Саудия Арабистони Қизил ярим ой жамияти юрак хуружига учраган онасининг ҳаётини сақлаб қолган Aсир шаҳрида яшовчи 12 ёшли болани мукофотлади, деб хабар берди “Gulf News” матбуот хизмати.
Aёл ҳушини йўқотгач, Aбдуссалам ал-Aҳмарий тез ёрдам чақириб, онаси нафас олишни тўхтатгани ҳақида хабар берган. Шифокорлар боладан манзилини сўрашган ва юрак-ўпкани қайта жонлантиришни ўргатишган. Бола шифокорлар маслаҳати билан тез ёрдам келгунгача сунъий нафас олиш ва юрак массажини ўтказди. Натижада у вазифани аъло даражада бажариб, онасини ўлимдан сақлаб қолишга сабабчи бўлди.
Воқеа жойига етиб келган шифокорлар юрак хуружига учраган аёлнинг юрагини қайта ишга туширишга муваффақ бўлишди. Ҳозир у касалхонада даволанмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Испаниянинг “El Mundo Financiero” нашрида Ўзбекистоннинг халқаро туризм бозоридаги ўрнига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мақолада қайд этилишича, “Global Terrorism Index 2026” рейтингида Ўзбекистон яна дунёдаги энг хавфсиз давлатлар қаторига кирган. Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан тайёрланган мазкур рейтинг 163 мамлакатни қамраб олган бўлиб, 2026 йил якунларига кўра, Ўзбекистон 0,014 балл билан энг хавфсиз давлатлар гуруҳидан жой олган.
Нашр бу натижани мамлакатда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот тизимини такомиллаштириш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган изчил чора-тадбирлар самараси сифатида баҳолаган.
Материалда хорижлик сайёҳлар Ўзбекистон бўйлаб саёҳат давомида ўзини хавфсиз ҳис қилишига алоҳида эътибор қаратилган. Аэропортлар, темир йўл вокзаллари, метро, туристик объектлар, марказий кўчалар ва бошқа жамоат жойларида хавфсизликни таъминлаш бўйича яратилган тизим мамлакатнинг ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани таъкидланган.
Шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби Буюк Ипак йўли шаҳарлари, шунингдек, замонавий Тошкентнинг бой тарихий-маданий мероси ҳамда меҳмондўстлик анъаналари хорижлик сайёҳларни тобора кўпроқ ўзига жалб этаётгани алоҳида эътироф этилган.
“Global Terrorism Index 2026” натижалари Ўзбекистоннинг туризм, бизнес ва халқаро алмашинувлар учун ишончли, барқарор ҳамда хавфсиз мамлакат сифатидаги имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади”, дея хулоса қилган “El Mundo Financiero”.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати