Абу Ҳурайра ва Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳумо) лар ривоят қиладилар: “Кунлардан бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) минбарга кўтарилдилар-да, “Омин” дедилар. Кейин иккинчисига кўтарилдилар-да, “Омин” дедилар. Сўнг тик турдилар-да, “Омин” дедилар. Ушбу ҳолатдан таажжубланган ул зотнинг саҳобалари “Нима учун “Омин” дедингиз “Эй Аллоҳнинг Расули?” – деб савол қилишди. Шунда Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Ҳозир менинг ҳузуримга Жаброил алайҳис салом келиб менга “Эй Муҳаммад! (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Сизнинг исмингиз зикр қилинганда;
Кимки сизга саловат ва салом айтмаса, уни бурни ерга ишқалансин”– деди, мен “Омин” дедим.
Кимки ота-онаси ёки улардан бирини тириклик чоғида хизматларини қилиб розилигини топа олмаса ва жаннатни қўлга кирита олмаса, уни ҳам бурни ерга ишқалансин”– деди, мен “Омин” дедим.
Кимки рамазон ойини топса-ю, бу ойда ўз гуноҳларидан мағфират қилинмаса, уни ҳам бурни ерга ишқалансин”– деб дуо қилди, мен “Омин” – деб жавоб қилдим деган эканлар (Бухорий ва Термизий ривояти)
“Бурни ерга ишқалансин”, деган сўз араб тилида “хор бўлсин, юзтубан бўлсин деган маънода ишлатилади.
Демак, Рамазон ойидан унумли фойдалана олмаган ва унда гуноҳларидан фориғ бўла олмаган кишининг қиёмат кунида ҳолига вой экан.
Шарҳ.Ушбу ҳадиснинг шарҳига эътибор қаратадиган бўлсак, унда ҳар бир инсон бажариши лозим бўлган учта улуғ амал ҳақида сўз бормоқда.
Биринчиси, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) га саловат ва салом айтишликнинг фазилати ҳақида бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг қуйидаги оятида шундай марҳамат қилади: ”Албатта Аллоҳ ва унинг фаришталари Пайғамбарга саловат айтурлар. Эй иймон келтирган бандалар! Сизлар ҳам унга саловат ва салом айтинглар” (Аҳзоб,56).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): ”Кимки менга бир марта саловат айтса, Аллоҳ унга ўн марта саловат айтади”, дедилар (Бухорий ривояти)
Демак, ҳар бир инсон Пайғамбаримизнинг муборак Муҳаммад исмларини эшитганида “Соллаллоҳу алайҳи васаллам” деб ул зотнинг ҳақларига саловат ва салом айтишлиги шариатимиздаги лозим бўлган амаллардан бири ҳисобланади.
Иккинчиси, ота-онага яхшилик қилиш ва уларнинг ризолигини топишлик борасида бўлиб, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
”Роббингиз унинг ўзигагина ибодат қилишга ва ота-онага яхшилик қилишликка буюрди”(Исро,23).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): ”Қайси бир мўъмин банданинг ота-онаси мусулмон ҳолатида барҳаёт бўлса, у банда учун Аллоҳ жаннатнинг икки эшигини очиб қўяди. Улардан бири ҳаёт бўлса, бир эшигини очиб қўяди. Агар отаси ёки онаси ўз фарзандидан ғазабланадиган бўлса, токи улар рози бўлмагунича Аллоҳ бу фарзанддан рози бўлмайди. Саҳобалар савол қилдилар: ”Агар ота-она зулм қилса-чи? Зулм қилган бўлса ҳам”, деб жавоб қилдилар (Бухорийривояти)
Демак, қалбида иймони мустаҳкам бўлган ҳар бир банда учун ота-онасини ризолигини топишлик динимизда Аллоҳнинг ризолигини топиш билан баробар бўлар экан.
Учинчиси, рамазон ойининг фазилати ва рўза тутишнинг ажру-савоби нақадар улуғ эканлиги ҳақидадир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар, сиздан аввалгиларга фарз қилинганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди, шоядки, тақво қилсангиз” (Бақара,183). Ушбу оятдан маълум бўладики рўза тутмоқлик Одам (алайҳи салом) дан то Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) даврларигача яшаб ўтган барча Пайғамбар ва улар орқали жамиики башарият аҳлига фарз қилинган.
Дарҳақиқат, рамазон ойи мўъминлар учун раҳмат ва мағфират ойи бўлиб, ушбу ойни ғанимат билиш ва ундан самарали фойдалана олишлик биз бандалар учун лозим амаллардан бири саналади.
Зеро, рамазон чексиз фазилатларга эга бўлган улуғ бир ой бўлиб, уларнинг баъзи-бирларини қуйида зикр қилиб ўтамиз:
Аллоҳ таоло кириб келаётган рамазон ойини барчамизга муборакбод этсин. Бу ойда қиладиган барча солиҳ амалларимизни ўз даргоҳида ҳусни қабул айлаб, рамазон ойининг барокоти, ҳамда дуоларимизни шарофатидан элу-юртимизни ва барча мусулмон аҳлини ҳар хил касаллик ва фитналардан ўз паноҳида асрасин.
Аброр АЛИМОВ,
Тошкент шаҳар “Ҳувайдо”
жоме масжиди имом-хатиби
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Эй азиз ёшлар!
Сиз гиёҳванд модданинг қулига айланиш учун дунёга келмагансиз.
Аллоҳ сизни буюк мақсадлар учун яратди. Сиз гўзал орзулар сари қадам ташлайдиган, илм олиш, Инсонийятга хизмат қилиш, ота-онангизнинг юзини ёруғ қилиш учун яратилгансиз.
Сизни онангиз тўққиз ой бағрида кўтариб, тунлари уйқусиз қолиб, кўз ёш тўкиб катта қилгани – бир кун келиб кўчаларда сарсон бўлишингиз учун эмас.
Отангизнинг пешона тери, машаққати ва умри – заҳар тутатиб ўтиришингиз учун эмас.
Бир лаҳза тўхтаб ўйлаб кўринг...
Агар бугун сиз қўлингиздаги гиёҳванд моддага қараётган бўлсангиз, бир четда онангиз сизнинг келажагингиз ҳақида дуо қилиб ўтиргандир. Агар сиз гуноҳга қадам қўяётган бўлсангиз, отангиз сизни одамлар ичида ҳурматли инсон бўлсин деб меҳнат қилаётгандир.
Сиз бунинг учун туғилмадингиз!
Сизнинг қўлингизда кашфиётлар калити бўлиши керак эди, заҳар эмас.
Сизнинг тилингизда шукру зикр бўлиши керак эди, дилларни оғритадиган гаплар эмас.
Сизнинг қалбингизда орзу ва мақсадлар бўлиши керак эди, пушаймонлик эмас.
Бугун сизни гуноҳга чорлаётган "дўстлар" қабрга сиз билан кирмайди. Ҳисоб-китоб кунида ҳам ёнингизда турмайди. Аммо қилган амалларингиз сиз билан бирга боради.
Шунинг учун ҳали вақт бор экан, ортга қайтинг!
Бир дона тавба баъзан йиллар давом этган гуноҳдан кучли бўлади.
Бир дона қатъий қарор баъзан бутун ҳаётни ўзгартириб юборади.
Эй ёш мусулмон! Сиз ТикТок ва Instagram лентасида адашиб қоладиган, нафсининг ортидан югурадиган авлод эмас, балки тарих ёзадиган авлодсиз.
Сиз умматнинг умиди.
Сиз ота-онангиз дуоси.
Сиз жонажон ватанингизнинг эртанги умидисиз.
Сиз илм мажлисларининг безагисиз.
Ўзингни арзон нарсаларга сотиб юборманг. Чунки Аллоҳ сизни жуда қиммат яратган.
Бир лаҳзалик кайф учун бир умр афсус чекишга арзимайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Зарар бериш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ”.
Гиёҳванд моддага берилган инсон ҳам ўзига ҳам бошқаларга улкан зарардир.
Уламоларимиз айтадилар: “Маъсиятларнинг бошланиши шаҳватдир, охири эса ҳасрат ва надоматдир”.
Бугун гуноҳ лаззатдек кўринади, аммо эртага қалбни эзадиган пушаймонликка айланади.
Эй ёшлар! Бир лаҳзалик лаззат учун бир умр ҳасрат чекиб қолманг. Гиёҳвандлик сизга бахт ва эркинлик эмас, қуллик ва пушаймонлик олиб келади. Ўзингизни ҳам, ота-онангизнинг умидларини ҳам асранг!
Аллоҳ барча ёшларимизни гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва ҳар бир ёмон иллатдан асрасин. Омин.
Нуриддин ҲАМРАҚУЛОВ,
Яккасарой тумани “Раҳимжон ҳожи ота” жоме масжиди имом ноиби