Рамазон – маънавият ва маърифат ойи. Унинг ҳар бир куни инсонга ҳузур бахш этади. Ҳар бир мўминни тафаккур қилишга ундайдиган – Рамазон ойининг таърифлари бисёр. Мўмин-мусулмонлар ўн бир ой соғинч ва иштиёқ билан кутадиган, ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, дуолар ижобат онлари, саховатлар жўш урадиган давр, Қуръон ойи муборак Рамазондир. Унга машҳурликда, буюкликда ҳеч бир ой тенг кела олмайди. Бу ой мусулмонларнинг муҳаббатига сазоворлиги билан ҳам алоҳида – танҳо. Шунинг учун ҳамки, унинг келиши интиқ кутилажак.
Бу ойнинг фазилат, хислатлари кўп. Уларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Таърифини ҳар қанча келтирманг, камдек кўринаверади. Бу ой инсоннинг онгу тафаккури маънан юксалади. Шунинг учун ҳам, маънавият ва маърифат ойи, деб таъриф берамиз.
“Рамазон – маънавият ва маърифат ойи” дейилишига бир қанча сабаблар бор:
Биринчидан, бу ойда илм билан машғул бўлинади. Билмаганни билишга интилинади, англанганларини эса ўзгалар билан улашишга алоҳида эътибор қаратилади. Қуръони карим ўқилади, ҳадислар айтилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Қуръондан бир ҳарф ўқиса, унга бир яхшилик бўлади. Бир яхшилиги ўн баробар бўлади. Алиф, лам, мим бир ҳарф, демайман. Лекин алиф бир ҳарф, лам бир ҳарф, мим бир ҳарфдир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Иккинчидан, инсонлар бир-бирининг ҳолидан хабар олади. Уришганлар ярашади. Гиналар унутилади. Ёлғон гапиришдан тийилади. Кимнидир ҳақорат қилишдан йироқлашилади. Кечиримли бўлинади. Бир сўз билан айтганда, қалблар яқинлашади. Ширинсўзлик ошади. Чин маънода айтганда, одамлардаги ҳушмуомалалик юксалади. Кимнидир ҳафа қилишдан тийилади. Диллар янада покланади. Ҳуллас, рамазон шунинг учун ҳамки маънавият ва маърифат ойидир.
Учинчидан, рамазон ёрдам, кўмак ойидир. Муҳтожлар ёд олиниб, эҳтиёжмандларга ҳар доимгидан кўпроқ мадад берилади. Ҳам моддий, ҳам маънавий. Вирус туфайли икки ойдир-ки, моддий ва маънавий эҳтиёжманд оилаларга беғараз кўмак берилмоқда.
Тўртинчидан, рамазон ойининг шарофатидан инсон ўзида эзгу амалларни мужассам қилади.
Бешинчидан, рамазонда мақсадлар муштарак. У шуниси билан бирдамлик ойи. Чунки бу ойда фақат эзгу ниятлар қилинади, уларнинг рўёби учун жидду жаҳд қилинади. Бу ойда одамлар риёзат билан ўзини ислоҳ қилишга шошади. Шу боисдан рамазонда ҳасад, гинаю кудрат, хусуматга ўрин йўқ. Бу каби иллатлардан чекинилади.
Олтинчидан, огоҳлик, дахлдорлик ойи. Бу ойда имон синовдан ўтади. Атрофдагиларга ўзгача – меҳр, муҳаббат, ҳурмат нигоҳи билан қаралади. Айблар кўринмайди, камчиликлар ёпилади. Атрофдагиларнинг ҳар бир ҳолатидан огоҳлик кузатилади, уларнинг муаммолари ечимида дахлдорлик ҳисси кучаяди.
Еттинчидан, ғанимат ойи. Рўзадорлар мақсад қилинган ишларини бажаришга, берилган вақтни ғанимат билиб, натижадор ишларга бел боғлашга шошилишади. Чунки бу ойнинг савоби ҳар қачонгидан кўп, дуоларнинг бисёр ижобати бор.
Саккизинчидан, ибодат ойи. Аслида, рўза – ибодат. Қуръон ўқиш – ибодат. Аллоҳ буюрганларини бажариб, қайтарганларидан қайтишлик – ибодат. Бундан ташқари, ушбу ойда тунги ибодатларга кенг ўрин берилади.
Шунингдек, рамазон руҳан покланиш, ахлоқан юксалиш ойи ҳамдир. Рамазонда шайтонлар кишанланиб, инсонни ёмонликка чорловчи васвасалари чекланиб, одамларга ўзларини тарбиялаш учун имкон берилади. Бинобарин, бу ойда қилинган гуноҳнинг жазоси оғир бўлади.
Рамазонда ёлғон гапиришдан тийилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ёлғон гапиришни ва унга кўра амал қилишни қўймаса, унинг таом ва ичимлигини тарк этишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ", деганлар.
Рамазон – сабр-бардош ойи. Машаққатларга қарамай ўзининг энг муҳим эҳтиёжларини тийган киши сабр ва чидамнинг юқори даражаларини ўзлаштиради. Аммо унутмаслик лозимки, овқатдан тийилиш билангина мақсадлар ҳосил бўлмайди. Бунинг учун инсон ғоявий, руҳий жиҳатдан ҳам тайёр бўлиши лозим. Ҳатто хаёлини бошқарсин – ёмонликларни унутсин. Имкони бўлса, бир умрга.
Рамазон тарбия ойи ҳамдир. Унда нафслар тарбия қилинади – эзгулик сари бошқарилади. Маълумки, тарбия инсон туғилмасиндан аввалроқ бошланади ва бир умрлик ишдир. Унинг тўғри ташкил қилиниши эса камолот кафолатидир. Рамазон бизга бунга имкон ойи ҳисобланади. Ўзгаларни ўзига ойна билган ҳар ким руҳан покланиб, ақлини тартибга солишга шошилиши талаб қилинади.
Рамазоннинг боши – ният. Ният бўлганда ҳам ибодат, эзгулик учун ният. Қалб тайёрлиги. Жисм ҳозирлиги. Чин ихлос. Икки дунё саодати ҳақида тафаккур. Демак, рамазонга руҳан ва жисман тайёр бўлиш зарур. Жисм ҳозирлиги очликка бардош, турли иллатлардан, ёмон сўзлардан йироқлик бўлса, руҳ яратганига яқинликни ҳис этиши, у ҳар қачонгидан-да кўпроқ кузатилаётганию тингланаётганидан завқ олиши руҳ тайёрлигидир.
Рамазон ойида жаннат дарвозалари очилиб, дўзах эшиклари ёпилади. Бу эса оз амал билан кўп савоб олиш имкониятидир. Ундан қандай фойдаланиш эса ақл эгалари ўз ишидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутса, унинг олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилади” деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Қиёмат куни рўза рўзадорни шафоат қилади. Бу эса муқаррар жаннат деганидир. Ҳар бир инсоннинг асл нияти биринчи одам қувилган – жаннатга қайтиш экани эътиборга олинса, ушбу ойнинг аҳамияти ойдинлашади.
Хуллас, рамазон улуғ, ҳикмати кўп. Унга муносиб бўлиш лозим. Муносиблик эса юқорида келтирилганлар ижроси билан бўлади.
Мунира Кахарова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
бўлими бошлиғи
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 14 мартдаги “Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарорига кўра, Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Мотуридий, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ташкил этилган анжуманда дунёнинг ўттизга яқин давлатидан муфтийлар, исломшунос ва диншунос олимлар, диний-маърифий соҳа вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуман муносабати билан ўтказилган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари – матбуот котиби Илҳом Маърупов конференция ва унинг доирасидаги тадбирлар ҳақида маълумот берди.
– Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жамиятда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш, буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш бўйича пухта ўйланган изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда, – деди И.Маърупов. – Ушбу эзгу ишларнинг узвий давоми сифатида 2025 йил 29-30 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида “Мотуридийлик – бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат таълимоти” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилмоқда.
Сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда мотуридийшунослик илмий мактаби шаклланди, десак тўғри бўлади.
Конференциянинг аҳамияти ва долзарблиги ҳақида гапирганда бугунги кунда қуйидаги омиллар Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини чуқур ўрганишни тақозо этаётганини алоҳида қайд этиш лозим:
– муқаддас ислом дини ниқоби остида фаолият юритаётган радикал гуруҳлар ҳаракати кучайиб бораётган бугунги шароитда халқаро майдонда Имом Мотуридий таълимотини ўрганишга эътибор ошмоқда;
– мотуридийлик мактабининг бағрикенг ғоялари, асрлар давомида минтақамиз хусусиятларига мос ҳолда шаклланган инсонпарвар таълимоти радикализмга қарши курашнинг таъсирчан ва самарали воситаси сифатида баҳоланмоқда.
Конференция 3 та шуъбада фаолият олиб боради:
Биринчи шуъба “Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросининг ислом илмлари ривожидаги ўрни” мавзуига бағишланган бўлиб, унда Имом Мотуридий, мотуридий алломалари ва издошлари ҳаёт йўли, Мовароуннаҳр калом илми мактаби ривожланиш тарихи ҳақида баҳс-мунозаралар, илмий музокаралар бўлиб ўтади.
Иккинчи шуъба “Мотуридийлик таълимотида умуминсоний қадриятлар талқини” мавзуида бўлиб, у Мотуридийлик таълимотида илгари сурилган ғоялар, жумладан, бағрикенглик, мўътадиллик ва маърифат назарияларининг шаклланишига оид мунозараларни ўз ичига олади.
Учинчи шуъба “XXI асрда мотуридийлик таълимотининг аҳамияти” мавзуига бағишланган бўлиб, у Имом Мотуридий ва унинг издошлари илмий меросида кўтарилган мавзуларнинг бугунги кундаги долзарб муаммоларни ҳал қилишдаги илмий ва назарий аҳамиятига оид баҳс-мунозараларни қамраб олади.
Анжуман якунида Имом Мотуридий илмий мероси ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни янги босқичга олиб чиқиш бўйича нуфузли олимларнинг таклиф ва ташаббуслари асосида якуний декларация қабул қилинади.
Бугун анжуман қатнашчилари учун Самарқанд шаҳридаги муқаддас қадамжолар ва тарихий-маданий ёдгорликларга саёҳат кўзда тутилган.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (видео), ЎзА мухбирлари