Саудия Арабистони Қизил ярим ой жамияти юрак хуружига учраган онасининг ҳаётини сақлаб қолган Aсир шаҳрида яшовчи 12 ёшли болани мукофотлади, деб хабар берди “Gulf News” матбуот хизмати.
Aёл ҳушини йўқотгач, Aбдуссалам ал-Aҳмарий тез ёрдам чақириб, онаси нафас олишни тўхтатгани ҳақида хабар берган. Шифокорлар боладан манзилини сўрашган ва юрак-ўпкани қайта жонлантиришни ўргатишган. Бола шифокорлар маслаҳати билан тез ёрдам келгунгача сунъий нафас олиш ва юрак массажини ўтказди. Натижада у вазифани аъло даражада бажариб, онасини ўлимдан сақлаб қолишга сабабчи бўлди.
Воқеа жойига етиб келган шифокорлар юрак хуружига учраган аёлнинг юрагини қайта ишга туширишга муваффақ бўлишди. Ҳозир у касалхонада даволанмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Бухоро вилоятида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг кўнглига қувонч улашишга қаратилган хайрия тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 9 август куни «Вақф» хайрия жамоат фонди Бухоро вилояти филиали, ҳудуддаги масжидлар ходимлари ва саховатпеша ҳомийлар ҳамкорлигида эҳтиёжманд оилаларнинг 35 нафар фарзанди учун суннат тўйлари ташкил этилди.
Тадбир доирасида тўйболаларнинг ҳар бирига 35 та велосипед, 35 тўплам ўқув қуроллари ҳамда янги костюм-шим, кўйлак ва оёқ кийимлар тўплами тантанали равишда топширилди.
Тантанали маросимда сўз олганлар болажонлар ва уларнинг ота-оналарига эзгу тилаклар билдириб, фарзандларни соғлом, баркамол ва дину диёнатли инсонлар этиб тарбиялаш, уларга муносиб таълим бериш энг муҳим вазифалардан бири эканини таъкидладилар.
Динимиз ва халқимизга хос бўлган меҳр-оқибат, саховат ва инсонпарварлик фазилатларининг амалий ифодаси бўлган бу каби хайрли тадбирларни «Вақф» фонди томонидан изчил давом эттириш режалаштирилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати