Юртимиз узра фараҳбахш Рамазон ойи ўзининг файзу футуҳи билан кезмоқда. Мунаввар тонгларда, муазззам шомларда қилинаётган хайрли дуолар диёримизнинг муссаффо осмонидан раҳмат, мағфират ва барака бўлиб ёғилмоқда.
Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, деди. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда ва иккинчиси – қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).
Муқаддас динимиздаги барча ибодатларда бандалар Аллоҳнинг олдида баробар туради. Жумладан, рамазони шариф рўзасини тутишда ҳам одамлар бир хил даражада очликни бошдан кечирадилар. Уларнинг ораларидан ё бой, ё мансабдор истисно қилинмайди. Бу борада ҳамма баробар, кучли ва заиф, хос ва омманинг фарқи йўқ. Имом Ғаззолийнинг “Мукошафатул қулуб” асарида келтирилган бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қиладилар: “Менинг умматимга беш хислат берилди, бу аввалгиларга берилмаганди:
Аллоҳ таоло бу ойда қиладиган барча ибодату дуоларимизни ва тутадиган рўзаларимизни қабул айласин. Бандачилик қилиб билиб билмай қилган хатоларимизни мағфират айласин.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти
Ойбек Маърупов.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жуда ҳам оз вақт яшаганлари ва эрта вафот этиб кетганлари туфайли у киши ҳақидаги маълумотлар оз ва бори ҳам ҳар хиллигини барча тарихчиларимиз таъкидлайдилар. Биз ҳам мазкур маълумотлардан хулоса чиқариб олишга ҳаракат қиламиз.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз Маккаи Мукаррамада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлишларидан тахминан ўн уч йил аввал таваллуд топганлар.
У кишининг оталари Хузайма ибн Ҳорим ибн Абдуллоҳ ал-Ҳилолий деган одам бўлган, оналари Ҳинд бинти Авф ибн Ҳорис ибн Ҳамота ал-Ҳумайрия бўлган.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз вояга етгач, Абдуллоҳ ибн Жаҳш розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлар.
Ҳижратга амр бўлганда Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ҳижрат этиб келиб, ўз оиласи билан Мадинаи Мунавварада истиқомат қила бошлаганлар.
Бадр урушида Зайнаб бинти Хузайма онамиз ҳам ярадорларга қарашиб, фидокорлик кўрсатганлар.
Ҳижрий учинчи санадаги Уҳуд урушида у кишининг эрлари вафот этди. Шундан кейин Зайнаб бинти Хузайма ёлғиз қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу аёлга раҳмлари келиб, у кишининг иддаси чиққач, ўзларига хотин қилиб олдилар. У зот Зайнаб онамизнинг маҳрларига тўрт юз дирҳам бериб, Оиша онамизнинг ҳужралари ёнига у киши учун ҳужра қурдилар. Шундай қилиб, Зайнаб онамиз мўминларнинг онаси деган шарафга ноил бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамизнинг сабрлари, жасоратлари, Аллоҳнинг дини йўлидаги фидокорликларини ана шундай тақдирладилар.
Зайнаб онамизнинг лақаблари Уммул Масокин (Мискинларнинг онаси) эди. У киши мискинларга кўп яхшилик қилганлари сабабли мана шу лақабни олган эдилар.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз нубувват хонадонида бир неча ой яшаганларидан кейин дорулбақога риҳлат қилдилар. Бу аламли ҳодиса ҳижрий тўртинчи сананинг охирги чорагида бўлди. Ўшанда у кишининг ёшлари ўттизда эди.
Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳонинг жанозаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўқидилар ва Бақийъ қабристонига дафн қилдилар.
Аллоҳ таоло Зайнаб бинти Хузайма онамиз розияллоҳу анҳодан рози бўлсин!
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан