Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Рамазон вақтларини қандай ўтказайлик?

2.05.2020   2475   2 min.
Рамазон вақтларини қандай ўтказайлик?

 Қуръони каримни кўп тиловат қилинг. Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзлари Жаброил алайҳиссалом билан бир-бирларига галма-галдан Қуръони каримни ўқиб берар эдилар.

  • Нафллар ва зикрларни янада кўпайтиринг.
  • Мусулмонларнинг ҳожатлари ва эҳтиёжларини ўйланг ва уларнинг ғамларига шерик бўлинг.
  • Бирор кимсадан озор етса , сабр қилинг ва ўзингиз ҳам ҳеч кимга озор берманг.
  • Бирор кимса сиз билан жанжаллашишни ва беҳуда тортишишни хоҳласа, сиз унга “мен рўзадорман” денг.
  • Фахш сўзлар, балки беҳуда сўзлардан ҳам ўзингизни сақланг.
  • Мухаққиқ уламолар наздида қадр кечаси бирор кунга хос эмас. Шунинг учун ҳар кечада бироз бўлса ҳам ибодат қилишга ҳаракат қилинг. Токи, агар айнан ўша кеча қадр бўлса, у ҳолда бизга ўша кечанинг баракаларидан улуш насиб этсин.
  • Ҳаргиз ёлғон гапирманг ва ҳеч кимни ғийбат қилманг.
  • Нафл ишларнинг савоби фарзларга тенг бўлгани учун имкон қадар мухтожларга молиявий кўмак ҳам беринг.
  • Ўз ходимларингиз ва қўл остидагиларингизнинг ишлари ва масъулиятларида енгиллик қилинг.
  • Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Росулуллоҳ ва истиғфорни кўп айтинг.
  • Жаннатни кўп сўранг ва жаҳаннамдан кўп паноҳ сўранг.
  • Ўта ожизлик ва хокисорлик ила кўп дуо қилинг.
  • Газетхонлик ва ҳоказо каби мубоҳ ишларга ҳам камроқ вақт сарфланг.
  • ДВД, ТВ, Кино кўрманг. Шунингдек, радио, магнитафон ва ҳоказолар орқали қўшиқлар ва беҳуда нарсалар эшитишдан жуда қаттиқ сақланинг.
  • Таҳажжуд, ишроқ, чоштгоҳ, аввобийн намозларига хос эътибор қаратинг.
  • Имкон бўлса бутун охирги ўн кунда эътикофга ҳиммат қилинг. Бўлмаса қанча имкон бўлса, шунча эътикоф нийяти ила масжидда ўтказинг. Аёллар ҳам ўз уйларида бирор жойни таъйин қилиб, эътикоф ўтира оладилар. Балки, улар ҳам ҳиммат қилишлари лозим.
  • Бандаларга динни етказиш ва уларга ҳақни етказишга имкон қадар ҳаракат қилинг.
  • Назарни сақланг ва номаҳрамлар ила заруратсиз гаплашишдан жуда қаттиқ сақланинг.
  • Шовқин-сурон, бақир-чақир ва аҳли-аёлга, шунингдек, қўл остидагиларга зулм ва ҳаддан ошишликдан ўзингизни сақланг.

 

“Аҳкааме Рамазан”- китобидан. Мавлоно Муҳаммад Абдулқовий. 11-бет. Абдулқайюм Комил таржимаси

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар

Қалбнинг зангини кетказувчи амал

8.01.2025   7135   3 min.
Қалбнинг зангини кетказувчи амал

Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.

Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.

Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.

Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.

Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.

Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.

Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.

Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.

Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.