Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Декабр, 2024   |   27 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:20
Шом
17:04
Хуфтон
18:24
Bismillah
28 Декабр, 2024, 27 Жумадул сони, 1446

Рамазон ибратлари: Кечиришни ўргандик...

2.05.2020   2202   2 min.
Рамазон ибратлари: Кечиришни ўргандик...

Ҳар йили рамазон ойи келиши билан кайфиятимиз ва руҳиятимизда ўзгариш содир бўлади. Албатта яхши томонга! Масалан, кўпчилигимиз кечиримли бўлиб қоламиз...

Уламолардан бири айтади: “Рўзадор ҳотиржамлик ва рамазон сурурини ҳис қилмайди, токи қалбида ўзгаларга нисбатан хусумат йўқолмагунча, уни ранжитган одамларни кечирмагунча”.

Аслида инсонни ич-ичидан емирадиган, турли дардларга мубтало этадиган ва Аллоҳнинг раҳматидан мосуво қиладиган нарса бу – қалбдаги хусумат ва ўзгаларга бўлган нафратдир.

Зеро, Аллоҳ таоло Ўз Каломида, Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларида бизни кечиримли бўлишга тарғиб этган.

Жумладан, Қуръони каримнинг Аъроф сураси, 199 оятида Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан эса юз ўгиринг!”

Бошқа бир оятда эса:

“Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар. Бас, уларни афв этинг...” (Оли Имрон сураси, 159 оят).

Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўч олишга ҳақли бўлатуриб, кечириб юборган киши учун, Мен жаннатнинг ўртасидан бир қаср берилишига кафилман” – деганлар (Абу Довуд ривояти).

Наҳот жаннатда қасримиз бўлишини хоҳламасак... Жаннатда-я. Пайғамбар алайҳиссалом кафилман деганлар.

Яна бир ҳадисда: “Кимки қилмишига пушаймон бўлиб, узр сўраган одамни кечириб юборса, унинг хатоларини ҳам Аллоҳ таоло қиёмат куни кечирур” дея таъкидланган.

“Қалбига Аллоқ таъоло инсониятга нисбатан раҳм шавқат ато этмаган банда энг зиёнкор бандадир” (ҳадис)

“Қийналиб қолган қарздорга белгиланган муддатни узайтирган кишига ҳар куни шу қарз миқдорида садақа қилганнинг савоби ёзилиб туради. Борди-ю белгиланган муддат етгач, яна узайтирса, ҳар куни қарзига икки баробар садақа қилганнинг савоби ёзилиб туради” (ҳадис).

“Биродари билан бир йил аразлашиб юриш унинг қонини тўкиш билан баробардир” (ҳадис).

“Раҳм қилмаганга раҳм қилинмайди, кечирмаганни кечирилмайди ва бировнинг узрини қабул қилмаганнинг тавбаси ҳам қабул қилинмайди” (ҳадис).

Азиз диндошим! Агар рамазон келиб, рўзадор ҳолатда ҳамон қалбингизда ҳузур-ҳаловат ҳис қилмаётган бўлсангиз, қалбингизни кераксиз хусуматлардан, нафрату-аламлардан, изтироблардан бўшатинг. Сизни ҳафа қилган барча инсонларни кечиринг. Кечириш бизга Аллоҳ томонидан берилган чексиз куч ва жасоратдир.

Аллоҳ таоло барчаларимизни мағфират қилсин!

 

Саидаброр Умаров тайёрлади

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Мақолалар

10 мингта масаладан биттасига далил бор

26.12.2024   2719   6 min.
10 мингта масаладан биттасига далил бор

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айтинг-чи, Қуръонда нечта ҳукмий оят бор? Энг узоғи 500 та ҳукмий оят бор. Ҳукмга доир нечта ҳадис бор? Баъзи уламолар 500 та дейишган, баъзилари 700, 1000, 1500, 2000, 3000 гача дейишган. Мен фақат ҳукмга доир ҳадисларни айтяпман. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган саҳиҳ ҳадислар нечта? 8 мингтадан 12 мингтагача дейилган. Умуман олсак, суннат захирасида нечта аҳком ҳадислари бор? Юқорида айтганимиздек, 500, 1000, 2000, 3000...

Қуръондаги ҳукмга оид оятлар билан қўшганда, 5000 та дейлик. Лекин ҳаётда миллионлаб, ўн миллионлаб масалалар бор-ку. Шулардан тахминан 5000 тасига Қуръон ва Суннатдан далил топармиз. Лекин қолган миллионлаб масалаларга-чи? Шахсий масалалару, муомалот бобини қўйиб турайлик, намознинг ўзини олсак, ундаги ҳолатларнинг майда тафсилотларига бу 5000 танинг ичидан далилни топа олмасак-чи? Икки йўлдан бирини танлаш керак бўляпти. Агар Қуръон ва Суннатнинг зоҳирига чекланиб қолсам, Қуръондаги «У ҳар бир нарсани баён қилувчидир» деган оятни ёлғонга чиқаришимга тўғри келиб қолади. Аллоҳ асрасин, ҳатто намоздаги ҳамма ҳолатларни тўлиқ баён қилиб бера олмаса, қандай қилиб ҳар бир нарсани баён қилувчи бўла олади?! Агар фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи билангина чеклансам, гўёки динсизликка чақираётган бўлиб қолар эканман, чунки ҳаётнинг ҳамма жабҳаларига ҳукм топиб бера олмай қоламан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: «Бу кун динингизни мукаммал қилиб бердим», деяпти. Демак, бу дин мукаммал бўлиши керак. Лекин Қуръон ва Суннатда кийим-кечак, самолёт, автомобиль, ширкатлар ва бошқа минглаб ижтимоий масалаларга тегишли очиқ ҳукм топа олмайман, чунки мен далилларни шу икки манбага, улардаги муайян ададга чеклаб қўйган бўламан.

Мана шунинг учун дин душманлари динни йўқ қилиш, уни амалдан чиқариб юборишни даъво қилишяпти. Ташаддуд ва таҳаллул йўналишлари мана шунга чақиришяпти, яъни Исломни далилларнинг зоҳири билан чеклаб қўйишга ҳаракат қилишяпти. Хўш, унда нима бўлади? Одамлар муомалотда (яъни ўзаро олди-берди, оилавий масалалар, даъволашув ишлари, мерос борасида), умуман олганда, юриш-туришда диндан узоқлашиб кетади. Далилларнинг фақат зоҳирига амал қиламан деса, ҳаётнинг жуда оз жабҳаларидагина Исломга амал қила олади.

У ҳолда қолган амалларнинг ҳукми нима бўлади? Уларни қаердан оламиз? Аллоҳ таоло бу саволга: «Билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг», деб жавоб берди. Демак, бундан бошқа ҳукмлар ижтиҳод, истинбот, яъни далилдан ҳукм чиқариш орқали олинади. Мана шу йўл, яъни ижтиҳод қилиш саҳиҳлигига чексиз далиллар бор.

Демак, яна мавзуимизга қайтсак. Ҳар бир масалага далил керак, лекин «Далил – фақат Қуръон ва Суннатнинг ўзи» десак, қийин аҳволда қоламиз. Қуръон ва Суннатда очиқ далили бор масалалар барча масаланинг ҳукмини олишга етарли эмас. Шунинг учун бу нотўғри йўлдир, чунки масалалар шу қадар кўпки, «Ўн мингта масаладан биттасига очиқ-ойдин далил бор», десак ҳам, муболаға қилмаган бўламиз. Ўн мингта масаладан биттасига! Эътибор беринг, далили Қуръон ва Суннатда бор бўлган масалалар ўн мингта масаладан биттасига тўғри келади.

Шунинг учун биз «Ҳар бир фиқҳий масаланинг далили бор» деганда, умумий далилларни, қиёс ва қоидаларни ҳам тушунамиз. Далилсиз бирон масала йўқ, дегани мана шудир. Масалани тор олиб, «Далил - фақат Қуръон ва Суннат» десак, ўн мингта масаладан биттасига далил топа олар эканмиз. Шу эътибордан, агар мендан ўша ўн мингта масаладан биттасининг ҳукмини талаб қилиб, қолган барча масалани инкор қилсангиз, Исломни бекор қилган бўласиз. Ташаддуд йўналишига чақирадиганлар шундай қилишяпти.

Биз улар ҳақида ҳазил қилиб, бундай деймиз: «Уларнинг олтмишта масаласи бор, Ислом шу олтмишта масаладан иборат, тамом. Қолган жабҳалар Ислом эмас. Улар учун Ислом нима? Фақатгина шанба куни рўза тутиб бўлмайди, йигирма ракат намоз йўқ, калта иштон кийиш керак, соқол ва шунга ўхшаган саноқли гапларни айлантираверишади».

Лекин муомалот масаласи, шахсий ҳолатлар ҳақидаги масалалар, давлат ишлари ҳақида гаплашайлик, десангиз, ҳеч нарса билишмайди, чунки улар Исломни ўн мингта, балки миллионта масаладан биттагинаси билан чеклаб қўйишди. Ёмон хулқлар, такаббурлик, тасарруфотлар, мусулмонларни ўлдириш, ҳаром ишларни ҳалол санаш ва бошқа мавзулар билан уларнинг иши йўқ. «Мен фақат далилга эргашаман», дейишади. Қандай далилга? Сен гумон билан даъво қиляпсан. Сен бу ишинг билан шариатни тўхтатишга, уни бекор қилишга даъват қиляпсан. Сен ҳар бир масалага очиқ-ойдин далил талаб қилсанг, бу нарса зоҳиран яхши ишдек кўринаверади, лекин аслида бу динни, унинг ҳукмларини емириш бўлади, шариатнинг аҳкомларини бекор қилиш бўлади.

Ҳар бир масалага далил топасиз, лекин ўша далил Қуръон ва Суннатдан келиб чиққан қоидалардан бўлади. Юқорида ҳам айтдик, ҳанафий мазҳаби қоидалар мажмуасидир, Қуръон ва Суннатдан хулоса қилиб олинган қоидалар тўпламидир. Қуръон ва Суннат асосида қоидалар ишлаб чиқилган, ана шу қоидалардан эса фиқҳий масалалар келиб чиққан. Демак, бизнинг далилимиз ҳам Қуръон ва Суннатдан олинган, лекин ўртадаги маълум восита орқали олинган. Ҳукм қоидадан олинган, қоида эса Қуръон ва Суннатдан олинган. Бундан бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ҳар бир ҳукмнинг далили борлиги мана шудир. Истисносиз, миллионта фиқҳий масала бўлса ҳам, мана шу йўл билан унинг далилини топаверасиз. Лекин Қуръон ва Суннатдан очиқ-ойдин далил қидирсангиз, ўн мингта масаладан биттасига далил топасиз, холос.

«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан

Мақолалар