РУХСАТ СЎРАШ ОДОБИ
Изн сўрашнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Бу одоблар Аллоҳ таолонинг улуғ Каломида қай тариқа баён қилинганига эътибор қаратамиз:
«Эй имон келтирганлар, ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча, кирмангиз. Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангизлар» (Нур, 27).
Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига киришга изн сўраб, “Кирайми?” деди. Шунда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деб айтишни ўргатдилар. У одам: “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деди ва унинг ичкарига киришига изн бердилар. Рухсат сўраш билан бирга, салом бериш ҳам ўзаро дўстлик ва муҳаббатни изҳор қилишдир.
«Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни тополмасангиз, унда сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз. Агар сизларга “қайтингиз” дейилса, қайтиб кетаверинглар. Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билгувчидир» (Нур, 28).
Ислом одобида изн сўраш уч маротаба бўлиб, биринчисида ичкаридаги одам эшитади, иккинчисида ўзларини тузатиб оладилар ва учинчисида эса киришга рухсат берадилар ёки қайтарадилар. Агар ичкаридан сизга ҳеч ким жавоб бермаса, у ерга кирмаслигингиз лозим бўлади.
يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ لِيَسۡتَٔۡذِنكُمُ ٱلَّذِينَ مَلَكَتۡ أَيۡمَٰنُكُمۡ وَٱلَّذِينَ لَمۡ يَبۡلُغُواْ ٱلۡحُلُمَ مِنكُمۡ ثَلَٰثَ مَرَّٰتٖۚ مِّن قَبۡلِ صَلَوٰةِ ٱلۡفَجۡرِ وَحِينَ تَضَعُونَ ثِيَابَكُم مِّنَ ٱلظَّهِيرَةِ وَمِنۢ بَعۡدِ صَلَوٰةِ ٱلۡعِشَآءِۚ ثَلَٰثُ عَوۡرَٰتٖ لَّكُمۡۚ لَيۡسَ عَلَيۡكُمۡ وَلَا عَلَيۡهِمۡ جُنَاحُۢ بَعۡدَهُنَّۚ طَوَّٰفُونَ عَلَيۡكُم بَعۡضُكُمۡ عَلَىٰ بَعۡضٖۚ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمُ ٱلۡأٓيَٰتِۗ وَٱللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٞ٥٨
«Эй имон келтирганлар! Қўл остингиздаги (қул ва чўри)ларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фарзанд)ларингиз уч марта (ҳузурингизга киришда) сизлардан изн сўрасинлар – бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч (вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлар)дир. Улар ўша (вақтлар)дан сўнг (изн сўрамай кирсалар) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз бирингизга келиб-кетиб турувчидирсиз. Аллоҳ оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир» (Нур, 58).
وَإِذَا بَلَغَ ٱلۡأَطۡفَٰلُ مِنكُمُ ٱلۡحُلُمَ فَلۡيَسۡتَٔۡذِنُواْ كَمَا ٱسۡتَٔۡذَنَ ٱلَّذِينَ مِن قَبۡلِهِمۡۚ كَذَٰلِكَ يُبَيِّنُ ٱللَّهُ لَكُمۡ ءَايَٰتِهِۦۗ وَٱللَّهُ عَلِيمٌ حَكِيمٞ٥٩
«Қачонки, гўдакларингиз балоғатга етса, бас, улар ҳам худди ўзларидан олдинги (балоғатга етган)лар каби изн сўрасинлар! Аллоҳ Ўз оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат сҳибидир» (Нур, 59).
Ушбу оятларда, Аллоҳ таоло амрига биноан, фарзандлар ва хонадон хизматкорлари ўз ота-оналари ва уй соҳибларидан айтиб ўтилган уч пайтда изн сўраб кириши лозимлиги баён этилмоқда.
Биринчиси, бомдод намозидан аввал, чунки бу вақтда кишилар ўринларида ором олаётган бўладилар.
Иккинчиси, туш пайти. Бу вақтда ҳам кишилар аксарият ҳолларда ўз аҳли билан биргаликда дам олаётган пайт бўлади.
Учинчиси, хуфтон намозидан сўнг. Ушбу вақт тун маҳали бўлиб, дам олиш ёки ётиш пайтидир.
Бу уч пайтда катталар ёки хонадон эгалари ҳузурига кириш учун изн сўраш шариатимиз қоидасига мувофиқ шарт қилинди. Мазкур вақтларда эр ёки хотин ёш фарзандларидан холи бўлиб, хос бир ҳолатда бўлиши табиийдир. Агар ёш болалар балоғат ёшига етсалар, бу уч вақтдан ташқари пайтларда ҳам изн сўраш лозим бўлади.
Фарзандларнинг тарбияли, чиройли хулқ эгалари ва етук инсонлар бўлишларида Ислом дини таълимоти нақадар аҳамиятли экани Қуръон оятларида яққол кўриниб турибди.
Изн сўрашнинг ҳам ўз одоблари бўлиб, улар қуйидагилардир:
Аввал салом бериб, сўнг изн сўраш
Абу Довуд ривоят қилади. Омир қабиласидан бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйда бўлган вақтларида изн сўради ва: “Кирсам майлими?” деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хизматчига: “Чиқиб, унга изн сўрашни ўргатгин, “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деб айтсин”, дедилар. Шунда у бу сўзни эшитиб, “Ассалому алайкум, кирсам майлими?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга рухсат бердилар ва у кирди.
Исмини, сифатини ёки кимлигини билдириш
Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларининг “Исро” ҳадисида келтирилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сўнгра Жаброил (алайҳиссалом) дунё осмонига кўтарилди ва эшикни тақиллатди. Шунда:
Сўнгра мен билан иккинчи, учинчи осмонга ва бошқаларига кўтарилди. Ҳар бир осмон эшигида “Ким?” дейилди. “Жаброил (алайҳиссалом)”, дедилар».
Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида Абу Мусодан ривоят қилинади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) боғнинг қудуғида ўтирганларида, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) келиб изн сўради. Абу Мусо:
– Ким? – деди.
– Абу Бакр (розияллоҳу анҳу).
Сўнг ҳазрат Умар келди, изн сўради.
– Ким? – деди Абу Мусо.
– Умар, – деди.
Сўнгра Усмон ҳам шундай қилди.
Демак, бировнинг эшигига борган одам аввало ўзини таништириши лозим бўлар экан. Шу ўринда баъзи кишиларнинг хаттиҳаракатлари ёдга тушади. Айниқса, айрим ёшлар телефон орқали бошқаларни безовта қилиб, ўзининг кимлигини билдирмасдан, турли кераксиз гапларни сўзлаши учраб туради.
Муборак Рамазон ойида ҳам ёш болалар ва ўсмирлар бемаҳалда эшикларни тақиллатиб, одамларни безовта қилиб “Рамазон” айтиб юришади. Бу одат ҳам динимиз кўрсатмаларига мувофиқ келмайди, чунки мўътабар манбаларимизда бу ҳақда бирор-бир маълумот йўқ.
Кези келганида “Рамазон” айтиш тарихига назар соладиган бўлсак, аждодларимиз азалдан улуғ ой Рамазонни жуда катта хурсандчилик билан қарши олишган. Ҳаттоки ёшлар бу қувончларини оҳангга солиб куйлашган, шодликларини бошқаларга ҳам етказиб, бир-бирларини қутлашган. Бундай улуғ хушхабарни олиб келганларни янада хушнуд қилиш учун саховатли ота-боболаримиз ширинликлар билан сийлаганлар. Кўриниб турибди, “Рамазон” айтиб бемаҳалда одамлар безовта қилинмаган ёки бирон нарса тама қилиш мақсад этилмаган. Шу боис фарзандларимизга бу одатни ҳам тўғри маънода тушунтиришимиз лозим.
Уч марта изн сўраш
فِي الصَّحِيحَيْنِ عَنْ أَبِي مُوسَى الْأَشْعَرِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “الْإِسْتِئْذَانُ ثَلاَثٌ فَإِنْ أُذِنَ لَكَ وَإِلاَّ فَارْجِعْ”
Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг “Саҳиҳ” китобларида Абу Мусо Ашъарийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Изн сўраш уч мартадир. Агар сенга изн берилса, киргин, изн берилмаса, бас, қайтгин”, дедилар.
Биринчи марта изн сўраш билан иккинчисининг орасида тўрт ракаат намоз ўқиш муддатича кутиш мустаҳабдир. Чунки хонадон соҳиби намозда ёки зарур иш билан банд бўлиши мумкин. Шу боис бир неча дақиқа кутиш афзалдир. Учинчи бор изн сўралганидан сўнг ҳам жавоб бўлмаса, қайтиб кетиш лозим экан. Шундай ҳолларда баъзилар эшикни ўзлари очиб киришлари динимиз қоидаларига зиддир.
Эшикни оҳиста тақиллатиш
Хусусан, ота-она, устоз ёки бирор аҳли уламо ёки фазилат соҳибининг хонадонига ташриф қилинадиган бўлса, янада тавозеъ ва одоб билан эшикни оҳиста тақиллатиш зарур. Бу борада саҳобалар ва салаф уламоларимиз одоблари қай даражада юксак эканига эътибор берамиз:
رَوَى الْبُخَارِيُّ فِي (الْأَدَبِ الْمُفْرَدِ) عَنْ أَنَسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ أَبْوَابَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَتْ تُقْرَعُ بِالْأَصَابِعِ”
Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” асарида Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшикларини бармоқлар билан тақиллатишарди”.
Салафлар улуғларнинг эшикларини тирноқлари билан тақиллатардилар. Бу эҳтиром ва одобнинг юқори чўққисидир. Аммо уй эгаси эшикдан узоқроқда экани эҳтимоли бўлса, бундай вазиятда эшитиладиган тарзда тақиллатилади. Бугунги ҳолатларда, яъни эшикда қўнғироқ чалувчи мослама бўлса, ундан фойдаланганда ҳам узоқ муддат босиб турмаслик ёки кетма-кет, қайта-қайта, тез-тез босавермаган маъқул. Чунки изн сўровчининг эшикни енгил, латиф тақиллатиши унинг лутфу одоби, хулқи ва гўзал муомаласидан далолатдир.
Изн сўраш пайтида эшикка терс туриш
Мабодо эшикни аёл киши очадиган бўлса, бегона кишига кўзи тушмаслиги ва уни хижолат қилмаслик мақсадида изн сўраш одобидаги ушбу қоидага риоя қилиш талаб этилади. Изн сўраш баробарида назар солишда эҳтиёткор бўлиш шарт. Буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларига таъкидлаб: “Албатта, изн сўраш кўзни (жоиз қарашдан) сақлаш учундир”, дедилар. Яъни, эшик тақиллатиб рухсат сўралганида, назарни олиб қочишнинг бошқа иложи йўқ. Шу сабабдан эшикка терс ёки ён билан туриш жоиздир.
Имом Табароний Абдуллоҳ ибн Басардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уйга келишда эшикнинг қаршисида турманглар, эшикнинг ёнида туриб изн сўранглар. Агар изн берилса киринглар, рухсат берилмаса, қайтинглар”, деганлар.
رَوَى أَبُو دَاوُدَ: “ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إذَا أَتَى بَابَ قَوْمٍ لَمْ يَسْتَقْبَلِ الْبَابَ مِنْ تِلْقَاءِ وَجْهِهِ وَلَكِنْ مِنْ رُكْنِهِ الْأَيْمَنِ أَوِ الْأَيْسَرِ وَيَقُولُ: السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ، السَّلاَمُ عَلَيْكُمْ
Абу Довуд ривоят қилади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамлар эшигига келганларида юзлари билан эшикка юзланмасдилар, ўнг ёки чап ёнларини эшикка қилардилар ва: “Ассалому алайкум”, “Ассалому алайкум”, дердилар».
Уй эгаси “қайт” деса, қайтиш
Аллоҳ таоло бундай дейди:
«...Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз! Агар сизларга “қайтингиз” дейилса, қайтиб кетаверинглар! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир» (Нур, 28).
Рухсат сўровчи кишига хонадон эгалари монелик билдирганида, дарҳол орқага қайтиши лозимлиги баён этилмоқда. Чунки хонадондаги айни муҳит ва вазият шуни тақозо қилаётгани учун шундай жавоб бўлди. Шу боис келган киши кириш учун бирор баҳона топишга ҳаракат қилмай, орқага қайтиши шарт. Чунки Аллоҳнинг буйруғи юқоридаги ояти каримада шунга далолат этмоқда.
Қатода айтади: Бир муҳожир: “Бутун умрим бўйи бу оятдаги ҳолатни қидирдим. Аммо бундай вазиятга тушмадим. Бир вақтлари келиб, баъзи биродарларимдан рухсат сўрадим. Улар “қайт” дедилар. Бас, мен хурсанд бўлган ҳолимда (яъни ўша оятга амал қилганимдан) ортимга қайтдим”, деди.
Бу Ислом динимиздаги “изн сўраш” одобларининг энг муҳим қоидалардандир. Фарзандларимиз шу фазилатларга эга бўлиб тарбия топар экан, албатта бугун, эртага ва то қиёматга қадар давом этажак наслу насабимиздан яна уламолар, фозиллар ва ўз илму маърифатларининг манфаатлари ила жаҳонни ҳайратга соладиган машҳур инсонлар етишиб чиқади, иншааллоҳ. Буюк ва Улуғ, Қодир Раббимиздан барчамиз илтижолар қилиб, бу йўлда олиб бораётган ишларимизда шижоат ва баракотлар тилаймиз.
МАЖЛИС ОДОБИ
Бу ерда мажлис сўзи кенг маънода ишлатилади. Икки кишининг ўзаро суҳбати ҳам, кўп кишиларнинг машварати ҳам мажлис сўзи билан ифодаланган. Унинг одобларини қисмларга бўлиб баён қиламиз.
Учрашганида қўл бериб кўришиш
رَوَى ابْنُ السُّنِّي وَأَبُو دَاوُدَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:” إِذَا الْتَقَى الْمُسْلِمَانِ فَتَصَافَحَا وَحَمِدَا اللهَ تَعَالَى واسْتَغْفَرَا غَفَرَ اللهُ لَهُمَا”
Ибн Сунний ва Абу Довуд ривоят қилади, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки мусулмон киши учрашиб, қўл бериб кўришса ва Аллоҳга ҳамд, истиғфор айтса, уларни Аллоҳ таоло мағфират қилади”, дедилар.
فِي الْمُوَطَّأِ لِلْإمَامِ مَالكٍ عَنْ عَطَاءٍ الْخُرَسَانِي قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تَصَافَحُوا يَذْهَبِ الْغِلُّ (الْحِقْدُ)، وَتَهَادَوْا تَحَابُّوا وَتَذْهَبِ الشَّحْنَاءُ
Имом Молик “Муватто” асарида Ато Хуросонийдан ривоят қилади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзаро қўл бериб кўришинглар – нафратланиш йўқолади, ўзаро ҳадя беринглар – муҳаббатли бўласизлар ва гина-кудурат кетади” .
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадис орқали икки киши учрашганида, аввало қандай кўришиш лозимлиги ҳақида таълим бердилар. Ҳадисга мувофиқ бир-бирига қўл бериб кўришиш тавсия қилинган. Асрлардан буён маънавияти Ислом таълимоти билан йўғрилган халқимиз кўришиш одобини юксак даражада адо этиб келди. Афсус, бугунги айрим ёшлар, баъзан катталар ўртасида ҳам ажабтовур бош тўқиштириш ва шу каби ғайриоддий кўришишлар пайдо бўлди. Фарзандлар одоблар сардори бўлган саломлашишда ўзликларини унутиши – бу жуда аянчли ҳол. Ёшларимизга бундай кўришиш миллий ва диний урф-одатга тўғри келмаслигини тушунтириб, уни буткул тарк этишларига эришмоғимиз зарур.
Уй эгаси кўрсатган жойга ўтириш
Хонадон соҳиби меҳмонни қаерга ўтқазишни режалаштирган бўлади, шунинг учун бу иш мезбон ихтиёрига ҳавола этилади. Бир ҳадисда: “Уй соҳиби уйдаги нарсаларни билувчидир”, дейилган.
Аллоҳ таборака ва таолонинг қуйидаги оятини яна эслашга тўғри келади:
«...Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз! ...» (Нур, 28).
Ояти мубийндан маълум бўлмоқда, меҳмон ҳар нарсада мезбоннинг ишорасига тобе, яъни у нафақат ўтириш жойида, балки барча ҳолатда ҳам уй соҳибига бўйсуниши лозим. Сўнгра дастурхонга қўйилган овқатни яхши кайфият билан тановул қилиш ва ўз ўрнида овқатни мақташ ҳам лозим. Бу борада яна бир ҳадисда: “Ким бир қавмнинг уйига кирса, бас, кўрсатилган жойга ўтирсин, чунки қавм ўз ҳовлисининг айбини билувчироқ”, дейилган.
Ҳатто меҳмондорчиликдан қайтиш вақтини ҳам уй эгасининг ҳолати ва кайфиятига қараб белгилаш керак.
Ўртада эмас, кишилар қаторида ўтириш
Бу ҳам муҳим одоб саналади. Бир даврага қўшилган киши, агар ўртада ўтирса, баъзиларга орқа ўгириб қолади. Уларга ноқулайлик туғилиши ёки озор бериш эҳтимоли борлиги учун бундан қайтарилган. Қуйидаги ҳадиси шариф шу ҳақида:
رَوَى التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي مِجْلَزٍ: “ أَنَّ رَجُلًا قَعَدَ وَسَطَ حَلْقَةٍ، فَقَالَ حُذَيْفَةُ: مَلْعُونٌ عَلَى لِسَانِ مُحَمَّدٍ أو لعن الله علَى لسان محمّد صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ قَعَدََ وَسَطَ الْحَلْقَةِ”
Имом Термизий Аби Мижлаздан ривоят қилади:
«Бир киши ҳалқанинг ўртасига ўтирди. Шунда Ҳузайфа: “Ҳалқа ўртасига ўтирган кишини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) лаънатлаганлар”, деди».
Ушбу мажлисда кенг жой бўлгани назарда тутилган. Аммо тор жойдаги мажлисда одамлар ўртага ўтиришга мажбур бўлса, бундай вазиятда ҳеч бир зарар йўқ. Имконият ўта чегараланган ҳолатларда тақиқланган ўринда ўтиришга ҳам баъзи масалаларда рухсат этилган. Чунки динимиз енгиллик ва қулайликка буюриб, мусулмонларга оғирликни раво кўрмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
هُوَ ٱجۡتَبَىٰكُمۡ وَمَا جَعَلَ عَلَيۡكُمۡ فِي ٱلدِّينِ مِنۡ حَرَجٖۚ
«...Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади...» (Ҳаж, 78).
Зарурат бўлса, икки киши орасига изн сўраб ўтириш мумкин. Амр ибн Шуайбдан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Икки киши орасини изнсиз ажратиш ҳалол эмас”, дейилган.
Кейин келган охирига ўтиради
Жобир ибн Самурадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Биз суҳбат пайтида Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келганимизда охирги жойга ўтирардик” (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).
Бу жойда оддий одам келганлигига ишора қилинган. Аммо мажлис давомида аҳли илм ёки мартабаси улуғ кишилар келадиган бўлса, бундай пайтда ҳозир бўлганлар ёки уй соҳиби уларни муносиб ўринга ўтқизишида зарар йўқ. Чунки бу одат Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларни ўз ўрнига ўтқизинглар”, деган ҳадисларига мувофиқ бўлади.
Юқорида Абдул Қайс элчилари Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келганида қандай олқишлаганлари ва бағрикенглик қилганлари, уларнинг бошлиғи Мунзир ибн Оизга илтифот қилиб ўнг томонларига ўтқизганлари ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Бошқалар ҳузурида сирлашмаслик
Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар уч киши бўлсангиз, икки киши учинчи одам олдида шивирлашмасин, уни хафа қилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Чунки учинчи киши суҳбат мавзуидан гумон қилиши ёки унга бефарқ бўлганларидан хафа бўлиши мумкин. Оқибатда сирлашган, шивирлашганлар бир кишининг қалбига озор етишига сабабчи бўлади. Аммо икки кишини ёки ундан кўпини суҳбатдан четда қолдириб, икки киши сирлашса бўлади.
Ким ташқарига чиқиб қайтса, ўз ўрнига
ўтириши мумкин
رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:“ إذَا قَامَ أَحَدُكُمْ مِنْ مَجْلِسِهِ ثُمَّ رَجَعَ إلَيْهِ فَهُوَ أَحَقُّ بِهِ”
Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан бирингиз ўрнидан туриб (кетиб), сўнг ўрнига қайтса, бас, у бунга ҳақлидир”, дедилар.
Мажлисдан чиқишга изн сўраш
رَوَى الشَّيْخَانُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:“ إِنَّمَا جُعِلَ الْإِسْتِئْذَانُ مِنْ أَجْلِ الْبَصَرِ”
Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, кўз сабабли изн сўраш жорий этилди”, деганлар.
Мазкур жойда зикр этилган изн сўраш маъносида ташриф буюрган киши кетишга чоғланганида хонадон соҳибидан изн сўраши ҳам назарда тутилган. Чунки меҳмон чиқиб кетишида ҳам кўзи ножоиз жойларга тушиб, уй соҳибалари бўлмиш аёлларни хижолат қилмаслиги учун ушбу ҳадиси муборак ворид бўлган.
Шу тариқа Исломнинг улкан одоб ва маданиятлари билан қалблари, турмушлари зийнатланган аждодларимиз ўз ҳаётлари давомида бирор-бир ҳолатда бировнинг ҳақига хиёнат қилишни тасаввурларига ҳам сиғдиролмаганлар. Надоматлар билан тилга олишга мажбурмиз, кейинги пайтларда одобсиз, нопок кимсаларнинг ножоиз хатти-ҳаракатлари сабаб покиза аёллар ёмонотлиқ бўлиб, яхши оилалар ажрашиб, бегуноҳ фарзандлар етимликка маҳкум бўлмоқдалар. Бу каби воқеалар, афсус, ён атрофимизда, қўни-қўшниларимизда, қариндошу таниш-билишларимиз оилаларида содир бўлмоқда. Барча қабиҳликлар улуғ одобу ахлоқларни менсимасликдан, амал қилмасликдан келиб чиқади. Энг ачинарлиси, “Қуш инида кўрганини қилади” деганларидек, фарзандлари ҳам ота-оналаридан бу иллатлар борасида андоза олмоқдалар.
Шунинг учун муҳтарам мураббийлар бор кучлари ила келажак авлодларнинг одобларини юксак ва ахлоқларини гўзал, қалбларини мунаввар этиб тарбия қилишлари ҳамиша долзарб вазифадир. Чунки юртимиз келажаги янада буюк, ҳаётимиз бунданда фаровон бўлиши илму маърифатли, маънавияти юксак ёшларимизга боғлиқ.
Мажлиснинг каффорат дуосини ўқиш
Абу Бараза (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.
كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إذَا أَرَادَ أَنْ يَقُومَ مِنَ الْمَجْلِسِ قَالَ: سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ اَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إلَيْكَ” ، فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّكَ لَتَقُولُ قَوْلًا مَا كُنْتَ تَقُولُهُ فِيمَا مَضَى؟ قَالَ: ذَلِكَ كَفَّارَةٌ لِمَا يَكُونُ فِي الْمَجْلِسِ”
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мажлисдан туришни хоҳлаганларида: “Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика ашҳаду анла илаҳа илла анта астағфирука ва атубу илайка”, дедилар».
(Маъноси: “Парвардигорим, сенга тасбеҳ ва ҳамд айтаман, сендан бошқа илоҳ йўқ, сенга истиғфор айтаман ва сенга тавба қиламан”.)
Бир киши: “Ё Аллоҳнинг Расули, сиз бу сўзни ҳеч айтмаган эдингиз, нега айтдингиз?” деди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу мажлисда бўлган нарсага каффорат бўлади”, дедилар.
Киши бир жойга борганида инсонийлик боис бирор ножўя сўз гапириб қўйиши, билмаган ҳолда ўтирганлардан бирининг дилига озор бериб қўйиши ёки меҳмондорчилик одобларидан четга чиқиши мумкин. Бундан ташқари, шайтони лаъин турли гумону хаёлларни қалбга келтириб, васваса қилиб, ўтирганлар ёки уй эгаси ҳақида бўлар-бўлмас гумонларга бориш эҳтимолдан холи эмас. Баъзилар бор, хонадонга кириши билан ҳар томонга аланглаб, не бир ўйларга бормайдилар: “Бунча нарсани қаердан топди экан?”, “Дастурхонини тузукроқ қилса бўлмасмиди?”, “Таомининг мазаси йўқ” қабилидаги ўй-гумонларда бўлади. Бу жуда ёмон одат саналади. Ана шундай хатоларни ювиш мақсадида, жойидан қўзғалаётганида ушбу каффорат дуоси ўқилади.
КЕЙИНГИ МАВЗУЛАР:
СЎЗЛАШИШ ОДОБИ:
Соф адабий тилда сўзлашиш;
Оҳиста сўзлаш;
Фасоҳатли сўзлашда такаллуфдан сақланиш;
Инсонларнинг ақлига қараб сўзлаш;
Малол ва халал бермайдиган сўзларни гапириш;
Сўзловчига эътиборли бўлиш;
Эркин муомалада бўлиш;
Мулойимлик;
Табассум фазилати.
Қўлни бўғимгача ювиш фойдалари
Маълумки, биз таҳоратни икки қўлимизни ювишдан бошлаймиз. Бунинг кўплаб фойдалари бор. Инсон қўли билан турли нарсаларни ушлайди, ўзгалар билан қўл бериб кўришади. Мана шу нарса бактериянинг тарқалиши ва унинг кўпайишига сабаб бўлади. Қўл орқали юқадиган касалликларга ич терлама, дизентерия (ичбуруғ) ва гастрит кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Исломда қўлни покиза сақлаш, тирноқларни вақтида олиб, озода бўлиб юриш ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қатъий вазифаларидан саналади.
Қўл ювилганда, бармоқ учларидан нур чиқиб, қўл атрофида доира ҳосил қилади. Бунинг натижасида бизнинг ички энергиямиз ҳаракатга келади ва қўлларимиз тоза, чиройли кўриниш касб этади.
Оғизни чайиш (мазмаза) фойдалари.
Таҳоратда аввал қўлларни ювишнинг фойдаси жуда кўп. Агар қўллар яхшилаб ювилмаса, бактериялар оғиз орқали ошқозонга ўтиб, касаллик келтириб чиқаради.
Оғизни пок тутиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Унга ҳаво, озиқ-овқат ва бошқа сабаблар билан турли зарарли моддалар тушади. Агар булар вақтида тозаланмаса ёки мисвок билан покланмаса, оғизда кўплаб касалликлар, жумладан, милк ва тиш касалликлари келиб чиқади.
Таҳоратда мисвок ишлатиш суннати муаккада бўлиб, бу нарса тиббий нуқтаи назардан ҳам фойдалидир.
Замонавий илмий кашфиётлар мисвок ҳақида қуйидаги хулосаларга келди:
– арок дарахтидан олинадиган мисвок таркибида кўп миқдорда фторид бўлиб, бу модда тиш чиришининг олдини олишда катта аҳамиятга эга;
– мисвок эмал ва милкларга зарар бермаган ҳолда тишларни муваффақиятли тозалайди ва оқартиради;
– мисвок таркибидаги табиий антисептиклар оғиздаги зарарли микроорганизмларга қирон келтиради;
– мисвок таркибидаги фтор моддаси тишларнинг кариесга йўлқишининг олдини олади;
– хлор моддасига эга бўлгани сабабли тишлардан турли ранг ва доғларни кеткизади;
– ошловчи кислота (дубилъная кислота) милкни касалликлардан сақлайди;
– хлорид моддаси ҳар хил тошма ва доғларнинг кетишига ёрдам беради;
– мисвок таркибидаги силикат моддаси тишларни оқартиради;
– мисвокдаги баъзи моддалар оғиз саратони ва чиришнинг олдини олади;
– фарфор моддаси тишни чиритувчи бактериялардан ҳимоя қилади;
– мисвокдаги хушбўй ёғ сўлак ажралиб чиқишини (саливация ) кўпайтиради ва натижада ксеростомия касаллигининг олди олинади;
– мисвок умумий шамоллашнинг оддий давосидир;
– гингивит касаллигини камайтиради;
– арок дарахти экстракти билан оғиз чайилса, оғиздаги бактериялар 75% гача камайиши ўз тасдиғини топди. Мисвок билан тозалаганда ҳам шу натижага эришилади;
– милк қонашининг олдини олади;
– Мисрда олиб борилган изланишларда маълум бўлишича, мисвок билан оғиз тозалангач, унинг қолдиқлари икки кунгача (!) бактерияларни ўлдириш хусусиятини сақлаб қолар экан;
Одилхон қори Юнусхон ўғли