ИККИНЧИ ВАСИЯТ (2-қисм)
Ояти каримада бундай марҳамат этилади:
﴿قُلۡ إِن كُنتُمۡ تُحِبُّونَ ٱللَّهَ فَٱتَّبِعُونِي يُحۡبِبۡكُمُ ٱللَّهُ وَيَغۡفِرۡ لَكُمۡ ذُنُوبَكُمۡۚ وَٱللَّهُ غَفُورٞ رَّحِيمٞ٣١﴾
«Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”» (Оли Имрон, 31).
Аллоҳ ва Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган имон ва муҳаббат беҳуда гаплар эмас. Одамлар орасида имони борлигини, Аллоҳга ва Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббати борлигини тилда айтиш билан собит бўладиган нарса ҳам эмас. Аллоҳ ва Унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган ҳақиқий муҳаббат, ҳақиқий имон оғизда айтиладиган гап эмас, виждоний ҳис-туйғу ёки баъзи расм-русумларни адо этишдан иборат иш эмас. Аслида, Аллоҳга ва унинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббат Аллоҳга ва Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат ҳамда бўйсуниш орқали амалга ошади.
Ким Аллоҳга муҳаббати борлигини даъво қилса, бу даъвонинг тўғри ёки нотўғрилигига ҳукм Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашишига қараб чиқарилади. Агар у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларига эргашса, даъвоси тўғри, эргашмаса, тўғри эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиш ҳар бир бандага битмас-туганмас бахту саодат келтиради. У бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳузур-ҳаловат топади. Зеро, мўмин киши учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми! Бунинг устига, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини мағфират қилса!
Бу муҳаббат шундай бўлиши лозим, токи, қалбларимиз ҳеч кимни унданда кучлироқ севмасин, гарчи улар бизга энг яқин инсонлар – фарзандларимизу, ота-оналаримиз бўлса ҳам. Бундан ҳам кўра, Аллоҳнинг элчисини ўзимиздан ҳам ортиқ яхши кўришимиз керак.
Шундай қилиб, агар Пайғамбар (алайҳиссалом)га бўлган муҳаббат кимда ҳали бу даражага чиқмаган экан, демак, унинг имони ҳали комил эмас ва у ҳали имоннинг ҳақиқий лаззатини тотиб кўрмабди. Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч хусусиятга эга бўлган кишигина ҳақиқий имон лаззатини тотибди...” деб (Муттафақун алайҳ), шулардан бири сифатида Аллоҳ ва Унинг Расулини бошқа ҳамма нарсадан қаттиқ севган кишини келтирганлар».
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган бундай муҳаббатни фақат динига жиддий эътибор қилган инсонгина ҳис эта олади. Бунинг оқибатида, унинг асосий ғами яратилиш ҳикматига бўйсуниш бўлади, бошқача айтганда, унинг асосий ғами Улуғ ва Олий Зот Аллоҳга қуллик қилиш бўлиб, бу инсон фоний дунё ва унинг зеб-зийнатларидан кўра, абадий ҳаётни афзал санай олади.
Энди, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришга ундайдиган муҳим омилга келсак, бунинг замирида, айнан у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) орқали биз ҳақ динга йўлланганимизни ва Ўз пайғамбарини жўнатиш билан Аллоҳ таоло бизни жаҳаннамдан қутқарганини ва у зотга эргашибгина бу боқий ҳаётда муваффақият ҳамда нажотга эришиш мумкинлигини англаб етиш ётади. Илм соҳиблари, тақводор зотлар ва Ислом даъватини тарқатиш билан машғул кишилар ҳақида гапирадиган бўлсак, улар энг аввало, Аллоҳнинг элчисига эргашганлари ва у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларга келтирган нурнинг бир бўлагини қабул қилганлари туфайли севилишга лойиқдирлар. Қариндошлар, аҳлу аёл, фарзандларга бўлган севгига келсак, бу асли дунёвий севги бўлиб, у ўзаро хуш кўриш, ёқтириш ёки моддий манфаатлардан келиб чиққан бўлади ва дунё тугаб:
﴿يَوۡمَ يَفِرُّ ٱلۡمَرۡءُ مِنۡ أَخِيهِ٣٤ وَأُمِّهِۦ وَأَبِيهِ٣٥ وَصَٰحِبَتِهِۦ وَبَنِيهِ٣٦﴾
«...киши ўз инисидан ҳам, онаси ва отасидан ҳам, хотинию, бола-чақасидан ҳам қочадиган....» (Абаса, 34 – 36), кун келиши билан ниҳоясига етади.
Шу йўсинда инсон қалбининг кўпроқ қисмини аёлларга, болаларга, олтин-кумуш жамғариш каби дунёвий неъматларга муҳаббат эгаллаган бўлса, у ҳолда инсон ушбу нарсаларга эришиш йўлидаги жамики нарсаларни сева бошлайди. Қалбдаги бу севги энди дин аҳлига ва улар етакчиси, пайғамбарлар саййиди Муҳаммад Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га бўлган севги билан рақобатлаша бошлайди.
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган муҳаббатнинг кўриниши ўткинчи ҳис-туйғулардан холи бўлиши, самимий бўлиши ва мўминнинг қалбидан шу қадар чуқур жой олиши лозимки, токи у муҳаббат уни ҳеч қачон тарк этмасин. Айнан мана шу севги инсон қалбига ҳаёт бахш этади, уни эзгу амаллар қилишга ундайди, разолат ва гуноҳлардан тўхтатиб туради. Бу муҳаббатнинг ўзига хос аломатлари бўлиб, улар орқали самимий киши билан ёлғон даъволар қилувчи каззоб кишини ажратиб олиш мумкин.
Ушбу аломатларнинг бир нечасини зикр қиламиз:
Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрган нарсага эргашиш ва қайтарган нарсадан қайтиш орқали у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлган тўлиқ итоатни изҳор этиш.
Самимий ва холис киши сирасига шундай инсонни киритиш мумкин, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бажаришни амр этган бирон ишни билиши биланоқ, дарров уни бажаришга шошилган, ўша буйруқ, гарчи у одатланган бирон одатга ёки нафсу хоҳишига зид бўлса ҳам, уни бажаришдан заррача бўйин товламаган инсондир. Бу инсон бундай ҳолда олдин хотинга, фарзандларга, ота-онага ёки урф бўлган одатларга, кейин эса пайғамбарга итоат этиш керак, деб ҳисобламайди. Чунки у юқорида саналган барча нарсалардан олдин Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни кўпроқ севади ва албатта, севувчи севимли кишисига итоатли бўлади. Қалби яхши кўрган кишиси, яъни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббат билан тўлиб-тошган. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амалга оширишни амр этган ишлардан бўйин товламайди. Фақат ўз кўнгил хоҳишларигагина қараб яшайдиган инсон, кўриниб турибдики, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан кўра кўпроқ ўзини яхши кўрадиган инсондир.
Мўмин киши ўзида Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган муҳаббати билан чексиз завқу шавқ туяди. Аллоҳни зикр қилганда қалблари эриб кетади.
Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади:
﴿إِنَّمَا ٱلۡمُؤۡمِنُونَ ٱلَّذِينَ إِذَا ذُكِرَ ٱللَّهُ وَجِلَتۡ قُلُوبُهُمۡ وَإِذَا تُلِيَتۡ عَلَيۡهِمۡ ءَايَٰتُهُۥ زَادَتۡهُمۡ إِيمَٰنٗا وَعَلَىٰ رَبِّهِمۡ يَتَوَكَّلُونَ٢ ٱلَّذِينَ يُقِيمُونَ ٱلصَّلَوٰةَ وَمِمَّا رَزَقۡنَٰهُمۡ يُنفِقُونَ٣ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡمُؤۡمِنُونَ حَقّٗاۚ لَّهُمۡ دَرَجَٰتٌ عِندَ رَبِّهِمۡ وَمَغۡفِرَةٞ وَرِزۡقٞ كَرِيمٞ٤﴾
«Мўминлар – Аллоҳ (номи) зикр этилганида дилларида қўрқув бўладиган, оятлари уларга тиловат қилинганида имонлари зиёда бўладиган, Парвардигорларигагина (барча ишларида) таваккул қиладиган, намозни мукаммал ўқийдиган ва ризқ қилиб берганимиздан (садақа ва) эҳсон қиладиган кишилардир. Айнан ўшалар ҳақиқий мўминлардир. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида даражалар ва фаровон ризқ (бордир)» (Анфол, 2–4).
Оятдан маълум бўлади, мўмин кишини билиш учун унга Аллоҳни зикр қилиш керак. Аллоҳ зикр қилинганида, қалбини титроқ босиб, Ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади. Масалан, бирор ишни Аллоҳ буюрган, қилиш керак, дейилганда Аллоҳдан қўрқиб ўша ишни бажаришга киришган одам комил мўмин бўлади. Гапни эшитиб туриб, Аллоҳ зикр қилинганидан кейин ҳам қўрқмай, у ишдан бўйин товлаган одам итоатли мўмин эмас.
Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганда, имони зиёда бўладиган инсон мўминдир. Қалбига Қуръон таъсир этадиган, имонини бақувват қиладиган инсон мўминдир. Аллоҳдан паноҳ тилайдиган, Ундангина ҳожатларини раво қилишни сўрайдиган, У хоҳласа, бўлади, хоҳламаса, бўлмайди, деб эътиқод қиладиган кишилар мўминдир.
Юқорида айтиб ўтилганидек, Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат итоат билан бўлади. Мўмин киши ҳар бир ишини режа асосида, пухта ўйлаб, турли сабабларни топиб, кейин бажаради. Лекин ўша тадбирларга суяниб қолмайди. Ўзининг уддабуронлигини пеш қилиб, яхши режа тузган эдим, деб ўз фикрига суяниб ҳам қолмайди, балки ягона ва тенги йўқ Аллоҳга суянади.
Оятда “намозни тўкис адо этадиганлар”, дейилмоқда. Намоз имонни тасдиқловчи амалдир.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларнинг бирида: “Намоз биз билан бошқалар орасидаги фарқдир”, деганлар.
Аллоҳ таоло оят давомида: “Биз ризқ қилиб берган нарсалардан садақа ва эҳсон қилинглар”, демоқда. Шундай экан, Аллоҳга имон келтирган ҳар бир банда қўлидаги бойликлардан эҳсон қилиб туриши керак. Чунки инсон ўзи топган мол ва дунё билан фахрланмаслиги керак. Ҳар бир нарсани ато этувчи ягона Аллоҳдир.
Ҳорис ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Ҳорис (розияллоҳу анҳу) Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларидан ўтиб кетаётган эди, у зот (алайҳиссалом): “Эй Ҳорис, қандай тонг оттирдинг?” деб сўрадилар. Шунда Ҳорис (розияллоҳу анҳу): “Ҳақиқий мўмин бўлиб тонг оттирдим”, деди. “Гапингга эътибор қил, ҳар бир нарсанинг ҳақиқати бўлади. Имонинг ҳақиқати нимада?” дедилар. “Нафсимни дунёдан тортдим. Кечаларимни бедор, кундузларимни ташна ҳолда ўтказдим. Худди Раббимнинг Аршини аниқ кўраётгандекман. Худди жаннат аҳли бир-бирларини зиёрат қилаётганларига назар солиб тургандекман. Худди дўзах аҳли у ерда бир-бирларига душманлик қилишларига қараб тургандекман”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Ҳорис, билибсан, маҳкам тут! Эй Ҳорис, билибсан, маҳкам тут! Эй Ҳорис, билибсан, маҳкам тут!” деб қайта-қайта тайинладилар (Имом Табароний).
Иккинчи васиятда Алқама ибн Ҳорис тилидан айтилгани каби мўмин киши намози билан бошқалардан ажралиб туради. Аллоҳ таоло мўминларнинг сифатларини қуйидагича таърифлайди:
﴿ٱلَّذِينَ هُمۡ فِي صَلَاتِهِمۡ خَٰشِعُونَ٢ وَٱلَّذِينَ هُمۡ عَنِ ٱللَّغۡوِ مُعۡرِضُونَ٣ وَٱلَّذِينَ هُمۡ لِلزَّكَوٰةِ فَٰعِلُونَ٤ وَٱلَّذِينَ هُمۡ لِفُرُوجِهِمۡ حَٰفِظُونَ٥ إِلَّا عَلَىٰٓ أَزۡوَٰجِهِمۡ أَوۡ مَا مَلَكَتۡ أَيۡمَٰنُهُمۡ فَإِنَّهُمۡ غَيۡرُ مَلُومِينَ٦ فَمَنِ ٱبۡتَغَىٰ وَرَآءَ ذَٰلِكَ فَأُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡعَادُونَ٧ وَٱلَّذِينَ هُمۡ لِأَمَٰنَٰتِهِمۡ وَعَهۡدِهِمۡ رَٰعُونَ٨ وَٱلَّذِينَ هُمۡ عَلَىٰ صَلَوَٰتِهِمۡ يُحَافِظُونَ٩ أُوْلَٰٓئِكَ هُمُ ٱلۡوَٰرِثُونَ١٠ ٱلَّذِينَ يَرِثُونَ ٱلۡفِرۡدَوۡسَ هُمۡ فِيهَا خَٰلِدُونَ١١﴾
«Улар намозларида ўзларини камтар тутувчилардир. Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчилардир. Улар закотни адо этувчилардир. Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчилардир. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмас. Бас, ким шундан ўзгани (ҳаром қилинган нарсаларни) истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчилардир. Улар (мўминлар) (одамларнинг берган) омонатларига ва (ўзаро боғлаган) аҳд-паймонларига риоя этувчилардир. Улар намозларини асрагувчи (вақтида адо этувчи)лардир. Айнан ўшалар меросхўрлардир – Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчилардир» (Муъминун, 2–11).
Хушу қўрқув билан хотиржамликнинг бирга қўшилганидир. Нажотга эришувчи мазкур мўминларнинг сифатларидан бири – намоз ўқиганларида Аллоҳ таоло мақоми ҳузурида уларнинг қалбларини, вужудларини қўрқув ва хотиржамлик ўраб олади. Бу ҳолат фақат намозни олий даражада адо этадиган мўминлардагина бўлади.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) беш вақт намозга қаттиқ эътибор берганлар ва ҳаётларининг охирги лаҳзаларида ҳам ўз яқинларига ва мусулмон умматига намозга қаттиқ риоя этишни васият қилганлар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қаттиқ нафратига дучор бўладиган амаллардан ичкиликбозлик, зино, судхўрлик кабилар ҳам оғир гуноҳлардандир. Мусулмонлар орасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг пайдо бўлган, агар ҳаёт бўлганларида, шубҳасиз, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарафидан рад этилиши муқаррар бўлган, янги пайдо қилинган, хурофий, бидъат амалларга қаттиқ берилиб, канда қилмай, риоя этаётган кишилар ҳам бор. Лекин бу кишилар бошқалардан ҳам кўпроқ Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришларини даъво қилишаётганига гувоҳ бўласиз.
“Тафсири Насафий”да Муъминун сурасининг 2–11-оятлари бундай тафсир қилинган: “Намозларини хушу билан ўқийдиганлар – титроқ қалб ва сокин аъзолар билан адо этувчилардир. Хушу – бор куч-ғайратини ишга солиб, бошқа барча нарсалардан юз ўгирган ҳолда намоз ўқиш, кўзини жойнамоздан узмасдан, ўнгу сўлга бурилмасдан ибодатни адо этиш”, дегани.
Аллоҳ таоло айтади:
﴿۞فَخَلَفَ مِنۢ بَعۡدِهِمۡ خَلۡفٌ أَضَاعُواْ ٱلصَّلَوٰةَ وَٱتَّبَعُواْ ٱلشَّهَوَٰتِۖ فَسَوۡفَ يَلۡقَوۡنَ غَيًّا٥٩ إِلَّا مَن تَابَ وَءَامَنَ وَعَمِلَ صَٰلِحٗا فَأُوْلَٰٓئِكَ يَدۡخُلُونَ ٱلۡجَنَّةَ وَلَا يُظۡلَمُونَ شَيۡٔٗا٦٠﴾
«Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар. Илло, тавба билан имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас» (Марям, 59–60).
Оятдаги “намозни зое қиладиган кимсалар”нинг маъноси, унинг фарзлигига эътиқод қилмайдиган, деганидир. Баъзилар, масжид ва намозгоҳларга бормай, уларга эътибор бермай, хароб қилувчилар, деган. Баъзилар эса, намозни, ибодатни адо этгандан сўнг ғийбат ва риё билан зое қилиб юборувчилар, деган бўлса, бошқалари намоз ўқиётганда унинг шарт ва арконларини тарк этувчилар, деган. Баъзилар эса, бундай кишилар ғафлат билан намозни тарк қилиб, қазосини ўқимайдиганлар, дейди.
Таржимадаги “ёмонлик” оятда “ғойй” деб келган.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ: “Ғойй – жаҳаннамдаги бир дарё бўлиб, унинг қаъри чуқур, ҳарорати иссиқ, таъми эса аччиқдир. Унинг бир томчиси бу дунёга тушгудек бўлса, дунё аҳлининг ҳаммаси ҳалок бўлади”, деган.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) эса: “Ғойй жаҳаннамдаги водийдир. Жаҳаннамнинг бошқа водийлари Аллоҳ таолодан бу водийнинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, ҳар куни минг марта илтижо қилади. Ғойй водийси намозни ва жамоатни тарк қилувчилар учун ҳозирлаб қўйилгандир”, деган.
Заҳҳок: “Ғойй ҳалокат ва ҳасратдир”, деган.
Ҳикоя қилинишича, бир киши саҳрода юрар эди. Бир куни шайтон унга ҳамроҳ бўлди. У киши бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон намозларини ўқимади. Ухлайдиган пайт бўлганида, ётишга ҳозирланди, шунда шайтон қоча бошлади. У шайтондан: “Нега мендан қочяпсан?” деб сўради. Шайтон: “Умрим давомида Аллоҳ таолога бир марта осийлик қилиб, малъун бўлдим. Сен эса, бир кунда беш марта осий бўляпсан. Аллоҳ таоло сенга азоб юборса, сенга қўшилиб мен ҳам азобга қолмай, деб қўрқиб қочяпман”, деди.
Ривоят қилишларича, кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ҳақида гапириб: “Ким намозни муҳофаза қилса, қиёмат кунида намози унга нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Ким намозни муҳофаза қилмаса, қиёматда унга нур ҳам, нажот ҳам, ҳужжат ҳам бўлмайди. Намозга бепарво бўлганлар, уни ўқимай зое қилганлар киёмат куни залолат ва қабоҳат аҳли билан бирга бўлади”, дедилар.
Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади: “Ким намозни жамоат билан ўқишга аҳамият бермаса, Аллоҳ ундан ўн икки бало билан қасос олади. Учтаси дунёда, учтаси ўлим вақтида, учтаси қабрда, учтаси қиёматда. Дунёдаги учта қасос: Аллоҳ таоло унинг касби ва ризқидан баракани кўтаради; ундан солиҳларнинг нурини олиб ташлайди; у мўминлар қалбида ёмон кўрилиб қолади. Ўлим вақтидаги қасос: жони олинаётганда чанқаб, бутун дарёнинг сувини ичиб юборадиган даражада бўлади; жони қийинчилик билан чиқади; Аллоҳ сақласин, имонсиз кетиши ҳам мумкин. Қабридаги уч қасос: унга Мункар ва Накирнинг саволи қаттиқ бўлади; қабри қоп-қоронғи бўлади; қабри тораяди, ҳатто қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Қиёматдаги уч қасос: унга ҳисоб-китоб қаттиқ бўлади; Рабби унга ғазаб қилади; уни дўзах билан азоблайди”. Шунинг учун азонни эшитган кишига жамоатни тарк қилишга рухсат йўқ. Чунки жамоат билан ўқиш суннати муаккада, яъни таъкидланган суннатдир.
Баъзи уламолар фиқҳ китобларини мутолаа қилиш жамоатдан қолишга узр бўлади, лекин буни одат қилиб олмаган бўлса, деган. Касаллик, ёмғир, дўл, совуқ, қаттиқ қоронғилик, хавф, ҳибсга олиш кабиларнинг ҳаммаси узр саналади, сафар узрга ўтмайди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жамоат билан намоз ўқишни тарк қилувчи Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Қуръонда ҳам қоралангандир. Жамоатни тарк қилувчи ерда юрса, ер ҳам уни лаънатлайди”, деганлар.
Яна бир ривоятда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким беш нарсани ўзидан ман қилса, Аллоҳ таоло ундан беш нарсани ман қилади. Биринчиси, ким дуо қилмаса, Аллоҳ унга ижобат этмайди. Иккинчиси, ким садақа бермаса, Аллоҳ унга омонлик бермайди. Учинчиси, ким закот бермаса, Аллоҳ таоло унинг молини муҳофаза қилмайди. Тўртинчиси, ким ушр бермаса, Аллоҳ таоло унинг касбига барака бермайди. Бешинчиси, ким жамоат намозига бормаса, Аллоҳ ундан “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ” калимасини ман қилади”, деганлар.
“Улар беҳуда (сўз ва ишлар)дан юз ўгирувчилардир”. Беҳуда сўз – ёлғон, ҳазил ва сўкинишлар бўлиб, намоз ўз эгасини бундай сафсаталардан узоқ қилади.
“Улар закотни адо этувчилардир” оятидаги “адо этувчилар”дан мурод, доимий закотни ўз вақтида бериб борувчилар назарда тутилган. Эътибор бериб қаралса, Қуръони каримнинг ҳар бир ояти замирида ҳам грамматик, ҳам балоғат жиҳатидан жуда нозик нуқталар бор. Масалан, ушбу оятда “Улар закотни адо этувчилардир”, дейилган. Демак, закот бериш билан адо этиш ўртасидаги фарқ кўзга ташланади. Адо этиш доимий бўлиб, мол нисобга етганда ҳар доим ўз эгаларига закот тариқасида берилади.
“Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчилардир. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир” оятларидаги “фарж” сўзидан мурод, эркагу аёлни ёмонликка етакловчи аъзодир. Аллоҳ таоло бани башарга синов учун турли аъзоларни берган. Шулардан бири фарж бўлиб, кишини жаннатга етакловчи ва дўзахга улоқтирувчи воситадир. Лекин ундан ўз ўрнида ва ҳалол жойда фойдаланилса, маломатга қолинмайди.
Аллоҳ таоло мўминларнинг сифатларини бирин-кетин зикр килиб, 11-оятда “Айнан ўшалар меросхўрлардир – Фирдавс (жаннати)га ворис бўлишиб, улар у ерда (жаннатда) мангу қолувчилардир”, яъни мазкур сифатларни ўзида мужассам қилган мўмин бандалар меросхўрлардир, дегани. “Меросхўр” сўзи оят давомида шарҳланиб, мўминлар жаннатни кофирлардан мерос олди, дейилади (“Тафсири Насафий”, 2-жилд, 115-бет).
قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: ”مَا مِنْكُمْ مِنْ أَحَدٍ إِلَّا لَهُ مَنْزِلَانِ مَنْزِلٌ فِي الْجَنَّةِ وَمَنْزِلٌ فِي النَّارِ فَإِنْ مَاتَ وَدَخَلَ الجَنَّةَ وَرِثَ أَهْلُ النَّارِ مَنْزِلَهُ وَإِن مَاتَ فَدَخَلَ النَّارَ وَرِثَ أَهْلُ الْجَنَّةِ مَنْزِلَهُ”
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизнинг ҳар бирингиз учун иккита манзил бордир, бири жаннатда ва бири жаҳаннамда. Бир киши вафот этиб, жаннатга кирса, унинг манзили дўзах аҳлидан мерос бўлади. Ва яна бир киши вафот этиб дўзахга тушса, унинг манзили жаннат аҳлидан мерос бўлади”, дедилар (“Тафсири Насафий”, 2-жилд, 115-бет).
Оятдаги “Фирдавс” жаннатидан мурод, – кенг ва барча мева турларини ўзида жамлаган бўстон бўлиб, у “қатраб” ҳам дейилади ва мўминликнинг барча сифатларини ўзида мужассам этган кишилар унда мангу қолади (“Тафсири Насафий”, 2-жилд, 115-бет).
Намоз мўмин учун жуда улуғ неъмат, банда намозда саждага бош қўйиши билан шундай улуғ ва илоҳий бир ҳолат туяди, унинг нима эканини хушу билан намоз ўқийдиганлардан бошқа ҳеч ким тасаввур эта олмайди.
Аллоҳ таоло:
﴿حَٰفِظُواْ عَلَى ٱلصَّلَوَٰتِ وَٱلصَّلَوٰةِ ٱلۡوُسۡطَىٰ وَقُومُواْ لِلَّهِ قَٰنِتِينَ٢٣٨﴾
«(Беш вақт фарз қилинган) намозларни, хусусан ўрта намозни сақлангиз (ўз вақтида ўқингиз) ва (намозда) Аллоҳга бўйин сунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз!» (Бақара, 238)
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло кунда беш вақт намозни ўз вақтида, ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда адо этишга буюради. Хусусан, “ўрта намоз”га янада эътибор беришимизни таъкидлайди.
“Ўрта намоз” ҳақида муфассирлар ўз китобларида саҳобаи киромлардан турли ривоятлар келтирган.
Ибн Касир “ўрта намоз” бу “Бомдод намози” деган ривоятларни келтириб, Молик (розияллоҳу анҳу) “Муватто” китобида ҳазрат Али ва Аббос (розияллоҳу анҳумо) гапларини далил қилишини айтади. Аммо Ибн Касир “Ўрта намоз – бу аср намози”, деган тафсирни устун, деб унга кучли далилларни келтирган. Маҳмуд Алусий эса “Руҳул маоний” тафсирида “ўрта намоз – бу пешин намози”, деган фикрни аниқроқ деб келтирган ва: “Аслида, ўрта намозни Аллоҳ таоло беш вақт фарз намоз ичига яширган. Қай бири эканини тайин қилмаган, худди Қадр кечасини Рамазон ойи кечаларига, исми Аъзамни барча исмларининг ичига, дуо ижобат бўладиган соатни Жума куни соатларининг ичига яширганидек”, деган. Демак, мўминлар ўрта намоз эътиборида беш вақт намознинг муҳофазасини қилишсин.
Аллоҳга ибодат қилиш, коинот қонунларига бўйсунишда инсон, ҳайвон, жонли-жонсиз, ер ва фалаклардан иборат оламларнинг бирлигини тасдиқлаганида, шариат инсоний ўзига хосликнинг энг юқори чўққисига етди. Қуръон мусулмондан намозининг ҳар ракатида: “Ҳамду сано бутун оламлар Хожаси, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳгадир”, деб зикр қилишни талаб этиши қандай ҳам гўзал!
Уни мусулмон ҳар бир намозида зикр қилиши керак. Зеро, у коинотнинг бир бўлаги, том ва шомил раҳмат ила тавсифланган яккаю ягона Илоҳнинг яратган жонзоти.
ДАВОМИ БОР...
“Шаҳид” сўзи “ҳозир”, “гувоҳ”, “ўз билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг исмларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.
“Шаҳид” сўзи умумий тарзда Аллоҳнинг йўлида ҳалок бўлган шахсга нисбатан ишлатилади.
Шаҳидлик – Аллоҳнинг розилиги йўлида жонини фидо қилган, иймон-эътиқоди ва номусини сақлаш йўлида золим душман қўлида қатл қилинган кишиларга Аллоҳ томонидан бериладиган даражадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида вабодан, ички касалликлардан, фожиали фалокатдан вафот этганларни ҳам шаҳидлик даражасини топиши хабар берилган.
Ислом динида шаҳидларнинг мартабаси ва уларнинг мақоми алоҳида қадрланади. Бироқ айрим кимсалар шаҳидликни уруш-жанжаллар майдонида ўлган одам билан чегаралаб қўйиб, хато тасаввурга эга бўлиб юришади. Зотан, жангу жадалда ўлиш шаҳидликка шарт қилинган эмас!
Баъзилар эса ўз-ўзини ўлдириб, портлатиб юборишни ҳам шаҳидлик деб одамларни алдайдилар. Ўз-ўзини ўлдириш шаҳидлик эмас. Аслида, бу икки ҳолатсиз ҳам инсон шаҳидлик мартабасига эга бўлиши мумкин. Зеро, Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадиси шарифда қуйидагиларни кўришимиз мумкин.
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Аллоҳдан сидқидилдан шаҳидликни сўраса, гарчи кўрпасида ўлса ҳам, Аллоҳ уни шаҳидлар мартабасига етказади”, дедилар (Имом Муслим, Имом Абу Довуд, Имом Термизий ривояти).
Имом Термизий келтирган ривоятда: “Ким Аллоҳдан Унинг йўлида содиқлик ила, чин қалбдан қатл бўлишни сўраса, Аллоҳ унга шаҳиднинг ажрини беради”, дейилган.
Ниятни холис қилиб, жамиятдан ажралмаган ҳолда, ота-онаси бағрида, оиласи даврасида, дўсту ёрлари билан биргаликда, ватанига хизмат қилиб юриб ҳам шаҳидлик мартабасига эга бўлиб, обрў-эътибор ва ёруғ юз билан дунёдан ўтаётган табаррук шаҳид зотлар жуда кўп. Шулардан ўрнак олишимиз лозим бўлади.
Шаҳидлик ҳақида бир қанча шаръий ҳукмлар, фатволар, баёнотлар мавжуд.
Аввало, шуни билиш лозимки, шаҳидлар икки хил бўлади:
1. “Шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид”. Ватан учун бўлган жангу жадалда, душманлар билан бўлган урушда, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун бўлаётган жиҳодда ўлганлар. Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров зулм қилиб ёки оиласини ҳимоя қилиш натижасида қасддан тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан ўлдириб кетса, у “шаҳиди аъло” – “олий даражадаги шаҳид” бўлади.
2. “Шаҳиди ҳукмий” – “шаҳид бўлган деб ҳукм қилинган”. Жангу жадалда тиғли асбоб (пичоқ, болта, ўқ) билан яраланиб, уруш майдонидан чиқарилгандан кейин ўлганлар. Бу ҳолатда касалхонага олиб борилса, дори-дармон ёки таом еб-ичса, намоз вақти бўлганини билса, васият қилса, ана ундан кейин вафот қилса, “шаҳиди ҳукмий” бўлади.
Шунингдек, ўз юртида, ўз оиласида тинчлик-осойишталикда ҳаёт кечираётганида биров томонидан зулм қилиб, қасддан тош ва таёқ (тиғсиз нарсалар) кабилар билан қатл этилганлар ёки бўғиб ўлдириб кетилганлар ҳам “шаҳиди ҳукмий” ҳисобланади.
Таниқли ҳанафий олими Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ “Раддул муҳтор”да келтиришича, гуноҳ сабабли ўлган кимса шаҳид, деб ҳукм қилинмайди. Гуноҳ оқибатида вафот қилган одам шаҳид ҳисобланмайди.
Масалан, ноҳақ одам ўлдираётиб, уни ҳам ўлдиришса, у шаҳид бўлмайди. Бегуноҳ одамларни ўлдириб юрган кимса жангда ўлдирилса, у шаҳид ҳисобланмайди. Бу худди ўғрилик қилаётиб, йиқилиб ўлган кимсага ўхшайди. Ароқ ичавериб-ичавериб, ароққа ёрилиб ўлса, у ҳам шаҳид бўлмайди. Биров зино сабабли ҳомиладор бўлиб, бола туғаётиб ўлса, шаҳид бўлди, деб ҳукм қилинмайди. Бу Имом Рамлий раҳимаҳуллоҳнинг ҳам қарашидир (Ибн Обидин. “Раддул муҳтор”).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек қуйидаги кишилар шаҳидлик мақомига эга бўладилар. Аммо булар ичида ўзини ўзи портлатган, ўзгани ўлдирганлар йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Вабога йўлиқиб ўлиш, сувга чўкиб ўлиш, қорин оғриғи билан ўлиш, оловга куйиб ўлиш, аёллар нифос пайтида, яъни бола туғаётганида ўлиши умматимнинг шаҳидлигидир!” (Имом Суютий “Жомеъ ас-сағир”).
Ёки бешта шаҳидликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича санаганлар: “Аллоҳ йўлида юрганида ўлдирилган кимса шаҳиддир, қорин оғриғи билан ўлган кимса шаҳиддир, ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир, сувга ғарқ бўлиб ўлган шаҳиддир, аёллар туғаётганида ўлса шаҳиддир” (Имом Табароний ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шаҳидликнинг етти турини ҳам санаганлар. Улар орасида ҳам ўзини ўзи ўлдириш йўқ, мусулмонларни ўлдириш ҳам йўқ: “Шаҳидлик Аллоҳ йўлида юрганда ўлдирилишдан ташқари еттитадир. Ўлатга йўлиқиб ўлган шаҳиддир; қорин оғриғи билан ўлган киши шаҳиддир; ғарқ бўлиб ўлган киши шаҳиддир; вайронагарликда қолиб кетган (масалан, зилзилада) киши шаҳиддир; зотилжам касалидан ўлган киши шаҳиддир; оловда куйиб ўлган киши шаҳиддир; туғаётиб ўлган аёл шаҳиддир” (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Хуллас, “Дуррул мухтор” ва “Раддул муҳтор” асарларида қуйидагиларни шаҳидлар қаторида бўлиши санаб ўтилган:
⏺ Зотилжам касалига йўлиқиб вафот этганлар.
⏺ Илм талабида юрганда ўлганлар.
⏺ Душман билан курашиб ўлганлар.
⏺ Ғарқ бўлганлар.
⏺ Оловда куйиб, тасодифан ўт ичида қолиб ўлганлар (ўзини ёққанлар эмас).
⏺ Мусофирчиликда қийналиб ўлганлар.
⏺ Девор остида, зилзилада қолганлар.
⏺ Қорин оғриқ билан ўлганлар.
⏺ Бола туғиб, нифос қони кўраётган аёллар.
⏺ Жума кечаси вафот топганлар.
⏺ Сил касалидан ўлганлар.
⏺ Қаттиқ иситма таъсирида вафот топганлар.
⏺ Оиласи, мол-дунёси ва қонини ҳимоя қилаётиб ўлганлар.
⏺ Гуноҳ бўлмаган кучли ишқ-муҳаббат оқибатида ўлганлар.
⏺ Йиртқич ва ваҳший ҳайвон ёргани ва шохлагани оқибатида ўлганлар.
⏺ Подшоҳнинг зулмига учраб, ноҳақ қамалгани сабабли қамоқда ўлганлар.
⏺ Золимлар уриб-уриб ўлдириб қўйганлар.
⏺ Чаён ёки илон чақиб ўлганлар.
⏺ Холис муаззинлик қилиб вафот топганлар.
⏺ Тўғрисўз ва ҳалол савдогар бўлиб вафот топганлар.
⏺ Оиласини таъминлаш мақсадида ҳалол касб-кор қилиб юрганида вафот топганлар.
⏺ Қайт қилиш касалига мубтало бўлиб, кучли қайт қилавериш оқибатида қийналиб вафот топганлар.
⏺ Эрига рашк қилавериб, бу рашкига сабр қилиб вафот топган аёллар.
⏺ Ҳар куни: “Аллоҳумма, барик лий фил-мавти ва фийма баъд ал-мавти!” (“Аллоҳим, менга ўлганимда ҳам, ўлгандан кейин ҳам барака бер!”) деб 25 марта айтиб юрганлар.
⏺ Ҳар куни “зуҳо” – чошгоҳ намозини ўқишни одат қилганлар.
⏺ Рамазонда тўлиқ ва ҳар ой 3 кун рўза тутишни одат қилганлар.
⏺ Уйда ҳам, сафрада ҳам, ҳар куни витр намозини канда қилмаганлар.
⏺ Фисқу-фасод кўпайган замонларда суннатларни маҳкам тутганлар.
⏺ Касал ва бемор бўлганида 40 марта “Лаа илаҳа илла анта! Субҳанака, инний кунту миназ-золимийн” (“Сендан ўзга илоҳ йўқ! Сен жуда ҳам поксан! Мен эса ўзимга зулм қилувчиларданман!”) дейишни одат қилганлар.
⏺ Вабо, ўлат каби касалликлардан ўлганлар.
Демак, мусулмон банда Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлиши керак эмас. Инсон ўз уйида, ўз тўшагида жон берса ҳам, шаҳидлик мақомига муяссар бўлаверади. Аллоҳнинг марҳамати кенг, бандасига шаҳидлик мақомини бериб ҳам охиратдаги мартабасини юксак қилаверади. Юқорида таъкидланганидек, инсон ноҳақ одам ўлдириш билан ёки ўз-ўзини қурбон қилиш билан шаҳид бўла олмайди.
Ўткирбек Собиров
Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходими
Тошкент ислом институти ўқитувчиси