Аёл киши кўчага чиқиб ишлаши мумкинми ёки йўқ? Одамлар бу саволга жавоб беришда уч тоифага бўлинадилар.
1-тоифа. Аёл кишини уйидан ташқарида ишлаши сал кам фарз амал хисобланади. У ҳам эркак киши каби ишлаши керак.
2-тоифа. Аёл кишини кўчага чиқиб ишлаши мумкин эмас.
3-тоифа. Аёл кишини кўчага чиқиб ишлаши мумкин. Аммо шарти бор.
1-тоифадагилар. Аёл киши шахс сифатида жамиятни ярми хисобланади. Фақат уйда ўтириб , кийимларни ювиб, дазмоллаб, таом тайёрлаб, уйни тозалаб, болалар тарбияси билан шуғулланиб уйида ўтиравериши тўғри эмас. Балки у ҳам жамият ишларида фаол қатнашиб, ўзини қобилиятини, иқтидорини намоён қилиб, меҳнат қилиши ва ўз меҳнатини самарасини олишга ҳақли. Иқтисодий жиҳатдан оилага ўз улушини қўшиши керак.
2-тоифадагилар. Аёл кишининг асосий вазифаси уйида бўлиши керак. Уй ишларини идора қилиши, уй юмушларини бажариши, болалар тарбияси, эрини хизмати, ўзини иффатини сақлаб, эрини молини ҳимоя қилиб, эрига бўйин тобламасдан, итоат қилиши керак.Бу ҳақда Аллоҳ таъоло каломи Қуръони каримнинг Нисо сураси 34-оятида марҳамат қилади:
الرجال قوامون على النساء
Эркаклар аёллар устидан раҳбардурлар[1]
Ушбу оятни нозил бўлиши хусусида бир қанча муфассирлар ва Ҳасанул Басрий қуйидаги ривоятни келтирадилар. Росули акрам С.А.В нинг олдиларига бир аёл келиб, эридан шикоят қилди. Эри уни юзига бир тарсаки урганини айтди. Шунда Росули акрам: “Сен ҳам қасос олишинг мумкин. Эринг қандай урган бўлса,шундай урасан дедилар.” Ҳалиги аёл хузурларидан чиқиб уйига етмасданоқ мазкур оят нозил бўлди. Шу онда халиги аёлни кетидан одам юбориб, хузурларига қайтишини айтдилар. Аёл келди. “Роббим бу ҳақда ояти карима нозил қилди ва эрингни сенда ҳаққи бор экан. Ундан қасос олмайсан” дедилар.
Имом Аҳмад Абдуроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайҳамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Агар аёл киши беш вақт намозини ўқиса, бир ой (Рамазон) рўзасини тутса, фаржини (ҳаромдан) сақласа, эрига итоат қилса, унга “Жаннатнинг қайси эшигидан хоҳласанг киравер”, дейилади, деганлар”
Аёл киши эрига итоатсизлик қилиб, ишлайман деб туриб олса ва кўчага чиқиб кетса, энди уйидаги ишларни тўла-тўкис назорат қила олмай қолади. Ишлари билан овора бўлиб, болаларига бир энагани болалари тарбияси учун тайинлайди. Ва болалари тарбиясини бузиб тарбиялаган ўша хизматчига топган пулидан сарфлайди. Натижада қош қўяман деб, кўз чиқаради. Оила ислоҳ бўлиши ўрнига, пароканда бўлади. Болаларини ёқотади. Кўчадаги ишлари билан машғул бўлиб, кўпинча эрига ҳам тўла-тўкис рисоладагидек хизмат қилаолмайди. Айрим эркаклар эса аёли топаётган пулга ўрганиб қолиб, оила боқиш масаласига беэтиборлик қилиб, ҳамма юкни аёл киши бўйнига юклаб қўяди. Аёл киши эса кўчада ишлаб, чарчаб келади ва айрим уй юмушларини бажариши керак бўлади. Ҳам кўчада, ҳам уйда ишлаб қийналиб кетгандан кейин, айрим ишларда эрига итоат қилмай, бўйин товлашга ўтиб, гап қайтаришни бошлайди. Ўзини пул топиб келаётганини таъна қилади. Ва оилада жанжал пайдо бўлади. Энди аёл эри уни қадрига етмаётганини англагандек бўлади. Унга нисбатан кундан-кунга нафрати кучайиб боради. Уни тушинадиган, қадрига етадиган, уни асраб-авайлайдиган бошқа бир эркакни истаб қолади. Охир –оқибат кўп оилалардаги бундай яшаш тарзи уларнинг ажрашиб кетишларига сабаб бўлади.
3-тоифадагилар. Аёл киши асосий ишларни уйида бажаради. Шу билан бирга кўчага чиқиб ишлашга ҳам ҳақли бўлади.Аммо бир шарти билан. Ишлаганда ҳам аёлларга муносиб соҳаларда ишлаши керак бўлади. Қандай? Яъни ахлоқига зиён етмайдиган, эркакларга аралашиб юрмайдиган, оиласини бузилишга олиб келмайдиган. Масалан тиббиёт соҳасида, хамширалик, болалар шифокори ёки таълим соҳасида ишлаши, ўқитувчи, мураббия ёки фақат аёл-қизлар ишлайдиган корхонада, ёки шундай соҳа бўлсинки – бу соҳада эркакларнинг ишлаши мумкин бўлмайдиган бўлиши керак. Шундай бўлганда оила раҳбарлари бўлган уларнинг эрлари ҳам ишлашларига розилик берадилар. Натижада оиланинг моддий ҳолатини бир оз яхшиланишига хисса қўшган бўладилар. Ва оилани гуллаб-яшнашига ўз меҳнатлари билан кўмак берган бўладилар.
Юлдашев Иззатуллоҳ
Тошкент ислом институти “Тиллар” кафедраси ўқитувчиси
[1]Абдулазиз Мансур.Қуръони карим маънолар таржима ва тафсири -Тошкент. 2009.
Турк тили институти Илмий кенгаши аъзоси, филолог олим, профессор Зеки Каймаз Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Аввало, Ўзбекистон халқини истиқлолнинг 35 йиллиги муносабати билан чин кўнгилдан табриклайман. Ўттиз беш йил оз вақт эмас. Мен юз йилдан ошган мустақил Туркия фуқароси сифатида Сизларга ҳам яна кўп асрлар мустақиллик шодиёнасини нишонлашингизни тилайман.
Тарихга назар ташласак, Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан яқин муносабатда бўлиб келганмиз. Айниқса, Туркиядаги миллий озодлик кураши даврида бизга бу диёрдан жўнатилган кўмакни доимо катта миннатдорлик билан ёдга оламиз.
Қардош ўзбек халқи биз учун доимо яқин биродар, қалин дўст бўлиб келган. Ўзбекистоннинг бугунги тараққиёти бизни жуда мамнун қилади. Ушбу заминга ҳар борганимда гўзал ва обод мамлакатни кўрамаз. Юртингизда маданият ва маърифат ўчоқлари бисёр. Албатта, бу тамаддун ва цивилизациянинг илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалади.
Марказий Осиёдаги илк ўрта асрлардаги Биринчи ренессанс ҳамда Амир Темур асос солган Иккинчи ренессанс даврларида бу заминда буюк цивилизация шаклланди. Тошкентда бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси, Имом Мотуридий зиёратгоҳи каби маданий-маънавий масканлар ислом оламида муҳим аҳамиятга эга.
Геостратегик мавқеи нуқтаи назаридан, мен келгуси ўн йил ичида Ўзбекистонни туркий дунё, хусусан, Марказий Осиё давлатлари орасида ёрқин юлдуз сифатида кўраман.
Бунинг сабаблари бор, албатта. Аввало, мамлакатдаги кучли иқтисодиёт. Қолаверса, чуқур илдизларга эга бўлган бой маданият ва тарих. Туркия билан Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва яқин ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Тилагим – дўстлик ришталаримиз янада мустаҳкамлансин, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари юқори даражага кўтарилсин.
Яна бир бор мустақиллик байрами билан чин қалбимдан табриклайман ва ўзбек халқига самимий саломларимни йўллайман.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати