Шу кунларда айрим ижтимоий тармоқларда гўёки Ўзбекистондаги жоме масжидларда шу йил 6 майдан эътиборан таровеҳ ва жума намозлари ўқилиши тўғрисида тарқатилаётган аудиохабар ёлғон ва ҳақиқатга тўғри келмайди.
Аҳоли орасида асоссиз ва ёлғон хабар тарқатиш Ислом дини таълимотларида қаттиқ қораланади, қонунчиликда эса жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.
Юртимиздаги эпидемиологик вазиятни инобатга олган ҳолда аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича фатвоси ва Рамазон ойини ўтказиш бўйича баёнотида жума намози ўрнига уйда пешин намозини, беш маҳал ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозларини уйда ўқиш ҳақида алоҳида қайд этилган.
Шундай экан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг қарорларига мос равишда масжидларда жамоат бўлиб ибодат қилиш бошланиши ҳақида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий нашрлари томонидан эълон қилинади.
Ўз навбатида мўмин-мусулмонларни мана шундай ихтилоф, фитна ва иккиланишларга сабаб бўладиган материалларни тарқатмасликка чақирамиз. Аллоҳ таоло барчамизга инсофу тавфиқ бериб, тўғри йўлда собитқадам қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Жорий йилнинг 19-20 август кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг «Замонавий диний таълим: педагогика, илм-маърифат ва инновация» номли I илмий-амалий анжумани Ислом цивилизацияси марказида бўлиб ўтади.
Давлатимиз Раҳбари томонидан ҳар жабҳада олиб борилаётган янгиланиш ва ислоҳотларга ҳамоҳанг тарзда Диний идора тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу тадбирда жами 700 нафар педагог ва соҳа мутахассиси, жумладан, 300 нафар иштирокчи бевосита анжуман залида, 400 нафар иштирокчи эса ҳудудлардан видеоселектор орқали қатнашади.
Анжумандан кўзланган мақсад соҳадаги истиқболли режаларни муҳокама қилиш, диний таълимда педагогик ва касбий маҳоратни ошириш, таълим жараёнига замонавий технологияларни янада кенг татбиқ этиш ҳамда диний таълимни янги босқичга олиб чиқишдир.
Дастур доирасида соҳа раҳбарлари иштирокида таҳлилий маърузалар, таниқли профессорлар томонидан маҳорат дарслари, илмий-методик машғулотлар бўлиб ўтади. Шунингдек, иштирокчилар Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази билан яқиндан танишиб, Ҳазрати Имом мажмуасидаги тарихий қадамжо ва обидаларни зиёрат қилишади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати