Муқаддас Ислом динининг асосий манбаси Қуръони каримдир. Қуръони карим Аллоҳ таоло томонидан Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга йигирма уч давомида фаришта Жаброил алайҳиссалом воситаси ила туширилган ҳамда мусҳафларга битилган, қалбларда ҳифз, тилларда қироат қилинган ҳолда ҳеч бир ўзгаришсиз, узлуксиз узатиш орқали етиб келган илоҳий китобдир.
Гарчи Қуръони карим тарқоқ ҳолда нозил этилган бўлса-да, бироқ бу муборак каломнинг аввалидан охиригача оятларнинг мутаносиб, изчил кетма-кетликда, нафис, пухта услубда, ўзаро мустаҳкам боғлиқ эканини кўрамиз. Қуръондаги сура, оят ва жумлалар маҳорат билан ипга тизилган қимматбаҳо маржондек бир-бирига чамбарчас боғлиқдир. Аввал ҳам, кейин ҳам инсоннинг бунга ўхшаш каломи бўлмаган.
Қуръони карим услубидаги бундай мутаносиблик, оятлар орасида ҳеч бир ихтилофнинг йўқлиги ҳам унинг Аллоҳ каломи эканига катта далилдир. Аллоҳ таоло: «Қуръонни тадаббур қилиб кўрмайдиларми? Агар у Аллоҳдан бошқанинг ҳузуридан бўлганида унда кўп ихтилофлар топар эдилар»,[1] деган.[2]
Аммо Қуръондан бошқа, одамлар тарафидан муқаддас деб саналган китоблар тарихи ўрганилса, улар бизнинг замонимизга етиб келишида турли ноаниқ ҳолатларга дуч келинади. Масалан, яҳудлар ва насоролар қўлларидаги Таврот ва Инжилни Аллоҳ таоло тушурганидек, ўзгартиришсиз, асл ҳолатда сақлай олишмади. Шунинг учун мусулмон киши Таврот ёки Инжилдан бирон нарса эшитса, уни инкор ҳам, тасдиқ ҳам қилмайди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўрсатмаларига мувофиқ, сизлар ва бизларга нозил бўлган нарсага иймон келтирамиз, дейди. Аллоҳ таоло Қуръони каримни нозил қилар экан, Қиёматга қадар сақлашни Ўз зиммасига олиб:
إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ
Яъни: “Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз”, – дейди (“Ҳижр” сураси 9-ояти).
Қуръони каримни йўқотишга сон-саноқсиз душманлар томонидан юзлаб қирғинборот урушлар олиб борилишига қарамасдан, бирон бир ҳарфига путур етмаган ҳолда сақланиб қолди. Шак-шубҳасиз, қиёматгача шундай ҳолатда қолади.
Қуръони карим ва унинг китоб бўлиб жамланиш тарихи шубҳа туғдирувчи ҳар қандай иллатлардан мутлоқ ҳолидир. У саҳиҳ – аниқ ривоятлар асосига қурилган. Демак, биз ўқиётган Қуръони каримнинг бизгача ҳеч бир ўзгариш ва нуқсонсиз етиб келиши – Аллоҳ таолонинг марҳамати билан ҳамда бу борада улкан жонбозлик кўрсатган саҳобаларнинг заҳматли меҳнатлари маҳсулидир.
Қуръон оятлари нозил бўлиши билан Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига ўрнашар, сўнгра уни саҳобаларга ўқиб берар эдилар. Саҳобалар уларни ёдлаб олишар, шу билан бирга, хурмо пўстлоқлари, япалоқ тошлар, тахтачалар, терилар, ҳайвонларнинг курак суякларига каби ашёларга ёзиб борилган. Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг 44 та ваҳий котиблари бўлиб, улардан 14 таси машҳур бўлган. Улар нозил бўлаётган ҳар бир оят ва сураларни Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига мувофиқ навбатма-навбат ёзиб боришган. Булардан ташқари, ҳузурларида ҳозир бўлган бошқа кишилар ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган оятларни ёзиб олар ва ёдлар эдилар.[3]
Таъкидлаш ўринлики, Қуръони карим ўқиш-ёзишни билмайдиган умматга нозил бўлган, шунинг учун улар Қуръони Каримни хотираларига муҳрлаб олишган. Аллоҳнинг бу умматга ато этган раҳматидан бири шуки, уларга Қуръонни ёд олишни осон қилиб қўйди, узоқ йиллар давомида бўлак-бўлак нозил бўлган оятларини фаҳмлашни енгил қилиб қўйди. Улар Қуръонни ёд олиб, маъноларини англаб олишди. Қуръоннинг бўлак-бўлак нозил бўлиши саҳобаи киромларга таълим услубини кўрсатиб берди. Улар уни ҳаётларига татбиқ қилишди, сўнг тобеъинлар улардан буни мерос қилиб олишди. Бу эса босқичма-боскич таълим олишдир. Имом Байҳақий «Шуъабул иймон»да Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда у киши: «Қуръонни беш оят-беш оят қилиб ўрганинглар», деган.[4] Ибн Асокир Абу Назрадан қилган ривоятда эса: «Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу бизга Қуръонни эрталаб беш оят, кечки пайт беш оят ўргатар, Жаброил ҳам Қуръонни беш оят-беш оят олиб тушганини айтарди», деган.
Аллоҳ жамиятнинг босқичма-босқич ислоҳ бўлишини хоҳлади, чунки бузуқ жоҳилий жамият бир кеча-кундузнинг ўзида солиҳ жамиятга айланиб қолиши мумкин эмас эди. Шунинг учун Қуръон унинг босқичма-босқич ўзгаришини ва бу ўзгаришнинг мустаҳкам асослари бўлишини таъминлади. Аввалбошда ақийда ва унинг далилларига боғлиқ бўлган, чиройли хулқларга чорлайдиган оятлар нозил бўлди. Ниҳоят, одамлар иймон келтириб, нафслари покланганидан кейин эса ҳалол ва ҳаромга оид оятлар муайян изчилликда нозил бўлди. Бунга далил имом Бухорийнинг Оиша розияллоҳу анҳодан қилган ривояти бўлиб, унда Оиша онамиз шундай деганлар: «Ундан илк нозил бўлган нарса жаннат ва дўзах ҳақидаги муфассал суралардир. Одамлар Исломга гуруҳ-гуруҳ бўлиб кира бошлагач, ҳалол ва ҳаром ҳақидаги оятлар, аҳкомлар нозил бўлди”.
Қуръони каримнинг воқеа-ҳодисаларга мувофиқ нозил бўлиши сабабларидан бири – Қуръон оятлари қалбга янада таъсирли ва ҳаёт билан чамбарчас боғлиқ бўлиши учун эди. Чунки у воқеа-ҳодисаларга муносиб ечим ўлароқ нозил бўлган.
Бир ифода билан айтганда, Аллоҳ таолонинг муқаддас каломи Қуръони карим Унинг Ўзи ваъда қилганидек, қиёматга қадар ўзгармасдан қоладиган, тиловати ҳам, ҳукми ҳам, матни ҳам бирдек сақланиб қоладиган илоҳий муқаддас, мўжиза каломдир.
Орипов Завқиддин,
Навоий вилояти Қизилтепа тумани
“Боязид Бистомий” жоме масжиди имом хатиби
Онлайн суҳбатни Муҳтарама УЛУҒОВА уюштирди.
[1] Мансуров А. “Қуръони карим маъноларининг таржимаси”. – Т. “Тошкент ислом университети” нашриёт‑ матбаа бирлашмаси, 2004 й.
[2] Нисо сураси, 82-оят.
[3] Имодуддин Исмоил ибн Касир. “Тафсирул қуръанил азим”, дорул маърифа. Ливия – Байрут.1409-1989. 1-ж, 32-б.
[4] Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ибн Али Абу Бакр ал-Байҳақий. “Шуъаб ул-имон”. Имом Нававийнинг “Саҳиҳу Муслим”га шарҳи. 1-ж, 120-б. http://www.al-islam.com
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси