Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Август, 2026   |   3 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:05
Қуёш
05:33
Пешин
12:27
Аср
17:19
Шом
19:25
Хуфтон
20:49
Bismillah
16 Август, 2026, 3 Рабиъул аввал, 1448

“Сирдарёликларга кўмак” акциясида самарқандликлар фаол

06.05.2020   4363   1 min.
“Сирдарёликларга кўмак” акциясида самарқандликлар фаол

“Сирдарёликларга кўмак” акциясида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар имом-хатиблари жуда фаол иштирок этмоқда. Куни кеча Самарқанд вилоятидаги айрим жоме масжидлар имом-хатиблари томонидан меҳр-саховат юклари юртдошларимизга етказилди.

Самарқанд шаҳридаги “Мурод Авлиё” ва “Панжоб” жоме масжидлари томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда ташвишли юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида, инсонпарварлик юклари ортилган 2 та катта юк ва 8 та ISUZU юк мошиналари, шунингдек, Ургут тумани “Чубин” жоме масжиди томонидан 4 та ISUZU юк мошинаси ўз манзилларига етказилди.

Юборилган мазкур ёрдамларнинг умумий миқдори 230 миллион сўмдан зиёд бўлиб, унинг таркибида озиқ-овқат маҳсулотлари – ун, шакар, ўсимлик ёғи, чой, макарон, гуруч ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, шунингдек, кийим-кечак ва уй-рўзғор буюмлари, дори-дармон ва бошқа кундалик эҳтиёжлар учун зарур бўлган маҳсулотлар ўрин олган.

Рамазон ойида машаққатда қолган юртдошларимизга ўз ёрдам қўлларини чўзаётган азизларимизга самимий миннатдорлигимизни билдирамиз.

Қуръони каримда мўмин-мусулмонларнинг ўзаро ёрдамлашишига катта аҳамият берилган: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг» (Моида, 2). Ҳадиси шарифда эса: “Мўмин киши мўмин биродарини ёрдамсиз қолдирмайди”, дейилган (Имом Бухорий ривояти)

Аллоҳ таоло қилаётган эҳсонларни ўз даргоҳида қабул қилсин, ажру савобларини зиёдаси билан ато этсин.

Эслатиб ўтамиз, моддий ёрдамлар Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги “Исо ўғли Мусо” жоме масжиди имом-хатиби Жалолов Авазхонга қарашли қуйидаги пластик карта рақамига ўтказилмоқда.
8600 3329 4470 9496, JALOLOV AVAZKHON номида, мурожаат учун телефон: +998949190220. Хориждаги ватандошларимизда ҳам меҳр-саховат қилиш истаги бўлса ушбу телефон орқали боғланиб, маълумот олишлари мумкин.
Олий ҳимматлигингиз учун ташаккур.

 

Ўзбекистон янгиликлари

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

11.08.2026   48976   2 min.
“Azzaman” газетаси: Янги Ўзбекистонда кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Ироқнинг “Azzaman” газетасида “Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги: Давлат барпо этишдан Учинчи Ренессанс сари” номли мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тараққиёт йўли, амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи тобора юксалиб бормоқда.

1991 йилда қўлга киритилган мустақиллик Ўзбекистон халқи ҳаётида тарихий бурилиш ясаб, миллий давлатчилик асосларини шакллантириш, иқтисодий тараққиёт пойдеворини яратиш ва ижтимоий барқарорликни таъминлаш жараёнини бошлаб берди.

2016 йилдан бошлаб Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда “Янги Ўзбекистон” тамойили асосида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Марказий Осиёда изчил ва мувозанатли ривожланиш йўлидан бораётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.

Муаллиф Ўзбекистонда сўнгги йилларда иқтисодиётни либераллаштириш, инвестицияларни жалб этиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инфратузилмани модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилган чора-тадбирларга эътибор қаратган.

Мақолада аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш, таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари сифатини ошириш, ёшлар ҳамда хотин-қизларнинг жамиятдаги фаоллигини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар ҳақида ҳам алоҳида фикр юритилган.

Нашрда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Учинчи Ренессанс” ғояси Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўналишларидан бири сифатида баҳоланган. Унда Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Имом Бухорий ва Имом Термизий каби буюк алломалар етишиб чиққан юрт бугунги кунда илм-фан, инновация, технология ва инсон капиталини ривожлантириш орқали янги уйғониш даврини яратишга интилаётгани қайд этилган.

Ироқ матбуоти Ўзбекистоннинг ислом цивилизацияси тарихидаги ўрнига ҳам тўхталиб, мамлакатда бой илмий-маърифий меросни ўрганиш ва тарғиб қилишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлаган. Жумладан, Тошкент шаҳрида бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази Мовароуннаҳр алломаларининг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини намойиш этувчи муҳим илмий-маданий маскан сифатида қайд этилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари