Илму ҳикмат бир илоҳий нур-зиё,
Илму ҳикмат билан диллар пурзиё.
Зебу зийнат, молу дунё ўткинчи,
Завқу азоб, орзу-ҳаво ўткинчи.
Заковат-ла сақланар қалб жаҳлдан,
Бахт бешиги ясалгай илм, ақлдан.
Ўрганамиз илм-ла дин-диёнатни,
Фарзу вожиб, суннату сир-синоатни.
Илм иста, ғафлатга ҳеч кўнмагин,
Бекор сўзлаб, узун ухлаб, сўнмагин.
Илмсиз қалб бўлармиди саломат?
Дардинг борми, йўқ ишингда давомат.
Илм йўллар сени рушду ҳидоятга
Ва олгайдир ихлосингни ҳимоятга.
Илм иста, бўлгин омон, эй дўстим,
Шунда жаннат йўли осон, эй дўстим.
Ибодуллоҳ Аҳроров
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
(“Ҳидоят”журнали 2002, 2 сон)
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчилари Мисрдаги Ал-Азҳар халқаро имом ва воизлар тайёрлаш академиясида малака оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Делегация аъзолари икки ҳафталик ўқув дастури давомида мисрлик исломшунос олимлар билан араб тилини ўрганиш, таълим тизимида инновацион технологиялардан кенг фойдаланиш, исломшунослик йўналишидаги янги ёндашувлар ва кўникмалар хусусида фикр-мулоҳазалар алмашди.
Малака ошириш курслари доирасида Ал-Азҳарда фаолият юритувчи таниқли имомлар томонидан маърузалар ташкил этилди. Хусусан, профессор Аҳмад ат-Таййиб турли мамлакатлардан келган уламолар, тадқиқотчилар ва профессор-ўқитувчиларнинг касбий салоҳиятини ошириш ҳамда халқаро илмий-академик ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасида алоҳида тўхталиб ўтди.
Дастур давомида араб тилини ўқитишнинг замонавий стратегиялари, илғор педагогик ёндашувлар ва тил кўникмаларини амалиётга самарали татбиқ этиш масалаларига бағишланган маърузалар, амалий машғулотлар ҳамда семинарлар ҳам ўтказилди.
Ўқув дастури сўнггида Ал-Азҳар халқаро академияси президенти, профессор Ҳасан ас-Сағир ҳамда Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси вакили тингловчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқи ва фаоллигини юқори баҳолаб, ушбу курс халқаро миқёсда илмий ва даъват салоҳиятини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Учрашувда курс давомида тайёрланган энг яхши амалий лойиҳалар муаллифлари алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ўқитувчиларига сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати