Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
15 Сентябр, 2026   |   4 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:43
Қуёш
06:03
Пешин
12:18
Аср
16:43
Шом
18:37
Хуфтон
19:52
Bismillah
15 Сентябр, 2026, 4 Рабиъус сони, 1448

Қадр кечаси аломатлари

17.05.2020   8170   3 min.
Қадр кечаси аломатлари

Қуръони каримда қадр кечасининг минг ойдан яхшироқ эканлиги зикр қилинган. Ҳадиси шарифларда ҳам ушбу кечани топган ва уни бедор бўлиб ибодат билан ўтказган инсоннинг гуноҳлари кечирилиши марҳамат қилинган. Уламоларимиз ҳадислар ва саҳобайи киромларнинг сўзларидан хулоса қилиб қадр кечасининг бир қанча аломатлари бўлишини айтишган. Қуйида шу ҳақида сўз юритамиз.

  • Ҳавонинг мўътадил бўлиши ва шамол сокин эсиши. Ибн Хузайма Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қадр кечаси нурли, очиқ, совуқ ҳам, иссиқ ҳам бўлмаган кечадир. Унинг тонгида Қуёш нурсиз қизил бўлиб чиқади». Бошқа ҳадисда ушбу кеча сокин бўлиб унда ёмғир ёғиши ҳам мумкинлиги айтилган. Демак, ҳаво мўътадил бўлиши, ўта иссиқ ёки ўта совуқ бўлмаслиги, шу билан биргаликда, баъзида сокин, ёмғирли кеча бўлиши қадр кечасининг аломатларидан бири экан.
  • Фаришталар тушиши сабаб қалб хотиржам бўлиши. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Албатта, фаришталар ўша кечада ерда майда тошлардан ҳам кўп бўлади». Ушбу кечада ерда фаришталар кўплигидан инсон бошқа кечаларда ҳис қилмаган қалб хотиржамлиги, кўнгил кенглиги ва ибодат лаззатини ҳис қилади.
  • Тонгда Қуёшнинг нурсиз бўлиши. Имом Муслим Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Қадр кечасининг тонгида Қуёш то кўтарилгунига қадар нурсиз, худди тоғора каби чиқади». Ушбу ҳадисни шарҳлаган Қози Иёз икки хил кўриниш эҳтимоли бўлиши мумкинлигини айтганлар. Биринчиси, бу аломат айни шу ҳадис айтилган вақтдаги қадр кечасига хос эканлиги ва бошқаларига хосланмагани; иккинчиси, бу ҳолат фақат қадр кечасига хос бўлиши; Баъзилар кечаси тушган фаришталар қуёш чиқаётганда самога кўтарилиб Қуёшнинг нурини тўсиши ва шу сабаб у нурсиз чиқишини айтишган. Демак, ушбу ҳолатни ҳам қадр кечаси аломати сифатида қабул қилиш мумкин экан.
  • Ушбу кечанинг саломатлик кечаси бўлиши. Аллоҳ таоло айтади: «У то тонг отгунча салом бўлиб турадир» (Қадр сураси, 5. Тафсири ҳилол). Машҳур муфассирлардан Қатода ва Ибн Зайд ушбу оятни шундай шарҳлашган «Унинг барчаси яхшилик, то тонг отгунича унда ёмонлик бўлмайди».

Аслида, юқорида биз санаб ўтган аломатлар одатда қадр кечаси ўтгандан сўнг билинади. Ҳадиси шарифларда ушбу аломатлар зикр қилинишидан мақсад эса ушбу кечани топган ва уни ибодат билан ўтказган инсонлар Аллоҳ таоло уларни ана шундай неъматга мушарраф этгани учун Унга ҳамд айтишлари ҳамда кўнгиллари хотиржам бўлиши учундир. Ушбу муборак кечани топиш учун эса уламоларимиз Рамазоннинг охирги ўн кунини ғанимат билиб, унда ибодат билан билан бедор бўлишни тавсия қилишган. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу кечани топишни ва улкан савобларни қўлга киритишни насиб айласин!

 

Манбалар асосида

Ийсохон Яҳё тайёрлади

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Муфтий ҳазрат Саудия Арабистонидаги нуфузли халқаро анжуманда иштирок этмоқдалар

07.09.2026   31100   1 min.
Муфтий ҳазрат Саудия Арабистонидаги нуфузли халқаро анжуманда иштирок этмоқдалар

Бугун, 7 сентябрь куни мусулмон дунёсининг энг нуфузли илмий муассасаларидан бири — Халқаро Ислом фиқҳи академияси томонидан Жидда шаҳрида халқаро конференция ўз ишини бошлади.

Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари мазкур давлатлараро мақомга эга ташкилот аъзоси сифатида иштирок этмоқдалар.

Илмий-фиқҳий кенгашда мусулмон оламининг кўзга кўринган уламолари, академияга аъзо давлатларнинг муфтийлари, етакчи фатво кенгашлари раҳбарлари, Ал-Азҳар сингари йирик илм даргоҳларининг олимлари ҳамда нуфузли тадқиқот марказлари профессорлари қатнашмоқда.

Сўзга чиққан нотиқлар хотин-қизларни ҳар қандай шаклдаги тазйиқ, зўравонлик ва камситишлардан ҳимоя қилишда дин пешволари ҳамда уламоларнинг ўрнини ошириш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ҳамда зўравонликка қарши муросасиз муҳитни шакллантиришда илмий-шаръий манбаларнинг аҳамияти ҳақида нутқ қилмоқдалар. Шунингдек, Ислом дини аёллар ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини юксак даражада қадрлашини тарғиб қилишга алоҳида урғу қаратмоқдалар.

Анжуман тафсилотларини тармоқларимизда кузатиб боринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари