Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Август, 2026   |   16 Рабиъул аввал, 1448

Тошкент шаҳри
Бомдод
04:22
Қуёш
05:46
Пешин
12:24
Аср
17:05
Шом
19:05
Хуфтон
20:25
Bismillah
29 Август, 2026, 16 Рабиъул аввал, 1448

Сабр ва шукр саодат калити

02.04.2020   5995   4 min.
Сабр ва шукр саодат калити

Айни кунларда юртимиздаги баъзи бозорлар ва озиқ – овқат дўконларида маҳсулот олиш учун навбатда турган кишиларнинг кўплигини кўриб ҳайрон қоласан. Гоҳида ачинасан. Ахир, юртимизда бўлиб турган ушбу карантин вақтида аҳолини тўпланмасликка, саросима ва ваҳимага тушмасликка, беҳудага уйдан чиқмасликка чақириб қанча тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Баъзи бир соҳа ходимлари халқнинг саломатлиги ва хотиржамлиги учун ушбу таҳликали вазиятда ҳам ўз меҳнат фаолиятларини тўхтатмасликка, балки, янада жадаллатишга ҳаракат қилмоқдалар. Қанча – қанча имкониятлар, енгилликлар ва шароитлар яратилишига қарамасдан бундай вазиятдан тўғри хулоса чиқармай базорма-бозор юрган, тиқилинчда навбатда турган кишиларни кўриб эссиз, шунча ҳаракат деворгинг келади. Хўш, нега баъзи кишилар масаланинг асл моҳиятини англаб етмаяптилар? Касаллика қарши курашиннг энг самарали ечими фақатгина уйда ўтириш кераклигини англамаяптилар?

Тан олиш керакки, биз Аллоҳ таолонинг  неъматларига кўмилиб кетганимиздан, яхши кунларни кўраверганимиздан, бошимизга келган бу мусибат пайтида шошиб қолдик. Аслида биз инсон ҳаёти доим бир текис, хурсандчилик ва шох-хуррамликда ўтавермаслигини, Аллоҳ таоло вақти-вақти билан бандаларини турли хил мусибатлар,  имтиҳонлар билан  синаб  туришлигини унутмаслигимиз керак эди.  Шундагина, бизга берилган бу синов ва имтиҳон ҳам беҳикмат эмаслигини,  Аллоҳ таоло бандаларига ҳаргиз зулм қилмаслигини, хоссатан, мўмин ва мусулмонларни ҳаргиз азоблашни истамаслигини ҳис қилиб қалбимиз таскин топарди.

Азизлар! Унутмайлик! Аллоҳ таоло  Ўзининг ҳикмати илоҳийси билан уларни имтиҳон қилиб туради. Агар бу пайтда киши тафаккур, шукр ва сабр қилса бу имтиҳон ҳам  у учун хайриятли бўлиши мумкин. Бунинг учун эса мўмин кишидан баъзи бир амаллар талаб этилади.

Аввало, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам  Аллоҳ  таолонинг изни билан бўлишлигига аниқ ишониш керак.  Қалбига ушбу ишонч қатъий ўрнашган киши ортиқча жазава ва ваҳимага тушмайди. Чунки, Аллоҳнинг изни билан бўладиган амалда ўзгаларни ёки бирор нарсани айблай олмайди. Қолаверса, қалби хотиржам бўлади.

Иккинчидан, бундай пайтда мусибат ёки синовни давомийлигини қисқартириш учун шариъат ва мутахасислар ундан талаб қилган қоидаларга қатъий амал қилади. Чунки, мусулмон киши ўзи ва ўзгалар бошига тушган синовни тезроқ даф бўлишлигига ҳаракат қилади ва бунинг учун ўз ҳиссасини қўшади.

Учинчидан, мусулмон кишининг таваккул аталмиш сифати айнан шу пайтда кўзга ташланади. У  қўлидаги бор давлатига қаноат қилиш билан бирга, ўзидан кўра ночорроқ бўлган биродарларига ўз мол мулкидан, таомидан улашади. Эртанги  куннинг ризқи учун қайғуриб, ўзига ва жамиятга ноқулайликлар туғдирмайди. Чунки, Аллоҳ таолонинг Раззоқ исмига шубҳа қилмайди.

Азизим!  Сиз ўзингизга буюрилган амални қилинг. Ризқ учун қайғурманг. Ризқингизни Аллоҳ таоло кафиллигига олган ахир. Қолаверса, сиз узоқдан-узоқ навбат кутиб, асабийлашиб, бақир-чақир қилиб олаётганингиз бу картошка маҳсулоти тирикликнинг ягона воситаси эмас. У бўлмаса оч қоласиз ёки соғлигизга путур етади дегани ҳам эмас. Қолаверса, бозордаги бу маҳсулот ер юзидаги энг охирги маҳсулот дегани ҳам эмас.  Аллоҳга шукрлар бўлсинки, озиқ – овқат заҳираларимиз хавотир оладиган даражада камайиб қолгани йўқ.

Шунинг учун, кўзимизни тўқ, қалбимизни хотиржам қилайлик. Эртанги кун ризқи учун бу қадар жоҳилликка бормайлик. Эртанги кун ўз ризқи билан келади. Аллоҳ таоло биздан эртанги кунни ибодатини бугун талаб қилмаяптику ахир. Нега биз Аллоҳнинг ваъдасига ишонмасдан бунчалар тоқатсизлик қилишимиз керак. Ундан кўра дуо қилайлик, Аллоҳга тавба ва истиғфор айтайлик. Касалликни тезроқ даф бўлишини истасак бугун ўз уйимизда ўтирайлик.

 

Тошкент шаҳар бош имом хатиби: 

Н. Холиқназаров

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Таниқли уламолар "Имом Бухорий" ордени билан тақдирланди

22.08.2026   40421   1 min.
Таниқли уламолар

Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз беш йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият ва санъат соҳалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони эълон қилинди.

Бугунги куннинг энг қувончли хабари шуки, диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг жонкуяр меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!

Уларнинг ҳақ йўлдаги саъй-ҳаракатлари, маърифат тарқатишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак орден билан муносиб тақдирланди. Бу нафақат уларнинг шахсий ютуқлари, балки бутун диний-маърифий жамоамиз учун катта шараф ва чексиз қувончдир!!

"Имом Бухорий" ордени:

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков;

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур;

Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев;

Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг бутун жамоаси, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлган азиз уламоларимиз ва фидоий ходимларимизни чин қалбдан, самимий муборакбод этади!

Сизларга Аллоҳ таолодан мустаҳкам сиҳат-саломатлик, оилавий ҳаётингизга файзу барака, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик тилаймиз. Келгуси хайрли фаолиятларингизда янада улкан зафарлар, эзгу мақсадларингизга эришишда доимий муваффақиятлар ёр бўлишини тилаймиз!

Ҳамиша элу юртнинг дуосида бўлиб, динимизга, Ватанимизга хизмат қилиш шарафи бардавом бўлсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари