Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Июл, 2026   |   13 Сафар, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:37
Қуёш
05:08
Пешин
12:35
Аср
17:35
Шом
19:50
Хуфтон
21:18
Bismillah
27 Июл, 2026, 13 Сафар, 1448

Рўзадорнинг дуоси ижобат бўлади!

06.05.2020   5853   6 min.
Рўзадорнинг дуоси ижобат бўлади!

Рамазоннинг фазилатлари жуда кўп. Ана шулардан бири рўзадор одамнинг дуоси ижобат бўлишидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деган: 

وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُواْ لِي وَلْيُؤْمِنُواْ بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

Агар бандаларим сендан Мени сўрасалар, Мен, албатта, яқинман. Дуо қилгувчи дуо қилганда ижобат қиламан. Бас, Менга ҳам ижобат қилсинлар ва иймон келтирсинлар. Шоядки тўғри йўлни топсалар. (Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳудан имом Аҳмад Ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз алаҳиссалом: “Қалблар идишга ўхшайди. Баъзилари баъзисидан кўпроқ жойлаштиради. Агар Аллоҳдан бирор нарса сўрайдиган бўлсангиз, ижобат бўлишига қаттиқ ишониб сўранг. Ғофил қалб билан дуо қилган банданинг дуосини Аллоҳ қабул қилмайди”, дедилар. Имоми Бухорий Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Агар банда шошилишмаса, дуосига ижобат бўлади. Дуо қилдим, қабул бўлмади, демасин”, деганлар.)

Бу Бақара сурасининг 186-ояти бўлиб, у рўза ҳақидаги оятларнинг орасида келган. Бундан олдин мана бу оят келган:

 

شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِيَ أُنزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِّلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِّنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ فَمَن شَهِدَ مِنكُمُ الشَّهْرَ فَلْيَصُمْهُ وَمَن كَانَ مَرِيضاً أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِّنْ أَيَّامٍ أُخَرَ يُرِيدُ اللّهُ بِكُمُ الْيُسْرَ وَلاَ يُرِيدُ بِكُمُ الْعُسْرَ وَلِتُكْمِلُواْ الْعِدَّةَ وَلِتُكَبِّرُواْ اللّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَلَعَلَّكُمْ تَشْكُرُونَ

“Рамазон ойики, унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат очиқ баёнотлар бўлиб, Қуръон туширилгандир. Сиздан ким у ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғини бошқа кунлардан тутади. Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинчиликни хоҳламайди. Саноғини мукаммал қилишингиз ва сизни ҳидоятга бошлаган Аллоҳни улуғлашингиз учун. Шоядки шукр қилсаларингиз. (Аллоҳ таоло Ўзининг абадий мўъжизаси, қиёматгача инсониятга ҳидоят бўладиган китоби Қуръони Каримни тушириш вақти қилиб Рамазони шариф ойини ихтиёр қилганининг ўзи бу ойнинг фазилатини юксакка кўтарган. Энди эса, нур устига нур, фазилат устига фазилат қўшиб, рўза ибодатини ҳам шу Рамазон ойида тутишни фарз қилмоқда.) (Бақара, 185).

186-оятдан кейин эса ушбу оят келган:

 

أُحِلَّ لَكُمْ لَيْلَةَ الصِّيَامِ الرَّفَثُ إِلَى نِسَآئِكُمْ هُنَّ لِبَاسٌ لَّكُمْ وَأَنتُمْ لِبَاسٌ لَّهُنَّ عَلِمَ اللّهُ أَنَّكُمْ كُنتُمْ تَخْتانُونَ أَنفُسَكُمْ فَتَابَ عَلَيْكُمْ وَعَفَا عَنكُمْ فَالآنَ بَاشِرُوهُنَّ وَابْتَغُواْ مَا كَتَبَ اللّهُ لَكُمْ وَكُلُواْ وَاشْرَبُواْ حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَكُمُ الْخَيْطُ الأَبْيَضُ مِنَ الْخَيْطِ الأَسْوَدِ مِنَ الْفَجْرِ ثُمَّ أَتِمُّواْ الصِّيَامَ إِلَى الَّليْلِ وَلاَ تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِدِ تِلْكَ حُدُودُ اللّهِ فَلاَ تَقْرَبُوهَا كَذَلِكَ يُبَيِّنُ اللّهُ آيَاتِهِ لِلنَّاسِ لَعَلَّهُمْ يَتَّقُونَ

Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга ҳиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг. Сўнгра рўзани кечасигача батамом қилинг. Масжидларда, эътикофдалигингизда уларга яқинлик қилманг. Булар Аллоҳнинг чегараларидир, унга яқинлашманг. Аллоҳ одамларга Ўз оятларини шундоқ баён этади. Шоядки тақво қилсалар. (“Эътикоф” сўзи бир нарсани лозим тутиш маъносини билдиради. Шариатда эса, масжитда Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш ниятида ибодатни лозим тутишга айтилади. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалам Рамазони шарифнинг охирги ўн кунлигида эътикофда ўтирар эдилар. Эътикоф ўтирган одам иложи борича масжиддан чиқмай ибодат билан машғул бўлади. Унда банда Аллоҳ учун ҳамма нарсадан ажраб чиқади. Шунинг учун аёлларга яқинлик қилишдан ҳам ўзини тияди. Ушбу зикр қилинган нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолога боғлиқ нарсалар, Унинг чегаралари. Аллоҳ уларга яқинлашмасликка буюрмоқда, чунки чегарага қанча яқинлашилса, чегарани бузиш эҳтимоли шунча кўпаяди.) (Бақара, 187).

Дуо ҳақидаги оятдан олдин ҳам, ундан кейин ҳам рўза ҳақидаги оятларнинг келиши рўзадор дуога ҳарис бўлиши кераклигига, рўзадорнинг дуоси ижобат қилинишига ишорадир, шунга далолат қилади.

Шунинг учун барчамиз бу ойда барча солиҳ амаллар қатори дуо қилишга ҳам ҳарис бўлишимиз, айниқса, оғиз очиш арафасида дуо қилиб қолишнинг пайидан бўлишимиз керак.

Ҳадиси шарифларда ҳам рўзадорнинг дуоси ижобат қилинишига далиллар кўп.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди. (Булар): одил имом (раҳбар, етакчи), оғзини очиш арафасида турган рўзадор ва мазлумнинг дуоси. Аллоҳ таоло мазлумнинг дуосини булутлар тепасига кўтаради, унга осмон эшиклари очилади ва Робб азза ва жалла “Иззатимга қасамки, сенга кейинчалик бўлса ҳам ёрдам бераман” дейди”. Имом Термизий ривоят қилган.

Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Учта дуо ижобат қилинадиган дуолардан: рўзадорнинг дуоси, мазлумнинг дуоси ва мусофирнинг дуоси”.

Аллоҳ таоло барчамизнинг тутаётган рўзаларимизни, қилаётган ибодатларимизни қабул айлаб, дуоларимизни ижобат этсин, омин!

 

 

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Яшил” энергия: билган ва билмаганларимиз

27.07.2026   825   3 min.
“Яшил” энергия: билган ва билмаганларимиз

“Яшил”, яъни қайта тикланувчи энергия манбалари бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларга қарши курашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу мақолада масаланинг халқаро миқёсдаги долзарблиги, айни йўналишдаги сўнгги тажриба ва янгиликлар, соҳа истиқболи билан боғлиқ таҳлилга эътибор қаратамиз. 
 

“Яшил” энергия нима?
 

Қуёш, шамол, сув, шунингдек геотермал ва биомасса каби қайта тикланувчи манбалар орқали ҳосил қилинадиган бундай энергия турлари табиий жараёнлар билан боғлиқ. Умуман, “яшил” энергиянинг асосий афзалликлари  ифлослантирувчи чиқиндини камайтириш, табиий ресурсларни тежаш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш каби омилларда намоён бўлади.
 

Халқаро тажриба ва янгиликлар
 

1. Қуёш энергияси. Ўзбекистонда Хитой билан ҳамкорликда 2023 йил йўлга қўйилган “Сирдарё қуёш электр станцияси” мисолида кўринадики, бундай лойиҳалар нафақат ички эҳтиёжни қондириш, балки экспорт имкониятини оширишга ҳам хизмат қилади. Бинобарин, ХХР жаҳонда энг йирик қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи давлат сифатидаги ўрнини изчил мустаҳкамламоқда.

2. Шамол энергияси. Шамол электр станцияларининг улуши 50 фоизга етган Германияда соҳани янада ривожлантириш мақсадида янги технологиялар мунтазам равишда амалиётга жорий этиб борилади. Хусусан, аккумулятор тизими ва ақлли тармоқлар жараённи такомиллаштиришга хизмат қилади.


3. Гидроэнергетика. Норвегияда гидроэнергия, яъни сув ёрдамида энергия ишлаб чиқариш миқдори 90 фоизга етган. Мамлакатда сув омборларидан унумли фойдаланиш орқали экологик барқарорликни таъминлайдиган илғор технология жорий этилган.


4. Геотермал энергетика. Исландияда геотермал энергетика тизими кенг тарқалган бўлиб, орол электр таъминотининг 85 фоизини ташкил қилади. Бу усулнинг афзаллиги – доимийлик ва барқарорликда.


5. Биомасса. АҚШда биомассадан фойдаланиб қишлоқ хўжалиги чиқиндисини самарали қайта ишлашнинг янги усуллари яратилган. Натижада атроф-муҳитга етказилаётган зарар миқдори кескин камайтирилган.


Келажак ва истиқбол 
 

“Яшил” энергия билан боғлиқ инновация келажакда янада оммалашиши кутиляпти. Бу жараёнда қуйидаги омиллар муҳим ўрин тутади:


– Технологик ривожланиш. Қайта тикланувчи энергия манбаларини яратишда янги технология, масалан нано технология жорий этилиши билан самарадорликни орттириш мумкин.


– Инвестиция. Жаҳон банки ва бошқа молиявий институтлар “яшил” энергетика лойиҳаларига сармоя киритишда давом этяпти. Бу глобал даражада барқарор ривожланишни таъминлайди.


– Иқлим ўзгаришига қарши кураш. “Яшил” энергияни ривожлантириш иқлим ўзгариши салбий оқибатини камайтиради. БМТнинг “2030 йилгача барқарор ривожланиш мақсадлари” доирасида давлатлар, хусусан Ўзбекистон “яшил” энергетика йўналишини кучайтиришга интилмоқда.


– Ижтимоий омиллар. “Яшил” энергетика соҳаси ривожланиши янги иш ўринлари яратишга кенг йўл очади.


Хулоса шуки, “яшил” энергия манбалари инсоният экология муаммоларига ечим топишида муҳим восита ҳисобланади. Халқаро миқёсда орттирилаётган инновацион тажриба соҳа истиқболига катта умид билан қараш имконини беради.
Инсоният учун барқарор келажак яратиш сари мамлакатимиз ҳам дадил қадам ташлар экан, ўзбек халқининг эртаси нурли эканлигига ишончимиз комил. 
 

Мусулмон Зиё, ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари