Меҳрибон Аллоҳ барча мўмин мусулмонларни Рамазонга етказиб, турли бало-офат ва ёмонликлардан Ўзи асрасин. Ўзи бутун дунёга ташвиш бўлаётган касалликларни аритсин, инсониятнинг ҳидоятига сабаб бўлсин. Дардга йўлиққан барча мўмин мусулмонларга Ҳаким бўлган Роббимиз гўзал сабр ва шифои комил ато қилсин.
Сабр ойига сабр-тоқатда, ризқи бутунликда, кенг феълликда, чиройли хулқда, ибодату тасбеҳда, дуойи хайрда етишликни раҳмли Раззоқ бўлган Аллоҳ барчамизни Ўзи етказсин. Омин
ЎМИ матбуот хизмати
Энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллик шодиёналарига саноқли кунлар қолди. Айём арафасида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ўзгалар кўмагига муҳтож беморлар, кексалар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари етказиб бериляпти.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида имом-домлалар, ҳомийлар пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги "Исломобод" масжидида йиғилиб, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олишди.
«Вақф» хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳар филиали ҳамда ҳомийлар кўмагида тайёрланган озиқ-овқатлар жамланмаси, ширинликлардан иборат эҳсонлар билан хонадонларга кириб борилди.
Кўнгли ўксик инсонлар байрам туҳфаларини олиб, азиз юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслигига яна бир карра амин бўлишди.
Аллоҳ таоло эҳсонларни қабул қилсин. Савобларини кўпайтириб берсин!
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати