Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
09 Август, 2026   |   26 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:55
Қуёш
05:26
Пешин
12:34
Аср
17:26
Шом
19:35
Хуфтон
21:04
Bismillah
09 Август, 2026, 26 Сафар, 1448

Ростгўйлик

14.05.2020   10091   2 min.
Ростгўйлик

Динимизда ростгўйлик юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Ростгўйлик, аҳдга вафо ва омонатдорлик жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ростгўйлик йўқ жойда ўзаро ишонч ва садоқат йўқолади. Агар бундай хислатлар ҳаётимиздан йўқолиб бораверса, ўзаро ишончсизлик кучайиб, инсонлар орасига адоват уруғини ташлайди. Натижада жамиятда турли ҳил муаммолар юзага келади. Жамият тараққиёт йўлидан илгарилаб бориши учун уни ташкил этувчи фуқаролар ўзаро ишонч билан, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаши лозим. Бу хислатлар ҳаётнинг бир маромда давом этишини таъминлайди десак, асло муболаға бўлмайди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятга юборган пайғамбарларнинг хулқларида кўзга ташланиб турадиган улуғ ҳислатлардан бири ростгўйлик ва садоқат эди. Аксинча, ёлғончилик, ишончсизлик ва хиёнат каби иллатлар пайғамбарларга ёт бўлган.

Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз”, деб марҳамат қилади. Демак, мўмин-мусулмонлар, аввало Аллоҳ таолодан қўрқишга, сўнгра иймонида ростгўй инсонлар билан бирга бўлишга буюрилмоқда.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши рост сўзлаб юради. Ҳаттоки, Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилади. Ёлғончилик ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради. Киши ёлғон сўзлаб юради. Ҳаттоки, Аллоҳ ҳузурида каззоб (ёлғончи) деб ёзилади”, дедилар (Муттафақун алайҳи).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида ростгўйлик ва ёлғончиликнинг ўртасини ажратиб бериб, ҳар бирининг олиб борадиган манзилини ҳам таъкидлаб келтирмоқдалар. Ҳар бир мўмин-мусулмон Роббисининг ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилмоқлиги учун ёлғончиликдек динимизда катта гуноҳ бўлган ишлардан ўзини сақламоқлиги лозим экан.

Ростгўйлик ва садоқат жамият учун ҳам жуда зарур. Қайси жамиятда аҳдга вафо, садоқат ва ростгўйлик кенг ёйилса, ана шу жамият ислоҳ топиб, фуқаролар ўртасида ўзаро ишонч ортади, меҳр-оқибат кучаяди, олди-берди ва савдо-сотиқ ишларида хиёнат ва алдамчилик барҳам топади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни гуноҳ ишлардан ўзи сақлаб, дунё ва охиратимизга манфаатли бўладиган амалларга йўлласин амин.

М.Муҳаммаджонов,
Учкўприк тумани “Кушки туркон” масжиди имом-ноиби
Манбалар асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Дунё тамаддунини ёритган маърифат нури

07.07.2026   23966   3 min.
Дунё тамаддунини ёритган маърифат нури

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли” мавзусидаги I Халқаро ислом цивилизацияси форуми ўз ишини бошлади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ислом цивилизацияси халқаро I форуми  иштирокчиларига мурожаатини Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Хайриддин Султонов ўқиб эшиттирди.

Мурожаатда таъкидланганидек, бугунги  мураккаб вазиятда азалдан башариятнинг тинч-тотув ҳаёти, ҳамжиҳатлик ва маърифатга интилиши, тадрижий ривожланиши учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиб келган эзгу тушунчалар, жумладан, исломий қадриятлар алоҳида аҳамият касб этади. Бу қадриятлар асрлар давомида илмий тараққиёт, маданий юксалиш ва маънавий камолотнинг қудратли манбаи сифатида жаҳон тафаккури ривожига беқиёс ҳисса қўшган ва умуминсоний мероснинг ажралмас қисмига айланган.

Шу маънода, 2017 йилда БМТнинг юксак минбаридан Ўзбекистон илгари сурган “Жаҳолатга қарши маърифат” деган концептуал ғоя оддий, аммо ўзгармас бир ҳақиқатни тасдиқлайди: бугунги нотинч ва таҳликали дунёда фақат илм-фан, таълим-тарбия, маданият ва юксак ахлоқий қадриятларгина ер юзида тинчлик, ўзаро тушуниш, ижтимоий ҳамжиҳатлик ва барқарор ривожланиш учун ишончли пойдевор бўла олади.

Дарҳақиқат, муқаддас ислом динимиз инсониятни тинчликка, меҳр ва оқибат, бағрикенглик, ижтимоий адолат, бунёдкорлик ва тараққиётга, эзгу амалларга ундаши билан ғоят қадрлидир.

Ислом цивилизациясининг бой илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш ва уни жаҳон ҳамжамиятига кенг танитиш мақсадида мамлакатимизда Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси каби йирик маърифий ва илмий-маънавий масканлар барпо этилди. Бугунги кунда мазкур мажмуалар нафақат миллий маънавий ҳаётимизнинг муҳим марказлари, балки халқаро илмий ҳамкорлик, тадқиқот ва маърифат алмашинуви учун муҳим платформа сифатида шаклланиб бормоқда.

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

“I Халқаро ислом цивилизацияси форуми: тинчлик, бағрикенглик ва илм–маърифат йўли”нинг асосий мақсади – ислом цивилизациясининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини очиб бериш, унинг илм-фан, маданият ва маънавий тараққиётга қўшган улкан ҳиссасини намоён этиш, шунингдек, замонавий дунёда тинчлик, бағрикенглик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб қилишдек мақсадларга қаратилгани билан диққатга сазовордир.

Форум доирасида ўндан ортиқ ялпи мажлислар ташкил этилиб, мавзуга доир долзарб масалалар кенг ва атрофлича таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинмоқда.

                                                                  Назокат Усмонова,

                                                              Аслиддин Алижонов (сурат),ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари