Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, бир неча ойга чўзилган соғинч ва иштиёқдан сўнг ниҳоят ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон тароватинг, файзинг ва баракотинг ила бизларни ҳушнуд этиш, арафасида турибсан.
Рамазон, сени биз ҳудди ёлғиз фарзанди узоқ муддатга сафарга кетиб, қайтишини интизорлик билан кутаётган онадек, волидасини йўқотиб қўйиб уни интиқлик билан қидираётган гўдакдек соғинганмиз.
Айниқса, бугун бутун дунёни эгаллаб, одамларни ваҳимага солган “вирус” сенга бўлган иштиёқ ва муҳаббатимизни, интиқлигимизни янада оширди.
Ўтган йилларда сенга бера олмаган меҳрим, сенла топа олмаган қалб ҳаловатим ва сен сабаб эриша олмаган Аллоҳ таолонинг ризоси ва марҳаматига, бу гал жидду жаҳд ва мухаббат ила барчасига муяссар бўлиш учун азми қарор қилдим.
Аллоҳ таоло сен ҳақингда бизларга Қуръони каримнинг Бақара сураси, 185-оятида шундай хушхабар берганлар: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят).
“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сен келганингда саҳобаларига хушхабар бериб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди”
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна дедиларки: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади»
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенинг фазилатинг ҳақида сўзлаб: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор», деганлар.
Рамазон сен ўхшаши йўқ, фазилатда тенгсиз муборак ойсан. Умримнинг бутун бошли йилларини сенинг бир лаҳзалик таровеҳинг, бир онлик кундузинг ва сониялик тунингга алмаштиришга розиман.
Биласанми нима учун сени яхши кўраман? Чунки сен Аллоҳ таоло ва Расулига маҳбуб, суюкли ойсан. Аллоҳ таолонинг Каломи ҳам айнан сенинг кунларингда Набий алайҳиссаломга нозил бўлган. Сон-саноқсиз мўминлар сенинг шарофатинг ила гуноҳлари кечирилиб жаҳаннамдан озод бўлган ва жаннатга кирган. Сен сабаб ночорларга кўмак, очларга таом, етимларга мурувват кўрсатилади.Фазилатинг ила инсонлар қалбига ҳидоят нури, меҳр-оқибат ва яхшилик уруғи сочилади. Рамазон сени яхши кўрамиз ва сени биз мўминларга тортиқ қилган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду сано, сени қадрлаган ва севган Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламга бехисоб саловату дурудлар айтамиз.
Умид ва ният қиламизки сенинг фазилатинг сабаб Аллоҳ таоло бало-ю офатлар, хасталиклар-у мусибатлар, хусусан айни кунлардаги вирусларни инсоният бошидан даф этиб саломатлик ва хотиржамликни насиб этсин!
Соғинч ва муҳаббат билан Саидаброр Умаров
Ўзбекистонда ноёб Қуръон яратиш бўйича жаҳон хаттотлар танлови 26 август куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида эълон қилинади. Танлов «Ислом цивилизацияси: янги нигоҳ — янги кашфиётлар» халқаро медиафоруми доирасида ўтказилади, хабар бермоқда UzDaily.uz.
«Дунё Қуръони: хаттотлик анъаналаридан — келажак мероси сари» лойиҳасини хаттот ва Ислом цивилизацияси маркази ҳузуридаги Хаттотлик мактаби директори Ҳабибулло Солиҳ тақдим этади. Бу ҳақда тадбир ташкилотчиси хабар берди.
Танлов доирасида турли мамлакатлар ва хаттотлик мактабларининг исломий хаттотликдаги энг яхши анъаналарини бирлаштирган ноёб Қуръон яратиш кўзда тутилган.
Танловнинг тантанали эълони «Асрларни бирлаштирувчи мерос. Ислом цивилизациясининг маънавий мазмунлари» мавзусидаги ялпи сессиянинг якуний қисми бўлади. Сессия 26 август куни соат 09:30 дан 12:00 гача ўтказилади.
Тадбир доирасида оммавий ахборот воситаларининг стереотиплар ва исломофобияни енгишдаги ролига бағишланган халқаро муҳокама ҳам бўлиб ўтади. Унда Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Жазоир, Уммон, Покистон, Саудия Арабистони, Ироқ, Мали ва Ўзбекистоннинг давлат тузилмалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этади.
Форум дастуридан Қуръоний ва қўлёзма меросга бағишланган лойиҳалар ҳам ўрин олган. Улар орасида «114 Қуръон: ислом оламининг 114 хаттотлик дурдонаси», «Катта Лангар Қуръони: ҳақиқат ва ривоятлар» халқаро лойиҳаси ҳамда «Сунъий интеллект — қадимий қўлёзмаларни ўқишнинг рақамли калити» лойиҳаси бор.
Ўзбекистонда хаттотликни ривожлантиришга институционал даражада ҳам эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази ҳузурида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Хаттотлик мактаби фаолият юритмоқда. Мактабда сулс, насх, настаълиқ, руқъа, девоний ва куфий каби анъанавий ёзув услубларини ўргатиш режалаштирилган.
Хаттотлик санъати Самарқанд вилоятидаги янги Имом ал-Бухорий мажмуасида ҳам намоён этилган. Мажмуа пештоқлари ва айвонлари деворлари «Саҳиҳ ал-Бухорий»дан олинган ҳадислар битилган ёзувлар билан безатилган. Мажмуа ҳузурида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илмий мактаби ҳам фаолият юритади.
Халқаро медиафорумнинг асосий майдони Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлади.
Тадбирда қарийб 50 мамлакатдан медиа ва экспертлар ҳамжамиятининг 300 га яқин вакили иштирок этади. Улар орасида медиакомпаниялар, ахборот агентликлари ва телеканаллар раҳбарлари, журналистлар, продюсерлар, олимлар ҳамда креатив индустрия мутахассислари бор.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати