Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Оилада фарзанд тарбияси: КАСАЛ КЎРИШ ОДОБИ

6.05.2020   3199   16 min.
Оилада фарзанд тарбияси: КАСАЛ КЎРИШ ОДОБИ

“Мусулмон киши қачон касал дўсти зиёратига борса, то у қайтиб келгунича жаннат боғлари ичра сайр қилиб юрган бўлади” (Имом Муслим ривояти).

Ислом динида касални зиёрат қилиш савобли амаллардан ҳисобланади. Барча эзгу амаллар каби бу ишни ҳам астойдил, ихлос билан адо этиш лозим. Касалларни зиёрат этишнинг ҳам ўз одоблари бор. Уларнинг ҳузурида узоқ қолиб кетмаслик, самимий сўзлар билан кўнглини кўтариш, тузала бошлаганига ишора қилиш, доимий дуода бўлишни сўраш шулар жумласидандир.

Фарзандларни ҳам касални зиёрат қилиш одобига одатлантиришимиз лозим. Шифо ва меҳрга муҳтож кишиларни катталар билан биргаликда зиёрат қилсалар, ёшларнинг қалбида раҳмдиллик сифати шаклланиб, бошқаларнинг дардларини ҳис қилиш каби фазилатларга эга бўладилар. Шубҳасиз, бу фазилатлар уларда атрофдагиларга нисбатан меҳру шафқат уйғотиб, ўзидан кўра ўзгаларни ўйлайдиган, айниқса, ожиз ва заифларни ҳимоя қиладиган ғамхўр, меҳрибон инсонга айлантиради. Оқибатда жамиятимиз янада гўзал ва фаровон бўлади, унинг аъзолари орасида олий хулқ ва баркамол шахслар сафи кенгайиб боради. Ажру савоблари мўл бу улуғ амални Сарвари олам бизларга таълим берганлари боис, ота-боболаримиз касал ва хасталарни бориб кўриш, ёлғиз истиқомат қиладиганларнинг ҳолидан хабар олиш, меҳрга муҳтожларнинг кўнгилларини кўтаришдек амалларни ўзларининг муҳим вазифалари деб билганлар. Бу ажойиб хислатлар ва фазилатли хулқларни фарзандларига сингдириб юборганлар. Чунки Ислом касал кишини кўришга буюрибгина қолмасдан, балки касал зиёратини  мусулмоннинг дўсти зиммасидаги ҳақи қилиб белгилаб қўйган.

Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касални кўриш, жанозада эштирок этиш, мазлумга ёрдам бериш, чақириққа жавоб бериш ва саломни кенг тарқатишга бизни буюрдилар” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

رَوَى الشَّيْخَانُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: حَقُّ الْمُسْلِمِ عَلَى الْمُسْلِمِ خَمْسٌ: رَدُّ السَّلاَمِ وَعِيَادَةُ الْمَرِيضِ وَإِتْبَاعُ الْجَنَائِزِ وإِجَابَةُ الدَّعْوَةِ وَتَشْمِيتُ الْعَاطِسِ

Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмоннинг мусулмондаги ҳақи бештадир: саломга алик олиш, касални бориб кўриш, чақириққа жавоб бериш, жанозада ҳозир бўлиш ва акса урса, унга яхшилик тилаш”, дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Шунинг учун ҳам саҳобалар яхшилик қилишда ўзаро мусобақалашардилар, айниқса, касални бориб кўришга бениҳоя ошиқардилар.

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Сизлардан бугунни ким рўза тутиб ўтказди”, дедилар.

“Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу).

“Бугун сизлардан ким касални бориб кўрди?”

“Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу).

“Бугун сизлардан ким жанозада иштирок этди?”

“Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу).

“Бугун сизлардан ким мискинга таом берди?”

“Мен”, деди Абу Бакр (розияллоҳу анҳу).

“Кимда бу хислатлар жам бўлса, жаннатга киради”.

 

Касални ўз вақтида кўриш

لِقَوْلِهِ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ وَالسَّلَامُ : إذَا مَرِضَ فَعُدْهُ

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар касал бўлса, бориб кўр”, деганлар.

Ҳадис далолат қилганидек, касалликнинг бошланишида  касални кўриш лозим. Шу билан бирга, касални уч кундан сўнг кўриш лозимлигига далолат қиладиган ҳадислар ҳам бор:

رَوَى ابْنُ مَاجَةَ وَالْبَيْهَقِي قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَعُودُ  مَرِيضًا إِلاَّ بَعْدَ ثَلاَثٍ

“Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уч кундан сўнг касални бориб кўрардилар” (Ибн Можа ва Байҳақий ривояти).

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

“Касални уч кундан сўнг кўриш суннатдир” ва Аъмаший: “Мажлисда ўтирардик, агар бир кишини уч кун кўрмасак, у ҳақда сўрардик, агар у касал бўлган бўлса, бориб кўрардик”, деди (Имом Табароний ривояти).

Бу ҳадислардан хулоса қилсак, агар касал оғир бўлса, зудлик билан бориб кўриш керак. Аммо хаста киши оғир аҳволда бўлмаса, унда ҳадисга мувофиқ уч кундан сўнг бориб кўриш мақсадга мувофиқдир.

 

Касалнинг ҳолига қараб ёнида ўтириш
ёки тезда туриш

Агар касалнинг хасталиги жиддий ва у қаровчига муҳтож бўлганида ёки касал аёл киши бўлса, унинг ёнида узоқ ўтирмасдан, тез кетиш лозим.

Мабодо касалнинг касаллиги оғир бўлмаса ва ҳузурида кимдир ўтиришини, суҳбатлашишни хоҳласа, агар у толиқиб қолмайдиган бўлса, касал кўргани борганлар ёнида кўп ўтиришининг зарари йўқ.

Касални ҳар куни эмас, кунора бориб кўриш афзалдир.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кунора зиёрат қил, муҳаббат зиёда бўлади”, дедилар (Байҳақий, Табароний ва Баззоз ривояти).

 

Касални дуо қилиш

Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади.

«Пайғамбар (алайҳиссалом) касалларни бориб кўрардилар ва: “Ё Аллоҳ, инсонларнинг Раббиси, касалликни кетказгин, шифо бергин, ўзинг шифо берувчисан, ўзингнинг шифоингдан ўзга шифо йўқ, касални ташлаб қўймайдиган шифо беришни сўрайман”, деса, Аллоҳ унинг бу касаллигига шифо беради, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

 

Оғриётган жойга қўлни қўйиб, дуо қилишни эслатиш

رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي عَبْدِ اللهِ عُثْمَانَ بْنِ أَبِي الْعَاصِ أَنَّهُ شَكَا إِلَى رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَجَعًا يَجِدُهُ فِي جَسَدِهِ، فَقَالَ لَهُ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ضَعْ يَدَكَ عَلَى الَّذِي يَأْلَمُ مِنْ جَسَدِكَ وقُلْ: بِسْمِ اللهِ ثَلاثًا وَقُلْ سَبْعَ مَرَّاتٍ: أَعُوذُ بِعِزَّةِ اللهِ وَقُدْرَتِهِ مِنْ شَرِّ مَا أجِدُ وَ أُحَاذِرُ

Имом Муслим ривоят қилади.

Абу Абдуллоҳ Усмон ибн Абу Ос баданидаги оғриқдан Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шикоят қилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Қўлингни оғриётган жойга қўйгин ва “Бисмиллаҳи” деб уч марта айт ва етти марта “Аъузу би иззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду ва уҳазиру” (маъноси: Аллоҳнинг иззати ва қудрати билан топган ёмонликдан ва хавфсираган нарсамнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман) дегин», дедилар.

 

Касал ҳақида унинг аҳлидан сўраш мустаҳаб

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касал ётган уйдан Али ибн Абу Толиб чиқди. Одамлар ундан: “Эй Абу Ҳасан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қандай тонг оттирдилар?” деб сўрадилар.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу): “Алҳамдулиллаҳ, шифо топган ҳолда тонг оттирдилар”, деди (Имом Бухорий ривояти).

 

Касалнинг бош томонида ўтириш мустаҳаб

Имом Бухорий “Ал-адаб ал-Муфрад” асарида Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) касал кўргани борардилар. Сўнгра етти марта: “Улуғ арш Раббиси улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини сўрайман”, дердилар.

 

Узоқ умр кўриши ва соғайиб кетишини айтиб касални хушнуд этиш

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар касалнинг олдига кирсангизлар, унга умри ҳақида тасалли берингизлар. Чунки у бирон нарсани қайтармайди ва касални хушнуд этади”, дедилар (Имом Термизий ва Ибн Можа ривояти).

Маълумки, хаста одам, айниқса, анча муддат ётган бўлса, инжиқтабиат, кўнгли жуда нозик бўлиб қолади. Бундай ҳолга тушган киши мулойимлик ва ширин сўзга эҳтиёжманд бўлиб қолиши табиий. Инчунин, касал зиёратига борган киши мазкур одоблардан бохабар бўлмоғи шарт. Аксинча бўлса, касал дилини чилпарчин қилади. Ушбу ўринда бир йигитнинг хонадонида бўлиб ўтган воқеани шундай ҳикоя қилганди:

«Аллоҳ раҳматига олсин, отам бундан ўн йилча муқаддам дунёдан ўтиб кетдилар. Етмиш саккиз ёшни қаршилаган отам жисмонан бақувват, ёшлигидан ибодатда, ичиш ва чекиш каби иллатлардан узоқда бўлганлиги учунми, ҳарқалай, руҳан тетик, юзларида ажиндан асар ҳам йўқ, анордек қип-қизил эди.

Нима ҳам бўлди-ю, бир дард келди. Елкаларининг шундоққина тепасида пайдо бўлган холга ўхшаш яра кундан-кун катталашиб, дастлабки муолажалар ёрдам бермагач, вилоят марказий шифохонасига ётқизишга мажбур бўлдик.

Хуллас, амалиёт бўлиб ўтди, бироқ бу дард бутун аъзоларига инфекция тарқатиб бўлган экан. Уйга олиб кетишдан ўзга чора йўқ эди. Ўз уйига келган отамнинг чиройи анча очилган, кайфияти яхши эди. Айниқса, онажонимнинг куну тун ёнларида бўлишлари, ака-ука, опа-сингилларим ва набиралари, барчанинг хизматга шай бўлиб турганини кўриб отам руҳан тетикланиб, ҳатто ўзи ташқарига чиқадиган, бирпас бўлса-да, ҳовлини айланадиган бўлди. Неча кунлик, неча сониялик умри қолганини Яратгандан бошқа ҳеч ким билмайди. Бечора падари бузрук тетикланиб қолганидан ҳар ҳолда жуда хурсанд эди. Ана шундай кунларнинг бирида...

Отамнинг ёшлигида отасидан етим қолган жияни бор эди. Эрининг вафотидан кейин аммам бошқа турмуш қилмаган, бир неча фарзандлари билан отамнинг қарамоғида қолиб, болалари вояга етган эди. Уларнинг уйланиб, уйли-жойли бўлишларигача отамнинг хизматлари сингган. Ана шу жиянлари бир ой давомида шифохонада эканида бориб кўрмай, уйга келганларидан ўн кунча ўтганидан сўнг ногаҳон пайдо бўлиб қолди. Ўз фарзандидек севикли жиянини кўриб, отам суюнди. Суҳбат асносида нима билан оғриганию қандай муолажалар қилинганини сўраган жиянига отам батафсил сўзлаб бердилар. Бемеҳр жиян эса тап тортмай: “Яқинда бизнинг қишлоқда бир киши худди шу касал билан оғриб, униям операция қилишган эди. Аммо бир неча кундан кейин ҳалиги киши вафот этди, бечора. Сиз ҳам эҳтиёт бўлинг-да, тоға, ҳар тугул ёшингиз бир жойга бориб қолган одамсиз, ўғилларингизга айтинг, узоққа кетишмасин”, деган гапни айтса бўладими. Буни эшитган отамнинг аҳволи нима бўлди билмайман-у, аммо менинг бошимдан бир челак муздай сув ағдарилгандек бўлди. Танимда титроқ туриб, карахт аҳволга тушиб қолдим. Шу аснода нима мақсадда бу гапни айтганини ўзи ҳам билмайдиган “меҳрибон” жиян аста ўрнидан туриб жўнаворди. Мисоли бир азим чинорни қулатиб, умидвор қалбни синдириб, парчалаб кетди. Ўзим билмаган ҳолда, карахтлик билан ташқарига чиқиб кетибман. Қанча вақт ўтганини билмайман, бир маҳал отамнинг кўнгилларини кўтариш мақсадида хоналарига кирсам, онам ёнларида ўтирибдилар. Не кўз билан кўрай, шунча оғир дардни, қийинчиликларни бошларидан ўтказган, оғир дамлардаям қадди букилмаган, сабру бардошда матонатли бўлган меҳрибонимнинг икки кўзларидан дув-дув ёш тўкиларди. Юпатаман, далда бераман деб кирганман, лекин отамнинг бу хокисор, эгилган бошию кўздаги ёшини кўриб, нима қилишни билмай қолдим. Ёнларига чўкиб, қўлларини қўлимга олиб: “Отажон, йиғламанг, дард бошқа, ажал бошқа, Худо хоҳласа, тез кунларда яхши бўлиб кетасиз”, дедим. Шунда отам бошларини кўтариб: “Болам, ҳар бандага Яратганнинг ўлчаб берган ризқи бор. Агар ажалим шу дард туфайли бўлса, мен шундай таслим ва розиман, фақат сўраганим Раббим имонимни ҳамроҳ қилсин. Аммо мени йиғлатган бу нарса эмас, жигаримнинг фарзандини йиллар мобайнида ўз бағримда тарбия қилиб, қалбига меҳрни сингдира олмаган эканман, инсон қадр-қимматини ўргата олмаган, юмшоқ қалб этиб тарбиялай олмаган эканман. Раббим ҳузурида нима деб жавоб бераман, шу мени йиғлатмоқда”, дея кўзёшларини тия олмасди. Шу кундан бошлаб тўшакка михланган отам бир неча кун ўтиб омонатни топширдилар», деб йигит сўзини тўхтатди.

Дарҳақиқат, инсон қалбини забт этиш қанчалар қийин бўлса, қалбни синдириш шунчалар осондир. Юқоридаги воқеада бўлганидек, бағритош инсонларнинг ўйламасдан, киши дилини авайламасдан айтган ўткир тиғли гаплари нафақат касалнинг, балки соппа-соғ инсоннинг қалбини ўлдиришга қодир. Фарзандларни шундай тош қалб эгасига айланиб қолишларидан асрай билиш ва  эҳтиёт қилиш энг муҳим вазифалардандир.

 

Касал ҳолини сўраш

Беморнинг ҳоли касаллик турига қараб сўралмайди, яъни киши дўстларидан қайси бири қандай касал бўлишидан қатъи назар, бориб кўриши керак.

Касалнинг олдига кирганда, қуйидагиларга амал қилинади:

– очиқ чеҳра ва чиройли муомала билан мулоқот қилиш;

– янги либос билан ҳам ва кир либос билан ҳам кирмаслик;

– табассум билан кириб, бошига яқинроқ ўтириш;

– касалнинг юзига тез-тез қарамаслик;

– кўп ва баланд овозда сўзламаслик;

– қўлини касалнинг пешонаси, юзи ё қўлига қўйиб ҳолини сўраш;

– касални ҳар куни эмас, орада бир-икки кун ўтказиб зиёрат қилиш лозим.

Касалдан кўнгли нима тилаши сўраб кўрилади, агар изҳор қилса, ўзи ё беморнинг аҳлу аёлига айтиб бўлса ҳам, ўша нарса муҳайё қилинади. Мабодо касалликка даво истаса, истаги ароқ ва шунга ўхшаш ҳаром нарсалардан бўлмаса, олиб келиш мумкин.

 

Касалнинг одоби

Касал қурбат ва шикоят важҳидан эмас, балки суннат жиҳатидан гоҳ-гоҳ нола қилади. Баъзан оғриқлари енгил тортиши учун бошини бир нарса билан боғлаб, Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг балосидан паноҳ сўрайди, чунки Унинг балосига ҳеч ким тоқат қилолмас.

Бош оғриғи бўлса, “вораъсо”, яъни “вой бошим” демоқ суннатдир.

Бемор дард ва алами кучайганида шукр қилади. Ўзига ўлим тиламайди.

Бемор гуноҳларидан тавба қилиши ва хотимаси хайрли бўлиши учун жаноби Ҳақ субҳонаҳу таолонинг мағфиратига умидвор бўлиб, яхши гумонда бўлиши лозим.

Қуръон ўқиши ва кўп зикр айтмоғи лозим. Агар Қуръон ўқишга ўзининг қуввати етмаса, бировнинг ўқиганини эшитиши ҳам жоиздир.

 

Касал кўрувчи касалдан дуо қилишини
сўраши мустаҳаб

Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

رَوَى ابْنُ مَاجَةَ وابْنُ السُّنِّي عَنْ عُمَرَ بْنِ الْخَطَّابِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إذَا دَخَلْتَ عَلَى مَريضٍ فَمُرْهُ فَلْيَدْعُ لَكَ : فإِنَّ  دُعَاءَهُ كَدُعَاءِ الْمَلاَئِكَةِ  

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар касал олдига кирсанг, ҳақингга дуо қилишини сўра, чунки касалнинг дуоси фаришталар дуосидек”, дедилар (Ибн Можа ва Ибн Сунний ривояти).

 

 

Касал ўлим тўшагида ётган бўлса,
“Ла илаҳа иллаллоҳ”ни эслатиш

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ўлим тўшагида ётганларга “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айтиб туринглар», дедилар (Имом Муслим ривояти).

Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг охирги сўзи “Ла илаҳа иллаллоҳ” бўлса, жаннатга киради”, дедилар (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти).

Касални зиёрат қилиш одобларини Аллоҳ қодир қилганича баён этдик. Шояд, фарзанд тарбиялаш жараёнида муҳтарам мураббийларимизнинг илм ва тажрибаларига бу кўрсатмалар озгина бўлса-да фойда берса, камина улардан дуо ва Улуғ Раб­бимиздан улкан ажру савоблар умид қилиб қоламан.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

ТАЪЗИЯ БИЛДИРИШ ОДОБИ:

Мусибат етган ҳолатда;

Таъзия сўзларини айтиш;

Мусибат аҳлига таом пишириш мустаҳаб;

Таъзия изҳор қилувчининг одоби;

Қайтарилган нарсани кўрганида яхшиликка буюриш.

АКСА УРИШ ВА ЭСНАШ ОДОБИ:

Акса урувчи ҳамд айтмаса, унга ташмид айтмаслик;

Қўл ёки рўмолча билан овозни пасайтириш;

Уч марта ташмит тилаш;

Мусулмон бўлмаганга ташмит айтилмайди;

Бегона аёлга ташмит айтилмайди;

Қурби етса, эснашни қайтариш;

Эсашда қўлини оғзига қўйиш;

Эснаш вақтида овозни баланд чиқармаслик;

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Imom Abu Abdulloh Halimiy

25.11.2024   529   4 min.
Imom Abu Abdulloh Halimiy

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Har bir inson o’zining atrofidagi zamon va muhitning ta’siri ostida ulg’ayadi. Abu Abdulloh yashagan davr hamda muhit olimning hayotiga va ilmiy faoliyatiga katta ta’sir ko’rsatdi. Olim tug’ilgan Jurjon shahri tarixda iqtisodiy markazlardan biri bo’lib, shahar o’rtasidan yuk tashuvchi kemalar harakatlanadigan keng daryo o’tgan. Geografik qulay vodiyda joyda joylashgan Jurjon shahri tarixiy ipak yo’li savdosining quruqlik va daryo transporti uchun muhim o’tish nuqtasi hisoblangan.

Imomning to’liq ismi Imom, hofiz, faqih Abu Abdulloh Husayn ibn Hasan ibn Muhammad ibn Halimiy, Jurjoniy  Shofeiy bo’lib, hijriy 338-390-yilda (milodiy 949-950) Kaspiy[1] dengizining janubi-sharqida joylashgan Jurjon shahrida tug’ilgan. Ba’zi manbalarda Buxoroda tug’ilgan deyiladi. Katta bobosiga nisbatan Halimiy, tug’ilgan joyiga nisbatan Jurjoniy deb ataladi. Buxoroda o’sib, mashhur bo’lgani uchun Buxoriy nisbati ham beriladi. Uning otasi mashhur faqih, muhaddis Abu Muhammad ibn Halim ibn Ibrohim ibn Maymun Halimiy, Marvaziy bo’lgan.

Abu Abdulloh bolaligini Jurjonda o’tkazdi. Ammo u bu yerda biroz vaqt turgandan keyin Buxoroga yo’l oladi va u yerda ta’limni davom ettiradi. Yosh olim bu yerda, Asha’riy va Shofeiy ulamolarining suhbatida bo’lib, ulardan tahsil olgan. Halimiy tug’ilgan uy ilm-fan, adabiyot va fiqhning markazi sifatida tanilgan. Faqat otasi emas, balki ukasi Abul-Fazl Hasan ibn Hasan ibn Muhammad ibn Halimiy ham ilm bilan band edi. Otasi bir paytlar Sulton Sanjar saroyida fatvo berish (muftiylik) vazifasini bajargan. Oxirgi paytlarda otasi uyini Qur’on va xayr ahillarining yig’ilish maskani qilgan.

Yoshlik chog’ida Halimiyning otasi uni zamonasining yirik ilm-fan markazlaridan biri bo’lgan Buxoroga olib keladi. O’sha paytda, Buxoro shahri insonlarni o’ziga rom etadigan go’zal tabiati va manzarasi bilan ajralib turardi. Bundan tashqari ko’plab olimlar va adabiyot ahillari, faylasuf va kalomchilar, muhaddis va faqihlarni o’zida jamlagandi. Savdo-sotiq rivojlangan, davlat amirlari olimlar bilan uchrashadigan ilm o’chog’i edi. Shahar masjidlarida mutafakkir olimlar uzoq davom etadigan ilmiy bahs va munozaralar qilishar, ba’zida buunday bahs va munozaralarga ko’chalarda ham duch kelish mumkin edi. Halimiy ham shunday ilmiy muhitda o’sdi.

Movarounnahr mintaqasining katta olimlaridan dars olgan Halimiy, Ash’ariyya muhim olimlaridan Abu Bakr al-Qaffol Shoshiy va Abu Bakr al-Uvdaniy darslariga qatnashib kalom va fiqh ilmlarini o’rgangan. Halimiy hadis ilmiga oid dars olgan yana bir ustozi Sayrafiy bo’lgan. U zot Abu Bakr Muhammad ibn Ahmad ibn Hanbal va Abu Ahmad Bakr ibn Muhammad as-Sayrafiydan hadis eshitib, ularni rivoyat qilgan.

Mashhur muhaddis Hakim an-Naysaburiy va Abu Zakariya Abdurrahim ibn Muhammad al-Buxoriy u zotdan hadis rivoyat qilganlar.

Halimiy tahsilni tugatgach, dastlab Buxoroda, so’ng boshqa joylarda qozilik qildi. Hukmdorlar va viloyat rahbarlarining oldidagi olimning nufuzi baland bo’lgan, shu sababli, vaqti-vaqti bilan elchilik vazifasini unga topshirishgan. Samoniylar hukmdori Nasr ibn Nasr tomonidan Nishopurga (385/995) va Xuroson  hukmdorining iltimosi bilan Jurjon amirligiga elchi qilib (389/999) yuborilgan.

Halimiyning hayotini va ilmiy merosini o‘rganilgan manbalarda uning ko‘plab asarlari mavjudligi qayd etilgan bo‘lsa-da, bizgacha yetib kelgan, ma’lum bo‘lgan yagona asari – “al-Minhaj fi shu’abil iymon” hisoblanadi. Bu yirik asar aqoid (e’tiqod), fiqh (islom huquqi) va axloq masalalarini o‘z ichiga oladi va Hilmi Muhammad Fuda tomonidan tahqiq qilinib, uch jildda nashr etilgan (Bayrut, 1399/1979). Ibn Imod “Shajaratu az-Zahab"da, Hoji Xalifa “Kashfuz-zunun”da “Ayatus-sa’a va Ahvalul-qiyama” asari Halimiyga nisbat berganlar, lekin Halimiyning hayotini tadqiq qilgan Metin Yurdagur esa, bu asarlarni “al-Minhaj”ning bo’limlarni ifoda qiluvchi tushunchalar deb aytgan.

Halimiy hijriy 403-yil Robi’ul-avval (1012-yil oktyabr) yoki Jumadil-avval (1012-yil dekabr) oyida Buxoroda vafot etgan.

TII 4-kurs talabasi Luqmonjonov Absulbosit

[1] Jurjon dengizi ham deyiladi.

Мақолалар