Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
07 Феврал, 2025   |   8 Шаъбон, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:08
Қуёш
07:28
Пешин
12:42
Аср
16:05
Шом
17:50
Хуфтон
19:05
Bismillah
07 Феврал, 2025, 8 Шаъбон, 1446

2020 йил учун закот нисоби эълон қилинди

14.04.2020   14066   2 min.
2020 йил учун закот нисоби эълон қилинди

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг

 2020 йилги закот миқдори бўйича

ҚАРОРИ

Маълумки, закот Ислом арконларидан бири бўлиб, моли нисобга етган киши бир йилда бир марта уни адо қилиши фарз ҳисобланади. Одатда, ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан нисоб миқдори Рамазон ойида эълон қилинар эди. Лекин, бугунги кунда бутун дунё бўйлаб, жумладан, юртимизда ҳам коронавирус пандимеяси тарқалишининг олдини олиш мақсадида, юртимизда карантин эълон қилиниши сабабли, заруратсиз уйдан ташқарига чиқиш мумкин бўлмай қолди.

Табиийки, бундай пайтда аҳолининг моддий ёрдамга муҳтож бўлган қисмини қўллаб-қувватлашнинг зарурати туғилди ва айни пайтда бу ажр-савоби кўп бўлган амалдир. Мана шундай вазиятда моли нисобга етган бой-бадавлат кишилар молларининг закотини ҳам ҳақдорларга беришлари айни савобли амаллар сирасига киради.

Мазкурларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати закот нисобини Шаъбон ойида чиқаришга қарор қилди. Зеро, Шаъбон ойи ҳам фазилатли ойлардан биридир. Қолаверса, ҳозирги синовли даврда закот бериш муҳтожларга янада манфаатли бўлиб, закотнинг савобини бир неча баробар кўпайишига сабаб бўлади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати 1 грамм тиллонинг бугунги кундаги ўртача нархи 250 000 (икки юз эллик минг) сўм эканини эътиборга олиб, милодий 2020 йил (ҳижрий 1441 йил) учун ЗАКОТ нисобини (85 г. тиллодан) 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўм деб белгилади. Мазкур қийматнинг қирқдан бири (1/40), яъни закот учун чиқариладиган қисми 531 250 (беш юз ўттиз бир минг икки юз эллик) сўмга тенг бўлади.

Шунга кўра, зарурий эҳтиёжидан ташқари бир йил давомида 21 250 000 (йигирма бир миллион икки юз эллик минг) сўмдан ортиқ маблағга эга бўлган мусулмон киши, жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни закот сифатида камбағал ва фақирларга бериши фарздир.

Аллоҳ таоло бойларнинг ҳимматига барака, фақирларга қаноат ато айлаб, Ўзининг раҳмати ила бошимиздаги бу иллатни тез орада даф қилсин. Омин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати

13 апрель 2020 милодий сана  19 Шаъбон 1441 ҳижрий сана

Ўзбекистон янгиликлари
Бошқа мақолалар

Лаззати кетади-ю, гуноҳи қолади...

5.02.2025   2298   2 min.
Лаззати кетади-ю, гуноҳи қолади...

Ҳакимлардан бири айтади: “Одам дард олдида йиқилиши айб эмас, балки лаззатлар жарлигига қулаб кетиши ҳақиқий айбдир”.

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у зот: “Гуноҳдан лаззатлансанг,  у лаззат арийди, унинг гуноҳи эса қолади. Агар яхшилик йўлида хорисанг, чарчоқлар тарқаб кетади, яхшилик (фойдага) қолади”, дедилар.

Мен Шайх Алий Тантовийдан ҳаётларида ўқиган энг гўзал ҳикмат қайси эканини сўраганимда, у зот: “Етмиш йилдан ошибдики, ўқиш билан бандман ва Ибн Жавзий раҳимаҳуллоҳнинг “Сайдул-хотир” китобида ривоят қилган “Шак йўқки, тоатнинг машаққати кетади ва унинг савоби қолади, маъсиятларнинг лаззати кетади ва унинг гуноҳи қолади” деган ҳикматидан гўзалроғини ўқиганим йўқ”, деган эдилар. 

Ушбу маъноларни Кусаййир Изза ҳам айтиб, бундай деганлар:

 Ҳаромдан тотсанг гар лаззат қаймоғин,
Мазаси кетиб қолар, гуноҳи-ори...

Доимо ёдингизда тутингки, ҳаётда инсонни чалғитадиган зийнатлар қаршисида нафс устидан ғолиб бўлишдан-да лаззатлироқ нарса йўқ.

Ҳар кишининг ўз лаззат унсурлари бор:

Обидларнинг лаззати муножотда.

Уламоларнинг лаззати тафаккурда.

Сахийларнинг лаззати эҳсонда.

Муслиҳлар (ислоҳотчилар)нинг лаззати ҳидоятда.

Бадбахтларнинг лаззати биров билан ғижиллашишда.

Пасткашнинг лаззати дилозорликда.

Залолатдагиларнинг лаззати иғво ва бузғунчиликда.

Ҳеч нафсингиздан: “Менинг лаззатим нимада?” деб сўраб кўрганмисиз. Ҳаётнинг қадр-қимматини белгилайдиган лаззат пулдор бўлиш, обрў орттириш, катта-катта мансаб­ларда эмас. Аслида у  ўзингиздан кейин қолдирадиган яхши номдадир... У – риёсиз қилаётган яхши ишингизда. У – фойдали илмда. У – фарзандларингизга ўргатган илмингизда. Улар Қуръон тиловати ила сизга савоб йўллашади. Сиз ундан дунё ва охиратда фойда оласиз. Ҳаётнинг мазмуни бўлган лаззат – бу бирор-бир яхши одатдир. Сиздан кейин атрофингиздагилар уни одат қилиб, ҳаётларига татбиқ этадилар. Бу лаззат ҳаётнинг қайси жабҳасида бўлмасин, Аллоҳнинг розилигига эриштиради...

Ҳассон Шамсий Пошонинг "Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар" номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.