Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Август, 2026   |   14 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:20
Қуёш
05:44
Пешин
12:25
Аср
17:07
Шом
19:08
Хуфтон
20:28
Bismillah
27 Август, 2026, 14 Рабиъул аввал, 1448

“Рамазонни қандай ўтказяпсиз? Уламолар тавсияси”

27.04.2020   5180   4 min.
“Рамазонни қандай ўтказяпсиз? Уламолар тавсияси”

Моҳи Рамазон рўзасини бизларга фарз қилган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин!  

Рамазон ойининг тунларини бедор, ибодатда ўтказишни биз умматларига суннат қилиб қолдирган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин!        

Ушбу муборак ойни ўзимиз учун фойдали ва унумли ўтказишда уламоларнинг бир қанча тавсияларига таяниб иш кўриш мақсадга мувофиқдир.

Биз ҳам оиламиз билан биргаликда ушбу муборак ойни устозларимизнинг тавсияларига асосанланган ҳолда ўтказишга ҳаракат қилмоқдамиз.

Қуйида мазкур тавсияларни сизларга ҳам илиндик. Зотан, уларга амал қилган бандалар албатта бу ойнинг фазлу барокатидан улушга эга бўлади.

1. Рамазон тунларини бедор ўтказиш. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Рамазон кечаларини иймон ва савоб умидида намоз ўқиб бедор ўткизган кишининг гуноҳлари кечирилади”   (Имом Бухорий ривояти).

2.Мискинларга таом улашиш. Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримнинг Инсон сураси, 2-7 оятларида шундай марҳамат қилади:

“Ўзлари суюмли (яъни муҳтож бўлишларига) карамай мискин, етим ва асирларга таом берадилар ва  биз сизларга Аллоҳнинг юзи учун таом берамиз. Сизлардан мукофот ва миннатдорчилик истамаймиз. Бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (дахшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қоладиган бир Кундан қўрқамиз – дедилар”.

3.Рўзадорларга ифторлик бериш. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Рўзадорга ифтор берган кишига рўзадорнинг савобининг мислича савоб берилади ва рўзадорнинг савоби ҳеч ҳам  камайтирилмайди” (Насоий ривояти).

4.Кўпроқ садақа ва эҳсон қилиш. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам энг саховатли кишилардан эдилар. Хусусан, рамазон ойи келганда у кишининг саховатлари, эсиб турган шамолдан ҳам саховатлироқ бўлиб колар эди.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Садақаларнинг энг афзали рамазон ойидаги садақадир” — дедилар (Термизий ривояти).

5.Қуръонни кўп ўқиш. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламшундай деганлар: “Ким Қуръон ўқиса, бас, у нубувват (даражаси)га поғонама-поғона кўтарилиб борибди. Фақат унга ваҳий қилинмайди, холос. Қуръон соҳиби қалбида Аллоҳнинг Каломи бўла туриб ғазаб қилган киши билан тортишиши ва жоҳил кишига қўшилиб жоҳиллик қилиши тўғри эмас” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ва Ҳоким “Мустадрак”да ривоят қилган).

6.Қадр кечасини излаш. Аллоҳ таоло  Қуръони каримнинг Қадр сураси, 1-3 оятида шундай дейди:

Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), Қадр кечаси нима эканлигини Сиз каердан ҳам билар эдингиз?! Қадр кечаси минг ойдан яхширокдир.

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қадр кечасини иймон билан ва савоб умидида намоз ўқиб ўтқизган кишининг ўтган гуноҳлари кечирилади”  (Имом Бухорий ривояти).

7.Зикр ва истиғфорни кўпайтириш. Аллоҳ таоло Раъд сурасининг 28 оятида марҳамат қилади:

“Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур!”.

Албатта, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар.

“Роббингизга истиғфор айтинглар, сўнгра Унга тавба қилинглар. (Шунда) У сизларни маълум муддатгача яхши роҳатлар ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур” (Ҳуд сураси, 3-оят).

 

Саидаброр Умаров

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистонда жаҳон хаттотлар танлови 26 августда эълон қилинади

25.08.2026   17099   2 min.
Ўзбекистонда жаҳон хаттотлар танлови 26 августда эълон қилинади

Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.

«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.

Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.

Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.

Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.

Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.

Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.

Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.

Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.

Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари