Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Россия Федерацияси Ингушетия Республикаси муфтийси Абдураҳмон Матназаровнинг вафоти муносабати ҳамдардлик мактубини йўлладилар. Унда қуйидаги жумлалар келтирилган:
Россия Федерацияси Ингушетия Республикаси муфтийси Абдураҳмон Матназаровнинг вафоти муносабати билан ўз номимдан ва Ўзбекистон мусулмонлари номидан Ингушетия мўмин-мусулмонларига ва раҳматли биродаримизнинг яқинларига чуқур таъзия билдирамиз. Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси ушбу мусибатга чин қалбдан шерик эканини изҳор этади.
Биродаримиз Абдураҳмон ҳожи Матназаровнинг Ислом дини маърифатини кенг ёйиш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашдаги хизматларини ҳусни қабул айлаб, улкан ажру савоблар ато этсин.
Ҳақ таоло марҳум дўстимизнинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳумни ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин, деган ҳамдардлик сўзлари ва дуолар мактубда баён этилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизм
Бугун, 7 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги ўрта махсус диний таълим муассасаларининг барча курслари ва олий диний таълим муассасаларининг 1-курс талабалари учун янги 2026-2027 ўқув йили бошланиши муносабати билан “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида очилиш тадбирлари бўлиб ўтди.
Мазкур маросимларда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, ҳудудий ҳокимлик масъуллари, диний таълим муассасалари раҳбарлари, бош имом-хатиблар, ўқитувчи ва талабалар иштирок этди.
Тадбирлар Қуръони карим тиловати, хайрли дуолар ва давлат мадҳияси билан бошланди.
Сўзга чиққан мутасаддилар барчани мустақиллигимизнинг 35 йиллиги ва янги ўқув йили бошланиши билан қутлади. Юртбошимиз томонидан диний-маърифий соҳага алоҳида эътибор қаратилаётгани, хусусан, яқинда ҳам бир гуруҳ уламолар “Имом Бухорий” ордени билан тақдирлангани ёрқин далил экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, жорий йилда Тошкент ислом институтини илк магистрлар тамомлагани, эндиликда докторантура ташкил этилиши режалаштирилаётгани ҳам айтиб ўтилди.
Шу билан бирга, диний таълим муассасалари фаолияти йилдан-йилга такомиллашаётгани, жумладан, ўқув дастурлари замон талабига қараб янгилаб борилаётгани, кириш имтиҳонлари электрон тест шаклида ўтказилиб, энг муносиб талабалар саралаб олинаётгани, мударрис ва талабаларга ҳар жиҳатдан шароитлар ҳозирланаётгани, ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиб, талабалар астойдил ўқиб-ўрганиб, яхши мутахассис бўлишга ҳаракат қилиши лозимлигига урғу қаратилди.
Тадбирлар давомида диний таълим муассасаларига ўқишга янги қабул қилинган талабалар ҳам сўзга чиқишди.
1-курс талабаларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин домла Холиқназар ҳазратлари номидан эсдалик совғалари улашилди.
Якунда Ҳақ таолодан элу юртимиз тинчлиги ва фаровонлиги, мустақиллигимиз абадий бўлиши ҳамда янги ўқув йили хайрли ва манфаатли кечишини сўраб хайрли дуолар қилинди.
Шундан сўнг ўқув хоналарида “Мустақиллик дарслари” бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати