Динимизда ростгўйлик юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Ростгўйлик, аҳдга вафо ва омонатдорлик жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ростгўйлик йўқ жойда ўзаро ишонч ва садоқат йўқолади. Агар бундай хислатлар ҳаётимиздан йўқолиб бораверса, ўзаро ишончсизлик кучайиб, инсонлар орасига адоват уруғини ташлайди. Натижада жамиятда турли ҳил муаммолар юзага келади. Жамият тараққиёт йўлидан илгарилаб бориши учун уни ташкил этувчи фуқаролар ўзаро ишонч билан, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаши лозим. Бу хислатлар ҳаётнинг бир маромда давом этишини таъминлайди десак, асло муболаға бўлмайди.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятга юборган пайғамбарларнинг хулқларида кўзга ташланиб турадиган улуғ ҳислатлардан бири ростгўйлик ва садоқат эди. Аксинча, ёлғончилик, ишончсизлик ва хиёнат каби иллатлар пайғамбарларга ёт бўлган.
Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз”, деб марҳамат қилади. Демак, мўмин-мусулмонлар, аввало Аллоҳ таолодан қўрқишга, сўнгра иймонида ростгўй инсонлар билан бирга бўлишга буюрилмоқда.
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши рост сўзлаб юради. Ҳаттоки, Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилади. Ёлғончилик ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради. Киши ёлғон сўзлаб юради. Ҳаттоки, Аллоҳ ҳузурида каззоб (ёлғончи) деб ёзилади”, дедилар (Муттафақун алайҳи).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида ростгўйлик ва ёлғончиликнинг ўртасини ажратиб бериб, ҳар бирининг олиб борадиган манзилини ҳам таъкидлаб келтирмоқдалар. Ҳар бир мўмин-мусулмон Роббисининг ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилмоқлиги учун ёлғончиликдек динимизда катта гуноҳ бўлган ишлардан ўзини сақламоқлиги лозим экан.
Ростгўйлик ва садоқат жамият учун ҳам жуда зарур. Қайси жамиятда аҳдга вафо, садоқат ва ростгўйлик кенг ёйилса, ана шу жамият ислоҳ топиб, фуқаролар ўртасида ўзаро ишонч ортади, меҳр-оқибат кучаяди, олди-берди ва савдо-сотиқ ишларида хиёнат ва алдамчилик барҳам топади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни гуноҳ ишлардан ўзи сақлаб, дунё ва охиратимизга манфаатли бўладиган амалларга йўлласин амин.
М.Муҳаммаджонов,
Учкўприк тумани “Кушки туркон” масжиди имом-ноиби
Манбалар асосида тайёрланди
Индонезия ОАВларида Тошкент, Самарқанд ва Термиз шаҳарларида бўлиб ўтган I Халқаро ислом цивилизацияси форуми, унинг якунлари ва халқаро аҳамияти кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Хусусан, “Garuda TV”, “Indonesiainside”, “Kabarsurya”, “Apaberita”, “Retizen (Republika)” “Kalimantan Post”да турли материаллар эълон қилинди.
Таъкидланишича, “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” шиори остида ташкил этилган форумда кўплаб мамлакатлардан олимлар, дин арбоблари, экспертлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари фаол иштирок этган.
Индонезия оммавий ахборот воситалари форумнинг энг муҳим натижалари сифатида Тошкент декларацияси қабул қилинганига алоҳида эътибор қаратди. Ислом цивилизацияси меросини рақамлаштириш, электрон кутубхона ва ягона реестр яратиш, музейлар ҳамда тадқиқот муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш бўйича илгари сурилган таклифлар форумнинг муҳим амалий натижалари сифатида баҳоланди.
Мақолаларда Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тараққиётига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилган. Самарқанд, Бухоро ва Термиз каби шаҳарларнинг жаҳон илм-фани ҳамда ислом маданияти ривожида тутган ўрни юксак баҳоланган.
Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий сингари буюк алломаларнинг илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилган.
Индонезия оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материаллар таҳлили шуни кўрсатадики, I Халқаро ислом цивилизацияси форуми нафақат Ўзбекистон, балки бутун ислом олами учун муҳим халқаро илмий-маърифий воқеа сифатида эътироф этилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати