Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

КИМКИ ЕРГА МЕҲР БЕРСА, БУНИНГ САВОБИ КАТТАДИР

16.04.2020   3055   11 min.
КИМКИ ЕРГА МЕҲР БЕРСА, БУНИНГ САВОБИ КАТТАДИР

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Бугун Коронавирус касаллигининг шиддат билан Ер юзига тарқалаётгани бутун инсониятни жиддий ташвишга солмоқда. Ҳар бир давлат ушбу офат таъсирини юмшатиш, кенг тарқалишининг олдини олишга жиддий ҳаракат қилмоқда.

Ҳар бир ибтидонинг интиҳоси бўлганидек, бундай синовли кунлар ҳам тез фурсатда Аллоҳ таолонинг иродаси ила тарихга айланишига ишонамиз. Бугун ҳар биримиз давлатимиз томонидан ўрнатилган талабларга риоя этсак, муҳтарам Юртбошимизнинг кўрсатаётган жонкуярлигини қалбан ҳис этиб, итоат қилсак, машаққатларни, албатта, енгиб ўтамиз, иншо Аллоҳ.

Давлатимиз раҳбари ушбу касаллик кенг тарқалиб кетмаслигининг олдини олиш борасидаги мурожаатлари халқимизга руҳий мадад, самимий далда бўлди. Ҳар биримизга куч-қувват бериб, инон-ишончимизни мустаҳкамлади. Юртбошимиз тадбиркорларга, ёрдамга муҳтож аҳолига, якка-ёлғизларга, ногиронларга моддий кўмак ва ёрдамларни оширамиз, деганлари инсонпарварликнинг олий намунаси бўлди.

Карантиннинг дастлабки кунлариданоқ юксак сафарбарлик чоралари кўрилгани халқимиз учун, оилалар учун, шу юрт фуқароси соғлиғини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Таассуфки, пандемия туфайли ўрнатилган тартиб-қоидаларни менсимаслик ҳолатлари учраётгани кишини ташвишга солади. “Бирники мингга, мингники – туманга”, деган гап бор халқимизда. Арзимас баҳона билан кўчага ошиқаётган, карантин қоидаларини писанд қилмай, важ-карсонлар тўқиётган, қочиб-пусиб шахсий транспорт воситалари билан кўчага чиқишга уринаётган кимсаларнинг мақсади нима? Ахир, улар ҳам вазиятни яққол кўриб, сезиб туришибди-ку.

Ўтган даврда карантин қоидаларининг 47 мингга яқин бузилиш ҳолатлари, шу жумладан, 34 минг марта ниқоб тақмаслик, 11 минг марта автотранспортда карантинга риоя қилмаслик ҳолатлари аниқланган. Ҳаттоки, 24 та ҳолатда юзлаб одамларни тўплаб, зиёфат ва маросимлар ўтказилгани аниқланганини қандай тушуниш мумкин. Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари, аввало, ўзини, оиласини, бола-чақасини оғир дардга гирифтор қилиб қўйиши мумкин-ку. Аллоҳ таоло бундайга инсофи тавфиқ берсин.

Ислом динида инсоннинг вабога сабр қилишига улуғ савоблар ваъда қилинган. Агар бирор жойда вабо ёки ҳалок қилувчи бирор юқумли касаллик тарқалса, у ердаги киши ўзига Аллоҳнинг ҳукмидан бошқа ҳеч нарса етмаслигини ишонган ҳолда сабр қилиб ўтирса, унга шаҳидлик савоби берилади. Агар бирор кимса бесабрлик қилиб, у ердан қочиб кетса, у бу ажрдан бебаҳра қолади.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Вабодан қочувчи кимса (гуноҳда) жанг майдонидан қочувчи кимса кабидир” деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бунинг маъноси шуки, қайси жойда вабо тарқалса, у ердан қочмасдан, собит туриш лозим. У ердан қочиш эса бесабрлик ва Аллоҳ таолога таваккал қилмаслик белгиси бўлгани учун гуноҳдир. Шундай экан, ҳар бир фуқаро берилган тавсия ва кўрсатмаларга амал қилмаса, аввало, ўзининг, оиласининг, яқинларининг ҳаётига катта хавф туғдириши, ҳатто умрига зомин бўлиши мумкинлигини унутмаслиги зарур.

Баъзан касалликдан кўра ваҳима ва саросималар инсонни ҳушидан айираёзади. Тиб илмининг султони, бобокалонимиз Ибн Сино айтганидек: “Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир”.

Бемор ҳар қандай оғир дардни бандаликка хос сифатлар ила қабул қилиб, ажрини Аллоҳдан умид қилса, унинг ортидан ўзи билмаган яхшиликларга эришади. Зеро, ҳар бир дард ва мусибат беҳикмат эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Қайси бир кишига тоъун (эпидемия) етса ва уйида сабр ила савоб умидида ўтирса, ўзига Аллоҳ тақдир қилганидан бошқа нарса етмаслигини билса, унга шаҳиднинг ажричалик савоб берилади» (Имом Бухорий ривояти).

Вабога чалинган киши дардидан тузалса ҳам шаҳидлик ажри берилади. Алҳамдулиллаҳ, ҳар куни ойнаи жаҳон орқали коронавирус инфекциясини юқтириб олган юртдошларизнинг баъзилари соғаяётганини кўраяпмиз. Шу пайтгача 42 нафар киши бутунлай дарддан фориғ бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Албатта, тузалиб, соғайган беморнинг мисоли худди осмондан янги тушган дўл донасининг рангига ва софлигига ўхшайди», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Таъкидлаш жоизки, инсонларнинг дардидан тузалиб, гуноҳлардан фориғ бўлишида уламолар ва шифокорларнинг хизмати беқиёс. Уламолар маънавий чораларни кўриб, аҳолининг руҳиятини тарбиялайди. Шифокорлар эса касалликка қарши моддий чоралар, зоҳирий сабаблар ила дардларга малҳам бўлади. Агар уларнинг хизматлари туфайли бир бемор шифо топса, номаи аъмолларига улкан ажру савоблар битилади. Аллоҳ таоло Қуръони азиймуш шаънда марҳамат қилади: «Ким уни (бир жонни) тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади» (“Моида” сураси, 32-оят).

Муфассирлар ушбу оятдаги “тирилтирса” сўзини “ўлимдан сақлаб қолса” деганлар. Имом Совий раҳматуллоҳи алайҳ “яшаб қолишига сабабчи бўлса”, дея тафсир қилганлар.

Демак, бугун беморларни даволаётган шифокорларимиз инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолгандек улуғ савобга эришяпти. Шарафли касб эгалари фаолиятлари давомида бир неча инсонларни оёққа турғизиб, ҳадсиз-ҳисобсиз ажрларни қўлга киритаётганларини бир тасаввур қилиб кўринг!

Икки ҳафта давомида яқинларини, фарзандларини кўрмасдан, уйқу, ҳаловат нималигини билмасдан меҳнат қилаётган заҳматкаш шифокорлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, шу ишга камарбаста бўлган барча-барчани мен ЗАМОНАМИЗ ҚАҲРАМОНЛАРИ, деб биламан. Шу ишга ҳисса қўшаётганларни Яратгандан Эгам юксак мукофотлар билан сийласин.

 

Экин экиб, ризқ-рўз талаб этинг!

Хабарингиз бор, шу йилнинг 8 ва 14 апрель кунлари муҳтарам Президентимиз раислигида ўтказилган йиғилишларда бу йилги мураккаб вазиятни ҳисобга олиб, барча томорқаларда 2-3 марта экин экиш ва қўшимча ҳосил олиш биринчи даражали вазифа экани таъкидланди. Албатта, бу ҳозир энг тўғри йўл ҳисобланади. Зеро, бугунги оғир дамларда аҳоли рўзғорининг бутлигига эришиш, ҳар бир оиланинг томорқасидаги мавжуд имкониятлардан фойдаланмай туриб ҳал этиш мушкул.

Шу маънода пандемия туфайли юртимизда эълон қилинган карантин вақтида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган бирламчи талабини қондириш кўп жиҳатдан томорқалардан қанчалик оқилона фойдаланишимизга боғлиқ. Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида: “Ҳозирги синовли даврда томорқа ерларига экин экмаслик, қаровсиз ташлаб қўйиш юртга ва ерга нисбатан хиёнат деб баҳоланиши керак”, деб қатъий таъкидладилар.

Ҳаммамиз яхши тушунамиз, “Ерни боқсанг, ер ҳам сени боқади”, деган мақол бежиз айтилмаган. Соҳада катта натижага эришмоқчи бўлсак, биринчи навбатда ризқ-рўзимиз манбаи бўлган ерни боқишимиз керак. Мутафаккир Алишер Навоий бобомиз “олам аҳлининг тўқлиги, қувончи, аввало, ерга уруғ сочиб, бебаҳо ноз-неъмат етиштирадиган фидойи инсонлар меҳнатидандир”, деб миришкор деҳқонлар хизматига жуда катта баҳо берганлар.

Айни кунларда кўпчилигимиз вақтимизни оила даврасида ўтказяпмиз. Бу карантин қоидаларига риоя қилиш билан бирга, хонадонимиздаги мавжуд томорқада ишлаш учун ҳам яхши имконият. Агар ҳар бир хонадонда рўзғор учун зарур бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилса, аввало, келгусида бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни қондириш, бозорларда нарх-навонинг асоссиз равишда ошиб кетишининг олдини олишда муҳим омил ҳисобланади. Демак, баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билиб, экин-тикин ишларини тезроқ якунига етказайлик. Ҳар бир қарич унумдор ерни қадрига етайлик.

Аллоҳ таоло ер юзини осмондан оби-раҳмат  ёғдириб, шу орқали барча набототларни ўстириб, инсонларнинг ризқини бериб қўйди. Қуръони каримнинг кўплаб оятларида Аллоҳ таоло экинлар ва боғларни мисол қилиб келтирилган. Қуръони каримда шундай баён қилинади: «У осмондан сизлар учун ундан ичимлик бўладиган сувни (ёмғирни) ёғдирган зотдир. (Ҳайвонларингизни) боқадиган гиёҳлар ҳар ўша сувдан (суғорилур). У сизлар учун ўша (сув) билан (турли) экинларни, зайтун, хурмо, узум ва барча меваларни ундирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломат бордир» (“Наҳл” сураси, 10–11-оятлар).

Муборак динимиз экин-текин ишларига тарғиб қилади. Бу ҳақда ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан жуда кўплаб ҳадислар келган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким бирор ўлик ерни тирилтирса, яъни обод этса, унга шунда ажр бордир. Шунингдек, ундан бирор жонзот еган нарсада унга садақа (савоби) бордир”, дедилар (Имом Доримий ривояти).

Яна бир ҳадиси шарифда бундай дейилган. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким Аллоҳга ишониб, савоб умид қилган ҳолда қаровсиз ерни обод қилса, унга ёрдам ва барака бериш Аллоҳга лозим бўлди”, дедилар (Имом Байҳақий ва Имом Табароний ривоятлари). Ҳадисдаги “Аллоҳга лозим бўлди” деган сўз мазкур бандага Аллоҳнинг фазл-карами бўлди деганидир.

Саҳобалардан бир қанчалари экин экиш билан шуғулланганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу саҳобалар орасида зоҳидлардан бўлса-да, деҳқончилик қилар эди. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу мўл ҳосил олиш учун ўз ерига ўғитлар билан ишлов берар эди. Зеро, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида: “Ерда экин-тикин қилиб ризқ-рўзингизни талаб қилингиз”, деган эдилар (Имом Табароний ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: “Албатта, фаришталар экин ёки кўчат экувчининг ҳаққига, модомики, эккан нарсаси кўкариб тураркан, истиғфор айтиб туришади”, дейилган.

Ривоят қилинишича, Саҳоба Хузайма ибн Собитнинг бўш ерлари бор эди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ёнларига келиб: Эй Хузайма! Мана бу ерингизга кўчат экиб қўйинг, дедилар. Шунда Отам: Мен кексайиб қолдим, умрим ҳам оз қолди, дедилар. Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Йўқ, ундай деманг, бўш турган бу ерингизга, албатта, кўчат экинг, деб ўзлари бирга ўша ерга кўчат экдилар”.

Одам алайҳиссалом жаннатдан Ер юзига туширилганларида, Жаброил алайҳиссалом буғдой олиб келиб, ерга экишга буюради. Одам алайҳиссалом буғдойни ерга эккан, суғорган ва ҳосилни йиғиштириб олганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Касбларингизнинг энг яхшиси ер ҳайдаш (деҳқончилик) ва қўй боқишдир. У пайғамбарларнинг амалидандир. Ер ҳайдовчи деҳқон ўзининг амали туфайли етган ҳар бир нарса учун ажр олади”, дедилар.

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини кўчат, экин экишга шу даражада тарғиб қилдиларки, ҳатто қиёмат қоим бўлиш арафасида бўлсаям, имкон қилолса, кўчатни экиб қолишга буюрдилар: “Агар қиёмат қоим бўлишни бошласаю, бирингизнинг қўлида ниҳол бўлса, қиёмат қоим бўлишдан олдин уни экишга қурби етса, бас, шундоқ қилсин”, деганлар.

Демак, ҳар бир қарич ердан унумли фойдалансак, ўзимизга, рўзғоримизга керакли ҳар хил экинларни эксак, астойдил меҳнат қилсак, ҳукуматимизга камарбаста бўлиб, оғир кунлардан Қодир Эгамнинг марҳамати ила осонлик билан ўтиб оламиз.

Яратган Парвардигордан ушбу касалликни тезда бартараф этишини сўраймиз ҳамда Раззоқ Аллоҳ таоло юртимизга қут-барака, ҳосилларимизга мўл-кўллик, дастурхонимизга тўкин-сочинлик бўлишини насибу рўзи айласин! Омин Ё Роббал аламийн!

 

Усмонхон АЛИМОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ғам-ташвишларингизни намоз билан аритиб кўрганмисиз?

25.11.2024   1092   6 min.
Ғам-ташвишларингизни намоз билан аритиб кўрганмисиз?

Аллоҳ таоло Пайғамбарига ғам-ғуссаларни қандай аритишни ҳам ўргатган: «Уларнинг гапидан юрагингиз сиқилишини яхши билурмиз. Роббингизни ҳамди ила поклаб ёд этинг, сажда қилувчилардан бўлинг. Сизга яқийн келгунича Роббингизга ибодат қилинг» (Ҳижр сураси, 97-99-оятлар).

Аллоҳ таоло Пайғамбарига бундай демоқда: «Қурайш мушриклари сизни масхара қилиб, мазах қилиб, сизга азият бераётганини, уларнинг азиятларидан маҳзун бўлаётганингизни ҳам биламиз. Аммо бу нарсалар сизни Роббингизнинг рисолатини етказишдан тўсиб қўймасин! Роббингизга таваккул қилингки, У Зот сизга кифоя қилади, душманларингиз устидан сизга ғалаба ато этади».

Кўриб турганингиздек, Аллоҳ таоло Пайғамбарига ғам-ташвишларга енгилиб қолмасин дея, тўрт нарсани буюрмоқда: Аллоҳга тасбеҳ айтиш, ҳамд айтиш, сажда қилиш (намоз ўқиш), ибодат қилиш.

Демак, намоз – ғам-ташвишларга қарши кураш воситаларидан бири экан. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Пайғамбарига «...сажда қилувчилардан бўлинг (шунда Аллоҳ дилингиздаги ғам-аламни кетказур)», демоқда. Шу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Роббоний буйруққа лаббай деб, барча муаммоларга қарши намоз билан куч-қувватга тўлдилар.

Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор нарса маҳзун қиладиган бўлса, намоз ўқир эдилар», деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бошқа бир ривоятда «Расулуллоҳни бирор нарса қайғуга солса, дарҳол намоз ўқир эдилар», дейилган.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан кўп йиллар бирга бўлган саҳобадир, шунинг учун бу киши Расулуллоҳ бирор нарсадан қайғуга тушганларида ёки мусибатга, қийинчиликка дуч келсалар, қалбларини тинчлантириб, хотиржам қилиш учун, Парвардигорларидан мусибат ва қайғуда ёрдам сўраш учун намозга ошиққанларини кўриб яшаган.

Нафақат Расулуллоҳнинг, балки барча пайғамбарларнинг одати шундай эди – бошга бирор мусибат келса ёки ташвиш тушса, дарҳол намозга шошилишар эди.
 

Суҳайб ибн Синон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни аср намозини ўқиб бўлгач, бир нималар деб пичирладилар. Ёнларидаги саҳобалар «Эй Аллоҳнинг Расули, аср намозидан кейин пичирлаб нималар дедингиз?» деб сўрашган эди, у зот шундай дедилар: «Сизлар ҳам сездингизми? Мен бир пайғамбарни эсладим. Унга ўз қавмидан бир қўшин берилди. У (қўшиннинг кучлилигини кўриб): «Буларга ким ҳам бас кела оларди?» деди. Шунда Аллоҳ таоло у пайғамбарга уч ишдан – душманнинг уларни босиб олишини, очарчиликни ёки ўлимдан бирини танлашни буюрди. Ўша пайғамбар шу уч нарса борасида қавми билан маслаҳат қилди. Қавм: «Бу ишни ўзингга топширамиз, чунки сен Аллоҳнинг пайғамбарисан», деди. Пайғамбар дарҳол туриб, намоз ўқиди, чунки анбиёлар бирор ишда тараддудланиб қолсалар, дарҳол намоз ўқийдилар. Бу пайғамбар ҳам намоз ўқиб, «Ё Роббим, душман ёки очарчиликни эмас, ўлимни танладим», деб дуо қилди. Аллоҳ уларга ўлимни юборган эди, улардан етмиш мингтасини ўлим олиб кетди. (Намоздан кейин) пичирлаганимда шундай деяётган эдим: «Аллоҳим, Сенинг номинг билан урушаман, Сенинг номинг билан душман устидан ғалаба қиламан. Куч-қудрат фақат Аллоҳ билан» (Имом Термизий ривояти).

 

Иброҳим алайҳиссалом ҳам ғам-ғуссаларини намоз билан муолажа қилар эдилар.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Бир куни Иброҳим алайҳиссалом Сора билан бир золим подшоҳнинг юртига келиб қолдилар. (Айғоқчилар золим подшоҳга) «Фалон жойда бир киши бор, ёнида мисли кўрилмаган гўзал аёли ҳам бор», дейишган эди, подшоҳ у кишини чақиртирди. «Ёнингдаги аёл ким?» деган эди, «Синглим», дедилар. Кейин Соранинг ёнига қайтиб келиб, шундай дедилар: «Сора, ҳозир ер юзида сен билан мендан бошқа мўмин йўқ. Анави мендан сени сўраган эди, «Синглим», дедим. Мени ёлғончи қилиб қўйма». Подшоҳ эса Сорани чақиртирди, Сора унинг ҳузурига кириб келди. Подшоҳ (унинг гўзаллигини кўриб) унинг қўлини ушламоқчи бўлган эди, қўли қотиб қолди. Подшоҳ қўрқиб кетиб, «Роббингга дуо қил, сенга ҳеч нарса қилмайман», деди. Сора Аллоҳга дуо қилган эди, анавининг қўли қўйиб юборилди. Подшоҳ эса яна Сорага ёпишмоқчи бўлган эди, қўли боягидек ёки бундан ҳам қаттиқроқ қотиб қолди. Шунда у яна: «Роббингга дуо қил, сенга ёмонлик қилмайман!» деди. Сора дуо қилган эди, анавининг қўли яна қўйиб юборилди. Шунда подшоҳ айғоқчиларини чақириб, «Сенлар менинг олдимга одам эмас, шайтонни олиб келибсанлар-ку!» деди. Сўнг Сорага Ҳожарни чўри қилиб берди. Сора эсон-омон Иброҳим алайҳиссаломнинг ёнларига қайтиб келди. Иброҳим алайҳиссалом намоз ўқиётган эдилар, қўли билан «Нима гап?» дея ишора қилдилар. Сора: «Аллоҳ анави кофирнинг [ёки фожирнинг] макрини ўзига қайтарди, шунга Ҳожарни менга чўри қилиб берди», деди» (Имом Бухорий ривояти).

 

Бир қиз айтади: «Бир дугонам бор, ниҳоятда асабий қиз. Бизнинг уйимизда ҳам кўп муаммолар бўлиб турар эди. Буни билган ўша дугонам «Уйингда шунча муаммо бўла туриб, қандай қилиб асабларинг жойида?» деб ҳайрон бўлди. Мен унга «Бунинг сири намозда!» дедим. У янада ҳайрон бўлиб, «Қандай қилиб?» деб сўради. Мен шундай жавоб бердим: «Авваллари оиламизда муаммолар кўплигидан ўзимни бечора, ожиз ҳисоблардим, муаммолар ҳақида кўп ўйлайверганимдан ақлдан озай дер эдим. Бундай аҳволдан қутулиш учун ҳамма нарса қилиб кўрдим, тинчлантирувчи дорилар ичдим, лекин фойдаси бўлмади.

Бир куни ғам-ташвишларимни, қайғуларимни намоз билан енгиш мумкинлигини эшитиб қолдим. Ғам-қайғулар ёпирилиб келганда, кимдир мени хафа қилиб, ҳис-туйғуларим оёқости бўлганда намозга ошиқадиган бўлдим. Намозларимда Аллоҳга аҳволимни арз қилиб, мени қайғулардан халос қилишини, муаммолардан қутулиш йўлларини кўрсатишини сўраб, илтижолар қиладиган бўлдим. Илтижо қилар эканман, руҳий, иймоний улкан куч-қувватни ҳис этардим, хотиржам яшаб, ҳаётни давом эттиришга куч топардим. Қайғуларим намозни севишимга, унга чинакам ошиқ бўлишимга сабаб бўлди».

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар