Илму ҳикмат бир илоҳий нур-зиё,
Илму ҳикмат билан диллар пурзиё.
Зебу зийнат, молу дунё ўткинчи,
Завқу азоб, орзу-ҳаво ўткинчи.
Заковат-ла сақланар қалб жаҳлдан,
Бахт бешиги ясалгай илм, ақлдан.
Ўрганамиз илм-ла дин-диёнатни,
Фарзу вожиб, суннату сир-синоатни.
Илм иста, ғафлатга ҳеч кўнмагин,
Бекор сўзлаб, узун ухлаб, сўнмагин.
Илмсиз қалб бўлармиди саломат?
Дардинг борми, йўқ ишингда давомат.
Илм йўллар сени рушду ҳидоятга
Ва олгайдир ихлосингни ҳимоятга.
Илм иста, бўлгин омон, эй дўстим,
Шунда жаннат йўли осон, эй дўстим.
Ибодуллоҳ Аҳроров
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
(“Ҳидоят”журнали 2002, 2 сон)
Ҳиндистон Республикаси Мудофаа вазирлиги котибияти бошлиғи, генерал Динеш Кумар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди. Марказ билан танишув давомида меҳмон, айниқса, Усмон Мусҳафини кўриб чуқур таассурот олганини таъкидлаб, уни бу ердаги энг ноёб ва унутилмас ёдгорликлардан бири, дея эътироф этди.
Ташриф чоғида генерал Динеш Кумар музейнинг бой экспозициялари билан батафсил танишди. У исломгача бўлган давр цивилизацияси, Ислом цивилизациясининг тараққиёт босқичлари, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларига бағишланган галереялар, буюк алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси, нодир қўлёзмалар ҳамда замонавий рақамли технологиялар асосида яратилган интерактив экспозицияларни катта қизиқиш билан кўздан кечирди.
Меҳмон экспозициялар тарихий меросни замонавий музейшунослик ечимлари орқали жонли ва таъсирчан тарзда намоён этаётганини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, ҳар бир галерея ўзаро узвий боғланган бўлиб, ташриф буюрувчиларга Ўзбекистон ва бутун минтақа цивилизацияси тарихини яхлит ҳолда англаш имконини беради.
Генерал Динеш Кумар бундай деди:
➖ Бу ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли маскан. Делегациям билан биргаликда бу ерга келиб, катта таассуротлар олдик. Марказнинг меъморий қиёфаси, экспозицияларнинг юксак савияда ташкил этилгани ҳамда исломгача бўлган даврдан тортиб бугунги кунгача бўлган тарихнинг изчил ва таъсирчан тарзда ёритилгани мени чуқур ҳайратга солди. Айниқса, замонавий технологиялар ёрдамида тарихни жонлантириш усули таҳсинга сазовор. Бу ерда ҳар бир экспозиция ўтмишни нафақат кўриш, балки уни чуқур ҳис қилиш имконини ҳам беради.
Бизга намойиш этилган Усмон Мусҳафи сўз билан таърифлаб бўлмайдиган даражада ноёб мерос экан. Бу мен учун энг таъсирли экспонат бўлди ва уни умрим давомида эслаб юраман.
Ўзбекистонга келадиган ҳар бир сайёҳ ушбу масканни албатта кўриши керак. Биз Ҳиндистонга қайтгач, дўстларимиз ва ҳамкасбларимизга ҳам бу ерга ташриф буюришни тавсия қиламиз.
Ташриф якунида генерал Динеш Кумар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мамлакатнинг кўп асрлик тарихий ва маънавий меросини замонавий технологиялар билан уйғун ҳолда намоён этаётган, халқаро аҳамиятга эга илмий-маърифий маскан эканини алоҳида таъкидлади.
iccu.uz