Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
16 Сентябр, 2026   |   5 Рабиъус сони, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:44
Қуёш
06:04
Пешин
12:18
Аср
16:41
Шом
18:35
Хуфтон
19:51
Bismillah
16 Сентябр, 2026, 5 Рабиъус сони, 1448

Рамазонга мактуб

08.04.2020   7101   3 min.
Рамазонга мактуб

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, бир неча ойга чўзилган соғинч ва иштиёқдан сўнг ниҳоят ойларнинг султони, эзгулик ва хайр мавсуми, тоату ибодат фасли, саховату дуо, таровеҳу Қуръон ойи бўлмиш муборак моҳи Рамазон тароватинг, файзинг ва баракотинг ила бизларни ҳушнуд этиш, арафасида турибсан.

Рамазон, сени биз ҳудди ёлғиз фарзанди узоқ муддатга сафарга кетиб, қайтишини интизорлик билан кутаётган онадек, волидасини йўқотиб қўйиб уни интиқлик билан қидираётган гўдакдек соғинганмиз.

Айниқса, бугун бутун дунёни эгаллаб, одамларни ваҳимага солган “вирус” сенга бўлган иштиёқ ва муҳаббатимизни, интиқлигимизни янада оширди. 

Ўтган йилларда сенга бера олмаган меҳрим, сенла топа олмаган қалб ҳаловатим ва сен сабаб эриша олмаган Аллоҳ таолонинг ризоси ва марҳаматига, бу гал жидду жаҳд ва мухаббат ила барчасига муяссар бўлиш учун азми қарор қилдим.

Аллоҳ таоло сен ҳақингда бизларга Қуръони каримнинг Бақара сураси, 185-оятида   шундай хушхабар берганлар: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сен келганингда саҳобаларига хушхабар бериб, айтардилар: “Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ сизга унинг рўзасини тутишни фарз қилди. Бу ойда жаннат дарвозалари очилур, жаҳаннам қопқалари ёпилур, итоатсиз жин-шайтонлар занжирбанд қилинур. Бу ойда бир кеча бўлиб, у минг ойдан яхшироқдир. Ким ўша кечанинг яхшилигидан маҳрум бўлса, кўп яхшиликдан маҳрум бўлибди”

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна дедиларки: «У (Рамазон)нинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари кечирилади», дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, у Қадр кечасими?», деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ, лекин ишчи ишини адо этганидан сўнг ажри – ҳақи тўла қилиб берилади»

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сенинг фазилатинг ҳақида сўзлаб: «Рамазонда ҳар кеча Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинадиган бандалари бор», деганлар.

Рамазон сен ўхшаши йўқ, фазилатда тенгсиз муборак ойсан. Умримнинг бутун бошли йилларини сенинг бир лаҳзалик таровеҳинг, бир онлик кундузинг ва  сониялик тунингга алмаштиришга розиман.

Биласанми нима учун сени яхши кўраман? Чунки сен Аллоҳ таоло ва Расулига маҳбуб, суюкли ойсан. Аллоҳ таолонинг Каломи ҳам айнан сенинг кунларингда Набий алайҳиссаломга нозил бўлган. Сон-саноқсиз мўминлар сенинг шарофатинг ила гуноҳлари кечирилиб жаҳаннамдан озод бўлган ва жаннатга кирган. Сен сабаб ночорларга кўмак, очларга таом, етимларга мурувват кўрсатилади.Фазилатинг ила инсонлар қалбига ҳидоят нури, меҳр-оқибат ва яхшилик уруғи сочилади. Рамазон сени яхши кўрамиз ва сени биз мўминларга тортиқ қилган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду сано, сени қадрлаган ва севган Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васалламга бехисоб саловату дурудлар айтамиз.

Умид ва ният қиламизки сенинг фазилатинг сабаб Аллоҳ таоло бало-ю офатлар, хасталиклар-у мусибатлар, хусусан айни кунлардаги вирусларни инсоният бошидан даф этиб саломатлик ва хотиржамликни насиб этсин!

Соғинч ва муҳаббат билан Саидаброр Умаров

 

 

 

Рамазон-2020
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

“Al Jarida” газетаси: Ўзбекистон – тарих, маданият ва замонавийлик уйғунлашган юрт

07.09.2026   68189   1 min.
“Al Jarida” газетаси: Ўзбекистон – тарих, маданият ва замонавийлик уйғунлашган юрт

Кувайтнинг “Al Jarida” газетасида журналист Рабиҳ Калласнинг Ўзбекистонга саёҳати давомида олган таассуротлари асосида тайёрланган мақолалари эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тошкент – Марказий Осиёнинг дурдонаси ва кувайтликлар учун муносиб сайёҳлик манзили” ҳамда “Самарқанд – асрлар оша дунёни ҳайратга солаётган шаҳар” сарлавҳали материалларда ўзбек халқининг меҳмондўстлиги, шаҳардаги хавфсизлик ва тозалик, замонавий инфратузилма ҳамда Ипак йўлининг бой мероси ҳақида маълумотлар келтирилган.

Муаллифнинг таъкидлашича, Ўзбекистон пойтахти хавфсизлик, меҳмондўстлик ва исломий меросни уйғунлаштирган шаҳар ҳисобланади. Тошкентнинг кенг ва тоза кўчалари, тинч-тотув муҳити сайёҳларда катта таассурот қолдиради. Тошкент метросининг бетакрор меъморчилиги, янги барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази минтақа маданий юксалишида муҳим ўринга эга.

Мақолаларда 2700 йилдан ортиқ тарихга эга Самарқанд шаҳрининг Буюк Ипак йўли чорраҳасидаги стратегик аҳамияти ҳақида сўз юритилган. Амир Темур ва Темурийлар даврида гуллаб-яшнаган ушбу шаҳарнинг Регистон майдони, Шоҳи Зинда мажмуаси, Гўри Амир мақбараси ва Мирзо Улуғбек расадхонаси каби меъморий дурдоналари Шарқ цивилизациясининг юксак намунаси сифатида тавсифланади.

Журналист Ўзбекистонга саёҳат Форс кўрфази давлатларидан, хусусан, Кувайтдан келувчи оилавий туристлар учун энг қулай ва жозибадор йўналиш эканини таъкидлаган. Мамлакатдаги бетакрор миллий ошхоналар, ҳалол таомлар, замонавий “Афросиёб” тезюрар поездлари қатнови саёҳатни янада мазмунли қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари