Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Сентябр, 2026   |   6 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:45
Қуёш
06:05
Пешин
12:18
Аср
16:40
Шом
18:33
Хуфтон
19:49
Bismillah
17 Сентябр, 2026, 6 Рабиъус сони, 1448

Рамазон - бу ғанимат дамлар (Танловга)

17.05.2020   11418   4 min.
Рамазон - бу ғанимат дамлар (Танловга)

Рамазон ойини ажр ва фойдаларга эришадиган мавсум қилган Зот Аллоҳ таолога ҳамдлар, нажот ва ҳидоят элчиси бўлган пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин.

Бу ойни ғанимат билиб, солиҳ амаллар билан кечиришга ёрдам берадиган бир неча ишларни маслаҳат берамиз:

  1. Рамазон рўзаси одат эмас ибодатдир:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Рамазон рўзасини (унинг фарзлигига) иймон билан, унга бериладиган савобни умид қилиб тутса, ўтган гуноҳлари кечирилади» деганлар (Имом Буҳорий, Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисдаги «Савобни умид қилган ҳолида»нинг маъноси - «Аллоҳдангина савоб умид қилиб, риё ва сумъадан ҳоли, мол-дунё мақсадида бўлмаган ҳолда» демакдир.

  1. Рамазон шукри - адо қилиниши лозим бўлган неъматдир.

Рамазон қелишидан илгари вафот этган инсонлар ҳақида ўйлаб кўринг. Уларнинг амаллари тўхтади, саҳифалари ёпилди. Энди улар оз бўлсада ҳасанот ёки хайрли иш қила олмайдилар. Сиз эса, Аллоҳ умрингизни узайтириб, бу улуғ ойга етиб келдингизми, энди савоб ва ажрларни жамлашга ҳаракат қилинг. Бу Аллоҳ бизларга бергани учун ҳамду сано айтиш керак бўлган ва шукр қилишлик вожиб бўлган улкан неъматдир.

  1. Уйқу ва бедорлик.

Агар сиз Рамазон кундузларини уйқу, кечаларини бедорлик ва ўйин-кулгу билан ўтказадиган бўлсангиз у ҳолда, рўзадорлик ва ибодатларда қоим бўлганлик савобидан маҳрум бўласиз ва бу ойдан қўлларингиз бўш ҳолда чиқасиз. Бу ой саноқли кунлар ва фазилатли кечалардир. Эртага лаззат ва неъматларга элтувчи бўлган тоат-ибодатлар сари интилинг. Бу ой кириб келса, ғафлатда юришдан сақланинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Рамазонга кириб, ундан гуноҳлари мағфират қилинмасдан чиққан қишининг бурни ерга ишқалансин» деганлар (Термизий ва Ҳокимлар ривояти).

  1. Рамазон –Қуръон тиловати ойи.

Рамазон-Қуръон ойи. Салафлар Рамазон кириши билан Қуръон тиловатига қаттиқ берилишар, уни бошқа барча ибодатлардан кўра биринчи ўринга қўяр эдилар. Ривоят қилинишича, уларнинг баъзилари бу ойда ҳар куни Қуръонни  ҳатм қилиб, ўқиб чиқар эдилар. Сиз ҳам бу ойда тиловат қоидаларига имкон қадар риоя қилиб, тадаббур, тартил ва ҳушуъ билан Қуръон тиловатига бел боғланг.

  1. Садақа

Рамазонда садақа қилиш бошқа ойлардан кўра фазилати ва савоби кўпроқдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кирса жуда ҳам кўп садақалар қилар, янада сахий, мурувватли бўлиб кетар эдилар. Бу ойда садақалар қилишга, ўзингизда бор нарсалардан бошқаларга инфоқ-эҳсон қилишга қаттиқ интилинг.

  1. Охирги ўн қунлик

Охирги ўн кунликда ибодатлардаги тиришқоқлигингиз ўтган кунлардан кўра кучлироқ бўлишига ҳаракат қилинг. "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам охирги ўн қунлик бошланса, ўзлари кечалари ибодатлар билан бедор бўлар ва аҳли-оилаларини ҳам шунга тарғиб қилиб уйғотар эдилар" (Муттафақун алайҳи).

  1. Лайлатул қадр-қадр кечаси

Қадр кечасини Рамазоннинг охирги тоқ кунлардан қидиринг. У тунларни намозда қоимлик, Қуръон тиловати, зикр, дуо каби ибодатлар ила ўтказинг. Чунки у кечада қилинган ибодатнинг савоби, қадр қечаси бўлмаган минг ойда қилинган ибодатнинг савобидан кўпроқдир.

  1. Кўзни тийиш

Аллоҳ таоло харом қилган нарсаларга қарашдан кўзни сақлаш - кўпчилик амал қилмайдиган ибодатдир. Нима учун бу улқан ибодатни тирилтириб, амалга оширишга ҳаракат қилмайсиз?

  1. Зикр

Барча ҳолатларингизда Аллоҳни эсловчи зокир бўлинг. Аллоҳни зикр этувчилар шак-шубҳасиз дунёю охиратда нажот топадилар.

  1. Дуо

Дуо ибодатдир. Бу банданинг Роббисига  барча ҳолатларида доимо муҳтожлиги ва фақирлигига далилдир. Аллоҳ таоло ушбу оятда дуони ибодат деб номлаган: «(Эй инсонлар), Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуо-илтижоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳанннамга кирурлар», деди» (Ғофир, 60)   Сиз ҳам  дуо ибодатидан ғофил қолманг.

  1. Ейиш ва ичиш.

Кўп ейиш ва ичишдан ўзингизни тийинг. Чунки у дангасалик, эринчоқлик ва  бўшашишга олиб келади.

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни бундай улуғ кунларни ғанимат билиб, ҳар бир лаҳзасини беҳуда нарсалар билан ўтказмасликни насиб қилсин!

 

Ҳайтмурат ЕРЕЖЕПОВ,

Имом Бухорий номидаги

Тошкент ислом институти 2-босқич талабаси.

 

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

21.08.2026   100856   2 min.
Зеки Каймаз: Келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунёда ёрқин юлдуз сифатида кўраман

Турк тили институти Илмий кенгаши аъзоси, филолог олим, профессор Зеки Каймаз Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Аввало, Ўзбекистон халқини истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан табриклайман. Ўттиз беш йил оз вақт эмас. Мен юз йилдан ошган мустақил Туркия фуқароси сифатида Сизларга ҳам яна кўп асрлар мустақиллик шодиёнасини нишонлашингизни тилайман.

Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан яқин муносабатда бўлиб келганмиз. Айниқса, Туркиядаги миллий озодлик кураши даврида бизга бу диёрдан жўнатилган кўмакни доимо катта миннатдорлик билан ёдга оламиз.

Қардош ўзбек халқи биз учун доимо яқин биродар, қалин дўст бўлиб келган. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти бизни жуда мамнун қилади. Ушбу заминга ҳар борганимда гўзал ва обод мамлакатни кўрамаз. Юртингизда маданият ва маърифат ўчоқлари бисёр. Албатта, бу тамаддун ва цивилизациянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади.

Марказий Осиёдаги илк ўрта асрлардаги Биринчи ренессанс ҳамда Амир Темур асос солган Иккинчи ренессанс даврларида бу заминда буюк цивилизация шаклланди. Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий зиёратгоҳи каби маданий-маънавий масканлар ислом оламида муҳим аҳамиятга эга.

Геостратегик мавқеи нуқтаи назаридан, мен келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунё, хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида ёрқин юлдуз сифатида кўраман.

Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, мамлакатдаги кучли иқтисодиёт. Қолаверса, чуқур илдизларга эга бўлган бой маданият ва тарих. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Тилагим – дўстлик ришталаримиз янада мустаҳкамлансин, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага кўтарилсин.

Яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзбек халқига самимий саломларимни йўллайман.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари