيمَ و عَلَى َآلِ إِبْرَاهِيمَ إِنَّكَ حَمِيدٌ مَجِيدٌ” “Ё Аллоҳ! Иброҳимга ва Иброҳим оиласига салавот йўллаганинг каби Муҳаммадга ва Муҳаммад оиласига ҳам салавот йўллагин. Албатта, Сен Ҳамид ва Мажидсан”. Яҳудийлар ва насронийлар: “Бизлар Иброҳим (алайҳиссалом) зурриётларимиз ва Аллоҳ таоло биз билан аҳдлашган, бизлар жаннат эгаларимиз ва фақат бизлар ҳақ йўлдамиз”, деб даъво қилади. Ҳозирга келиб, насронийлар Парвардигор билан аҳдномаларини унутиб, пайғамбар Исо (алайҳиссалом)ни ўзларига худо қилиб олди. Насронийларнинг айрим раҳнамолари Иброҳим (алайҳиссалом)га ваъда қилинган меросдан баҳраманд бўламиз, деб ўйлаб юрди. Аммо Қуръони карим Иброҳим (алайҳиссалом) зурриёти ҳақида хабар бериб, бу масалага нуқта қўйган: «Эсланг, Иброҳимни бир неча сўзлар билан Рабби имтиҳон қилганида, уларни мукаммал адо этди. Шунда (Аллоҳ): “Албатта, Мен сени одамларга имом (пешво) қиламан”, деди. (Иброҳим) “Зурриётимдан ҳамми?” деб сўради. (Аллоҳ) айтди: “Менинг аҳдим золимларга тегишли эмас”» (Бақара, 124). Иброҳим (алайҳиссалом)нинг ўғли Исмоил (алайҳиссалом)ни қурбонлик қилишга буюрилгани Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «(У олов ичидан саломат чиқди) ва деди: “Албатта, мен Раббим (буюрган тараф)га кетувчиман. Унинг ўзи мени (тўғри йўлга) ҳидоят қилур. Эй Раббим! Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ато этгин!” Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил (туғилиши тўғрисидаги) хушхабарни бердик. Бас, қачон, у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй ўғилчам! Мен тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!” деган эди, у айтди: “Эй отажон! Сизга (тушингизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”. Бас, қачон, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйсуниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эди, унга Биз нидо қилдик: “Эй Иброҳим! Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта, Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз”. Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик. Кейинги (авлод)лар орасида у (Иброҳим) ҳақида яхши гапларни қолдирдик. Иброҳимга салом! Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофотлаймиз"» (Соффот, 99–110). Ҳикоя қилинишича, Иброҳим (алайҳиссалом) бир куни Аллоҳ розилиги учун мингта қўй, уч юзта мол ва юзта туяни курбон қилди. Одамлар ва фаришталар бунга ажабланди. Шунда Иброҳим (алайҳиссалом): “Аллоҳга қурбат ҳосил қиладиган ҳар қандай нарсани Аллоҳ йўлига харжлайман. Агар ўғлим бўлганида, уни ҳам Аллоҳ йўлига қурбон қилардим ва бу амал билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилардим”, деди. Орадан бир қанча муддат ўтиб, Иброҳим (алайҳиссалом) бу сўзларни унутди. Қуддус шаҳрига келганида, Аллоҳдан фарзанд сўради. Аллоҳ унинг дуосини ижобат қилиб, фарзанд башоратини берди. Исмоил (алайҳиссалом) туғилиб, Иброҳим (алайҳиссалом) билан бирга юрадиган бўлгач (ривоятларга кўра ўн уч ёшга етганида), Иброҳим (алайҳиссалом)га тушида: “Назрингга вафо қил”, дейилди. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Иброҳим (алайҳиссалом) тарвия кечаси тушида бир кимсанинг: “Эй Иброҳим, назрингга вафо қил”, деганини эшитди. Тонг оттирганида: “Бу туш Аллоҳ тарафиданми ёки шайтон тарафиданми”, деган шубҳа билан бажаришга иккиланди. Шунинг учун ҳам тарвия куни “шубҳа – иккиланиш куни” деб номланди. Кеч киргач, ухлаганида иккинчи бор туш кўрди ва уйғонгач, бу туш Аллоҳ тарафидан эканини билди. Шунинг учун ҳам бу кун “Арафа куни”, (арафа – билди, деганидир) деб номланди. Бу маконнинг номи Арафот, деб номланди. Учинчи кеча ҳам ушбу тушни кўрди-да, Исмоил (алайҳиссалом)ни қурбон қилишга чоғланди. Шунинг учун ҳам “қурбонлик” куни деб номланди. Иброҳим (алайҳиссалом) Исмоил (алайҳиссалом)ни қурбон қилишни хоҳлаганидан кейин, унинг онаси Ҳожарга: “Исмоилга чиройли либосларни кийдир, мен уни меҳмонга олиб бораман”, деди. Ҳожар Исмоил (алайҳиссалом)ни кийинтириб, хушбўйлар суртиб, сочларини тараб қўйди. Иброҳим (алайҳиссалом) арқон билан пичоқни олиб, Мино тарафга кетди. Аллоҳ уни яратган кундан бери Иблис бугунгидек типирчилаб, тараддудланмаган эди. Иброҳим (алайҳиссалом) олдига югуриб келди ва: “Ўғлингнинг қомати мўътадиллигига, ҳуснининг гўзаллиги ва латофатига қарамайсанми?” деди. Иброҳим (алайҳиссалом): “Тўғри, лекин мен шунга буюрилганман”, деди. Иблис Иброҳим (алайҳиссалом)дан умидини узгач, Ҳожарнинг олдига келди ва: “Иброҳим (алайҳиссалом) ўғлингни сўйишга олиб кетди. Сен қандай хотиржам ўтирибсан”, деди. Ҳожар: “Ёлғон гапирма, бирор марта ота ўзининг ўғлини сўйганини эшитганмисан?” деди. “Мана шунинг учун ҳам пичоқ билан арқон олиб кетди-да”, деганида, “Нима учун сўймоқчи?” деб сўради. Шайтон: “Аллоҳ унга бу­юрганини даъво қиляпти”, деди. Шунда Ҳожар: “Пайғамбар ботил нарсага буюрилмайди. Мен Аллоҳнинг амрига жонимни ҳам фидо қиламан, нега боламизни фидо қилмайлик”, деди. Шунда шайтон Ҳожардан ҳам умидини узиб, Исмоил (алайҳиссалом) олдига келди ва унга: “Сен хурсанд бўлиб ўйнаяпсан-у, отангнинг қўлида пичоқ билан арқон турибди. Отанг сени сўймоқчи”, деди. Исмоил: “Менга ёлғон гапирма, отам нима учун мени сўяркан?” деди. Шайтон: “Отангнинг даъвоси бўйича, Аллоҳ унга шуни буюрган эмиш”, деди. Шунда Исмоил (алайҳиссалом): “Аллоҳнинг амрига бўйсунаман”, деди. Шайтон бошқа гапларни гапирмоқчи бўлганида, Исмоил (алайҳиссалом) ердан тош олиб, унга отди ва чап кўзини кўр қилди, сўнг у умидсизланиб, қайтиб кетди. Аллоҳ бу ўринда тош отишни Исмоил (алайҳиссалом)дан бизларга вожиб қилди. Иброҳим (алайҳиссалом) Минога келганида Исмоилга: “Эй ўғилчам, мен (ҳадеб) тушимда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен нима қилишингни бир ўйлаб кўр (яъни айтчи, сен Аллоҳнинг амрига сабр қила оласанми)”, деди. Бу билан Иброҳим (алайҳиссалом) фарзандини имтиҳон қилди. Яъни, Аллоҳнинг амрига бўйсунадими-йўқми? Исмоил (алайҳиссалом): “Эй отажон, (тушингизда Парвардигор томонидан) буюрилган ишни қилинг. Иншааллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсиз”, деди. Иброҳим (алайҳиссалом) ўғлидан бу сўзни эшитиб билди, “Пар­вардигорим, Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ҳадя эт”, деб Аллоҳга қилган дуолари ижобат бўлибди. Аллоҳга кўп ҳамд айтди. Сўнгра Исмоил (алайҳиссалом): “Эй отажон! Сизга бир неча васиятлар қиламан. Қўлларимни боғланг, изтиробланиб, сизга азият бериб қўймай. Юзимни ерга қаратинг, унга қараб раҳмингиз келиб қолмасин. Кийимингизни йиғиштириб олинг, қоним сачраб, ажрим камаймасин ва онам у қонни кўриб ғамгин бўлмасин. Пичоғингизни ўткир қилинг ва пичоқни бўғзимга тезроқ тортинг, жоним енгилроқ чиқсин, зеро, ўлим қаттиқдир. Кўйлагимни онамга элтиб беринг, мени эслаб юрсин ва унга: “Аллоҳнинг амрига сабр қил” денг. Онамга, мени қандай сўйганингизни, қўлларимни қандай боғлаганингизни айтманг. Унинг олдига болаларни киритманг, ғами янгиланмасин. Агар менга ўхшаш болани кўрсангиз, унга қараманг, ғамгин бўлиб қоласиз”, деди. Шунда Иброҳим (алайҳиссалом): “Эй болам! Сен Аллоҳнинг амрини бажаришга қандай ҳам яхши ёрдамчи бўлдинг”, деди ва иккиси ҳам (ваҳийга) бўйсуниб, (Иброҳим ўғли Исмоилни қурбон қилиш учун) пешонаси билан ерга ётқизди, сўнг Иброҳим (алайҳиссалом) пичоқни Исмоилнинг бўғзига қўйиб куч ва шиддат билан тортди, аммо пичоқ кесмади, Аллоҳ еру осмонлардаги фаришталар кўзи олдидан пардани олди. Улар Иброҳим (алайҳиссалом)ўз фарзандини сўяётганини кўрибоқ, Аллоҳга сажда қилишди. Аллоҳ уларга: «Қаранглар, бандам менинг розилигим учун фарзанди бўғзига пичоқ тортяпти, сизларга: “Мен ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман”, деганимда: “У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қилмоқчимисан? Ҳолбуки, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сенинг номингни мудом пок тутамиз”, деган эдинглар», деди. Сўнгра Исмоил (алайҳиссалом): “Эй отажон, қўл-оёқларимни ечинг, Аллоҳ мени ўз амрига итоатда мажбурланган ҳолда кўрмасин, балки Иброҳим (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўғли Аллоҳга ва амрига ўз ихтиёри билан итоат қилувчи эканини фаришталар ҳам билсин”, деди. Иброҳим (алайҳиссалом) унинг қўл-оёқларини ечди ва юзини ерга қаратиб, бор кучи билан пичоқни тортди, аммо Аллоҳнинг изни билан пичоқ кесмади. Шунда Ис­моил (алайҳиссалом): “Эй отажон, менга муҳаббатингиз сабабли заифлашдингизми, мени сўйишга қодир бўлмаяпсиз”, деди. Иброҳим (алайҳиссалом) пичоқ билан тошни урганида, тош иккига бўлиниб кетди. Иброҳим: “Тошни кесяпти-ю, гўштни кесмаяпти”, деди. Шунда пичоқ Аллоҳнинг қудрати билан тилга кирди: “Эй Иброҳим, сен кес, десанг, Аллоҳ кесма, деяпти, қандай қилиб Аллоҳга осий бўлиб, сенга бўйсунаман”, деди. Сўнгра Аллоҳдан: “Эй Иброҳим, дарҳақиқат, кўрган тушингни бажо қилдинг”, деб нидо келди. Жаброил (алайҳиссалом) Иброҳим (алайҳиссалом) ишларидан ажабланиб: “Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар!” деди. Иброҳим (алайҳиссалом): “Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, деди. Исмоил (алайҳиссалом) эса: “Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”, деди. Шу боис бу калималарни қурбонлик кунларида айтиш бизларга вожиб қилинди. Иброҳим (алайҳиссалом)га фарзанди эвазига қурбонликка қўчқор туширилди. Иброҳим (алайҳиссалом) Аллоҳ буюрган ҳар бир амални ўз вақтида адо этган ва уни қавмига ҳам етказишни шарафли мақсад қилиб олган. Қавмини Аллоҳга даъват этишда кўплаб қийинчилик ва машаққатларга сабр қилган. Саъдийнинг ривоят қилишича, йиллар ўтиб, Иброҳим (алайҳиссалом) ҳам маълум ёшга етганидан кейин Аллоҳдан сўрамагунича Азроил (алайҳиссалом)ни юбормасликни тилаб дуо қилган эди. Ўзи жуда саховатли киши эди. Бир куни одамларни меҳмон қилиб турганида, узоқдан бир кекса кишининг иссиқда қийналиб келаётганини кўрди. Олдига дарҳол улов жўнатиб, олиб келтирди. Кекса йўловчи етиб келганидан кейин унинг олдига ҳам таом қўйди. Меҳмон жуда кексалигидан қўлини оғзига эмас, балки кўзига, қулоғига олиб бориб, кейин оғзини зўрға топди ва унга луқмани ташлади. Овқат ошқозонига тушиши билан тўхтамасдан орқасидан чиқиб кетди. Уни кўрган Иброҳим (алайҳиссалом) бу нима қилиқ, деб сўради. Меҳмон: “Узр, қариликда”, деди. Ёшини сўраган эди, Иброҳим (алайҳиссалом)дан икки ёш катталигини айтди. “Мендан бор-йўғи икки ёш катта экансиз, мен ҳам сизнинг ёшингизга етганимда шундай аҳволга тушаманми?” деди ва Аллоҳга илтижо қилиб: “Ё Аллоҳ! Шу одамнинг ҳоли бошимга тушмасдан туриб жонимни ол”, деди. Келган кекса меҳмон ўлим фариштаси эди, шу ондаёқ ўрнидан туриб, Иброҳим (алайҳиссалом)нинг жонини олди. Иброҳим (алайҳиссалом) вафот этганида икки юз ёшларда эди. Баъзи ривоятларда 175 ёшда эди, дейилади. Иброҳим (алайҳиссалом) хотини Сора дафн этилган Фаластиндаги Мадинатул Халил (Ҳибрун) шаҳрига дафн этилган (“Тарихи Табарий”, 1-жилд, 219-бет). КЕЙИНГИ МАВЗУ: МУСО (алайҳиссалом)
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида

14.08.2026   28336   49 min.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий Қонуни

Қонунчилик палатаси томонидан 2026 йил 6 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2026 йил 7 августда маъқулланган

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади

Ушбу Конституциявий Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг (бундан буён матнда Администрация деб юритилади) фаолиятини тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Администрация тўғрисидаги қонунчилик

Администрация тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Конституциявий Қонун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари, шунингдек бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

 

3-модда. Администрациянинг ҳуқуқий мақоми

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлашига кўмаклашадиган, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайдиган давлат органидир.

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси доирасида давлат органларининг ва ташкилотларининг, давлат иштирокидаги корхоналарнинг (бундан буён матнда давлат органлари ва ташкилотлари деб юритилади) фаолиятини мувофиқлаштиради, мазкур ҳужжатларнинг ижросини мониторинг қилади ва назоратини ташкил этади.

Администрация ўз фаолиятида бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва унга ҳисобдордир.

Администрация юридик шахс ҳисобланади, у Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ҳамда ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга эга бўлади.

 

4-модда. Администрация фаолиятининг асосий принциплари

Администрация фаолиятининг асосий принциплари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг устуворлиги, холислик, мустақиллик, очиқлик ҳамда шаффофликдан иборат.

 

5-модда. Администрацияни шакллантириш

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан шакллантирилади.

Администрацияга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Администрация Раҳбари бошчилик қилади.

Администрация ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган асосий йўналишлар доирасида амалга оширади.

Администрация Раҳбари ва унинг шартнома асосида жалб қилинадиган маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси, Администрация Раҳбарининг ўринбосарлари, Администрация Раҳбари котибияти мудири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари, уларнинг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллари, Администрация таркибий бўлинмаларининг бошлиқлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари Администрациянинг мансабдор шахслари (бундан буён матнда Администрациянинг мансабдор шахслари деб юритилади) ҳисобланади.

Администрация бошқарув ва хизматчи ходимларининг лавозимлари рўйхати Администрация тўғрисидаги низомда белгиланади.

Администрациянинг регламенти, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари тўғрисидаги низомлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан, Администрация тўғрисидаги низом, Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари тўғрисидаги низомлар, Администрация таркибий бўлинмалари фаолиятининг асосий йўналишлари ва Администрация ходимларининг штатлар жадвали Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланади.

Администрациянинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомлар, Администрация ходимларининг функционал вазифалари ва Администрация таркибий бўлинмаларининг тузилмалари Администрация таркибий бўлинмаларининг бошлиқлари томонидан тасдиқланади.

 

6-модда. Администрациянинг асосий вазифалари

Администрациянинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожланиши ҳолатини таҳлил қилиш, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш ҳамда янги муҳим ташаббусларни ишлаб чиқиш;

мамлакатда қонунийликни ва ҳуқуқ-тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишини таъминлашга ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга кўмаклашиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, куч ишлатишга ваколатли тузилмалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари, мансабдор шахслар фаолиятини мувофиқлаштириш;

давлат ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикасининг суверенитетини ҳимоя қилиш, унинг хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш ҳамда халқ фаровонлигини юксалтириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига мурожаат қилиш ҳуқуқлари амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиш;

давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамиятини барпо этишда уларнинг ролини кучайтиришга қаратилган самарали ҳамкорликни ташкил этиш, умуммиллий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш;

ягона давлат кадрлар сиёсати амалга оширилишини ва давлат хизмати ишларининг бошқарилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ваколатларини амалга оширишга кўмаклашувчи маслаҳат-кенгаш органларининг фаолиятини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мувофиқлаштирилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик сиёсати соҳасидаги ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш ва таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг инсон ҳуқуқларига ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясига риоя этилишининг кафили сифатидаги, давлат суверенитетини, хавфсизлигини ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлаш бўйича ваколатлари амалга оширилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг халқаро муносабатлар билан боғлиқ фаолиятига оид ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мамлакат ички ва ташқи сиёсатини амалга оширишнинг энг муҳим масалалари юзасидан мурожаат қилиш ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фуқаролик ва сиёсий бошпана бериш, амнистия ва судлар томонидан ҳукм қилинган шахсларни афв этишга оид масалаларни кўриб чиқиш бўйича ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш;

қонунлар ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Администрация Раҳбари фармойишлари ва топшириқларининг ижро этилишини ташкил этиш, назоратини олиб бориш ҳамда уларни амалга оширишга кўмаклашиш.

 

2-боб. Администрациянинг фаолиятини ташкил этиш

7-модда. Администрациянинг асосий ваколатлари

Администрация ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш учун қуйидаги асосий ваколатларга эга бўлади:

Администрацияга белгиланган тартибда киритилган қонунчилик ҳужжатларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари лойиҳаларини якуний ишлаб чиқишни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Администрация Раҳбарининг фармойишлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини мустақил равишда ишлаб чиқиш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ривожлантиришнинг долзарб йўналишларини ўрганиш ҳамда таклифлар ишлаб чиқиш учун давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарлари, шу жумладан ҳокимлар бошчилигида ишчи комиссиялар ва ишчи гуруҳлар тузиш;

зарур материаллар ва маълумотларни давлат органлари ва ташкилотларидан сўраш ҳамда олиш, шу жумладан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда доимий асосда олиш, барча давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларидан, маълумотлар базаларидан, ахборот-маълумот қайдларидан, архивларидан, маълумотларга ишлов беришнинг автоматлаштирилган тизимларидан ҳамда бошқа ахборот ресурсларидан фойдаланиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш;

давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар ҳамда топшириқлар бериш, уларнинг бажарилиши ва натижалари тўғрисида батафсил маълумот талаб қилиш;

қонунларни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларини, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларини, Администрация Раҳбарининг фармойишлари ва топшириқларини амалга ошириш юзасидан давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўрганиш, шунингдек ўрганиш натижалари бўйича материалларни аниқланган қоидабузарликларни ва камчиликларни бартараф этиш учун ушбу давлат органлари ва ташкилотларининг раҳбарларига юбориш;

давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахслари фаолияти самарадорлигини, улар томонидан қонунларнинг ва Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Администрация Раҳбари фармойишлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш ҳолатини баҳолаш, шунингдек бу борада ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун ушбу мансабдор шахсларни интизомий жавобгарликка тортиш, шу жумладан эгаллаб турган лавозимидан озод этишгача бўлган масала юзасидан ташаббус кўрсатиш;

давлат органлари ва ташкилотлари зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижроси ва уларга бириктирилган тармоқ (соҳа) бўйича аниқ натижаларга эришишнинг боришини кўриб чиқиш ҳамда муҳокама қилиш мақсадида навбатдан ташқари ҳайъатларни (йиғилишларни) чақириш юзасидан таклифлар киритиш;

ахборот-таҳлилий материалларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш доирасида давлат органлари ва ташкилотларининг, шунингдек бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларини ва мутахассисларини жалб этиш;

давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолиятини ташкил этиш ҳамда қонунчилик ҳужжатлари билан ушбу тузилмалар зиммасига юклатилган вазифаларнинг улар томонидан амалга оширилишини мувофиқлаштириш;

Администрацияга ишга қабул қилиш учун номзодларни давлат органларидан ва ташкилотларидан мустақил равишда танлаб олишни амалга ошириш;

жисмоний ва юридик шахсларнинг Администрацияга келиб тушадиган мурожаатлари кўриб чиқилишини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси томонидан кўриб чиқилишини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан мукофотлаш, кўкрак нишонлари билан тақдирлаш учун номзодларнинг ўрганилишини ташкил этиш;

ўз зиммасига юклатилган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш соҳасидаги давлат сирларини ташкил этувчи архив маълумотларини ҳамда бошқа маълумотларни сақлаш, расмийлаштириш, улардан фойдаланиш ва уларни беришнинг алоҳида тартибини белгилаш, зарур ахборот тизимларини яратиш, шунингдек махфийлик режимини мустақил равишда таъминлаш, унга риоя этилишини назорат қилиш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари бажарилишини текшириш тадбирларини ташкил этиш.

Администрация қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

8-модда. Администрация Раҳбарининг ҳуқуқий мақоми

Администрациянинг фаолияти мазкур Конституциявий Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Администрация зиммасига юклатилган вазифаларга ва асосий йўналишларга мувофиқ Администрация Раҳбари томонидан ташкил этилади ҳамда мувофиқлаштирилади.

Администрация Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ваколатларини, шу жумладан давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ва ҳамкорлигини таъминлашга оид ваколатларини амалга оширишни ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашни ташкил этиш учун масъул мансабдор шахс ҳисобланади.

 

9-модда. Администрация Раҳбарининг ваколатлари

Администрация Раҳбари:

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат бошлиғи сифатида давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлашга оид фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлашга раҳбарлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти мувофиқлаштирувида Администрация фаолиятига раҳбарлик қилади, Администрация таркибий бўлинмаларининг тизимли фаолиятини таъминлайди, Администрациянинг фаолиятини ташкил этишга доир фармойишлар чиқаради;

Администрациянинг ташкилий тузилмасига қўшимча штат бирликларини киритади ва қисқартиради, тегишли соҳалар ва тармоқларни ривожлантириш бўйича лойиҳа офисларини ташкил этади ҳамда тугатади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари (бундан буён матнда Олий Мажлис палаталари деб юритилади), суд ҳокимияти ҳамда судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлигини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш чораларини кўради, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар ҳамда куч ишлатишга ваколатли тузилмалар фаолиятига оид ваколатлари амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини назорат қилади, мувофиқлаштиради ҳамда унинг натижадорлигини баҳолашни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларига ўз ваколатлари доирасида топшириқлар беради ҳамда уларнинг ижросини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти учун ахборот-таҳлилий ва ташкилий материалларни тайёрлашни ташкил этади, жамият ва давлат ҳаёти учун муҳим бўлган масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентига таҳлилий ахборот киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳат-кенгаш органлари фаолиятини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқлари амалга оширилишини таъминлаш чораларини кўради, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий тусдаги ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни мувофиқлаштиради, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган қонун лойиҳаларини Олий Мажлис палаталарида кўриб чиқиш жараёнларида ўз вакиллари орқали иштирок этади;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида маъмурий ислоҳотларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштиради ва назорат қилади, шунингдек давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

давлат органлари ва ташкилотларининг қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишиши талаб этиладиган масалаларни кўриб чиқишни ташкил этади;

ҳудудий ривожланиш дастурларини амалга оширишни мувофиқлаштиради ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши ҳолатини мониторинг қилади, шунингдек ҳудудларни ривожлантиришдаги тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг ижроси устидан назоратни ташкил этади;

республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботларини қабул қилади, уларни лозим даражада бажармаган мансабдор шахсларга нисбатан лавозимдан озод этишгача бўлган интизомий таъсир чораларини қўллашни ташкил этади, ушбу масалалар бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

давлат органлари учун асосий самарадорлик кўрсаткичлари тизимининг жорий этилишига ва амал қилишига кўмаклашади;

белгиланган тартибда давлат органлари ва ташкилотлари томонидан киритилган Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларининг ҳуқуқий, молиявий, коррупцияга қарши ҳамда бошқа турдаги экспертизаларини ташкил этади;

жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига келиб тушган мурожаатларига оид масалалар билан боғлиқ ишларнинг, шунингдек давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича жамоатчилик фикри мониторингининг амалга оширилишини, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг долзарб муаммолари ўрганилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига кўра мамлакат ичида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти манфаатларини ифода этади, халқаро музокаралар ва тадбирларда иштирок этади;

Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотлари билан боғлиқ фаолиятини тартибга солишга ҳамда бу борада уларнинг фаолиятини ташкил этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжат тусига эга фармойишларни имзолайди;

тегишли давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари лавозимларига номзодлар бўйича ҳамда ушбу лавозимдаги раҳбарларни озод этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибга мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларининг мансабдор шахсларини лавозимга тайинлайди ҳамда лавозимидан озод этади, шунингдек давлат кадрлар сиёсати амалга оширилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган масалалар бўйича халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартиб асосида давлат органлари ва ташкилотларида комплаенс назорати хизмати тузилмаларини, шунингдек улар раҳбарларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосари (маслаҳатчи) лавозимларини жорий этади ва тугатади;

Администрация мажлисларида раислик қилади, уларда кўриб чиқилган масалалар юзасидан топшириқларнинг баённомаларини имзолайди;

Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини қонунчиликда белгиланган тартибда хорижий давлатларга хизмат сафарларига юборади.

Администрация Раҳбари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Администрация Раҳбари ўзига тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, таклифлар тайёрлашда, Администрация Раҳбарининг топшириқлари амалга оширилишини ташкил этиш ва ижросини назорат қилиб боришда, Администрация фаолиятининг марказлашган ҳолда бошқарилишини таъминлашда ҳамда бошқа вазифаларни амалга оширишда кўмаклашиш учун шартнома асосида мустақил маслаҳатчиларни жалб қилиши мумкин.

 

10-модда. Администрациянинг таркибий бўлинмалари

Администрация Раҳбарининг котибияти, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қабулхонаси, Администрация Раҳбарининг ўринбосарлари бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчилари ва вакиллари бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти протоколи, Администрация департаментлари, Комплаенс хизмати, Ишлар бошқармаси ва Администрациянинг ташкилий тузилмасига кирувчи бошқа бўлинмалар Администрациянинг таркибий бўлинмаларидир.

Администрация таркибий бўлинмаларининг асосий вазифалари, фаолияти йўналишлари ва иш тартиби Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланадиган Администрация тўғрисидаги низом билан белгиланади.

Администрация таркибий бўлинмаларининг мақсадли иш фаолияти ҳар йили Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланадиган ҳамда Администрациянинг таркибий бўлинмалари учун чораклик, ярим йиллик ва йиллик амалий натижаларни ўзида акс эттирадиган Администрациянинг фаолият дастурига мувофиқ амалга оширилади.

Администрацияда иш юритиш Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланадиган Ҳужжатлар билан ишлаш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Администрация ҳузурида тегишли соҳалар ва фаолият йўналишлари бўйича давлат органлари ва ташкилотлари ташкил этилиши мумкин.

 

11-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш

Администрация Раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси, Администрация Раҳбарининг ўринбосарлари, Администрация Раҳбари котибиятининг мудири, Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг вакиллари, Администрациянинг бошқа таркибий бўлинмалари бошлиқлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартиб асосида лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларининг биринчи ўринбосарини ва ўринбосарларини ҳамда Администрация таркибий бўлинмалари бошлиқларининг биринчи ўринбосарини ва ўринбосарларини, Комплаенс хизмати бошлиғини, Канцелярия мудирини ҳамда Администрациянинг бошқарув ва хизматчи ходимларини, шунингдек Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларини ҳамда уларнинг ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш Администрация Раҳбари томонидан амалга оширилади.

Администрациянинг мансабдор шахсларига, бошқарув ва хизматчи ходимларига Администрация регламентида белгиланган тартибда хизмат гувоҳномаси берилади.

Хизмат гувоҳномаси ходимнинг Администрацияга мансублигини, унинг шахсини ва лавозимини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.

Хизмат гувоҳномаси Администрация ходимининг ушбу Конституциявий Қонунда кўрсатилган ҳуқуқларга эга эканлигини ва ваколатлардан фойдаланишини тасдиқлайди.

Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари ушбу ташкилотлар раҳбарлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Администрация Раҳбари билан келишилган ҳолда Администрация ҳузуридаги давлат органлари ва ташкилотларидаги лавозимларга тайинланган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг, ҳарбий бўлинмаларнинг ҳарбий хизматчилари (ходимлари) ушбу идораларда ҳарбий хизматда қолдирилиши (кадрларнинг амалдаги захирасига киритилиши) мумкин.

 

12-модда. Администрация ҳужжатлари

Администрация Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари, топшириқлари ва ташаббуслари ижросини ташкил этиш мақсадида, шунингдек Администрация Раҳбарининг ваколатларига оид масалалар бўйича ва қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар ёки топшириқлар чиқаради.

Администрация Раҳбарининг фармойишлари, агар уларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, имзоланган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрация Раҳбарининг фармойишлари ва топшириқларини тўхтатиб туриши, бекор қилиши мумкин.

Администрация Раҳбари ўзи қабул қилган ҳужжатларнинг бажарилиши устидан назоратни бевосита, Администрация таркибий бўлинмалари раҳбарлари ёки республика ижро этувчи ҳокимият органлари орқали амалга оширади.

Администрация Раҳбарининг фармойишлари ва топшириқларини ишлаб чиқиш, келишиш ва Администрация Раҳбарига имзолаш учун киритиш ҳамда Администрация Раҳбарининг фармойишларини эълон қилиш тартиби Администрациянинг регламентида белгиланади.

 

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг ижросини ташкил этиш ҳамда мониторинг қилиш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳалари қонунчилик ҳужжатларининг ижроси юзасидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Администрация Раҳбарининг топшириғига кўра, шунингдек давлат органлари ва ташкилотларининг ташаббуси бўйича, ушбу органлар ва ташкилотлар зиммасига юклатилган вазифаларнинг ижроси юзасидан ишлаб чиқилади.

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини мустақил равишда ишлаб чиқишга ҳақли.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини тайёрлаш, кўриб чиқиш, имзолаш ҳамда эълон қилиш Администрациянинг регламентига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳаларини вазирликлар ва идоралар томонидан ишлаб чиқиш, келишиш ҳамда Администрацияга киритиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини ташкил этиш, назорат қилиш ҳамда бажариш юзасидан ижро интизомининг ҳолатини тизимли равишда ва танқидий жиҳатдан таҳлил қилиш қонунчилик ҳужжатларига ҳамда Администрациянинг регламентига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Администрация Раҳбари фармойишлари ва топшириқларининг ижросини таъминлаш бўйича ишларни бевосита назорат қилиш ҳамда мувофиқлаштириш мақсадида Администрация Раҳбари барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик муассасаларида Администрация Раҳбарининг вакили лавозимини заруратга кўра жорий этишга ҳақли.

Администрация Раҳбарининг вакиллари Администрация Раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

 

14-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши фаолиятини ташкил этиш

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, куч ишлатишга ваколатли тузилмалар ҳамда ҳарбий тузилмалар, шунингдек ташқи ишлар сиёсати учун масъул идоралар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши таркибига киритилади ҳамда мазкур кенгаш уларнинг асосий фаолиятини мақсадли бошқарувчи ва уйғунликдаги ҳамкорлигини таъминловчи олий мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг раиси ҳисобланади ҳамда унга бошчилик қилади.

Администрация Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари ҳисобланади ҳамда ушбу кенгаш аъзоларининг фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг ишчи органи Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти ҳисобланади.

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибияти орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қуролли Кучларга, мудофаага, сафарбарликка, хавфсизликка ва фавқулодда вазиятларга оид конституциявий ваколатларини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

 

15-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан устувор ёки стратегик деб белгиланган инвестиция, инфратузилма, саноат, энергетика, транспорт бўйича лойиҳаларнинг, ижтимоий ва бошқа лойиҳаларнинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш, мониторинг ва назорат қилиш

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан устувор ёки стратегик деб белгиланган инвестиция, инфратузилма, саноат, энергетика, транспорт бўйича лойиҳаларнинг, ижтимоий ва бошқа лойиҳаларнинг ўз вақтида, сифатли ҳамда натижали тарзда амалга оширилишини мувофиқлаштиради, мониторинг ва назорат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан устувор ёки стратегик деб белгиланган инвестиция, инфратузилма, саноат, энергетика, транспорт бўйича лойиҳаларнинг, ижтимоий ва бошқа лойиҳаларнинг рўйхати, уларнинг мақсадли кўрсаткичлари, асосий босқичлари ҳамда якуний муддатлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига, қарорларига, фармойишларига ёки топшириғига асосан Администрация Раҳбари томонидан тасдиқланади.

 

16-модда. Администрациянинг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлиги

Администрация Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлик доирасида:

Олий Мажлис палаталари билан давлат сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича доимий мулоқотни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Олий Мажлис палаталарига киритиладиган дастурий ҳужжатларни ва бошқа масалаларни тайёрлашни мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталарига Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этадиган лавозимларга номзодлар ҳамда бошқа масалалар бўйича ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юборилган қонунларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига кўриб чиқиш учун тақдим этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга оид ҳуқуқи амалга оширилишини таъминлайди.

Администрациянинг Олий Мажлис палаталари билан ҳамкорлиги қонунчилик ҳужжатларида ва Администрациянинг регламентида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.

 

17-модда. Администрациянинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан алоқалари

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси (бундан буён матнда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади) ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари билан алоқалари доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг ижросини ташкил этиш доирасида Вазирлар Маҳкамаси ҳамда унинг бўйсунувидаги давлат органлари ва ташкилотларининг идоралараро ҳамкорлигини мувофиқлаштиради, мазкур ҳужжатларнинг ижросини мониторинг қилади ва назоратини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси халқига ҳамда Олий Мажлисига мурожаатномасида баён этилган топшириқларнинг Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари томонидан самарали ижро этилишини таъминлаш чора-тадбирларининг мониторингини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ҳамда тугатиш, уларнинг раҳбарларини қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод этиш, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг ҳужжатларини тўхтатиш, бекор қилиш бўйича ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

миллий ривожланиш стратегиялари, давлат дастурлари ва миллий лойиҳаларнинг республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан амалга оширилиши бўйича мониторингни ташкил этади;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг бўйсунувидаги давлат органлари ҳамда ташкилотлари фаолияти самарадорлигини таҳлил қилишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказиладиган Вазирлар Маҳкамаси фаолиятига оид йиғилишлар ва муҳокамаларнинг ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан тайёрланишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири томонидан кадрлар сиёсатига оид таклифларнинг Ўзбекистон Республикаси Президентига қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тақдим этилишини таъминлайди.

Администрация Раҳбари ёки Администрациянинг ваколат берилган мансабдор шахси Вазирлар Маҳкамаси, унинг Раёсати, комиссиялари, кенгашлари, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳайъатлари ҳамда бошқа коллегиал органлари мажлисларида ўз фикр ва мулоҳазалари билан иштирок этишга ҳақли.

Администрациянинг Вазирлар Маҳкамаси билан алоқалари қонунчилик ҳужжатларида ва Администрациянинг регламентида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.

 

18-модда. Администрациянинг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан алоқалари

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари ижросини таъминлаш ҳамда давлат сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши фаолиятига кўмаклашади, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фаолиятини мувофиқлаштиради, мониторинг ва назорат қилади.

Администрация:

Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг ҳудудларда ижро этилиши юзасидан мониторингни ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятлар ҳокимларини ва Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш, Ўзбекистон Республикаси Конституциясини, қонунларини бузган ёки ҳокимнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлар содир этган туман ва шаҳар ҳокимларини лавозимидан озод этиш, ҳокимларнинг ҳужжатларини тўхтатиш, бекор қилиш бўйича ваколатлари амалга оширилишини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳолатини мониторинг қилади;

ҳудудларнинг иқтисодий, ижтимоий, инфратузилмавий ва экологик ривожланиш ҳолати, аҳолининг турмуш даражаси ҳамда ҳудудлар ўртасидаги тафовутлар тизимли равишда таҳлил қилинишини таъминлайди, аниқланган муаммоларнинг ечими бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган таклифлар киритади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир ташрифлари, йиғилишлари ва қарорларини тайёрлашни, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этади.

Администрациянинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари фаолиятига оид ваколатларини ташкил этиш ҳамда таъминлашга оид бошқа масалалар қонунчилик ҳужжатларида ва Администрациянинг регламентида белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

 

19-модда. Администрациянинг суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлиги

Администрация суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлик доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳамкорликка оид масалалар бўйича таклифлар ва таҳлилий материаллар тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида назарда тутилган суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорлигига оид ваколатларини ташкилий, ҳуқуқий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлайди;

суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни мувофиқлаштиради;

суд тизимини ислоҳ қилишга доир таклифларни ишлаб чиқади;

судлар ва судьялар ҳамжамияти органлари фаолияти учун зарур ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларни яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлайди.

Администрация қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича ҳам суд ҳокимияти ва судьялар ҳамжамияти органлари билан ҳамкорликни амалга ошириши мумкин.

 

20-модда. Администрациянинг Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари билан алоқалари

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларига биноан мувофиқлаштириш ва унинг натижадорлигини баҳолашни ташкил этиш Администрация томонидан амалга оширилади.

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш доирасида:

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолияти самарадорлигини таҳлил қилади, соҳаларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш мониторингини олиб боради;

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотлари мансабдор шахсларининг ҳисоботларини ўз ваколатлари доирасида кўриб чиқади, уларнинг фаолиятини баҳолайди ва унинг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентига киритади.

Администрация Ўзбекистон Республикаси Президентига бевосита бўйсунувчи (ҳисобдор) давлат органлари ва ташкилотларининг, мансабдор шахсларнинг фаолиятини қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа йўналишлар бўйича ҳам мувофиқлаштиради.

 

21-модда. Администрациянинг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини ошириш, манфаатлар тўқнашувининг ҳамда коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш мақсадида ташкил этиладиган давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти Администрациянинг Комплаенс хизмати томонидан мувофиқлаштирилади.

Республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат бўйича ўринбосарлари (маслаҳатчилари) Администрация Раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади ҳамда улар ўз фаолияти давомида Администрациянинг вакили мақомига эга бўлади.

Администрация Комплаенс хизматининг давлат органлари ва ташкилотларининг комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари билан алоқалари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда ҳамда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

 

3-боб. Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари фаолиятининг кафолатлари

22-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини моддий рағбатлантириш

Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг иш ҳақи лавозим маошидан ҳамда қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборатдир.

Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини моддий рағбатлантириш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

23-модда. Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг ижтимоий таъминоти

Администрациянинг мансабдор шахсларига, бошқарув ва хизматчи ходимларига ҳақ тўланадиган йиллик таътиллар берилади.

Администрациянинг ишлаш учун бошқа ҳудудлардан таклиф қилинган ҳамда Тошкент шаҳрида уй-жойга эга бўлмаган мансабдор шахсларига, бошқарув ва хизматчи ходимларига лавозимда бўлиш вақтида заруратга кўра, уларнинг аризасига биноан хизмат уй-жойи берилади.

Администрациянинг мансабдор шахсларини, бошқарув ва хизматчи ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизими кафолатланган тиббий ёрдамдан ҳамда санаторий-соғломлаштириш хизматларидан ушбу мансабдор шахслар, ходимлар ва уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-онаси) томонидан фойдаланиш ҳамда бошқа ижтимоий ёрдам кўрсатиш орқали амалга оширилади.

Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари учун аввалги иш жойида берилган ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба (малака) даражалари, малака тоифалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун берилган устамалар ва қўшимча тўловлар сақлаб қолинади.

Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг Администрациядаги узоқ муддатли хизматлари учун қўшимча устамалар белгилашда уларнинг бошқа органлар, ташкилотлар ва муассасалардаги иш стажи (хизмат даври) инобатга олинади.

Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари аввалги иш жойи бўйича ходимлар учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чораларидан Администрация таркибий бўлинмаларида амалда бўлган меҳнат шароитлари ҳисобга олинган ҳолда ҳамда лавозим маоши ва бошқа тўловлар миқдорлари сақланган ҳолда фойдаланади.

Администрациянинг таркибий бўлинмаларида ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни (мартаба (малака) даражаларини, малака тоифаларини, дипломатик даражаларни ва бошқаларни) олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари учун қўшимча ижтимоий таъминот чоралари белгиланиши мумкин.

 

24-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини ва бошқарув ходимларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кафолатлари 

Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши чоғида давлат ҳимоясида бўлади.

Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришига монелик қилиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳақорат қилиш, уларга нисбатан таҳдид ёки зўрлик қилиш, ўз фаолиятини амалга ошириши муносабати билан уларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига тажовуз қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Администрациянинг мансабдор шахсларига ва уларнинг оила аъзоларига (турмуш ўртоғига, фарзандларига ва ота-онасига) умрбод, Администрациянинг бошқарув ходимларига Администрациядаги фаолияти даврига Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган тартибда биометрик дипломатик паспортлар берилади.

Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари (турмуш ўртоғи, фарзандлари ва ота-онаси) хавфсизлигини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

 

25-модда. Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг дахлсизлик кафолатлари

Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари дахлсизликка ҳамда иммунитетга эга бўлади.

Администрация мансабдор шахсларининг ва бошқарув ходимларининг дахлсизлиги уларнинг ва улар оила аъзоларининг (турмуш ўртоғининг, фарзандларининг ва ота-онасининг) шахсий ҳаётига, турар жойига, хизмат хонасига, улар фойдаланадиган шахсий ва хизмат транспорт воситасига ҳамда алоқа ва коммуникация воситасига, хат-хабарларига, ёзишмаларига, электрон маълумотларига, уларга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга нисбатан татбиқ этилади.

Администрациянинг мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатишга, уларни жиноий жавобгарликка тортишга, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклайдиган бошқа ҳар қандай процессуал мажбурлов чораларини қўллашга, тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширишга, суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказишга ёки маъмурий қамоқ жазо чорасини қўллашга йўл қўйилмайди.

Администрациянинг бошқарув ходимлари ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда қабул қилган қарорлари, содир этган ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги, билдирган фикрлари ва берган кўрсатмалари учун жиноий, маъмурий ёки фуқаровий жавобгарликка тортилмайди.

Администрацияда ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш ҳамда ваколатларини амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракат ёки ҳаракатсизлик учун Администрациянинг бошқарув ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёзма розилигисиз жиноят ишини қўзғатиш, уларни жиноий жавобгарликка тортиш, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини чеклайдиган бошқа ҳар қандай процессуал мажбурлов чораларини қўллаш, тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш, суриштирув, тергов ҳаракатлари ўтказиш ёки суд тартибида маъмурий жазо ва ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга йўл қўйилмайди.

Администрациянинг бошқарув ходими Администрацияда ишлаб турганида ва (ёки) ишдан бўшатилганидан кейин унга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Администрациянинг бошқарув ходимига нисбатан Администрацияда ишлаб турганида ва (ёки) ишдан бўшатилганидан кейин қўзғатилган жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судловига тегишлидир.

Администрациянинг мансабдор шахслари, бошқарув ва хизматчи ходимлари қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи ваколатли давлат органлари томонидан махфийлик асосида ҳамкорликка жалб қилиниши, шу жумладан Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам жалб қилиниши тақиқланади.

Администрациянинг мансабдор шахслари ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган дахлсизлик ва иммунитетни Администрациядан бўшатилганидан кейин умрбод, бошқарув ходимлари эса Администрациядан бўшатилганидан кейин беш йил давомида сақлаб қолади.

Ушбу моддада белгиланган қоидаларни бузган ҳолда олинган далиллар қонун ҳужжатларини бузган ҳолда олинган деб ҳисобланади
ва номақбул далиллар деб топилади.

Қонунчилик ҳужжатларига ушбу моддада назарда тутилган дахлсизликка оид қоидаларни бекор қилишга, оғирлаштиришга ёки дахлсизлик қўлланиладиган шахсларнинг ҳолатини ёмонлаштиришга олиб келадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган тақдирда, бундай ўзгартиришлар Администрациянинг ушбу Конституциявий Қонунда белгиланган қоидалар қўлланиладиган мансабдор шахсларига ва бошқарув ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди, шу жумладан улар Администрациядан бўшатилганидан кейин ҳам татбиқ этилмайди.

 

26-модда. Администрациянинг мансабдор шахсларини ва бошқарув ходимларини ишга жойлаштириш кафолатлари

Администрациянинг мансабдор шахслари ва бошқарув ходимлари Администрациядаги лавозимидан озод этилган ҳолларда уларга Администрацияга ишга келгунига қадар эгаллаб турган аввалги лавозимидан камида бир поғона юқори даражадаги лавозим берилади, аввалги лавозимидан юқори лавозим мавжуд (бўш) бўлмаганда эса аввалги лавозимига тенг лавозими ёки уларнинг мутахассислиги ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва ташкилотларидаги камида бир поғона юқори ёки тенг даражадаги лавозим биринчи навбатда берилади, бундан сайланадиган ёки Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари билан тайинланадиган лавозимлардан Администрацияга ишга ўтганлик, меҳнат интизомини бузганлик учун ишдан бўшатилиш ҳоллари мустасно.

 

4-боб. Якунловчи қоидалар

27-модда. Администрациянинг фаолиятини молиялаштириш

Администрациянинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Администрацияда бюджетдан ташқари жамғармалар тузилиши мумкин, уларни шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.

Администрация қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шакллантириладиган хизмат уй-жой фондига эга бўлиши мумкин.

Администрация ўз фаолиятини амалга ошириш учун ахборот-коммуникация тизимларини ва ахборот базаларини, шунингдек ахборотнинг ҳимоя воситаларини, шу жумладан криптографик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқади, яратади ҳамда улардан фойдаланади, Ўзбекистон Республикаси давлат органлари ва ташкилотларининг шу каби тизимларидан ва ахборот базаларидан Администрация ишини самарали равишда амалга ошириш мақсадида, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда фойдаланади.

 

28-модда. Администрацияда маълумотларни ҳимоя қилиш

Администрацияда давлат сирларини ташкил этувчи маълумотларнинг ҳимоя қилиниши, шу жумладан криптографик воситаларни қўллаган ҳолда техник жиҳатдан ҳимоя қилиниши таъминланади.

Администрацияда махфий иш юритиш давлат сирлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади. Бунда Администрацияда махфийлик режимини таъминлаш, унга риоя этилиши устидан назоратни ташкил этиш ҳамда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларини бажариш юзасидан текшириш тадбирларини ўтказиш Администрациянинг Комплаенс хизмати томонидан амалга оширилади.

 

29-модда. Администрациянинг ҳужжатлари устидан, Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

Администрациянинг ҳужжатлари устидан, Администрация мансабдор шахсларининг, бошқарув ва хизматчи ходимларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

 

30-модда. Администрация тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Администрация тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

 

31-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш

1. Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги 913–XII-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, № 9, 320-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 241-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 12, 418-модда; 2007 йил, № 4, 163-модда, № 9, 420-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2013 йил, № 12, 350-модда; 2014 йил, № 4, 86-модда, № 5, 130-модда; 2015 йил, № 6, 228-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 8, 383-модда, № 9, 510-модда, № 12, 772-модда; 2018 йил, № 7, 431-модда; 2019 йил, № 1, 4-модда, № 11, 792-модда, № 12, 891-модда; 2020 йил, № 9, 537-модда; 2021 йил, № 1, 3, 7, 13-моддалар, 4-сонга илова, № 8, 800-модда, № 12, 1198-модда; 2022 йил, № 3, 213-модда, № 6, 570, 577-моддалар, № 10, 984-модда; 2023 йил, № 1, 2-модда, № 10, 794-модда, № 12, 1003-модда; 2024 йил, № 8, 823-модда, № 10, 1075-модда; 2026 йил, № 4, 365-модда) 21-моддасининг тўртинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикасининг Президенти билан келишилган ҳолда» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан белгиланадиган тартибда» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

2. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 29 августда қабул қилинган «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги 474–I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 йил, № 9, 232-модда; 1998 йил, № 5–6, 102-модда; 1999 йил, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 7–8, 217-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда, № 9–10, 182-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда, № 5, 67-модда; 2004 йил, № 9, 171-модда; 2005 йил, № 1, 18-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 5, 152-модда, № 9, 312-модда, № 12, 415-модда; 2006 йил, № 10, 536-модда; 2007 йил, № 12, 608-модда; 2008 йил, № 12, 640-модда; 2009 йил, № 12, 474-модда; 2010 йил, № 9, 336-модда; 2012 йил, № 4, 105-модда; 2014 йил, № 9, 244-модда; 2015 йил, № 12, 452-модда; 2016 йил, № 12, 385-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 12, 773-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4-моддалар; 2019 йил, № 1, 1, 5-моддалар, № 2, 47-модда, № 3, 166-модда, № 5, 267-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 3, 215-модда; 2026 йил, № 6, 625-модда) 10-моддасининг иккинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда лавозимга» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

3. Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрда қабул қилинган «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги ЎРҚ–344-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 12, 335-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда; 2017 йил, № 9, 506-модда, № 10, 605-модда; 2019 йил, № 1, 5-модда, № 2, 47-модда, № 9, 589-модда, № 12, 891-модда; 2020 йил, № 12, 689-модда; 2021 йил, 4-сонга илова, № 6, 524-модда; 2024 йил, № 3, 244-модда) 17-моддасининг иккинчи қисми «судьялар» деган сўздан кейин «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг ходимлари» деган сўзлар билан тўлдирилсин.

4. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 16 сентябрда қабул қилинган «Ички ишлар органлари тўғрисида»ги ЎРҚ–407-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2016 йил, № 9, 272-модда; 2017 йил, № 6, 300-модда, № 9, 510-модда; 2019 йил, № 2, 47-модда, № 5, 267-модда, № 9, 588, 591-моддалар, № 10, 674-модда, № 12, 891-модда; 2021 йил, 4-сонга илова; 2022 йил, № 3, 216-модда, № 5, 466-модда, № 6, 570-модда, № 10, 984-модда; 2023 йил, № 7, 537-модда; 2024 йил, № 3, 244-модда, № 9, 958, 964-моддалар, № 11, 1291-модда; 2025 йил, № 12, 1329-модда; 2026 йил, № 1, 2-модда, № 4, 355-модда, № 5, 499-модда) 14-моддасининг иккинчи қисмидаги «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан» деган сўзлар «Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда» деган сўзлар билан алмаштирилсин.

5. Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги ЎРҚ–682-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2021 йил, № 4, 288-модда; 2022 йил, № 3, 213-модда, № 8, 788-модда, № 10, 983-модда; 2023 йил, № 8, 629-модда, № 11, 923-модда; 2024 йил, № 2, 109-модда, № 9, 955-модда, № 10, 1075, 1076-моддалар; 2025 йил, № 4, 516-модда; 2026 йил, № 3, 256-модда) қуйидаги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин:

1) 6-модда:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари»;

олтинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошилари тегишинча еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

2) қуйидаги мазмундаги 121-модда билан тўлдирилсин:

«121-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Раҳбари Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқлари асосида ҳамда уларнинг ижросини, Администрациянинг фаолиятини самарали ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудидаги барча давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган фармойишлар қабул қилади»;

3) 16-модданинг учинчи қисми «Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари» деган сўзлардан кейин «Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишлари» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

4) 36-модда:

қуйидаги мазмундаги олтинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

«Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбарининг фармойишларига нисбатан – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Раҳбари»;

олтинчи – тўққизинчи хатбошилари тегишинча еттинчи – ўнинчи хатбошилар деб ҳисоблансин.

6. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 25 октябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги ЎРҚ–982-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2024 йил, № 10, 1081-модда; 2025 йил, № 12, 1327-модда; 2026 йил, № 4, 365-модда) 20-моддасига қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин:

еттинчи қисм қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Республика ижро этувчи ҳокимият органларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади»;

қуйидаги мазмундаги саккизинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланадиган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади»;

саккизинчи – ўн учинчи қисмлар тегишинча тўққизинчи – ўн тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин.

 

32-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Конституциявий Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

33-модда. Қонунчиликни ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Конституциявий Қонунга мувофиқлаштирсин;

республика ижро этувчи ҳокимият органлари ушбу Конституциявий Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

34-модда. Ушбу Конституциявий Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Конституциявий Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти

Ш. Мирзиёев

МАҚОЛА