Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Ростгўйлик

14.05.2020   10336   2 min.
Ростгўйлик

Динимизда ростгўйлик юксак инсоний фазилатлардан ҳисобланади. Ростгўйлик, аҳдга вафо ва омонатдорлик жамият ҳаётида муҳим ўрин тутади. Ростгўйлик йўқ жойда ўзаро ишонч ва садоқат йўқолади. Агар бундай хислатлар ҳаётимиздан йўқолиб бораверса, ўзаро ишончсизлик кучайиб, инсонлар орасига адоват уруғини ташлайди. Натижада жамиятда турли ҳил муаммолар юзага келади. Жамият тараққиёт йўлидан илгарилаб бориши учун уни ташкил этувчи фуқаролар ўзаро ишонч билан, бир-бирини қўллаб-қувватлаб яшаши лозим. Бу хислатлар ҳаётнинг бир маромда давом этишини таъминлайди десак, асло муболаға бўлмайди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсониятга юборган пайғамбарларнинг хулқларида кўзга ташланиб турадиган улуғ ҳислатлардан бири ростгўйлик ва садоқат эди. Аксинча, ёлғончилик, ишончсизлик ва хиёнат каби иллатлар пайғамбарларга ёт бўлган.

Аллоҳ таоло: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва иймонларида ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз”, деб марҳамат қилади. Демак, мўмин-мусулмонлар, аввало Аллоҳ таолодан қўрқишга, сўнгра иймонида ростгўй инсонлар билан бирга бўлишга буюрилмоқда.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга олиб боради. Киши рост сўзлаб юради. Ҳаттоки, Аллоҳ ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилади. Ёлғончилик ёмонликка олиб боради. Ёмонлик эса дўзахга олиб боради. Киши ёлғон сўзлаб юради. Ҳаттоки, Аллоҳ ҳузурида каззоб (ёлғончи) деб ёзилади”, дедилар (Муттафақун алайҳи).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифларида ростгўйлик ва ёлғончиликнинг ўртасини ажратиб бериб, ҳар бирининг олиб борадиган манзилини ҳам таъкидлаб келтирмоқдалар. Ҳар бир мўмин-мусулмон Роббисининг ҳузурида сиддиқ (ростгўй) деб ёзилмоқлиги учун ёлғончиликдек динимизда катта гуноҳ бўлган ишлардан ўзини сақламоқлиги лозим экан.

Ростгўйлик ва садоқат жамият учун ҳам жуда зарур. Қайси жамиятда аҳдга вафо, садоқат ва ростгўйлик кенг ёйилса, ана шу жамият ислоҳ топиб, фуқаролар ўртасида ўзаро ишонч ортади, меҳр-оқибат кучаяди, олди-берди ва савдо-сотиқ ишларида хиёнат ва алдамчилик барҳам топади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизни гуноҳ ишлардан ўзи сақлаб, дунё ва охиратимизга манфаатли бўладиган амалларга йўлласин амин.

М.Муҳаммаджонов,
Учкўприк тумани “Кушки туркон” масжиди имом-ноиби
Манбалар асосида тайёрланди

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Шайхулислом Оллошукур Пошшозода: Ўзбекистон ўз тарихи ва диний қадриятларига юксак эҳтиром билан ёндашмоқда

09.07.2026   50353   1 min.
Шайхулислом Оллошукур Пошшозода: Ўзбекистон ўз тарихи ва диний қадриятларига юксак эҳтиром билан ёндашмоқда

—  Ўзбекистоннинг дунё ҳадис илмига тақдим этган энг катта туҳфаси – Имом Бухорий ва у зотнинг бой меросидир. Бухорий мақбараси нафақат муқаддас зиёратгоҳ, балки бутун ислом цивилизациясининг бебаҳо маънавий ва маданий меросидир. Бу маскан ҳар бир ўзбек учун қанчалик азиз бўлса, бутун мусулмон олами учун ҳам шунчалик қадрлидир.

Собиқ шўро тузуми даврида вайрон қилинган ушбу муқаддас қадамжонинг қайта тикланишида ёшлигимда иштирок этганман. Ўша йилларда бу масканнинг яна ўзининг муносиб улуғвор қиёфасига қайтиши учун устозларимиз билан қилган дуоларимиз бугун ижобат бўлганини кўриб, қалбим чексиз қувончга тўлмоқда.

Самарқанднинг шуҳратини янада юксалтирган, Имом Бухорий мақбарасини унинг муқаддаслигига муносиб муҳташам мажмуага айлантирган, Ислом цивилизацияси марказини барпо этган муҳтарам Президент Шавкат Мирзиёев жанобларига чуқур эҳтиром ва самимий миннатдорлигимизни билдирамиз. Бу ишлар Ўзбекистоннинг ўз тарихи, дини ва маънавий қадриятларига юксак эҳтиром билан ёндашаётганининг ёрқин намунасидир.

Ўзбекистонда амалга оширилаётган фундаментал ишлар бугун халқаро миқёсда муносиб баҳоланмоқда. Ислом мутафаккирлари мероси бутун инсониятнинг умумий бойлиги сифатида намоён бўлмоқда. Бу эзгу ишларга ҳисса қўшаётган Ислом цивилизацияси маркази, ИCEСCО ҳамда ушбу соҳада меҳнат қилаётган барча олимлар ва мутахассисларга самимий миннатдорчилик билдираман. Аллоҳ таоло Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини доимо ўз паноҳида асрасин.
 
Шайхулислом Оллошукур Пошозода, 
Кавказ мусулмонлари идораси раиси

МАҚОЛА