ЎзА “Тафаккурни ўзгартирган асар” рукни остида жаҳонга машҳур бадиий, илмий-оммабоп, психологик, тарихий ва фалсафий асарлар таҳлилини бериб боради. Мақсадимиз – китобхонликка ҳисса қўшиш. Колумнист Севара Алижонова.
Бугун Абу Ҳомид Имом Ғаззолийнинг “Мукошафат-ул қулуб” асари таҳлили билан танишасиз. Унутманг, китоб қаршисида жамики нарсалар нурсиз бўлиб қолади.
ҚАЛБЛАРНИНГ КАШШОФИ КИМ?
Инсон ҳалокати ва жамият таназзулининг бош сабаби – ғайриинсоний туйғулар ва хатти-ҳаракатлардир. Кибру ҳаво, шуҳратпарастлик, риё, ҳасад, золимлик, адолатсизлик каби тушунчалар кимдаки куртак отса, бундай сифатли одамлар қайсики жамиятда кўп бўлса, ҳалокат шундадир. Хўш, борлиғимизга сингиб, қалбларимизни кўр қилган бу қусурлардан қутулмоқнинг имкони борми?
Бир ҳикмат аҳлидан сўрадилар:
Ҳикмат аҳлларидан яна бири шуларни айтади:
Буюк фиқҳшунос олим Имом Ғаззолийнинг Ислом ва инсон олдидаги энг буюк хизмати шундаки, ул зот ана ўша иллатларга ташхис қўйган. Бу иллатлар уя қурадиган жой “инсон руҳи”, “инсон қалби” бўлгани учун асарни “Мукошафат-ул қулуб” деб номлаган. “Мукошафа” деган арабча сўз бизда “кўринмайдиган нарсаларни очиш”, “кашф этиш” маъносини билдиради, яъни инсоннинг ўзи учун тушунарсиз бўлган ҳодисани инкишоф йўли билан билиб олиши деганидир. Аллоҳнинг зот ва сифатларини, бошқа илоҳий сирларни англаб етиш деган маъноси ҳам бор бу сўзнинг. Китобнинг номини кенг маънода “қалбларни босиб ётган ғайриинсоний феъл ва туйғуларнинг кашфи” деса ҳам бўлади. Мана неча асрлардан буён у инсоният учун зиё манбаи бўлиб хизмат қилиб келмоқда, изтироб ва ҳузурсизликлар ичида қийналиб яшаётган шахсларга, жамиятларга ва халқларга хотиржамлик хамда саодат йўлларини кўрсатмоқда.
“Мукошафат-ул қулуб” икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда инсоний ҳис-туйғулар моҳияти ҳадис ва ривоятлар мисолида очиб берилади. Иккинчи қисмда эса кўплаб мавзуларга такроран мурожаат этилиб, ўзимизни, қалбимиздаги неки бор – уни кашф этишимизга янада урғу берилган. Бизни қандай туйғулар бошқараётганини, улар бизни қай йўл томон элтаётганини англасаккина, амалда собит бўламиз, таскин ва ҳаловат топамиз. Акс ҳолда, беш кунлик дунё ҳаётини бесамар елларга совуриб, охир афсус-надомат комида қолишимиз мумкин.
Кўпинча “Аллоҳдан қўрқасанми?” сўроғига “Ҳа” ёки “Аллоҳдан қўрқаман” дебҳеч иккиланмай жавоб берамиз. Аллоҳдан қўрқишнинг асл моҳияти нима ўзи? Асарда келтирилишича, Аллоҳдан қўрқишнинг аломати етти нарсада намоён бўлади: тил, қалб, кўз, меъда, қўл, оёқ ва итоатда.
Имом Ғаззолий асарда ана ўша етти аломатни тушунтириш, тавсиф этиш йўлидан боради. Улар орқали биз елиб-югураётган дунё ҳаётининг нақадар алдамчи ва ўткинчи, ўзни фидо қилишга арзимаслигини англаб етамиз. Бу асарни бир марта мутолаа қилган одам ғафлат уйқусидан уйғониб, қалб кўзларини очиши тайин. Айрим мавзуларга тўхталиб ўтсак.
Нафс тарбияси
Машҳур авлиёлардан бири Яҳё ибн Маоз нафс ҳақида шундай дейдилар:
Ғафлат
Ғафлат надоматни орттиради. Ғафлат неъматнинг қўлдан кетишига сабаб бўлади. Ғафлат Аллоҳ йўлини пардалайди. Ғафлат ҳасаднинг кучайишига, кишининг озорланишига сабаб бўлади.
Ёқуб алайҳиссалом билан ўлим фариштаси Азроил биродарлардек учрашиб туришарди. Бир куни Азроил зиёратга келганида, ораларида шундай суҳбат бўлиб ўтди.
Бу суҳбатдан бирмунча вақт ўтгач, Ҳазрат Ёқубнинг ажали яқинлашди. Ўлим фариштаси яна келди. Ҳазрат Ёқуб сўради:
Тафаккур
Ҳасан Басрий шундай деди:
Аллоҳ бизга юборган китоби – Қуръонда қайта-қайта тафаккурдан баҳс этади ва фикрлаш керак, деб буюради. Мана, Аллоҳнинг буйруқлари:
Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун ибратли далиллар борлиги шубҳасиздир. (Оли Имрон сураси, 190-оят)
У (Аллоҳ) фикрлаб, ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган зотдир. (Фурқон сураси, 62-оят)
Дунё ҳаёти
Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай буюрдилар:
Ҳазрат Исо дейдики: “Денгиз тўлқини устига ким уй қура олади? Мана, дунё ҳаёти шудир. Уни абадий қароргоҳ қиламан деб ўйламанг”.
Аллоҳни ва унинг буюклигини таниган одам ундан қаттиқ қўрқади ва келгусида азобга дучор бўлмаслик учун нафсини ҳозирдан тарбиялаб боради ва қилган гуноҳлари устидаги пардалар очилиб, Аллоҳ ҳузурига келтириб муҳокама қилиниши натижасида жаҳаннамга отилмасидан бурун илоҳий ахлоқ асосларига риоя қилади.
Ислом оламининг буюк мутафаккирларидан бири Абу Ҳомид Ғаззолий асарда “инсоннинг кўнгли қачон таскин, ҳаловат топади”, деган саволга “қачонки у қалбларнинг кашшофи бўлмиш Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлса, дунё ҳаётининг ўткинчи хою-ҳавасларига эмас, охиратдаги юксак мақом ва Аллоҳнинг васлига интилса, Аллоҳ у банданинг кўнглидаги ғамни кетказиб, хотиржамлик деган нурни жойлайди”, деган ғояни илгари суради.
“Мукошафат-ул қулуб” Шарқда “Ҳужжат ул-Ислом” рутбаси билан машҳур бўлган Ғаззолийнинг неча асрлар илгари ёққан юзлаб машъалаларидан бир донасидир. “Бу машъала сочган мангу сўнмас зиё дасталари замонлар оша сўнгсизлик сари оқиб боргусидир. Инсон насли то қиёматгача мавжуд бўларкан, бу асар ҳам инсоният учун мангу зиё манбаи бўлиб, азоб-уқубатлар, ғам-ташвишлар ва беҳузурликлар ичида изтироб чекаётган шахслар, сиймолар ва миллатларга ҳузур-ҳаловат ва бахт-саодат йўлларини кўрсатажак”.
Манба: http://uza.uz
Тасаввуф масаласи ҳам салафийлар томонидан қаттиқ танқидга олинган ва кўр-кўрона рад этиладиган мавзулардан биридир. Тасаввуф, тариқат, сулук, шайх, мурид ва шу каби атамаларни эшитишлари билан мавзуни инкор қилишга тушиб кетадилар. Лекин аслида ҳам шундайми?
Минг йиллардан бери Исломнинг руҳи бўлиб келган ва Ислом уммати оғишмай амал қилиб келаётган бу мавзу рад этилиши керакми?!
Тасаввуф – бу Аллоҳни таниш ва нафсни поклашни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илмдир. Тасаввуф исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, мавзусининг шарафи биландир.
Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ – Аллоҳни билиш-таниш экан, у ўз-ўзидан исломий илмларнинг энг шарафлиси бўлади. Тасаввуф бизга нима қилсак, Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак, қалбимизда бўлишини истаганимиз “Аллоҳ севгиси” ҳосил бўлади, каби саволларга жавоб беради ва бу мақомга эришиш йўлларини ўргатади.
Тасаввуфга уламолар томонидан кўплаб таърифлар берилган. Шайх Иброҳим ибн Муваллид Роққий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг китобларида бу таърифларни юздан ошиғини жамлаган.
Шайх Муҳаммад ибн Али Қассоб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф бу – саодат асрида шарафли қавмнинг энг олийжаноб кишисидан содир бўлган энг гўзал хулқлардир”, деган.
Шайх Абу Муҳаммад Жаририй раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – ҳар бир гўзал хулқни олиш ва ҳар бир ёмон хулқни тарк қилишдир”, деди.
Шайх Муҳаммад ибн Али ибн Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толиб раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – гўзал хулқ билан бир маънода бўлиб, кимнинг хулқи сеникидан гўзал бўлса, тасаввуфи ҳам гўзалдир”, деган.
Шайх Абу Ҳафс Найсобурий раҳимаҳуллоҳ: “Тасаввуф – унинг барчаси одобдир. У ҳар бир вақт, ҳар бир ҳол ва ҳар бир мақомнинг одобидир”, деган.
Тасаввуф баъзи кишилар: “Бу нарса ҳижрий учинчи асрдан кейин пайдо бўлган бидъат, аввалги даврда бўлмаган. Қуръони карим ва ҳадиси шарифда “Тасаввуф” сўзи бирор марта зикр қилинмаган”, деб даъво қилаётганидек кейин пайдо бўлиб қолган бидъат илм эмас, балки у барча шаръий илмлар қатори Исломнинг аввалидан мавжуддир.
Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда “Тасаввуф” сўзини бирор марта келмагани уни исломий илм эмаслигига далил бўлмайди. Чунки бошқа исломий илмларнинг ҳам номлари Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган. Агар Қуръон ва ҳадисда зикр қилинмаган нарсаларни инкор қилсак, жуда кўплаб нарсалардан воз кечишимизга тўғри келади.
Тасаввуф Исломнинг аввалги асрларидан бери мавжуд бўлиб, у ҳам бошқа исломий илмлар қатори Қуръон ва суннатдан олинган. Бунга Қуръон, ҳадис ва тобеинларнинг сўзларида далиллар бор. Аввал айтганимиздек тасаввуфнинг асосий вазифаси инсоннинг нафсини тарбиялаш, гуноҳлардан поклаш ва ботиний амалларини тартибга солишдир.
Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 120-оятида бундай марҳамат қилган:
﴿وَذَرُوا ظَاهِرَ الْإِثْمِ وَبَاطِنَهُ﴾
“Ва ошкора ҳамда махфий гуноҳларни тарк қилинглар!”.
Аллома Алоуддин Али ибн Муҳаммад Бағдодий раҳимаҳуллоҳ бу ояти каримани тафсир қилиб: “Ошкора гуноҳдан ташқи аъзолар билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган. Махфий гуноҳдан қалб билан қилинадиган гуноҳлар назарда тутилган” деган.
Зоҳирий аъзолар билан қилинадиган гуноҳларни тарк қилишни ва унга бериладиган жазоларни фиқҳ фани ўргатса, қалб касалликларини даволашни айнан тасаввуф ўргатади. Бошқа ояти каримада шундай дейилади:
﴿قَدْ أَفْلَحَ مَنْ زَكَّاهَا﴾
“Батаҳқиқ, ким у(нафс)ни покласа, ютуққа эришди” (Шамс сураси, 9-оят).
Дарҳақиқат, инсон охиратда ютуққа эришиши учун, жаҳаннам оловидан омонда бўлиши учун бу дунёда куфрдан, ширкдан, нифоқдан ва турли гуноҳ ва қалб касалликларидан ўзини поклаши керак.
Аллоҳ таоло бу ояти карималарда бандаларини куфр, ширк ва гуноҳлардан ўзларини поклашга буюрмоқда. Мана шу поклашни ўргатадиган фанни “Тасаввуф” деб номлаш инсонлар орасида урф бўлган.
Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида тасаввуф эҳсон деб номланган. “Жаброил ҳадиси” деб номланган машҳур ҳадиси шарифда “эҳсон” айни тасаввуф экани намоён бўлди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдик. Бирдан устимизда оппоқ кийимли, сочлари қоп-қора одам пайдо бўлди. Унда сафарнинг асари кўринмас эди. Уни бирортамиз танимас ҳам эдик. У келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўғриларига ўтирди. Икки тиззасини у зотнинг икки тиззаларига тиради. Икки кафтини сонлари устига қўйди ва: “Эй Муҳаммад, менга Ислом ҳақида хабар бер”, деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ислом “Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб шаҳодат келтирмоғинг, намозни тўкис адо қилмоғинг, закот бермоғинг, Рамазон рўзасини тутмоғинг, агар йўлига қодир бўлсанг, Байтни ҳаж қилмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди у. Биз ундан ажабландик. Ўзи сўрайди, ўзи тасдиқлайди.
“Менга иймон ҳақида хабар бер”, деди.
“Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига иймон келтирмоғинг, яхшию ёмон қадарга иймон келтирмоғинг”, дедилар.
“Тўғри айтдинг”, деди.
“Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деди у.
“Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
“Менга Соат (қиёмат)дан хабар бер”, деди.
“Сўралувчи бу ҳақда сўровчидан билимлироқ эмас”, дедилар.
“Унинг аломатларидан хабар бер”, деди.
“Чўри ўз хожасини туғиши, ялангоёқ, яланғоч, камбағал чўпонларнинг бино қуришда бир-бирларидан ўзишга уринишларини кўрмоғинг», дедилар. Сўнгра у (қайтиб) кетди. Бас, бирмунча вақт ўтказдим. Сўнгра у зот менга:
“Эй Умар, сўровчи кимлигини билдингми?” дедилар.
“Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир”, дедим.
“Албатта, у Жаброилдир. Сизларга динингизни ўргатгани келибди”, дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда диннинг асллари иймон, Ислом, эҳсон, зоҳирий ва ботиний амалларни ислоҳ қилиш ва охират куни ҳақида ва буларнинг барчаси дин эканлигини хабари берилмоқда.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган “Ислом”ни фиқҳ илми ўргатади. “Иймон” қисмини ақоид илми ўргатади. Бизнинг мавзумизга бевосита боғлиқ бўлган “эҳсон” қисмини эса тасаввуф илми ўргатади ва бу ҳадиси шарифда бунга амалий намуна ҳам бор.
Жаброил алайҳиссалом: “Менга эҳсон ҳақида хабар бер”, деганларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек ибодат қилмоғинг. Агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турур”, дедилар.
Тасаввуфнинг асосий мақсадларидан бири ҳам банда қилаётган ҳар бир ибодатида, амалида Аллоҳ уни кўриб турганини ва бу амалига қиёмат куни албатта савол-жавоб бўлишини қалбан ҳис қилдиришдир.
“Тасаввуф” сўзи Исломнинг дастлабки асрида ишлатилмаган бўлса-да, кейинги даврларда “сўфий” сўзи ишлатилганини кузатишимиз мумкин.
Уламолар мутавотир ҳадиснинг қандай бўлиши ва шартларини баён қилиб айтадиларки “Мутавотир ҳадис – унинг санадидаги ҳар бир табақада жуда кўп ровий ривоят қилган. Ана шу ровийларнинг барчаси ривоят қилинган ҳадисни ўзгартиришга келишиб олишлари мумкинлигини ақл инкор этади”.
Шундай экан, тасаввуф илми ҳам иккинчи асрдан (тобеинлар асридан) то шу кунгача минглаб шариатимиз пешволари орқали ҳам нақлан, ҳам амалан мутавотир ҳолатда бизгача етиб келган. Шунинг ўзи ҳам тасаввуф илмининг шаръий илм эканига етарли далил бўлади.
Машҳур муҳаддис олим, Шайх Шоҳ Валийюллоҳ Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ: “Суҳбатларимиз ва таълим-тарбиямиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳиҳ ва машҳур санад билан етиб борган тариқат одобидир”, деган.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси