Илму ҳикмат бир илоҳий нур-зиё,
Илму ҳикмат билан диллар пурзиё.
Зебу зийнат, молу дунё ўткинчи,
Завқу азоб, орзу-ҳаво ўткинчи.
Заковат-ла сақланар қалб жаҳлдан,
Бахт бешиги ясалгай илм, ақлдан.
Ўрганамиз илм-ла дин-диёнатни,
Фарзу вожиб, суннату сир-синоатни.
Илм иста, ғафлатга ҳеч кўнмагин,
Бекор сўзлаб, узун ухлаб, сўнмагин.
Илмсиз қалб бўлармиди саломат?
Дардинг борми, йўқ ишингда давомат.
Илм йўллар сени рушду ҳидоятга
Ва олгайдир ихлосингни ҳимоятга.
Илм иста, бўлгин омон, эй дўстим,
Шунда жаннат йўли осон, эй дўстим.
Ибодуллоҳ Аҳроров
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
(“Ҳидоят”журнали 2002, 2 сон)
Мустақиллигимизнинг муқаддас 35 йиллиги арафасида Тошкент вилоятида имом-хатиблари ва имом ноиблари ўртасида "ЗАКОВАТ" интеллектуал мусобақаси бўлиб ўтди.
Вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 6 та жамоа таркибидаги соҳа вакиллари ўзларининг теран билими, мулоҳазакорлиги ва мантиқий фикрлаш қобилиятини синовдан ўтказдилар. Ҳар бир савол нафақат интеллектуал билим, балки бой тарихимиз, диний-маърифий қадриятларимиз ва халқимизнинг маънавий меросини ёрқин акс эттирди.
Муросасиз ва қизғин кечган баҳс якунига кўра ғолиблар аниқланди:
Ғолиб жамоалар:
1-ўрин — "Билимдонлар" жамоаси
2-ўрин — "Зиёлилар" жамоаси
3-ўрин — "Фаоллар" жамоаси
Диний соҳа вакилларининг бу каби соғлом рақобат ва интеллектуал беллашувларда фаол иштирок этиши жамиятда маърифат нурини янада кенгроқ ёйилaшига хизмат қилади.
Ғолиб ва иштирокчиларни чин қалбдан табриклаймиз!
Илм-маърифат йўлидаги хайрли ишларига Аллоҳ таоло барака берсин, масъулиятли фаолиятларида куч-ғайрат ёр бўлсин!
Тошкент вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати