Тасаввур қилинг, сизнинг ўта ашаддий душманингиз бор. У сизга шу даражада душманчилик қиладики унга қарши туришга сизда мадор қолмаган. Камига, у сиз бутун умрингизни тиккан, бор кучингиз билан ҳаракат қилаётган ҳамда бутун ўй-фикрингизни эгаллаган орзу ва мақсадингиз йўлида энг катта тўсиқ бўлиб турибди. Сиз мақсад сари қанча ҳаракат қилсангиз у сизни бу йўлдан буриб юбориш учун сизданда кўп тер тўкмоқда. Унинг бу зулмларидан, сизга ёмонликларидан чарчадингиз, кучингиз қолмади. Айни шундай ҳолда қийналиб турганингизда сизга бир хушхабар етиб келди. Билдингизки, душманингиз қилган жиноятлари сабаб кишанланибди, мақсадингиз тарафга эса бир қадам қолган. Ушбу хабардан қанчалик хурсанд бўласиз? Нималарни ҳис этасиз? Юрагингиз ҳапқириб, ҳаяжондан ёрилишига бир баҳя қолади, шундай эмасми?
Агар ушбу ҳолатни тасаввур қила олган бўлсангиз биз сизга етказмоқчи бўлган хушхабарни қабул қилинг. Бизнинг энг катта душманимиз бўлган, доимий бизни васвасага соладиган шайтон кишанланган, энг катта орзуйимиз, бутун вужудимиз билан талпинаётганимиз жаннат эшиклари эса ланг очиқ турибди. Ушбу хушхабарни биз ўзимиз ўйлаб топганимиз йўқ. Бу хабарни инсонларнинг энг ростгўйи, икки олам саййиди ва суюкли Ҳабибимиз (с.а.в) айтмоқдалар. Келинг, У зотнинг сўзларига қулоқ тутинг:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : «إِذَا جَاءَ رَمَضَانُ فُتِّحَتْ أَبْوَابُ الْجَنَّةِ، وَغُلِّقَتْ أَبْوَابُ النَّارِ، وَسُلْسِلَتْ الشَّيَاطِينُ». رواه البخاري ومسلم.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Рамазон келганда жаннатнинг (барча) эшиклари очилади, дўзахнинг (барча) эшиклари қулфланади ва шайтонлар кишанланади». Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бундай ажойиб хушхабарни эшитган ҳар қандай мўмин беихтиёр ҳар куни Рамазон бўлишини, бу ой уни ҳеч қачон тарк этмаслигини истайди. Ҳар кунимиз Рамазон бўлиши учун эса ушбу ойни ғанимат билиш, унда амалларни кўпайтириб олиш лозим. Агар биз йил бўйи айни шу кайфият бизни тарк этмаслигини истасак бу ойда ўзимиз учун бирор яхши амални вазифа қилиб доимий одатга айлантириб олишимиз керак бўлади. Масалан, аваллари Қуръон тиловатини камроқ қилган бўлсак бу ойда кунлик вазифани ўқишга одатланишимиз ва буни йил давомида тўхтатмаслигимиз ёки жамоат намозларига бироз бепарволик қилган бўлсак бу ойда жамоатга одатланиб йил бўйи амал қиладиган одатимизга айлантириб олишимиз лозим. Ана шунда бу гўзал ойнинг шукуҳи бизни йил давомида тарк этмайди ва шайтонлар кишандан бўшатилганда ҳам улар бизнинг амалларимизга тўсқинлик қила олмайди.
Аллоҳ таоло ушбу муборак ойнинг қолган ўн кунлик – маърифат даҳасини ҳам ғанимат билишимизни, унда солиҳ амалларни янада кўпайтириб олишимизни барчамизга насиб айласин. Ҳар кунимиз Рамазон бўлсин!
Ийсохон Яҳё тайёрлади
Иорданиянинг нуфузли “The Jordan Times” нашрида 24–29 август кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ, янги кашфиётлар” халқаро медиа форуми ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада ёзилишича, тадбирнинг асосий қисми Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади. Унда хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари, етакчи экспертлар ва медиа соҳаси мутахассислари иштирок этади.
Ўзбекистоннинг Иорданиядаги элчихонасининг маълум қилишича, ушбу форум дастуридан ялпи мажлислар, медиа кўргазмалар, матбуот брифинглари ва икки томонлама учрашувлар ўрин олган. Учрашувларда ҳужжатли кино ва тарихий хотира, нашриёт лойиҳалари ва замонавий технологиялар, халқаро медиа лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, ўзбекистонлик талабалар учун жаҳон медиа саноатининг етакчи вакиллари иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилади. Иштирокчилар замонавий журналистика, медиа ишлаб чиқариш ва халқаро ахборот маконида самарали ҳамкорлик қилиш бўйича тажриба алмашади.
Нашрда қайд этилишича, форум иштирокчилари 27 август куни Самарқандга саёҳат қилишади. Сафар доирасида меҳмонлар Имом ал-Бухорий мажмуасига ташриф буюриб, шаҳарнинг бой тарихий-маданий мероси билан танишади. Шунингдек, Тошкентда халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари учун махсус медиатур ўтказилиши режалаштирилган.
Форум 28 август куни якуний ялпи мажлис ва расмий ёпилиш маросими билан якунланади. Меҳмонлар Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали тадбирларда ҳам иштирок этади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати