Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ демасдилар.
Кимга мол - дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб, босиб ётмасдан инфоқ - эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр - савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир" (Бақара сураси, 261-оят).
Ҳозирги пандемия пайтида бутун дунёда кузатилаётгани каби юртимизда ҳам ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши қайд этилган. Шу мақсадда, Муҳтарам Президентимиз “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурдилар. Бу ҳақда у киши 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида маълум қилган.
“Яқин кунларда барчамиз учун муқаддас бўлган Рамазон ойи кириб келади. Бу ойда эҳтиёжманд ва муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш ҳам қарз, ҳам фарздир. Шунинг учун ушбу муқаддас ойда ҳар бир тадбиркор ўзи фаолият юритаётган ҳудудда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, аввало маҳалладошлари, қўни-қўшниларини фаол қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ”, — деган давлатимиз раҳбари.
Бунинг натижасида Рамазон ойида амалга ошириладиган эҳсон ва хайриялар манзилли бўлиши, ифторликларга сарфланадиган маблағлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари аҳолининг кам таъминланган қатламларига йўналтирилиши лозимлиги таъкидланди.
“Имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун, 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Давлат томонидан ўз навбатида бундай тадбиркорларга солиқ, лизинг, кредит тўловлари, зарур ресурслар билан таъминлаш бўйича турли имтиёз ва преференциялар берилади. Яъни, бу аҳолига давлат томонидан тадбиркорлик субъектлари орқали кўрсатиладиган саховат ва кўмак бўлади”, — дедилар Муҳтарам Юртбошимиз.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланишига ишонаман, — дея алоҳида таъкидладилар.
Ҳазрат Оишадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтдилар: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахт, томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энг саховатли Зот эдилар. У кишининг саховати олдида бошқа саховатлар ип эша олмас эди. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг яхшиси, одамларнинг энг сахийси ва одамларнинг энг шижоатлиси эдилар”.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса сўралганда, ҳеч қачон “йўқ” демаганлар”.
Саховат бу – аввало, Аллоҳга шукроналик қилишнинг бир белгиси. Ахир, карам билан сахони ҳам Аллоҳинг ўзи бандасига раво кўрибдими, бунинг шукронаси бўлиши, яъни бахиллик қилмаслик керак-да. Бу тўғрисида Алишер Навоий ҳазратлари шундай дейдилар:
Буки санга Тенгри ато айлади,
Қисм карам бирла сахо айлади.
Жуду саховат чоғи бухл этмагил,
Шукр замони доғи бухл этмагил.
Саховат, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, "Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир".
Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида шундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”, “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқилганида уни қўлидан тутиб туради”, “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”.
Аллоҳ таоло айтади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Бордию, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”. (Бақара сураси, 271-оят).
Шу туфайли салафи солиҳлар ўзларининг садақаларини одамлар кўзидан яширишда муболаға қилганлар. Токи садақа бергувчининг кимлиги билинмасин. Баъзилари кўр камбағални, баъзилари ухлаб ётган фақирни қидирар, баъзилари эса фақирлар олиши учун улар ўтадиган йўлга садақаларини ташлаб қўйишар эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуднинг мана бу фикрларига эътибор беринг: “Қайсиларингиз бир дирҳамни соғлигида ва бахиллигида инфоқ-эҳсон қилса, ўлим вақтида юз дирҳамни инфоқ этишни васият қилишидан яхшироқдир. Агар бойлик топсанг, уни қуртларга ем бўлмасин ёки қароқчилар қўлига тушмасин, десанг, садақа қил”.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор”. Ҳасан Басрий: “Торлик, зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади”, деганлар.
Имом Ғаззолий айтади: “Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга қиймат бермаслик самарасидир. Сахийлик ҳақиқий тавҳид ва таваккулга эришиш натижасидир. Яъни садақа билан мол камайиб қолмаслигига, Аллоҳ таолонинг бирга ўн баробар қилиб қайтариш ваъдасига ва ризқни Аллоҳ таоло етказишига ишончдан сахийлик туғилади. Бахиллик шубҳадан туғилади. Сабабларга ёпишиб қолиш ва Аллоҳ таолонинг ризқ ҳақидаги ваъдасидан шубҳаланиш натижасидир”.
Салмон Форсийнинг айтишича, “Агар сахий киши вафот этса, ер ҳамда одамларнинг номаи аъмолларини битувчи фаришталар бундай дейди: “Эй Раббим, бандангнинг бу дунёда қилган гуноҳларини авф эт!”. Агар вафот этган кимса бахил бўлса, улар: “Эй Аллоҳим, бу бандани жаннатдан тўсгил, чунки у бандаларингни Сен унинг қўлига берган мол-дунёлардан тўсган эди”, дейишади.
Ислом тарихидаги улуғ шахслардан бири Абдуллоҳ ибн Муборак оддий бир боғбоннинг ўғли бўлиб, ўзининг саъй-ҳаракатлари ва меҳнатининг эвазига жуда бой-бадавлат бўлган экан. У зот ақлли, диёнатли, зуҳду тақвога таянган, сермулоҳаза, охиратни ўйлаб иш кўрадиган инсон бўлиб, унинг мақсади молу-дунёсини Аллоҳ розилигида хайрия ишлар ва эзгу мақсадларга сарфлаш бўлган. Улар доимо атрофдагиларга, кўшниларга, етимларга, ночорларга, камбағал ва мискинларга ёрдам берардилар.
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бир яҳудий қўшнилари бор эди. Абдуллоҳ ўз болаларини овқатлантиришдан аввал камбағал қўшниларининг болаларига таом берар, фарзандларини кийинтирмасдан олдин яҳудий қўшниларининг болаларини кийинтирардилар. Одамлар яҳудийнинг олдига келиб: “Ҳовлингни бизга сот”, дейишди. Шунда яҳудий: “Ҳовлимни икки минг динорга сотаман. Аслида, унинг нархи минг динор, кейинги минг динор эса Ибн Муборакка қўшни бўлганим учун”, деди. Кейинчалик ўша яҳудий қўшнилари Абдуллоҳнинг дуолари билан мусулмон бўлди.
Сахийлик ва бахилликнинг бир неча даражалари бор. Сахийликнинг энг олий даражаси ўзининг мол-дунёга ҳожати бўлиб турса-да, қўлидаги ҳамма нарсани сахийлик билан бошқаларга тарқатиб юборишдир. Бахилликнинг энг юқори поғонаси эса кишининг молга ҳожати бўлатуриб, уни ўзига сарфлашда бахиллик қилишидир. Ҳазрати Али айтганларидай, “Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради”.
Албатта, Рамазон хайру эҳсон ойи. Эзгуликка ташна халқимиз бу ойда янада саховатли бўлишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Садақаларнинг энг яхшиси Рамазон ойида қилинган садақадир”, деганлар. Шунга кўра закот ва нафл садақаларни ҳам Рамазон ойида адо этиш янада фазилатлидир.
Ҳаётда ҳар хил вазиятларга дуч келамиз. Одам турли сабабларга кўра ночор аҳволга тушиб қолиши мумкин. Кимдир соғлиғини тиклаш учун катта маблағ сарфлашига тўғри келади. Фарзандини ўқитаман деб ёрдамга муҳтож бўлиб қолаётганлар бор. Ана шундай пайтда биров сахийлик кўрсатиб, ҳожатманднинг жонига оро кирса, нур устига нур бўлади.
Қарз бериш ҳам сахийлик ҳисобланади. Бироқ қарздан қарзнинг фарқи бор. Бирор зарурат сабаб ёки бошига ташвиш тушиб муҳтож бўлиб қолган одамга қарз берилса, савоб олинади, иншааллоҳ. Шунингдек, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар ва таниш-билишларнинг кундалик эҳтиёжлари билан боғлиқ ҳолатларда ҳам қарз бериш савобдир. Шундай экан барчаларимиз доимо ён-атрофдагиларимизга меҳрли, саховатли бўлиб исрофдан сақланишликка ҳаракат қилайлик. Али ибн Абу Толиб таъкидлаганларидек: “Энг эзгу эҳсон ҳожатмандга берилганидир”.
Роббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.
Муҳаммади ҚОРАЕВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Қашқадарё вилоятидаги вакили ўринбосари
Раддия: Исломда пешволикни даъво қиладиган гуруҳ ва оқимлар диндаги айрим тушунча ва сўзларни ғаразли мақсадлари йўлида бузиб, нотўғри талқин қилиши ҳаммага маълум. Улар шу орқали мусулмонлар ҳиссиётига тегиниш, ўзларига тобеларни кўпайтириш, диндор ва илмли бўлиб кўринишга ҳаракат қилади. “Тоғут” сўзи улар кўп ишлатадиган, инсонларни, айниқса ҳукмдорларни айблашда қўллайдиган тушунчалардан бири. Аслида у нима? Қандай маъноларда ишлатилади? Кимлар тоғут бўлиши мумкин?
“Тоғут” лафзи “туғён” сўзи билан ўзакдош бўлиб, Аллоҳ белгилаб қўйган чегарадан чиқишга, куфрда ҳаддан ошишга, исён қилишга нисбатан ишлатилади. Исломда Аллоҳнинг йўлидан бошқа йўл “тоғут” дейилади. Тоғутнинг каттаси Шайтондир.
“Тоғут” калимаси Қуръони каримнинг саккиз жойида зикр қилинган бўлиб, уламоларимиз уни турлича тафсир қилган. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Имом Шаъбий, Имом Заҳҳок “Тоғутдан мурод – Шайтон” деган. Имом Абу Олия ва Муҳаммад ибн Сирин тоғут сеҳргар ва фолбин эканини айтган.
“Тафсири Жалолайн”да тоғут сўзи тафсирига мурожаат қилайлик: “Ким тоғутга куфр келтириб, Аллоҳга иймон келтирса, батаҳқиқ узилмайдиган мустаҳкам тутқични ушлаган бўлади” (Бақара сураси, 256) ва “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир. Уларни нурдан зулматларга чиқарурлар” (Бақара сураси, 257) оятларида тоғутлар – бут-санамлар ва Шайтон, “Китоб (Таврот)дан насибадор бўлганларнинг “Жибт” ва “Тоғут”га сиғинишларини ва кофирларга “Шулар мўминлардан кўра тўғрироқ йўлдадир” дейишларини кўрмадингизми?!” (Нисо сураси, 51) оятида – Жибт ва Тоғут Қурайш қабиласидагиларнинг икки санами, “Ўзларини, Сизга нозил қилинган (Қуръон) ва Сиздан олдин нозил қилинган (илоҳий китоблар)га иймон келтирган, деб ҳисоблайдиганларнинг ҳукм сўраб, Тоғут ҳузурига боришни хоҳлаётганларини кўрмадингизми?” (Нисо сураси, 60) оятидаги тоғут куфрда ҳаддан ошган, туғёнга кетган Каъб ибн Ашраф, “Кофирлар (эса) Тоғут йўлида жанг қиладилар” (Нисо сураси, 76-оят) ва “Ким Аллоҳнинг лаънатига учраган, ғазабига дучор бўлган, маймун ва чўчқага айлантирилган ва тоғутга ибодат қилган бўлса, ана ўшалар ёмон мартабадаги ва тўғри йўлдан бутунлай адашган кимсалардир” (Моида сураси, 60) оятларида улар Шайтон, “Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: “Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг” деб пайғамбар юборганмиз” (Наҳл сураси, 36-оят) ва “Тоғутдан, унга ибодат қилишдан четда бўлганларга ва Аллоҳга қайтганларга хушхабар бор” (Зумар сураси, 17-оят) оятларида ҳам улар Шайтон деб назарда тутилган.
Аллома Ибн Атийя айтади: “Баъзи олимлар: “Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғутдир”, деган”. Фиръавн, Намруд ва ўзини илоҳ деб эълон қилганлар ва ибодат қилинадиган бут-санамлар тоғут дейилади.
Муқотил розияллоҳу анҳу “Куфр келтирганларнинг дўстлари тоғутлардир” оятидаги тоғутни Каъб ибн Ашраф ва Ҳуяй ибн Ахтаб деб тафсир қилган. У иккиси ислом ва мусулмонларга адовати чексиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп азият берган, мусулмонларга қарши урушга жуда кўп даъват қилган яҳудийлардан эди.
Имом Нававий айтади: “Лайс, Абу Убайда, Кисоий ва кўпчилик тилшунослар: “Тоғут – Аллоҳ таолодан бошқа ибодат қилинадиган нарса”, деган”.
Шайх Муҳаммад Амин Шинқитий: “Ҳақиқат шуки, Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса тоғут, энг катта тоғут эса Шайтондир”, дейди.
Тоғут сўзининг маъноси ҳақида буюк муфассир Имом Табарий “Жомиъул баён” тафсирида: “Фикримча, тоғут ҳақида тўғри гап шуки, тоғут Аллоҳга туғён қилиб, Уни тарк этиб, Ундан ўзгага ибодат қилинган нарсадир. Ўша маъбуд инсон, шайтон, бут ва бошқа нарсалар бўлиши мумкин”, дейди.
Муфассир олим Ҳасан Таҳсин Файзли “тоғут” сўзини “Аллоҳдан узоқлаштирадиган, унинг амрларини бажаришни ман этадиган кимсалар”, деб изоҳлаган.
Демак, саҳобаи киромлар, тобеинлар ва уламоларимизнинг сўзларидан тоғут калимаси шайтон, сеҳргар, фолбин ва Аллоҳдан бошқа ибодат қилинадиган ҳар қандай нарса экани маълум бўлмоқда.
Афсуски, ҳозирги кунда баъзи тоифалар мусулмон раҳбарларни тоғут деб атаб, уларни осонгина кофирга чиқармоқда. Уларнинг услуби хаворижларникига ўхшайди. Улар арзимас нарсалар туфайли иймонли одамни кофирга чиқариб, қонини ҳалол ҳисоблаб, қанчадан-қанча беайб мусулмонлар умрига зомин бўлмоқда, исломнинг пок номига доғ тушириб, асл моҳият ва тамойилларини ёт ва бузғунчи ғоялардан иборат фитналар соясига тушириб қўймоқда.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бўлим бошлиғи,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси