Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2026   |   27 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:30
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
21:02
Bismillah
10 Август, 2026, 27 Сафар, 1448

Қуръонда зикр қилинган ранглар

20.09.2023   5480   5 min.
Қуръонда зикр қилинган ранглар

Сариқ ранг. Бу Қуръони каримда биринчи зикр қилинган ранг бўлиб, беш ўринда учрайди:

«(Мусо) деди: “У айтмоқдаки, у ярқироқ, сарғиш рангли сигир бўлиб, кўрганларни қувонтирур”» (Бақара сураси, 69-оят).

Бу оятда сариқ ранг кўзни қувонтирадиган деб хабар берилмоқда.

«Борди-ю, шамолни юборсак ва уни (экинни қуриб) сарғайган ҳолда кўрсалар, ...» (Рум сураси, 51-оят).

Бу ерда сариқ ранг бузилиш, емирилиш маъноларини ифода этмоқда.

«(У) бамисоли бир ёмғирки, унинг (сабабидан униб чиққан) гиёҳ кофирларни таажжубга солур. Сўнгра у қуригач, уни сарғайган ҳолда кўрасиз. Сўнгра у ўтин бўлиб қолур...» (Ҳадид сураси, 20-оят).

Бу ерда ҳам туташ, қуриш-қовжираш маъноларида келмоқда.

Оқ ранг. Бу ранг Қуръони каримда ўн икки марта зикр қилинган.

«Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз...» (Бақара сураси, 187-оят).

Оятдаги оқ ранг ёруғлик, тонг отишини ифодалаб келган.

«Юзлари оқарган зотлар эса Аллоҳнинг раҳматида (жаннатида)дирлар. Улар у ерда абадий қолувчилардир» (Оли Имрон сураси, 107-оят).

Оқ ранг жаннат аҳлига хос бўлган белги-аломатдир.

«Кейин улардан юз ўгириб: “Эсизгина Юсуф!” деди. Ғам-ғуссадан унинг кўзлари оқариб (ожиз бўлиб) қолди ва у энди маҳзундир» (Юсуф сураси, 84-оят).

Бу ўринда эса, оқ ранг дард-иллат маъносида ифодаланган.

«Қўлини (қўйнидан) чиқарган эди, бирдан у қараб турганларга оппоқ (нурли) кўринди» (Аъроф сураси, 108-оят).

Бу ерда оқлик Мусо алайҳиссаломнинг мўъжизаларини тасвирлаб бермоқда.

«Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у билан ранглари турли бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир» (Фотир сураси, 27-оят).

«Оппоқ ва (май тўла қадаҳлар) ичувчилар учун лаззатлидир» (Соффот сураси, 46-оят).

Қора ранг. У Қуръони каримда саккиз марта зикр қилинган:

«Шунингдек, тонггача, яъни оқ ипнинг қора ипдан (тонгнинг тундан) ажраладиган вақтигача еб-ичаверингиз...» (Бақара сураси, 187-оят).

«Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга (ҳужжат исботи учун шундай дейилур): “Иймон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди!”» (Оли Имрон сураси, 106-оят).

«Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади» (Наҳл сураси, 58-оят).

«Сўнгра уни қорамтир хазон қилиб қўйган зотдир» (Аъло сураси, 5-оят).

«Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир» (Фотир сураси, 27-оят).

Яшил ранг. Бу ҳам Қуръони каримнинг саккиз ўрнида келади:

«Шоҳ (бир куни) деди: “Мен тушимда еттита озғин сигир еттита семиз сигирни еяётганини ва еттита яшил бошоқ билан бирга бошқа (еттита) қуриган бошоқларни кўрдим. Эй аъёнлар! Агар туш таъбирини айтувчи бўлсангиз, тушим тўғрисида фатво (жавоб) берингиз!”» (Юсуф сураси, 43-оят).

«Устиларида яшил ипак ва шойи либослар бўлиб, улар кумуш билакузуклар билан безанган бўлурлар ва Парвардигорлари уларга пок шароб ичирур» (Инсон сураси, 21-оят).

«(Жаннат аҳли) яшил ёстиқлар ва гўзал гиламлар узра ястанган ҳолларида (ўтирурлар)» (Ар-Роҳман сураси, 76-оят).

Кўк ранг. У Қуръони каримда бир марта зикр қилинган:

«(У) сур чалинадиган кундир. У кунда Биз жиноятчиларни кўзлари (қўрқувдан) кўк (нурсиз) бўлиб қолган ҳолларида йиғурмиз» (Тоҳо сураси, 102-оят).

Қизил ранг. Бир марта зикр қилинган:

«Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у билан ранглари турли бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир» (Фотир сураси, 27-оят).

Пушти ранг. Бир марта зикр қилинган:

«Бас, қачонки, (қиёмат қойим бўлгач) осмонлар ёрилиб (жаҳаннам ҳароратидан) ёғнинг дурдаси каби бўлур (қизариб қолур)» (Ар-Роҳман сураси, 37-оят).

Тўқ яшил ранг. Унинг зикри Қуръони каримда бир марта келади:

«Иккиси (серсув ва серсояликдан) тўқ яшилдирлар» (Ар-Роҳман сураси, 64-оят).

 

 

Олимжон ОБИДЖОНОВ,

Қувасой шаҳар “Ислом” жоме

 масжиди имом ноиби

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Имом Бухорий мажмуасига охирги уч ой давомида 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди

07.08.2026   17527   1 min.
Имом Бухорий мажмуасига охирги уч ой давомида 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди

Бугун вилоятимизда туризм соҳасидаги асосий мақсадлардан бири сайёҳлар сонини кўпайтириш билан бирга, уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш ва сифатли хизматлар билан таъминлашдан иборат, дейди Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шербек Бўронов.

Унинг айтишича, йилнинг биринчи ярим йиллигида Самарқандга 3,4 миллион нафардан ортиқ хорижий ва 4,7 миллион нафар маҳаллий сайёҳ келди.

“Туристларнинг ташриф давомийлиги ўртача 3 кунга етди. Бу аввалги даврга нисбатан 0,5 кунга кўпдир. Шунингдек, бир нафар сайёҳнинг ўртача харажати 400 долларни ташкил этиб, 70 фоизга ошди. Бунинг натижасида туризм хизматлари экспорти ҳажми 578,1 миллион долларга етди ва ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 144 фоиз ўсиш таъминланди”, - Бўронов сўзидан иқтибос келтиради “Зарафшон” нашри.

Унинг фикрига кўра, Самарқанднинг туристик салоҳиятида зиёрат туризми алоҳида ўрин тутади. “Зеро, буюк алломалар ҳаёти ва илмий мероси билан боғлиқ муқаддас қадамжолар йиллар давомида дунёнинг турли мамлакатларидан келувчи меҳмонларни ўзига жалб этиб келмоқда. Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасининг тўлиқ фойдаланишга топширилиши мазкур йўналишда янги имкониятлар яратди. Мажмуа кунига 65 минг нафар зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Охирги уч ой давомида зиёратгоҳга 2,8 миллиондан зиёд меҳмон ташриф буюрди”, - ўз сўзини  якунлади Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари