Умматимдан ким 40 ҳадисни одамларга ўргатиш учун ёдласа, мен қиёмат куни унга шафоатчи ва гувоҳ бўламан (Ҳадиси Шариф)
Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Баҳрамаддин домла Разовнинг навбатдаги хизмат сафари Чимбой туманига бўлди.
Ташрифдан мақсад масжидлардаги яратилган шароитлар, атрофдаги тозалик, ободонлаштириш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишиш ҳамда «Хон» жоме масжидига янги тайинланган имом ноибини жамоатга таништириш.
Қози тумандаги марказий «Хон» жоме масжидида жамоат билан учрашар экан, «Тўй бериш одоби» мавзусида маъруза қилди. Маърузаси давомида исрофгарчиликнинг олдини олиш, бидъат-хурофатларга қарши курашиш, шунингдек, ота-оналар, устозлар ва жамият биргаликда ёшларнинг маънавий, илмий ва жисмоний ривожланишига эътибор қаратиш, уларни илм олишга йўналтириш ва унинг фазилати, юртимиздаги тинчлик, хотиржамлик ва фаровонликнинг қадрига етиш ҳақида гапирди. Марузаси давомида юртимизда ҳукм сураётган тинчликнинг қадрига етиш, амалга оширилаётган эзгу ишларга ўзимизнинг инсонийлик ҳиссамизни қўшиш, ёшлар тарбияси, фарзандларимизга илм ўргатиш, ҳалол касб эгаллашга қизиқтиришимиз, шунингдек, миграция масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтди.
Қози домла шу йили Тошкент ислом институтини тугатган, Чимбой тумани «Хон» жоме масжидига имом ноиби бўлиб тайинланган Рахим Баймуратовни жамоатга таништирди ва унинг келгуси ишларида омадлар тилаб, дуолар қилди.
Б.Аббазов, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими.