Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу муборак ой ҳақида ривоят қиладилар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир
ва унинг мукофотини Мен – Ўзим берурман”, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадор одамман”, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. Улар ила суюнгай”, дедилар.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
* * *
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: Баъзи рўзадорлар борки, уларга рўзаси учун очликдан ўзга нарса бўлмас. Баъзи тунда бедор бўлган борки, уларга бедорлиги учун уйқусизликдан ўзга нарса бўлмас”, дедилар.
Ибн Можа, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилганлар.
* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Рамазондан бир кунни Аллоҳ берган рухсатсиз оғзи очиқ ҳолда ўтказса, умрбод рўза тутиб ўтказса ҳам, унинг қазосини адо эта олмас”, дедилар.
Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар
* * *
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: “Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур”, деди”, дедилар.
Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар
* * *
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким рамазон рўзасини имон келтирган ва савоб умид қилган ҳолда тутса ҳамда кечалари қоим бўлса, унинг олдин ўтган гуноҳлари кечирилади”
Бухорий ва Муслим ривояти
* * *
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни қўймаса, унинг таоми ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг эҳтиёжи йўқ”, дедилар
Бухорий, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
* * *
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимга рамазон ойидан бошқа умматларга берилмаган бешта хислат берилди. Рўзадорнинг оғзидаги ҳид Аллоҳ наздида мушкнинг ҳидидан яхшироқ; ифтор қилгунларича малоикалар уларнинг гуноҳларини кечиришини сўрайдилар; бу ойда шайтоннинг саркашлари боғланади; бу ойда одамлар бошқа ойларда бўлмаган ихлосларини топадилар; бу ойда ҳар куни Аллоҳ таоло жаннатни зийнатлайди ва жаннатга айтади: “Менинг бандаларимдан қийинчилик ва азиятлар кўтарилишига оз қолди. Улар сенга қараб юрадилар ва охирги кечада уларнинг гуноҳлари кечирилади”. “Эй Аллоҳнинг элчиси, Лайлатул-қадр ўша кечами?” деб сўрашди. Айтдиларки: “Йўқ. Лекин амал қилувчи амалини бажарса, унинг ажри мўл-кўл берилади”.
Имом Байҳақий ривояти
* * *
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Кимки Қадр кечасида имон-эътиқод, қаноат ва ишонч билан турса олдинги гуноҳлари кечирилади, кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва ишонч билан тутса, олдинги қилган гуноҳлари кечирилади”.
Имом Бухорий ривояти.
* * *
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч кишининг дуоси рад этилмайди. Рўзадорнинг, то оғзини очгунича, одил подшоҳнинг, мазлумнинг. Аллоҳ уларнинг дуоларини булутлар узра кўтариб, улар учун осмон эшикларини очиб қўяди ва улуғ Парвардигор: “Иззатимга қасамки, гарчи бир муддат кейин бўлса ҳам, албатта, сенга ёрдам бераман”, дейди”, дедилар.
Аҳмад ва Термизий ривояти.
* * *
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки марта кетма-кет оғиз очмай рўза тутишдан эҳтиёт бўлинглар”, дедилар, шунда улар: “Ўзингиз тутасизку?!” дейишди. Жаноб Расулуллоҳ: “Мени Аллоҳ кечаси едириб-ичиради. Сизлар қурбингиз етадиган ишни қилишингиз лозим”, дедилар.
Имом Бухорий ривояти.
Мунира АБУБАКИРОВА
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мўмин киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин бўлишни, У зотга яқинлаштирувчи амалларни бажаришни кўзлаб яшайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Аҳзоб сураси, 56-оятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қурбат ҳосил қилишнинг бош омили дея салавот ва салом йўллаш эканини айтиб ўтган:
إِنَّ ٱللَّهَ وَمَلَـٰۤىِٕكَتَهُۥ یُصَلُّونَ عَلَى ٱلنَّبِیِّۚ یَـٰۤأَیُّهَا ٱلَّذِینَ ءَامَنُوا۟ صَلُّوا۟ عَلَیۡهِ وَسَلِّمُوا۟ تَسۡلِیمًا
“Албатта Аллоҳ ва Унинг фаришталари Набийга саловот айтурлар. Эй, иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг!”.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ алайҳи васаллам: “Менга жума куни ва жума кечаси салавот айтишни кўпайтиринглар. Ким менга бир салавот айтса, Аллоҳ унга ўнта салавот айтади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).
Набий алайҳи васалламга салавот айтиш Қуръон орқали ҳам, ҳадислар билан ҳам буюрилган амалдир. Набий ссллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло, фаришталар ва пайғамбарлар ҳам салавот айтишади. Биз мўминлар ҳам салавот айтишга буюрилганмиз. Бу, нафақат Аллоҳ олдидаги бандалик вазифамиз, балки икки олам саодатини кўрсатган икки олам Сарвари олдидаги умматлик ташаккуримиздир!
Яъни, салавот тилимиз осон айтадиган, енгил қараладиган оддий калима эмас, аксинча, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга миннатдорчилик билдиришимиз, раҳмат айтишимиз ҳамда Аллоҳ ҳузурида янада даражалари кўтарилишини сўраб берган дуоимиздир.
Салавот сўзи – дуо, раҳмат, улуғлаш ва мақташ маъноларини англатади.
Салавот кимдан ҳосил бўлишига кўра турли маъноларни ифода этади. Салавот Аллоҳ таолодан бўлса раҳмат, фаришталардан бўлса истиғфор, инсонлардан эса дуо ва улуғлашдир. Демак, биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаққиларига салавот ила дуо қилган, шаъни обрўларини янада улуғлаган бўламиз. Салавотни кўпайтирган сари, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашиб борамиз.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш махсус вақт, кун ёки маконга хосланмайди. Бироқ, қуйидаги ҳолатларда салавот айтишга янада диққатли бўлиш талаб қилинади:
Дуонинг аввалида, ўртасида ва охирида;
Масжидга кираётганда ва чиқаётганда;
Мусулмон биродарлари билан кўришганда;
Бир мажлис ва йиғилишга тўпланганда;
Хайрли сўзларни гапиришдан аввал;
Эрталаб ва кеч кирганда;
Уйқуга кетишдан аввал ва уйғонганда;
Қулоққа ғувуллаган овоз эшитилганда;
Бирор нарсани унутиб қўйганда;
Ғам, қайғу қийинчилик вақтида.
Бундан бошқа ўринларда ҳам салавот зикр сифатида айтилаверади. Кўп салавот айтишнинг фойдаси улкан бўлиб, фойдаларнинг энг улуғи қиёмат куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан яқин бўлиш ва у зотнинг шафоатларига эришишдир.
Ибн Масуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат куни менга энг яқин одамлар менга кўп салавот айтганларидир”, деганлар.
Шунингдек, салавот айтиш нифоқдан пок бўлиш ва дўзахдан нажот топишга сабаб бўладиган улуғ амалдир. Ва яна дунё-ю охиратда ҳожатлар равон бўлишининг сабаби ҳамдир.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким менга ҳар куни 100 марта салавот айтса, Аллоҳ таоло унинг 100 та ҳожатини равон қилади. 70 таси охиратда, 30 таси эса дунёда”, дедилар.
Салавот айтган кишига яхшилик эшиклари очилади фақирлик эшиклари эса ёпилади, гуноҳ ва хатолари кечирилишига сабаб бўлади.
Салавот айтишнинг бу дунёда фойдалари санаб саноғига етиб бўлмайдиган даражада кўп бўлса, охиратда ҳам худди шундай. Масалан, салавот соҳиби учун қиёмат куни сиротдан ўтишда нур, қиёматнинг дахшатли ҳолатларидан нажот ва омонлик бўлади.
Шу билан бирга, сиротдан ўтишни ҳам енгиллаштиради. Ҳаттоки салавот айтган киши жаннат хушхабарини олмагунча вафот этмайди.
Бунинг далили Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ “Жилаул афҳам”да Анас ибн Моликдан ривоят қилган ҳадис бўлиб, Расулуллоҳ алайҳи васаллам: “Ким бир кунда минг марта салавот айтса, жаннатдаги ўрнини билмай туриб ўлмайди” (Заиф ҳадис).
Салавот лафзининг энг афзали ҳар намоз ичида айтиладиган машҳур салавотдир. Асосийси, саноқ ёхуд адад эмас – ихлос ва муҳаббат ила айтилган салавотдир!
Абдуллоҳ Сирожиддиннинг “Набий алайҳи васалламга салавот айтиш” китоби асосида
“Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси катта ўқитувчиси
Н.Саидакбарова ва 2-курс талабаси М.Нигматова тайёрлади