Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
14 Август, 2026   |   1 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:02
Қуёш
05:31
Пешин
12:28
Аср
17:21
Шом
19:28
Хуфтон
20:54
Bismillah
14 Август, 2026, 1 Рабиъул аввал, 1448

Имом Мотуридий ва зоҳидлик

31.01.2024   5722   8 min.
Имом Мотуридий ва зоҳидлик

Буюклар, шубҳасизки, буюк шахсият соҳиби бўлганлар. Улар аввало, инсонийлик, инсоф, диёнат, адолат, покиза қалб, тақво, парҳезкорлик сингари улуғ инсоний фазилатларни ўзларида жамлаганлар ва буюкликларини шунинг устига қурганлар. Зеро, шунингсиз буюкликка йўл йўқ. Аждодларимиз ҳам бежизга “Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин” ёки “Олим бўлма, одам бўл!” дейишмаган.    

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётини ўрганар эканмиз, унинг эришган даражалари остида буюк шахсият ётганини кўрамиз. Шахсиятининг асосий калити бу шубҳасиз, зоҳидликдир.

Зоҳидлик сўзи луғат илмида “имон-эътиқодли”, “художўй”, “тақводор” сингари маъноларни англатади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал зоҳидликни учга бўлиб:

биринчиси, ҳаромдан воз кечиш, бу авомнинг зуҳди;

иккинчиси, ҳалолда ортиқчаликни (керагидан ортиқча фойдаланишни) тарк қилиш, бу хос кишиларнинг зуҳди;

учинчиси, Аллоҳдан тўсувчи барча нарсаларни тарк қилиш, бу орифларнинг[1] зуҳди, деб айтган. Шубҳасиз, Имом Мотуридий орифларнинг пешқадамидир.

 ЗОҲИДЛИК – ИМОМ МОТУРИДИЙНИНГ ШАХСИЯТИ КАЛИТИ

Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ дунё ҳақиқатини теран англаган, унинг йўқликка маҳкумлигини, охират эса ҳақиқий ҳаёт диёри эканини билган олимдир. Аллома тафсирида ушбу тушунчани инсонлар қалбига қадашга эътибор қаратади. Шунинг билан бирга, охират манфаатига хизмат қиладиган дунё неъматларини севиш исломда қайтарилмагани ва дунёга бу тахлит муҳаббат қўйиш гуноҳ ва маъсият келтирмаслигига ҳам урғу бериб ўтади.

Алломанинг дунёдаги зоҳидлиги икки қисмга бўлинган: сарфлаш ва тарк этиш. Яъни у қўлида мол-давлат ушлаб турмаган, топганини бошқаларга улашган. Дунёда кенгчилик келтирадиган, бой-бадавлат қиладиган ишларни эса тарк қилган. Ҳамиша ўрганиш ва ўргатиш, халқни тўғри йўлга бошлаш пайида бўлган.

Имом Мотуридий инсон табиатидаги ажиб бир мураккаблик, яъни исломда дунёга берилишдан қайтариш билан бирга, инсоннинг дунёни севишга мойил қилиб яратилиши ўртасида, бизнинг кўзимиз билан қаралгандаги номутаносиблик ҳақида қуйидагича мушоҳада қилади. У: “Мусулмон киши дунёни севгани учун маломат қилинадими?” деган ҳақли савол қўяди ва бунга “Инсон” сураси тафсирида қуйидагича жавоб беради: “Инсон зоти олдида турган нарсаларни яхши кўрадиган қилиб яратилган. Ҳар бир мавжудотнинг табиатида нимадандир фойдаланиш, роҳатланиш истаги (инстинкти) бўлади. Табиатан яхши кўришга мойил қилиб яратилган нарсаларни севгани учун инсон маломат қилинмайди. Унинг муҳаббати дунёнинг яратилишдаги мақсадига хилоф келсагина маломатга лойиқ бўлади. Дунё абадий роҳат диёри бўлган охират неъматларини тўплаш учунгина яратилган”.

Бундан шуни тушунамизки, дунё неъматларидан шариат дорасида, исрофга йўл қўймаган ҳолда, гуноҳ-маъсиятга олиб бормайдиган қилиб фойдаланиш, лаззатланишга исломда ҳеч қандай монелик йўқ. Шунингдек, динимиз бой бўлишдан ҳам қайтармайди. Фақатгина дунёга қалб билан боғланиб қолишдан қайтаради холос. Агар қалб Аллоҳнинг йўлида собит турса, жисмнинг олтин-кумушлар ичида туриши уни Роббисидан тўсолмайди. Хожа Аҳрори Валий ҳам “Бойликни ичига киринг, кираверинг. Аммо бойлик сизни ичингизга кирмасин, кира кўрмасин”, деганда айнан шуни назарда тутган.

Имом Мотуридий чорлайдиган зоҳидлик покиза нарсаларни ҳаром қилиб олишга қаратилмаган. Буни у “Таъвилот ал-Қуръон” асаридаги бир нечта ўринларда таъкидлайди. Жумладан, “Назиат” сурасининг ушбу “(Буларнинг барчаси) сизларга ва чорва ҳайвонларингизга манфаат бўлсин деб (қилинди)”[2] ояти тафсирида “Демак, биз зикр қилиб ўтган гапларда покиза нарсалардан тановул қилиш мубоҳ (қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган нарса) эканига далолат бордир. Чунки Аллоҳ таоло бандаларининг озуқасини покиза нарсалардан қилиш билан уларни чорва ҳайвонлардан афзал қилиб қўйди. Шундай экан, ким ушбу нарсалардан жирканадиган бўлса, демак у банда (Аллоҳ таолодан марҳамат ўлароқ) фойдаланиш учун яратиб қўйилган нарсалардан жирканган бўлиб қолади”, деб айтади.

Имом Мотуридий бу масалага бежизга тўхталмаган. Чунки зоҳидлар орасида Аллоҳнинг покиза нарсаларидан юз ўгириш, ҳаётини сунъий равишда қийинлаштириш ҳолатлари кенг тарқалган эди. Аллома уларни “мутақошшиф” (“ўзини ҳамма нарсадан тийиб яшовчи”) деб номлаб, тафсирида бир неча ўринларда, хусусан “Моида” сурасининг “Эй, имон келтирганлар! Сизлар учун Аллоҳ ҳалол қилиб қўйган нарсаларни ҳаромга чиқармангиз”[3]ояти изоҳида уларга раддия бериб, шундай деган: “Бу оят “мутақашшифлар”га раддиядир. Негаки, Аллоҳ биз учун ҳалол қилиб қўйган нарсаларини истеъмол қилишдан қайтармаган. Улар эса буни ўзларига ҳаром қилиб оладилар”.

Бу сингари таълимотни бошқа алломалар ўгитларида ҳам учратамиз. Ҳикоя қилинишича, ориф зотлардан бири зайтундан тайёрланган ширинлик еб турган вақтда, унинг ҳузурига “мутақошшифлардан” бири киради. Ориф киши унга ширинликдан ейишни таклиф этганда, у “Шукрини адо қилолмайман”, деб ўзини дастурхондан четга тортади. Шунда ориф зот, “Эй нодон, сен ҳали еб юрган нарсаларингни, ичган сувингни шукрини адо қилоляпман, деб ўйлайсанми. Зоҳидлик бундай бўлмайди, балки у Аллоҳнинг чегараларига риоя қилиш, улардан ошиб кетмаслик билан бўлади”, деб танбеҳ берган экан.

Имом Мотуридийнинг зоҳидлик белгиларидан яна бири илмни тирикчилик манбаи қилиб олмаганидир. У илм ўргатиш, Қуръон ёдлатганлик учун ҳақ олишни тўғри санамас эди. “Бас, агар юз ўгирсангиз, сизлардан (мен хизматим учун) ҳақ сўраганим йўқ. Менинг (тегишли) ҳаққим (савобим) Аллоҳнинг зиммасидадир[4] оятида Нуҳ алайҳиссалом қавмига Аллоҳнинг оятларини эслатганига ҳақ (савобни) фақат Аллоҳ ҳузуридангина олмоқчилигини айтганидек, пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламолардан бири сифатида Имом Мотуридий ҳам дин илмларини ўргатганлик учун мукофот фақат Аллоҳдан бўлиши лозимлигини таъкидлайди.

МОТУРИДИЙ РАББОНИЙ ОЛИМДИР

Тилшуносликда Раббоний сўзи “Аллоҳга мансуб” маъносини беради. Уламолар ичида ҳамма иши Аллоҳ учун ва Роббиси ҳузуридалигини бир сония ҳам эсдан чиқармайдиган, муҳаббату нафрати фақат Унинг учун бўладиган, дунёни бош мақсад эмас, Яратганга етказувчи восита сифатида кўрадиган бир тоифа борки, улар раббоний олимлардир. Қуръони каримда бу тоифа ҳақида: “Китобдан таълим бериб ва ўзингиз ҳам ўрганиб юрганингиз сабабли раббоний кишилар (Парвардигорга сиғинувчилар)дан  бўлингиз!” (Оли Имрон сураси, 79-оят) дейилган. Имом Мотуридий ўз замонаси ва ундан кейин келган уламолар пешвоси, нима демасин ёки нима қилмасин, фақат Аллоҳ розилигини кўзлаган раббоний олимдир.

Аллома доимо ҳақни сўзлар, Аллоҳнинг йўлида маломатчиларнинг маломатидан қўрқмас эди. Султонларнинг олдига бормас, улардан туҳфа қабул қилмас эди.

У амирларнинг олдига фақатгина яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш учунгина кириш мумкин деб билган. Жумладан, “Қасос” сурасининг 77-ояти таъвилида: “Подшоҳларнинг олдига кириб, улар билан ҳамсуҳбат бўлган илм аҳлларининг зиммасида Мусо алайҳиссаломнинг Қорунга қилган насиҳати сингари, подшоҳларни халққа яхшилик қилишга буюриш, ёмонликдан қайтариш вазифаси бордир”, деб таъкидлаган.

Дарҳақиқат Имом Мотуридий дунё ҳақиқатини англаган, жуда чуқур илм соҳиби, гўзал хулқли, зоҳид инсон бўлган. Мурувват борасида ҳам у ҳаммага намуна эди, қўлида бор нарсани бошқаларга улашарди. Замондошлари унинг қадри буюклиги, юксак даража соҳиби эканини бир овоздан эътироф этганлар.

Унинг ҳақиқий тақво устида қурилган илм саройи неча асрларки атрофга маърифат таратмоқда. Мотуридий дорулфунуни толиблари замонлар оша ақида мустаҳкамлиги йўлида хизмат қилдилар ва бу анъана ҳозирга қадар давом этмоқда.

 Усмонхон Муҳаммадиев

 [1] Ориф – қалби маърифат нури билан қалби лиммо-лим, пок ниятли, покиза ахлоқли зийрак одамдир.

[2] Назиот сураси, 33-оят.

[3] Моида сураси, 87-оят.

[4] Юнус сураси, 72-оят

МАҚОЛА
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

14.08.2026   4991   1 min.
Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган кўча реконструкция қилинмоқда

Самарқанднинг тарихий қисмида туризм инфратузилмасини кенг кўламли янгилаш ишлари давом этмоқда. Амалга оширилаётган лойиҳаларнинг асосий мақсади хорижий сайёҳларнинг қолиш муддатини узайтириш, қулай шаҳар муҳитини яратиш ва бир вақтнинг ўзида маҳаллий аҳолининг ҳаёт сифатини оширишдан иборат.

“Самаркандский вестник” нашрига кўра, туризмни ривожлантириш дастури доирасида эски шаҳарнинг 13 та кўчаси босқичма-босқич замонавий пиёдалар йўлагига айлантирилмоқда. Бу ерда янги хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда, жамоат жойлари ободонлаштирилмоқда, миллий меъморчилик анъаналарини сақлаб қолган ҳолда муҳандислик коммуникациялари ва бино фасадлари янгиланмоқда.

Энг йирик лойиҳалардан бири Регистон майдонини Имом ал-Мотуридий мақбараси билан боғлайдиган Бухоро кўчасини реконструкция қилиш бўлди. Кўчанинг 850 метр қисми тўлиқ пиёдалар ҳудудига айлантирилади. Лойиҳани ишлаб чиқувчилардан бири, Самарқанд давлат техника университети ўқитувчиси Жасур Бердиқуловнинг таъкидлашича, илгари бу ерда қатнов қисмининг торлиги туфайли мунтазам равишда тирбандликлар юзага келган, қулай пиёдалар йўлакларининг йўқлиги эса пиёдалар учун жиддий ноқулайликлар туғдирган. Ишлар якунлангач, кўча хавфсиз жамоат майдонига айланади. Аҳоли учун алоҳида тўхташ жойи ажратилган бўлиб, транспорт воситаларининг киришига фақат зарурат туғилганда махсус хизматларга рухсат берилади. Шу билан бирга, сув, газ, электр ва бошқа муҳандислик тармоқлари тўлиқ модернизация қилинмоқда.

Олтин аср маҳалласида жойлашган Бағдод кўчасида ҳам ишлар давом этмоқда. Бу ерда 600 метрлик ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Лойиҳа доирасида замонавий туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини яратиш, кичик бизнес ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш кўзда тутилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари