Илму ҳикмат бир илоҳий нур-зиё,
Илму ҳикмат билан диллар пурзиё.
Зебу зийнат, молу дунё ўткинчи,
Завқу азоб, орзу-ҳаво ўткинчи.
Заковат-ла сақланар қалб жаҳлдан,
Бахт бешиги ясалгай илм, ақлдан.
Ўрганамиз илм-ла дин-диёнатни,
Фарзу вожиб, суннату сир-синоатни.
Илм иста, ғафлатга ҳеч кўнмагин,
Бекор сўзлаб, узун ухлаб, сўнмагин.
Илмсиз қалб бўлармиди саломат?
Дардинг борми, йўқ ишингда давомат.
Илм йўллар сени рушду ҳидоятга
Ва олгайдир ихлосингни ҳимоятга.
Илм иста, бўлгин омон, эй дўстим,
Шунда жаннат йўли осон, эй дўстим.
Ибодуллоҳ Аҳроров
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
(“Ҳидоят”журнали 2002, 2 сон)
Қуёш асосан водород (тахминан 74%) ва гелийдан (тахминан 24%) ташкил топган бўлиб, унинг ядросидаги юқори босим ва ҳарорат водородни гелийга айлантиради.Бу жараён миллиардлаб йиллар давом этади ва Қуёш марказидаги водород камайиб, гелий кўпайиб боради.
Гелий водородга нисбатан тўрт баробар оғир бўлгани учун бу ҳолат номутаносиблик келтириб чиқариб, мувозанат бузилади. Қачондир Қуёш ўз мувозанатини тиклаш учун умумий ўзгаришга учрайди. Жумладан, ташқи қатламлар жуда катта ҳажмда шишади, марказ (ядро) қисқаради, Қуёш ранги қизғиш тусга киради.
Бу босқичда Қуёш “қизил улкан” (red giant) жисмга айланади ва илмий ҳисоб-китобларга кўра, у Меркурий, Венера ва Ер сайёраларини ютиб юбориши мумкин.
Қуёш ички кучлари заифлашгач, унинг ташқи шишган қатламлари ўзини ушлаб тура олмайди ва бутун жисм ўз ичига ўзи қулаётгандек сиқилади. Бу жараён фанда “гравитацион коллапс” деб аталади. “Гравитацион коллапс” – бу жисмнинг ўз тортишиш кучи таъсирида ичига қараб қулаб, сиқилиб бориш жараёнидир.
Бу пайтда моддалар жуда зичлашади, атомлар бир-бирига ниҳоятда яқинлашади, электрон қатламлар ўртасидаги электрон тортишиш кучлари қаршилик кўрсатади. Натижада тортишиш ва итарилиш кучлари ўртасида мувозанат ҳосил бўлади.
Шундан сўнг Қуёш “оқ митти” нарсага айланади, яъни қуёшнинг марказида кичик, жуда иссиқ ва зич қисми (1 см³ ҳажми тахминан 1 тоннага тенг) қолади ва унинг ёруғлиги жуда хира бўлиб қолади. Астроном Субраманян Чандрасекхар ҳисоб-китобларига кўра, Қуёшга ўхшаш ёки ундан кичик массали юлдузлар ҳаёти ҳам охирида айнан шу ҳолатга келади.
Ушбу жараёнлар Қуръони каримда қуйидагича ифодаланади: “Қуёш ўраб қўйилганида, …” (Таквир сураси, 1-оят).
Араб тилидаги “куввирот” (تَ ِر ّ ( ُكو сўзи “ўраш”, “жамлаш”, “йиғилиш”, “айланиш” каби маъноларни билдиради. Бу эса илмий жиҳатдан юлдуз моддасининг бир нуқтага йиғилиши ва гравитацион сиқилиш жараёнига мос келади.
Қуръони каримда яна бундай дейилади: “Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу Азиз (қудратли) ва Алим (билимли Зот)нинг ўлчовидир” (Ёсин сураси, 38-оят). Ояти каримадаги “мустақор” сўзи охирги қарор топиш жойи, “барқарор ҳолат” деган маънони англатади. Илмий нуқтаи назардан бу Қуёшнинг “оқ митти” босқичида барқарор ҳолатга келиши билан уйғунлашади.
Замонавий астрофизика маълумотлари кўрсатадики, Қуёш абадий эмас, у босқичма-босқич ўзгаради ва охирида зичлашиб, тобора кичрайиб боради. Қуръони каримда “таквир” (ўралиш, йиғилиш), “мустақор” (қарор топиш) сўзлари билан бу жараёнлар ҳақида хабар берилади.
Доктор Юсуф ал-Ҳаж Аҳмаднинг
“Қуръони карим ва суннати набавиядаги илмий мўъжизалар қомуси” китобидан
Илёсхон АҲМЕДОВ таржимаси
“Ислом нури” газетасининг 2026 йил 9-сонидан
http://hidoyatuz.taplink.ws