Ойларнинг султони Рамазон хонадонимиз меҳмонидир. Рамазон — раҳмат ва мағфират ойи эканлиги барчамизга маълум. Бу ойда мусулмонлар улкан савоблар умидида кўп эзгу ишларни амалга оширадилар. Аллоҳ таолонинг яхши ишлар учун ажру мукофотларни бир неча баробар кўпайтириб ато этадиган бу кунларни ғанимат биладилар. Рамазон ойи бир қанча номлар билан номланади. Мисол тариқасида: “раҳмат ойи”, “тақво ойи”, “барака ойи”, меҳр-муҳаббат ойи”, “садақа ойи”, “савобларни қўлга киритиш ойи”, “мағфират ойи” ва албатта “Қуръон ойи” деган номларни келтиришимиз мумкин. Бу ойда кўплаб инсонлар Қуръон тиловати билан машғул бўладилар. Чунки бу ой Қуръон нозил бўлган ойдир.
Қуръони Каримда Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай марҳамат қилади;
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят)
Рамазон ойида мамлакатимизнинг мингдан ортиқ масжидларда хатми Қуръон қилинади. Қуръони Карим қорилар томонидан бир карра тўлиқ ўқилиб, эшиттирилади. Рамазон ойида Қуръони Каримни хатм қилиш суннат амаллардан биридир. Уни тиловат қилиш ҳам, шу тиловатни эшитиш ҳам улуғ ибодатдир. Ҳадиси шарифда;
“Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб ва уни бошқаларга ўргатганингиздир” дейилади. (Бухорий ривояти).
Шу ўринда ўтган уламоларимизнинг Рамазон ойида Қуръони карим тиловатига катта эътибор қаратганликларини кўришимиз мумкин. Хусусан, Имом Заҳабий ўзларининг “Сияр аъламун-нубала” китобларида Муртазо ибн Афифни таржимаи ҳолида: “У фақир ва ўта сабрли инсон эди. Бир ойда ўттиз маротаба Қуръонни хатм қилар, Рамазон ойида эса олтмиш маротаба хатм қилар эди” деганлар.
Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Муҳаммад ан-Насавий: мен Абу Бакр ибн Ҳадоднинг шундай деган гапини эшитдим деди: “Мен имом Шофеъийдан устози Робиъ Рамазон ойида Қуръонни намозда ўқиганларидан ташқари 60 маротаба хатм қилар эди деган гапини ўзимга олдим. Мени энг қодир бўлганим 59 та хатм бўлди, Рамазондан бошқа вақтларда эса, 30 маротаба хатм қилар эдим”.
“Сияру аъламун-Нубала” китобида шундай хабар келади: Салом ибн Абу Мутиъ: “Қатода етти кунда бир маротаба Қуръонни хатм қилар эди. Рамазон ойида эса, уч кунда бир хатм қилар, агар рўзанинг охирги ўн кунлиги келса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди” деди.
“Тарихи Боғдод” китобида келишича Халифа Маъмун Рамазонда ўттиз уч маротаба Қуръонни хатм қилган экан.
Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Китабуз-Зуҳд” китобларида келишича Ибн Сирин Рамазонда тунлари ҳеч ухламас экан.
Тариху Бағдодда келишича Муҳаммад ибн Исмоил (Имом Бухорий) ҳар куни кундузда бир маротаба хатм қилар эди. Таровеҳ намозидан кейин ҳам қоим бўлар ва уч кунда бир маротаба хатм қилар эди.
Насж ибн Саиддан ривоят қилинади: “Рамазоннинг биринчи кечаси бўлса, Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийнинг дўстлари жамланар эди. Имом Бухорий уларга намоз ўқиб берар, Қуръонни хатм қилгунча ҳар ракатда йигирма оятдан ўқир эди. Саҳарда эса, Қуръонни ярми ёки учдан бирини ўқир эди. Ҳар уч кечани саҳарида бир хатм тугар эди. Кундузлари бўлса, ҳар куни бир маротаба хатм қилар эди. У зот кундузги хатмларини ифтор вақтида тугатар ва “Ҳар бир хатм тугашида битта ижобат бўлгувчи дуо бор” дер эди.
Шу ўринда, мустақилликннинг илк йилларини эсга олайлик. Масжидларимизда хатми Қуръон қилиш учун қорилар етишмас, Рамазон ойида Миср, Туркия каби давлатлардан қорилар келар эди. Қисқа вақт ичида истиқлол шарафи ила, ўзимиздан қорилар етишиб чиқди. Нафақат ўзимизда балки қўшни Россия, Украина, Қозоғистон ва Америка Қўшма Штатлари каби давлатларга бориб хатми Қуръон қилиш учун қориларимиз таклиф этилмоқда. Қориларимиз у жойдаги мусулмонларга Қуръони Каримни тиловат қилиб, юртимиз шаънини кўкларга кўтармоқдалар. Бу йил мингдан ортиқ жоме масжидларимизда хатми Қуръон қилинаётган бўлса, уларнинг ҳаммасида ўзимиздан етишиб чиққан ёш қориларимиз қатнашмоқдалар.
Азизлар Рамазон ойини ғанимат билиб ва улуғларимиздан Рамазон ойини қандай ўтказганлари ва ушбу ойда Қуръонга бўлган эътиборлари ва эҳтимомлари нақадар юксак бўлгани ҳақида ибрат олишимиз ва бизлар ҳам Муборак Рамазон ойини Қуръон ойи эканини ҳис қилган ҳолда Қуръон ўқишга қаттиқ бел боғламоғимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни улуғ ажру савобларга эриштирсин.
Абдулазиз Бобамирзаев,
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти мудири
Ҳижрий тақвими бўйича йилнинг биринчи ойи Муҳаррам бўлиб, ҳурматли ойлар сирасига киради. Аллоҳ таоло Қуръони каримда тўртта ойни – Муҳаррам, Ражаб, Зулқаъда ва Зулҳижжани ҳурматли, яъни уруш ҳаром қилинган ойлар деб зикр қилган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рамазондан кейинги энг фазилатли рўза Аллоҳнинг ойи Муҳаррамдаги рўзадир” деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро куни деб аталади. “Ашуро” сўзи арабча “ашара”, ўн сонидан олинган бўлиб, айнан ойнинг ўнинчи кунига ишора қилади. Бу кун ислом тарихида ва ундан аввалги умматларда ҳам улуғ аҳамият касб этган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларида, яҳудийларнинг Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўрадилар. Улар: “Бу Аллоҳнинг Мусо алайҳиссаломни ва Бани Исроилни Фиръавндан қутқарган кунидир, Мусо алайҳиссалом бу куни шукроналик юзасидан рўза тутганлар” деб жавоб бердилар. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Биз Мусога улардан кўра ҳақлироқмиз” деб, ўзлари ҳам рўза тутдилар ва саҳобаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ашуро рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ашуро куни тутиладиган рўза бир йиллик гуноҳларни кафорат қилади деб умид қиламан” (Имом Муслим ривояти). Бу катта фазилат бўлиб, Аллоҳнинг бандаларига кўрсатган улкан раҳматидир.
Шунингдек, уламолар Ашуро рўзасини тутишда тўртта даража борлигини зикр этганлар. Муҳаррамнинг тўққизинчи, ўнинчи ва ўн биринчи кунларида рўза тутиш энг мукаммал даража, тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўза тутиш иккинчи даража, ўнинчи ва ўн биринчи кунлари рўза тутиш учинчи даража, фақат ўнинчи кун рўза тутиш тўртинчи даража. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аҳли китобларга хилоф қилиш мақсадида тўққизинчи кунни ҳам Ашуро рўзасига қўшиб тутишни назарда тутганлар.
Олимлар Ашуро кунида кўплаб тарихий воқеалар юз берганини зикр этганлар. Жумладан, Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси Жудий тоғида тўхтаган, Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроил Фиръавн зулмидан нажот топган, Иброҳим алайҳиссалом оловдан омон чиққан, Юнус алайҳиссалом балиқ қорнидан қутулган кун сифатида тилга олинади. Буларнинг ичидаги энг асосий ва ишончлироғи Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавндан нажот топишидир. Бу Имом Бухорий ва Имом Муслим каби муҳаддислар нақл қилган саҳиҳ ҳадислар билан собитдир.
Ашуро кунида аза тутиш, йиғлаш ва бошқа маросимларни ўтказиш шариатда асоси йўқ амаллардир. Аҳли сунна вал жамоа уламолари бундай амаллардан қайтарганлар. Ашуро куни шукроналик ва тоат-ибодат кунидир.
Муҳаррам ойининг 10-куни жорий йил 25 июнь кунига тўғри келмоқда. Мазкур Ашуро кунида мўминга лозим бўлган энг асосий амал рўза тутишдир. Рўзага қодир инсонлар Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунларини қўшиб тутсалар мустаҳаб бўлади. Шунингдек, бу кунда кўп зикр айтиш, Аллоҳга истиғфор айтиш, нафл намозлар ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва дуо қилиш ибодатнинг гўзал кўринишларидир.
Ашуро куни оила аъзолари ва яқинларга сахийлик қилиш, моддий таъминотини яхшилаш, эҳсон қилиш ҳақида ҳам баъзи ривоятлар зикр этилган. Олимлар бу масалада турлича фикр билдирган бўлсалар-да, яхшилик ва сахийлик ислом ахлоқининг асосий белгиси бўлгани боис, оила аъзоларига моддий жиҳатдан кенгчилик қилиш савобли амаллар сарасига киради.
Муҳаррам ойи ва Ашуро куни ислом умматига Аллоҳ таоло томонидан ато этилган муборак фурсатдир. Аллоҳ таоло барчамизни Ашуро рўзасини ихлос билан тутишга муяссар этсин.
Тошкент ислом институти “Қуръон илмлари” кафедраси
ўқитувчиси Зафар қори Маҳмудов