Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Нурул изоҳ: РЎЗА КИТОБИ

21.04.2020   5352   19 min.
Нурул изоҳ: РЎЗА КИТОБИ

 

РЎЗА КИТОБИ

Рўза – қодир бўлган кишининг ният қилиб, субҳи содиқдан кун ботгунгача, қасддан ёки янглишиб еб-ичишдан ва жинсий алоқадан тийилишидир.

 

Рамазон рўзасининг фарз бўлиш сабаби

Рўзанинг фарз бўлиш сабаби рўза тутиладиган ойда ё унинг бир қисмида ҳозир бўлишдир. Рамазоннинг ҳар бир куни ўша куннинг рўзасини тутиш фарз бўлишининг сабабидир.

 

Ҳукми ва фарз бўлишининг шартлари

Қуйидаги учта шарт мавжуд бўлган кишига Рамазоннинг рўзасини вақтида тутиш, агар тута олмаган бўлса, унинг қазосини тутиш фарз бўлади:

  1. Мусулмон.
  2. Ақилли.
  3. Балоғатга етган бўлиши.

 

Рўза тутишнинг вожиб бўлиш шартлари

  1. Рўза тутишга монеъ бўладиган даражада оғир касал бўлмаслик.
  2. Ҳайздан пок бўлиш.
  3. Нифосдан пок бўлиш.
  4. Муқим бўлиш.

 

Рўза тутишнинг дуруст бўлиш шартлари учта

  1. Рўза тутишни ният қилиш.
  2. Рўзани бузадиган амаллар қилмаслик.
  3. Ҳайзда, нифосда бўлмаслик.

 

Рукни

Рўзанинг рукни қорин ва жинсий аъзоларнинг истагини ёки буларнинг истаклари ҳукмида бўлган ишларни қилишдан, бажаришдан сақланишдир.

 

Рўза тутиш натижаси

Фарзни бўйнидан соқит қилиш ва охиратда ажр-савобга эга бўлиш.

 

Рўзанинг сифати ва қисмлари

Рўза қуйидаги қисмларга бўлинади:

1.Фарз.

  1. Вожиб.
  2. Нафл.
  • Макруҳ.

 

  1. Фарз бўлган рўза. Рамазон рўзасининг адоси ва қазоси, каффорат рўзалари, назр рўзалари.

Изоҳ: Каффорат рўза тутишни фарз қиладиган асосий ҳолатлар: Рамазон рўзасини билиб туриб бузиш, одам ўлдириш, зиҳор, яъни кишининг ўз хотинини ёки унинг бир аъзосини онасига ёки онасининг ўша аъзосига ўхшатиши. Бу учта ҳолат учун танаффуссиз икки ой рўза тутиш керак. Қасамни бузгани учун уч кун, ҳажда иҳромда бўлиб ов қилса, ўлдирилган ҳайвон жинсига кўра, турли миқдорда рўза тутилади.

  1. Вожиб рўза. Нафл нияти билан тутилган ва кейинроқ бузилган рўзаларнинг қазосидир.
  2. Нафл рўза. Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни (ёки ўн биринчи куни) ва ўнинчи куни рўза тутиш.

а) ҳар арабий ойнинг уч кунида рўза тутиш.

Бу уч кун ойнинг кечалари ойдин бўлган 13-14-15-кунларидир.

б) ҳафтанинг душанба, пайшанба кунлари рўза тутиш.

в) шаввол ойида бўлиб-бўлиб олти кун рўза тутиш.

г) тутилса савоб бўлади, деб ҳадисларда айтилган рўзалар. Довуд, алайҳиссалом, рўзалари каби (у киши бир кун рўза тутиб, иккинчи кун тутмас эдилар). Бу нафл рўзаларнинг энг фазилатлиси ва Аллоҳга хуш келадиганидир.

Бу айтилган рўзалардан бошқа вақти тайин бўлмаган, мақруҳлигига далил бўлмаган рўзалар ҳам бор.

  1. Макруҳ рўза. Танзиҳий ва таҳримий макруҳ рўзаларга бўлинади.

Танзиҳий мақруҳ Муҳаррам ойида тўққизинчи ёки ўн биринчи кунларини қўшмасдан, фақат ўнинчи – Ашуро куни тутилган рўзадир.

Таҳримий макруҳ Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайити, ташриқ кунлари, фақатгина жума ёки фақатгина шанба кунида, Наврўз (21 март) ва Меҳржон (17 сентябр) байрамлари куни рўза тутишдир. Бироқ Наврўз ва Меҳржон рўза тутишни одат қилган кунларига тўғри келса, у кунда рўза тутишнинг кароҳати йўқдир.

Икки кун, ўртада оғиз очмай, бирданига рўза тутиш, йил бўйи рўза тутиш (танзиҳий) мақруҳдир.

Саҳарда ният қилиниш шарт бўлмаган рўзалар:

  1. Рамазон кунларидаги рўза,
  2. Вақти тайин бўлган назр рўзаси.
  3. Нафл рўза.

Бу рўзаларга саҳардан то кун тиккага келишидан олдинга зуҳо вақтгача ният қилса бўлади.

Яна бу рўзаларни, хоҳ мусофир, хоҳ касал бўлса-да, «эртага рўза тутаман» ёки «нафл рўза тутаман» деб ният қилса ҳам, рўза дуруст бўлади.

Соғлом ва муқим киши Рамазон рўзасига бошқа фарз нияти билан ният қилса-да, Рамазон рўзасидан ҳисобланади. Аммо мусофир бўлса (унга Рамазон) рўзаси фарз бўлмагани учун) бошқа ниятда тутган рўзаси Рамазон рўзаси ўрнига ўтмайди. Чунки мусофир қайси ниятда рўза тутса, шу ниятдаги фарз рўзани адо этган бўлади.

Бемор киши Рамазон ойида бошқа фарз рўза тутишга ният қилса, тутган рўзаси Рамазондан ёки ният қилган бошқа фарз рўзадан ҳисоб бўлиши ҳақида уламолар ихтилоф қилганлар.

Вақти тайин назр рўзани бошқа фарз рўза нияти билан тутиш дуруст эмас.

Саҳарда ният қилиниши шарт бўлган рўзалар:

  1. Рамазон рўзасининг қзоси;
  2. Очилган нафл рўзанинг қазоси;
  3. Ҳар қандай каффорат рўза;
  4. «Аллоҳ дардимга шифо берса, бир кун рўза тутаман», тарзидаги вақти тайин бўлмаган мутлоқ назр рўзаси.

 

Рамазон ойининг кўриниши.

Шубҳали кун Рамазон қандай собит бўлади?

  • Ҳилолнинг кўриниши билан Рамазон бошланади.
  1. (Осмон булутли бўлиб) ҳилол қўринмаса, Шаъбон ойи 30 кунга тўлгандан сўнг Рамазон бошланади.
  2. Явми шак (шубҳали кун) Шаъбоннинг 29-кунидан сўнг келган ва ҳаво булутли бўлгани учун Шаъбоннинг охирги куними ёки Рамазоннинг биринчи куними, аниқлаб бўлмайдиган кундир.
  3. Явми шакда ҳар турли рўза мақруҳдир. Бироқ ният қилинганида тараддуд кўрсатилмай тутилган нафл рўза макруҳ эмас. Яъни, бу кунда «Рамазоннинг биринчи куни бўлса, Рамазон рўзаси, бўлмаса нафлдир» тарзида ният қилиб рўза тутмаслик керак.
  4. Нафл нияти билан тутилган рўза шу кун Рамазон бошланган бўлса, Рамазон рўзаси ҳисобига ўтади.
  5. Шак кунида тарадудли ният билан, яъни Рамазон бўлса, рўзадорман, бўлмаса рўзадор эмасман, деб рўза тутса, бу Рамазон рўзаси ҳисобига ўтмайди.
  6. (Рамазондан олдин) Шаъбон ойининг охирида бир ёки икки кун рўза тутиш мақруҳдир.
  7. Икки кундан кўпроқ рўза тутиш мақруҳ эмас.
  8. Муфтий шак кунида омманинг (ният қилиш муддати тугагунча) ният қилмасдан, (еб-ичмай) кутишларини, ният қилиш мумкин бўлган пайтгача рўза (яъни бу кун Рамазондан эканлиги) аниқланмаса, бу ниятсиз рўзани очишни буюради.
  9. Муфтий, қози ва шак кунида ният қилишни билган кишилар шак куни рўза тутадилар.

 

Ойни кўриш

  1. Киши Рамазон ёки Шаввол ойини ёлғиз ўзи кўриб, хабар берса-ю, бу хабари қабул қилинмаса, кўрган ойи Рамазонники эканига қаноат ҳосил қилса, рўза тутади.
  2. Шаввол ойини аниқ кўрса-да, рўзани очиши жоиз эмас.
  3. Ҳар икки ҳолатда келтирган хабари қози томонидан рад қилинмасдан олдин рўза тутмаган ё очган бўлса, бу кунларни қазр қилади, каффорат вожиб бўлмайди.
  4. Ҳаво булутли ёки чанг бўлган пайтда, тўғрисўз кишининг ёки мастур (на ёлғончи ва на тўғрисўзлиги маълум) кишининг ҳилолни кўрганлик хабари (қози томонидан) қабул қилинади.
  5. Якка киши Рамазон ойини кўргани худди унга ўхшаш бошқа киши гувоҳлик берса, у аёл, қул ёки иффатли аёлга туҳмат қилиб, шаръий жазо олган одам бўлса ҳам, гувоҳлиги (қози томонидан) қабул қилинади.
  6. «Ойни кўрганимга гувоҳлик (шоҳидлик) бераман», дейиш шарт эмас.
  7. Ҳаво булутли бўлганида, икки озод эркак ёки бир озод эркак икки озод аёл кишининг, Шаввол ҳилолини кўриш хабарини гувоҳлик лафзи билан айтиши шарт. Шунда уларнинг хабари қабул қилинади.
  8. Ҳаво очиқ бўлса, Рамазон ва Шаввол ҳилолларини кўп кишиларнинг кўриши бу ойларнинг бошланишига шарт қилинади.
  9. Ойни кўрувчи кишилар миқдорини белгилаш тегишли жойдаги имомнинг вазифасидир.
  10. Бир кишининг гувоҳлиги билан тутилган Рамазон рўзаси 30 кун тутилса ҳам, ҳаво очиқ бўлганида янги ой, яъни Шаввол ойи кўрилмаса, ҳайит қилинмайди.
  11. Икки тўғри сўз кишининг гувоҳлига билан тутилган рўза муддати тугаб, янги ой кўрилмаса, ҳайит қилиш-қилмаслик ихталофлидир.
  12. Рамазон кунлари тўлиб, ҳаво булутли бўлиб турган ҳолатда, якка киши гувоҳлигида бошланган бўлса ҳам, хайит қилишнинг ҳалоллигига ихтилоф йўқдир. Зулҳижжа ҳилолини кўриш ҳукми Шаввол ҳилолини кўриш ҳукми кабидир. Бошқа ойларнинг собит бўлиши учун икки тўғрисўз эркакнинг ёки зино қилганлиқда айбланиб, шаръий жазо олмаган бир озод киши ва икки ҳур аёлнинг гувоҳлиги шарт.

 

Ой (ҳилол)

Бир ўлкада ой кўрилиши, бошқа ўлкаларда ҳам рўза тутишни фарз қилади. Фатво шунга кўрадир. Уламоларнинг кўпчилиги шу фикрдалар.

Тушдан олдин ё тушдан кейин кўрилган ой ўтган кечага эмас, кейинги кечага тегишлидир.

 

Рўзани бузмайдиган нарсалар

Улар йигирма учтадир:

  1. Рўза тутганини унутиб, таом ейиш.

Изоҳ: Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва салаам: «Рўзадор киши рўзасини эсдан чиқиб бирор нарса еб қўйса, егани Аллоҳ берган ризқидир, қазо қилмайди», деганлар. Таом еб, турган ҳолатида рўзадорлиги эсига тушса, ейишини тўхтатади, оғзидаги луқмани чиқариб ташлайди. Рўзаси эсига тушганида ҳам, ейишда давом этса ёки оғзидаги луқмани чайнайверса, бунга каффорат лозим бўлади. Рўзадорнинг жинсий алоқа қилишининг ҳукми шу кабидир.

  1. Рўзадорлигини унутган ҳолда ичимлик ичиш, жинсий алоқа қилиш.
  2. Рўзадорлигини унутиб овқат еётган киши ифторгача чидай олмас даражада оч ёки ташна бўлса, унга рўза тутгани эслатилмайди. Ифторгача сабр қилишга кучи етиши аниқ бўлса, рўзадорлиги эслатилади.
  3. Эркак ёки аёлнинг шаҳват қўзғайдиган жойга тикилиб қолиб, шаҳват суви чиқиши.
  4. Шаҳват қўзғовчи нарсаларни (узоқ) ўйлаб қолиб, шаҳват суви чиқиши.
  5. Сочга ёғ (ранг) суриш.
  6. Сурма қўйиш ёки кўзга ранг суриш, гарчи сурилган нарсанинг таъми сезилса ҳам.
  7. Қон олдириш.
  8. Ғийбат қилиш.

 

  1. Рўзани бузишга ният қилиб, бузмаслик.
  2. Ўзи хоҳламаган ҳолда тутун ютиши.
  3. Тегирмон (ун) чанги бўлса ҳам, томоқдан ўтиши.
  4. Томоқдан пашша ёки чивин ўтиб кетиши.
  • Оғизда қолган бирор нарсанинг таъмини тупуги билан ютиш.
  1. Эрталаб эҳтилом бўлиб уйғониш, ҳатго кечқурунгача жунуб ҳолида қолса ҳам.
  • Закарига ёғ суриш.
  • Қулоқдан сув кириб кетипш.
  1. Қулоғини кавлаган чўпдаги кирни олиб, яна шу чўп билан қулоқ кавлаш.
  2. Бурун сувини (манқа) тортиб, ичга ютиш.
  • Оғиз тўла келиб, кейин ичга қайтиб кетган қусуқ.
  • Бармоғини томоғига тиқиб оғиз тўлмайдиган ҳолда қусиш.
  • Тишлар орасида қолган нўхатдан кичикроқ нарсани ютиш.
  • Оғизга седана, кунжут каби кичик нарсаларни солиб, таъми йўқолиб кетгунича ютмай чайнаш.

 

Рўзани бузиб, қазо ва каффоратга сабаб бўладиган ҳолатлар

Қуйидага 22 ҳаракатни ўз хоҳиши билан қасддан қилган кишининг рўзаси бузилади, унга ҳам қазо, ҳам каффорат вожиб бўлади.

  1. Жинсий алоқа қилиш ёки хоҳ аёл, хоҳ эркакнинг орқа йўлидан қўшилиш. Шеригига ҳам қазо ва каффорат вожиб бўлади.
  2. Хоҳ озиқ, хоҳ дори бўлсин деб бирор нарса емоқ.
  3. Хоҳ озиқ, хоҳ дори бўлсин деб бир нарса ичмоқ.
  4. Оғизга кирган ёмғир (қор) томчисини била туриб ютмоқ.
  5. Хом гўшт (ҳидланган, ачиган) бўлса ҳам ейиш, кишини ижирғантирадиган даражада қурт босган гўшт бундан мустасно, чунки озуқалик белгиси йўқолгани учун, еганнинг рўзаси бузилади-ю, каффорат вожиб бўлмайди.
  6. Мол чарвиси ёғини ейиш.
  7. Қовурилган гўшт емоқ.
  8. Буғдой донасини оғизга солиб чайнаб, ютиш.
  9. Буғдой донасини тиш билан майдалаб, ейиш. Бироқ бир дона буғдой чайналавериб, эриб кетиб томоқдан ўтса, рўза бузилмайди, каффорат вожиб бўлмайди.
  10. Буғдой донасини оғизга солиб ютиш, оғизга кунжут солиб ейиш.
  • Буғдой, кунжут кабилардан бир неча доналарни ейиш.
  • «Арманий тупроғи» деб аталувчи (илгарилари дори сифатада фойдаланилган) тупроқни ейиш.
  • Ўзи еб ўрганиб қолган тупроқ ё кесакни ейиш.
  • Туз ейиш.
  • Хотинининг ёки суйган кишисининг тупугани ютиш.
  • Ғийбат қилиб, кейин рўзам бузилди, деб нарса ейиш.
  • Қон олдирганидан сўнг, рўзам очилди деб, бирор нарса ейиш.
  • Эркак ва аёлнинг шаҳват билан жинсий аъзоларини бир-бирларига текказиб (инзол, жинсий алоқа ҳосил бўлмасдан), кейин рўза очилганини ўйлаб, бирор нарса ейишлари.
  • Эркак ва аёлнинг шаҳват билан (инзол бўлмасдан) ўпишишганидан кейин, «рўза очилди» деб ўйлаб, бирор нарса ейишлари.
  • Шаҳват билан қучоқлашишганидан кейин, «рўза очилди» деб ўйлаб, таом ейиш.
  • Мўйловини ёғлаганидан сўнг, рўза очилди деб таом ейиш.

17-18-19-20-21-бандларда келган масалаларда киши бир фиқҳ олимининг фатвосига таяниб ёки ҳадиснинг шархини билмагани учун (нотўғри тушуниб) рўзасини очса, каффорат лозим бўлмайди. Агар киши ҳадис шарҳини билса ҳам рўзасини очса, каффорат вожибдир. Мажбур ҳолда, яъни эркакка бўйсуниб жинсий алоқада бўлган аёлга ҳам каффорат вожиб бўлади.

 

Каффоратни бекор қилувчи ҳолатлар

Рўзаси очилиб, каффорат қилиши керак бўлган кунда киши рўза очишни мубоҳ қиладиган касалликка учраса, аёл ҳайз ёки нифос кўрса, каффорат бекор бўлади.

Каффорат лозим бўлган киши (шу кунда) мажбурий сафарга чиқадиган бўлса, каффорат бекор бўлмайди.

 

Рўза каффорати

Каффорат лозим бўлган киши, мусулмон бўлмаса ҳам, битта қул озод қилиши, бунга кучи етмаса, танаффуссиз, Рўза ҳайит ва Қурбон ҳайитлари бўлмаган вақтда икки ой рўза тутиш, агар бу тартибда рўза тута олмаса, бир кунда икки бор: эрталаб ва кечқурун (ё кечқурун ва саҳарда) 60 фақирнинг қорнини тўйғизиши керак. 60 фақирнинг ҳар бирига ярим соъ буғдой ёки ун ёки қовурилган ун ёки бир соъ хурмо ёки бир соъ арпа ёки булардан бирининг қийматини (пулини) берса ҳам бўлади.

 

Каффоратларнинг бирлашуви

Бир киши еб-ичиш сабаби билан бир неча куннинг рўзасини очса, бу кунлар икки Рамазондан бўлса ҳам, уларнинг ҳаммаси учун битта каффорат етарлидир. Фақат каффоратини ўтаб, сўнг яна каффорат лозим иш қилса, каффорат қайта вожиб бўлади.

Қуйидаги ҳолларда рўза очилади, каффорат лозим бўлмайди:

  1. Хом гуруч емоқ.
  2. Хамир емоқ.
  3. Оддий ун емоқ.
  4. Оғизга бир ҳовуч туз солиб, емоқ.
  5. Лой емоқ.
  6. Данак емоқ.
  7. Пахта емоқ.
  8. Қоғоз емоқ.
  9. Хом беҳини пиширмай емоқ.
  • Пишмаган хом ёнғоқ емоқ.
  • Шағал ютиш.
  • Темир ютиш.
  • Тупроқ ютиш.
  • Тош ютиш.
  • Укол қилдириш.
  1. Бурунга дори қуйиш.
  • Томоқдан бир нарса оқизиш.
  1. Қулоқ тешигидан ёғ ёки сув томизиш.
  2. Қорин устига ёки бошқа ерга дори сурса, дорининг баданга сингиб, ошқозонга бориши.
  • Бошга сурилган дорининг димоғига етиши.
  • Оғзига кирган ёмғир томчисининг ичга кетиши.
  • Оғзига кирган қор томчисининг ичга кетиши.
  • Таҳоратда оғиз чайганда, ичига сув кетиб қолиши.
  • Зўрланиб, жинсий алоқага мажбур бўлиб, рўза очилиши.
  • Эркак томонидан аёлнинг жинсий aлоқагa мажбурланиши (фақат аёл учун, эркакка қазо ва каффорат лозим).
  • Хоҳ қул, хоҳ никоҳли аёлнинг иш пайтида касал бўлиб қолишдан қўрқиб рўзасини очиши.
  • Рўзадор ухлаётганида бошқа кишининг оғзига сув қуйиши.
  • Рўзадорлигини унутиб еб-ичган киши рўзаси эсига тушса ҳам еб-ичишда давом этиши.
  • Рўзадорлигини унутиб жинсий алоқада бўлиб, сўнг яна қасддан алоқа қилиши.
  • Саҳарда ният қилмасдан, кундузи ният қилиб, кейин рўзасини очиши.
  • Мусофирнинг иқоматни ният қилгач, ифтордан олдин бирор нарса ейиши.
  • Муқимнинг саҳарда ният қилиб, сафарга чиққач, бирор нарса ейиши.

 

  • На рўза тутишга ва на тутмасликка ният қилмай кечгача (оч, сувсиз) юриш.
  • Бомдод вақти кирганида, ҳали субҳи содиқ бўлмади, деб ўйлаб, саҳарлик қилиш.
  • Субҳи содиқ кирганида ҳали тонг бўлмади, деб ўйлаб жинсий алоқа қилиш.
  • Қуёш ботмай, ифтор вақти бўлди деб, ифтор қилиш.
  • Жирканч ва оғир гуноҳ бўлса ҳам, ўликка яқинлик қилиб, маний чиқиши.
  • Ҳайвонга яқинлик қилиб, маний чиқиши.
  • Аёлнинг сонига, қорнига суркалиб, инзол бўлиши.
  • Ўпишганида эҳтилом бўлиш.
  • Эр-хотиннинг таносил аъзоларини бир-бирига теккизиб, эҳтилом бўлиши.
  • Рамазон рўзасидан бошқа ҳар қандай рўзани очиш.
  • Ухлаётган пайти жинсий алоқа қилинган аёл (эркакка каффорат вожиб бўлади).
  • Аёлнинг таносил аъзосига ҳар қандай мақсад билан суюқлик томизиш.
  • Ҳўл бармоқни анал тешигига тиқиш.
  • Ёғли бармоқни анал тешигига тиқиш.
  • Аёлнинг ҳўл ёки ёғли бармоғини таносил аъзоси ичига тиқиши.
  • Анал тешигига пахта каби нарсани кириб кетгунича ботириш.
  • Аёлнинг пахта каби нарсани таносил аъзосининг ичига киргизиши.
  • Ўзи хоҳлаб (қасддан) томоғидан тутунни ўтказиши (яъни ундан нафас олиши).
  • Оғиз тўлмаган ҳолда бўлса ҳам, ўзини зўрлаб қусиш.

53.Оғиз тўлиб келган қусуқни рўзадорлигини билиб туриб, қайтариб (ичига) ютиш.

  • Тишлар орасида қолган нўхат донаси ҳажмидаги нарсани ейиш.
  • Кундуз ният қилишдан олдин, унутиб, бирор нарса егандан сўнг ният қилиш.
  • Рамазон ойи ичи бўлса ҳам, кишининг ҳушдан кетиши. Бироқ киши кундузи ёки кечаси ҳушдан кетганида шу кунинг рўзасини қазо қилмайди.
  • Рамазон ойининг баъзи қисмида жинни бўлиб қолиш. Бироқ (жинни бўлиб қолган кишининг) кеча ёки кундузнинг ният қилиш муддатидан кейин ақли кирса, ўша кунги рўзанинг қазосини тутмайди.

 

КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:

Қолган кун рўзасини тутиши лозим бўлган киши;

Рўзадорга нима мақруҳ ва нима макруҳ эмас;

Макруҳ бўлмаган амаллар;

Рўзадорга мустаҳаб бўлган амаллар;

Рўза тутмаслик учун сабаб бўладиган узрлар;

Мусофирлик узри;

Васият ва қазо (ўлим);

Қарилик каффорати;

Умр бўйи рўза тутишни назр қилиш;

Каффоратни тўлашдан ожиз бўлса;

Нафл рўза;

Нафл рўзанинг қазоси;

Бажарилиши шарт бўлган назр қилинган намоз ва рўза;

Эътикоф;

Эътикоф турлари;

Эътикофдаги одам қиладиган ишлар;

Кеча ва кундузлари эътикоф;

Эътикофнинг машруълиги (жоизлиги).

Такрорлаш учун саволлар.

 

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат кампанияси бошланди

25.11.2024   2064   1 min.
Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат кампанияси бошланди

25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни

Тошкентда Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан "Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракат" глобал кампанияси бошланди.  

Бу кампания аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун жамиятнинг барча қатламлари саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга чорлайди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу муҳим ташаббусни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўз логотипини олов рангга ўзгартирди. Бу ранг  умид, ёруғлик ва зўравонликсиз келажак рамзидир.

Агентлик барчани ушбу акцияни қўллаб-қувватлаш, муаммога эътибор қаратиш ва бирдамликни намойиш этишга чорлайди.

Биргаликда биз дунёни хавфсизроқ қила оламиз. Зеро, зўравонлик ҳеч қачон оқланмайди.

ЎзА

МАҚОЛА