Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Ҳаж” ва “Умра” сафарлари бўйича Саудия Арабистонидаги ҳамкор “ал-Ҳидоя” ширкати вакиллари Маккаи мукаррамадаги Ҳарами шарифда инсоният бошига келган бу хасталикни даф бўлишини сўраб, Ҳақ таолога ёлвориб қуйидаги дуо ўқидилар:
– Эй Аллоҳ, биз нуқсонга йўл қўйганлармиз, Сен эса Каримсан. Биз гуноҳкорлармиз, Сен эса Ҳалимсан. Биз Сенга муҳтожмиз, Сен эса биздан Беҳожат Зотсан. Сен Поксан.
Эй Аллоҳ, афвинг билан хатоларимизни кечиргин. Ғазабинг ила бизни азобламагин.
Эй Аллоҳ, бизни раҳматингга олгин. Зеро, Сен биз бандаларинга Раҳмлисан. Эй оламларнинг Робби, бизни азобламагин. Ваҳоланки, Сен бизни азоблашга Қодирсан.
Эй Аллоҳ, агар ушбу вабо бизнинг содир этган гуноҳларимиз, хатоларимиз ёки қилган зулмларимиз, адо этмаган фарзларимиз, ўқимаган нафлларимиз, йўл қўйган камчиликларимиз, номаҳрамга қараб қўйганимиз сабабли келган бўлса, биз ҳамма гуноҳларимиздан Сенга тавба қилувчилармиз, эй Роббимиз. Бизнинг тавбаларимизни қабул айлагин ва Ўзингга гўзал ҳолатда қайтаргин, эй Робб. Жонимизни, Сен биздан рози бўлиб турганингда олгин, эй Роҳман.
Эй Аллоҳ, эй бирор нарсага "Бўл!" деб, ўша ишни бўлдирувчи Зот, ЛАА ИЛААҲА ИЛЛАЛЛОҲ калимаси, Сенинг барча гўзал исмларинг ва уларнинг азамати ҳурматидан Ўзингнинг куч-қувватинг, қудратинг ила шарафли Каъбага, Ҳарам Уйингга ва Набиййинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидларига зиёратчию умрачиларни қайтаргин!
Эй Аллоҳ, вабони, балони ва барча касалликларни хоссатан икки покиза, ҳарам шаҳардан ва омматан барча мусулмонларнинг мамлакатларидан кўтаргин, эй оламларнинг Робби!
Эй Аллоҳ Икки Ҳарам ходими подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ва у зотнинг ишончли валиаҳди амир Муҳаммад бин Салмонни ўз паноҳингда асра, уларни Икки Ҳарам хизматида бардавом айла, бу хизматларини яхши амаллари дафтарига ёзгин, эй оламлар Парвардигори!
Эй Аллоҳ, Ўзинг Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва у кишининг атрофидагиларга, шунингдек, мамлакат муфтийсига, халқига ва ҳожи-умрачиларга қилаётган хизматларига муваффақият ато этгин!
Эй Аллоҳ, “Ҳидоя” халқаро ширкати мутасаддиларига, жумладан, маслаҳатчи Шайх Солиҳ Баҳвайний ва биродари Усома Тошкандийнинг Ўзингнинг меҳмонларинг ва умрачилар хизматидаги самарали фаолиятларига муваффақият ато этгин! Эй Аллоҳ, уларнинг хайрли амалларини даргоҳингда қабул айлагин!
Эй Аллоҳ, Набиййимиз, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дунёю охиратда салавот-салом ва баракотларингни нозил қилгин!
Эй Аллоҳ, биз ушбу дуони қилдик, ижобат этиш Сендандир. Биз ҳаракат қилиб, сабабларни ушлаймиз ва Ўзингга таваккул этамиз. Охирги дуоимиз оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Мир Араб олий мадрасасида Бухоро давлат университети билан ҳамкорликда аллома аждодларимиздан бўлган Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ижодини ўрганишга бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Унда Олий мадрасанинг Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи Мустафо Ходжаев, Баҳоуддин Нақшбанд жоме масжиди имом хатиби Абдуғофур Раззоқов, Бухоро давлат университети Ўзбек адабиёти кафедраси ўқитувчиси Азимжон Ҳамидов, устоз ва талабалар иштирок этди.
Абдуғофур Раззоқов Мир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди, қолдирган илмий мероси, асарларидаги яхшилик, гўзалликка тарғиб масалалари, буюк мутафаккирнинг нафақат туркий, балки, форсий тилда қилган ижодининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида сўзлади.
Азимжон Ҳамидов эса шоир, адиб, олим, саркарда, йирик давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт йўли, асарлари, Ватан соғинчи тараннум этилган асарларига тўхталди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати